Home / МАҚОЛАЛАР / ТУРКИСТОН МАЪРИФАТПАРВАРЛАРИНИНГ АЯНЧЛИ ҚИСМАТИ

ТУРКИСТОН МАЪРИФАТПАРВАРЛАРИНИНГ АЯНЧЛИ ҚИСМАТИ

Она Ватанга муҳаббат, эл-юртга беминнат хизмат қилиб, озод, эркин ва фаровон жамият барпо этиш тараққийпарварларнинг энг улуғ орзуси бўлган. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Алихонтўра Соғуний, Абдулла Қодирий, Исмоил Обидов, Убайдулла Хўжаев, Аҳмаджон Бектемиров, Полвонниёз Ҳожи Юсупов, Тавалло, Чўлпон каби жадид намояндаларнинг илм-маърифат ёйиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, айниқса, диққатга сазовордир. Улар шахс, жамият ва давлат истиқболи йўлида доимо жонини хавфга қўйиб, эски таълим тизимини янги, замонавий синф-дарс услубига алмаштириш асносида мамлакат келажагини қуриш учун курашган.

Ватанни тараққий топган давлатлар сафига қўшишнинг йўли – маорифни ислоҳ қилишда, деб билган жадидлар бу йўлда астойдил бел боғлаб хизмат қилган. Тараққийпарварлар халқни замона илм-фанини ўзлаштириш учун янги усулда таълим олишга даъват этган. Жадид маърифатпарвар Алихонтўра Соғуний “Туркистон халқини “ўлим уйқусидан уйғотиш”нинг йўли – уни замонавий илм-фан, миллий ғурур билан қуроллантириш, она тилини жон ўрнида асрашда”,[1] деб, ёшларни маърифатга чорлаган. Янги усулда дарс бериш[2] энг қулай ва маъқул тартиб бўлиб, амалий синовда исботланган эди. Айни замонда тараққийпарварлар барча ёшларни билимли қилиб, сиёсий бошқарув соҳасида илмий салоҳиятга эриштирмагунча мустамлакага қарши курашиб, суверен давлат қуриб бўлмаслигини англаган. Шунинг учун 4-6 йиллик янги усулдаги таълимни жорий этиб, тил, ўқиш-ёзиш, арифметика, Қуръон ва ҳадисдан сабоқ берган.

Тарихдан маълумки, китоб варақлаб, илм ўрганиш энг маъқул усул сифатида қадрлаб келинган. Туркистонда жадидлик ҳаракатининг байроқдори Маҳмудхўжа Беҳбудий 1908 йил Самарқандда биринчи бепул ўқув кутубхона[3] ташкил этган. Кўплаб адабий китоб, журнал, ўқув китоб ва дарсликларни жамлаб, унинг фондини бойитган. Янги усул мактабларининг очилиши маҳаллий тилда китоб ва адабиётларнинг кўпайишига хизмат қилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда биринчилар қаторида янги усул мактабини ташкил қилиб, улар учун дарсликлар[4] ёзган маърифатпарвар ҳам бўлган. У “Рисолаи асбоби савод” (“Савод чиқариш китоби”, 1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (“Демографик географияга кириш”, 1905), “Мунтахаби жуғрофияи умумий” (“Қисқача умумий география”, 1906), “Китобатул атфол» (“Болалар хати”, 1908), “Амалиёти ислом” (“Ислом рукнлари”, 1908-1909) каби китоблар чоп эттиради.

Театрни ибратхона деб билган Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек театрининг асосчиси ҳисобланади. 1911 йил Беҳбудий ўзбек тилида “Отасини ўлдирган” (форсчада “Падаркуш”) номли биринчи пьесасини ёзган. Аммо сиёсий вазият ва актёр танлаш каби муаммолар пьесанинг фақат 1913 йилда саҳналаштирилишига сабаб бўлган. Жадидлар театр ёрдамида ёшлар қалбида илмга иштиёқ уйғотиб, келажакда бунёдкор, ватанпарвар қилиб тарбиялаш билан бирга, уларни эркин ва суверен яшашга даъват этган.

Ҳаётини халқимиз озодлиги ва ҳуррияти учун бахшида этган яна бир маърифат ходими Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпондир. У шоир, санъатшунос ва драматург сифатида ном қозонган. Мутафаккирдан 1 та роман, 1 та қисса, 20 дан зиёд ҳикоя ва очерк, 300 дан зиёд шеър, 60 дан зиёд публицистик ва адабий-танқидий мақола[5] мерос қолган. Ўзбек зиёлиларидан Шокир Сулаймон: “Чўлпон ва бошқаларга таҳдид соя солмоқда. Бутун ўзбек маданияти йўқ бўлиб кетиши мумкин”,[6] деган бўлса, совет ҳукумати вакиллари: “Чўлпон миллатчи-ватанпарварлар ғояси билан заҳарланган, уларнинг мафкурасидан илҳомланади, утопистдан шовинистга айланган. Ҳаммаси учун бегоналар, шу жумладан, русларни айблайди. Унинг фикрича барча руслар – колонизатор. Инқилобдан мамнун, аммо руслар унинг она Ватанида қолганидан норози. Чўлпон мактаб ёшларига ўзининг шовинистик қараши билан таъсир ўтказади”, деб уни таъқиб остига олган.

Бухоро жадидлик ҳаракати вакили Файзулла Хўжаев ҳам ёш авлодни маърифатли қилиш йўлида улкан ишларни амалга оширган. 13 йил Ўзбекистон ССР ҳукуматига раҳбарлик давомида моҳир дипломат эканини кўрсатган. Фитрат, Файзулла Хўжаев, Мукаммил Бурҳоновнинг ташаббуси[7] билан 100 га яқин туркистонлик талаба Бухоро ХСР ҳисобидан Германияга, ўнлаб талабалар Туркияга ўқишга юборилган. Ёшларни хорижда ўқитишдан мақсад – халқаро тажриба орттириш, дунёқарашни бойитиш ва сиёсий онгни ўстириш, десак, муболаға бўлмайди.

Жадидлар аҳоли умумий савиясини ошириш мақсадида газета ва журналлар ҳам нашр этган. Жумладан, “Турон”, “Улуғ Туркистон”, “Турк эли”, “Самарқанд”, “Садои Фарғона”, “Эл байроғи”, “Тараққий”, “Хуршид”, “Нажот”, “Кенгаш”, “Шуҳрат”, “Осиё”, “Садои Туркистон” номли газеталар ҳамда “Ойна”(1913 й), “Ал-ислоҳ” (1915 й) каби журналлар чоп этилган.

Маориф тизимида миллий озодлик, ўзликни англашга қаратилган ҳаракатлар империя даврида “зарарсизлантирилиб” келингани каби совет даврида ҳам доимо таъқиб остига бўлган. Ҳатто матбуотда: “Пролетариат ўзининг синфий душманларига жамият паразитларига қарши курашганда, фақатгина жисмонан олишиш билан қаноатланиб қўя қолмайди. У мафкура майдонида ҳам тизгинини қўлдан бермасдан тараққиётни, тарих ғилдирагини орқага сурмоқчи бўлган қора кучлар реакцион унсурлари билан ўзининг сўнгги ғолибиётигача олишади”,[8] деб берилган маълумот шўро ҳукуматининг асл қиёфасини очиб беради.

Маълумки, империя даврида подполковник Николай Васильев ва полиция маслаҳатчиси Леонид Квицинский “марказ”нинг махфий кўрсатмаси асосида озодлик ҳаракатини таъқиб остига олиш режасини ишлаб чиққан эди. Мустабид ҳукумат вакиллари эса барча маърифат ва сиёсий мухолифат вакилларини давлат душмани тамғаси остида жисмонан йўқ қилган. Мисол учун, 1923 йили СССР сиёсий-иқтисодий қурилиши ҳолати кўриб чиқилганда, Мунаввар Қори Абдурашидхоновни миллатчи[9] деб айблашган. Туркистон маърифатпарварлари ўз олдига Ўзбекистон ёшларини тарбиялаш ва бирлаштириш вазифасини қўйганидан қаттиқ ранжилгани таъкидланади. Расман коммунистлар назоратидаги “Нашри маориф” (“Маърифат тарқатувчи”) жамияти Мунаввар Қори ташаббуси билан тузилгани учун шубҳа остига олиниб, миллатчилар деб айбланган. Бу Халқ таълими ходимларининг аксар қисми қамраб олингани билан изоҳланган.

Совет ҳукуматининг бу эътирофи жамиятдаги зиддиятларга қарамасдан маърифатпарварлар доимо халқ манфаатини кўзлаб иш тутганини тасдиқлайди. Шунинг учун ўз Ватани, ўзлиги ва халқи учун жон куйдирган Мунаввар Қори каби маърифатпарвар боболаримизга туҳмат ва бўҳтонлар ёғилган.

1928 йил 31 майда ОГПУнинг Бутуниттифоқ Болшевиклар Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Ўзбекистондаги сиёсий кайфият[10] тўғрисидаги маърузани эълон қилган. Унда Мунаввар Қори Абдурашидхонов: “Инқилоб мактабларни берган бўлса-да, бундай тарбия биз учун маъқул эмас», дегани қайд этилган. Бош вақф бошқармаси илмий бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган Мунаввар Қори Абдурашидхонов ўз илмий тажрибасидан келиб чиқиб билдирган хулосаси совет ҳукуматининг болаларга берган “беминнат, бепул таълими” қанчалик мавҳум ва бефойда бўлганини аниқ тасвирлайди. Қадимдан ўз билим ва тафаккурига эга халқлар шу тариқа ХХ асрнинг иккинчи ўн йиллигида янгича ғояга “ихтиёрий” тарзда даъват этила бошлаган. Социалистик ғояга қарши бўлган шахс, гуруҳлар эса давлатнинг сиёсий душмани сифатида турли таъқиб ва қатағонларга учраган. 1938 йили СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси қарори билан маърифатпарварлардан Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Абдулла Қодирий, Худойберган Девонов, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Раҳим Иноғомов, Усмон Эшонхўжаев, Рустам Исломов, Файзулла Раҳимбоев, Акбар Исломов, Саъдуллахўжа Турсунхўжаевларнинг отувга ҳукм қилиниши ва шафқатсизларча қатл этилиши Ўзбекистон тарихига энг қайғули кун бўлиб муҳрланди.

Зеро, “Фақат билимли, маърифатли жамиятгина демократик тараққиётнинг барча афзалликларини қадрлай олишини ва аксинча, билими кам, оми одамлар авторитаризмни ва тоталитар тизимни маъқул кўришини ҳаётнинг ўзи ишонарли тарзда исботламоқда”,[11] деб бежиз муносабат билдирилмаган.

Хуллас, маърифатпарварлар тарихий давр синовларини енгиб ўтмаган, илм-фанни тараққий эттирмаган ўлкада эркин ва фаровон жамият қуриб бўлмаслигини тушунтиришга уринган. Халқаро тажриба асосида илм ўрганиб, сиёсий жиҳатдан бирлашгач, суверен давлат тузиш тараққийпарварларнинг энг катта орзуси эди. Маърифатпарварлар маориф жонкуяри сифатида Туркистон ўлка халқ таълимини ривожлантириш йўлида мактаблар очиб, китоб ва дарсликлар яратди. Аммо шўро ҳукумати ёзув ва таълимни ўз манфаатлари йўлида ўзгартириб, ҳар қандай инқилоб ёхуд озодлик талабларини “зарарсизлантириш” йўлидан борди.

 ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР
[1] Қурбонов М. Миллий тарбия. Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази. – Т.: Маънавият, 2007.
[2] Бобровников И.И. Русско-туземные училища, мектебы и медресы Средней Азии. С. -Петербург-1913. Стр.181.
[3] Наука и просвещение. Ежемесячный журнал Народного комиссариата просвещения Туркреспублики. Август-сентябрь №1. Т. 1922. Стр.23
[4] https://t.me/turkiston_kutubxonasi
[5] Абдулҳамид Чўлпон. Асарлар. 4 жилдлик Ж. 1/ Чўлпон – қайта нашр; . –Т.: Akademnashr, 2016. Б.9
[6] Доклад ОГПУ в ЦК ВКП(б) о политических настроениях в Узбекистане. [31 мая 1928 г.] // РГАСПИ. Ф. 81. Oп. 3. Д. 127. Л. 206-233. http://docs.historyrussia.org/ru/nodes/38591#mode/inspect/page/19/zoom/4 Источник документа ЦК РКП(б)-ВКП(б) и национальный вопрос. Кн. 1. 1918-1933 гг. – М.: РОССПЭН, 2005. Ст.588
[7] Ражабов Қ.К. Файзулла Хўжаев (тарихий эссе). -Т.: Abu matbuot konsalt, 2011.
[8] “Maorif va oʻqitgʻuvchi” ijtimoiy-siyosiy, taʼlim-tarbiyaviy, adabiy, fanniy, ilmiy jurnal. 7-8 – son. Samarqand shahri. 1929 yil iyul-avgust. 35-bet.
[9] Обзор политико-экономического состояния СССР за апрель-май 1923 г. 16 июля 1923 г. // ЦА ФСБ РФ. Ф. 2. Oп. 1. Д. 794. Л. 86-112. http://docs.historyrussia.org/ru/nodes/87560#mode/inspect/page/18/zoom/4. Ст.878
[10] Қаранг: Доклад ОГПУ в ЦК ВКП(б) о политических настроениях в Узбекистане. [31 мая 1928 г.] // РГАСПИ. Ф. 81. Oп. 3. Д. 127. Л. 206-233. http://docs.historyrussia.org/ru/nodes/38591#mode/inspect/page /19/zoom/4 Источник документа ЦК РКП(б)—ВКП(б) и национальный вопрос. Кн. 1. 1918—1933 гг. — М.: РОССПЭН, 2005.
[11] Ислом Каримов. Ўзбекистон буюк келажак сари. –Т.: Ўзбекистон, 1998. Б.534-535.
Сухроб Эргашев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …