Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТУРКИЙ ХАЛҚЛАР ИЛМ-ФАНИ ВА АДАБИЁТИНИНГ БУЮК НАМОЯНДАЛАРИ

ТУРКИЙ ХАЛҚЛАР ИЛМ-ФАНИ ВА АДАБИЁТИНИНГ БУЮК НАМОЯНДАЛАРИ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида туркий халқлар илм-фани ва адабиётининг буюк намояндалари – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари, Самарқанд давлат университетининг навоийшунос ва бобуршунос олимлари иштирок этди.

Тадбирни Марказ директорининг  ўринбосари О.Муҳаммадиев очиб, сўнгги йилларда юртимизда улуғ аллома ва мутафаккир аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, илмий-маънавий меросини ўрганиш, хусусан, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини чуқур тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, давлат томонидан олимлар ва ёш тадқиқотчиларга қаратилаётган эътибор хусусида сўзлади.

– Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-маънавий ва илмий мероси бутун жаҳонда юксак қадрланади. Ҳазратнинг асарлари миллий маънавиятимиз ва маданиятимизни юксалтиришда, ўзимизга хос шарқона тафаккурни ривожлантиришда алоҳида ўрин тутади. Алишер Навоий ижодини улкан бир дарё деб фараз қилсак, бугунги билганларимиз, навоийшунос олимларнинг тадқиқотлари шу дарёнинг бир ўзанларидир, – деди тадбирда сўз олган Ҳадис илми мактаби ректори О.Юсупов.

Турли объектив тарихий сабаб ва омиллар туфайли Навоий ва Бобур асарларининг аксар қисми яқин йилларгача чуқур ўрганилмай келгани, бугунги кунда мамлакатимиз раҳбари томонидан ушбу улкан маънавий меросни халқаро миқёсда тадқиқ ва тарғиб этиш, кенг жамоатчиликка етказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани, бу йўналишда ҳукуматнинг алоҳида қарорлари қабул қилинаётгани таъкидланди.

Тадбирда Самарқанд давлат университети олимлари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида комил инсон ғояси, давлат, жамият ва шахс муносабатлари, илм-маърифат, Ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, хайр-саховат ва эзгулик каби ўлмас қадриятларнинг ёритилиши ҳақида маърузалар қилди. Навоий ва Бобур ижодидан ғазаллар ўқилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …