Home / МАҚОЛАЛАР / “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” ҚЎЛЁЗМА АСАРИНИНГ ЖАҲОН КУТУБХОНАЛАРИДА САҚЛАНИШ ТАРИХИ

“АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” ҚЎЛЁЗМА АСАРИНИНГ ЖАҲОН КУТУБХОНАЛАРИДА САҚЛАНИШ ТАРИХИ

Умуминсоний маданий бойликка айланган аждодларимиз қаламига мансуб қадимий қўлёзма асарларининг нусхалари бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳоннинг турли давлатларида мавжуд.

Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказида чет элларда сақланаётган мамлакатимиз тарихига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базасини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, улар ҳақидаги библиографик тўпламлар, каталоглар ва бошқа матбаа маҳсулотларини турли тилларда нашр этиш, тўпланган материалларни мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида илмий муомалага киритиш каби йўналишларда фаолиятлар олиб борилади[1].

Олиб борилган тадқиқотлар Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ маданий бойликлар бир неча юз йиллар мобайнида Америка, Африка, Европа, Осиё ва Австралия қитъаларига тарқалгани ҳамда у ерда ноёб маданий ашё сифатида сақланаётганини кўрсатди. Бугунги кунда ушбу мерос умуминсоний маданий бойлик сифатида 40 дан ортиқ мамлакатдаги илмий муассаса, музей, архив, кутубхона ва бошқа хусусий фондлардан ўрин олган.

Тадқиқотлар натижасида аниқланган 8000 дан зиёд маданий бойлик (қўлёзмалар, нумизматик материаллар, сопол, ёғоч, метал ёки маъдандан тайёрланган буюмлар, аёлларнинг тақинчоқлари, хўжалик буюмлари, жанговар ашёлар, текстилдан ишланган ва археологик қазилмалар вақтида топилган турли буюмлар)нинг тахминан 44 фоизини қўлёзмалар  ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликлар реестрини яратиш, нодир қўлёзма асарларнинг факсимилесини нашр этиш” лойиҳасининг биринчи босқичида олиб борилган илмий изланишлар натижасида 30 мамлакатдаги 52 шаҳарнинг 97 ташкилотида сақланаётган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Мансур Мотуридий, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби 150 дан ортиқ аллома ва мутафаккирлар ҳамда Темурийлар даврига оид 1001 та қўлёзманинг илмий тавсифи ўзбек, инглиз ва рус тиллари тайёрланиб “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри” сифатида чоп этилди[2].

2017-2020 йилларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида буюк ватандошимиз, муҳаддислар султони Имом Бухорий қаламига мансуб “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” нинг қўлёзма нусхалари айни вақтда 20 та давлатнинг 42 та ташкилотида сақланаётганлиги аниқланди.

Шу ўринда Имом Бухорийнинг ижоди ва унинг қаламига мансуб “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига тўхталиб ўтсак. Реестрга алломанинг 18 та асарининг 108 та қўлёзма нусхасига оид маълумотлар киритилган. Улардан 51 таси “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” га оид. Яъни:

  1. Аз-Зуъафо ал-кабир (3)[3].
  2. Аз-Зуъафо ас-сағир (3).
  3. Ал-Аволий ас-сиҳоҳ лаҳу (1).
  4. Ал-Адаб ал-муфрад (17).
  5. Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ (51).
  6. Ал-Қироат халф ал-имом (2).
  7. Ал-Ҳадис аш-шариф (1).
  8. Ат-Тарих ал-авсат (1).
  9. Ат-Тарих ал-кабир (6).
  10. Ат-Тарих ас-сағир (4).
  11. Китоб аз-зуъафо (1).
  12. Нубза мин Китоб аз-зуъафо (1).
  13. Рафъ ал-ядайн фи ас-салот (2).
  14. Саҳиҳ ал-Бухорий (3).
  15. Сулосиёт ал-Имом ал-Бухорий (1).
  16. Хайр ал-калом фи ал-қироат халф ал-имом (1).
  17. Халқ афъол ал-ибод (1).
  18. Халқ афъол ал-ибод (9).
  19. Қўлёзмаларнинг сақланиш жойи ҳақидаги маълумотларни берадиган бўлсак, улар қуйидаги давлардаги тегишли муассасаларда сақланмоқда, яъни:
  20. Баҳрайн Қироллиги (1)[4].
  21. Бирлашган Араб Амирликлари (5).
  22. Болгария Республикаси (1).
  23. Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги (35).
  24. Германия Федератив Республикаси (3).
  25. Грузия (1).
  26. Ирландия Республикаси (1).
  27. Кувайт Давлати (4).
  28. Ливан Республикаси (3).
  29. Ливия Давлати (1).
  30. Миср Араб Рeспубликаси (7).
  31. Россия Фeдeрацияси (5).
  32. Саудия Арабистони Подшоҳлиги (24).
  33. Сурия Араб Республикаси (3).
  34. Туркия Рeспубликаси (2).
  35. Франция Рeспубликаси (1).
  36. Яман Республикаси (4).
  37. Япония (1).
  38. Ўмон Султонлиги (1).
  39. Ҳиндистон Рeспубликаси (5).

Марказ томонидан илмий ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш, юклатилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида ҳозирги кунга қадар ҳорижда сақланаётган мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид бўлган 50 га яқин қўлёзманинг электрон нусхаси олинди. Улардан 4 таси Имом ал-Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари қўлёзмасининг қуйидаги электрон ва факсимиле нусхаларидир:

– Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳридаги “Дор ал-махтутот ва ал-васоиқ” кутубхонасида 7-рақам остида сақланаётган қўлёзма (ҳажми 170 варақ);

– Россия Федерацияси Татаристон Фанлар академияси ­Г.Ибрагимов номидаги Тил, адабиёт ва санъат институти Ёзма ва мусиқий мерос маркази қўлёзмалар фондида 5030-рақам остида сақланаётган қўлёзма (ҳажми 259 варақ).

– Буюк Британиянинг Оксфорд шаҳридаги Бодлеан кутубхонасида MS.Bodl.Or.285-рақам остида сақланаётган қўлёзма (1340 йилда кўчирилган, ҳажми 323 варақ).

– 550 ҳижрий/1155 милодий йилда кўчирилган қўлёзманинг нодир нусхасидан 2018 йилда Туркияда чоп этилган факсимиле нашр.

Мазкур қўлёзмаларнинг электрон нусхалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига илмий тадқиқотлар доирасида фойдаланиш учун тақдим этилган.

[1] Қаранг: Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликлар – маданиятимиз­нинг ажралмас қисми / Таҳрир ҳайъати: Р.Баҳодиров (бош муҳаррир), Ў.Султонов, А.Эркинов, Ж.Ильясов, А.Мусакаева, Д.Расулов, О.Мадалиева. – Тошкент: “Zabarjad media”, 2020.
[2] Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри // The Register of Manuscripts Located overseas concerning Uzbekistanʼs Cultural Heritage / Реестр зарубежных рукописей, относящихся к Узбекистану. Том I / Масъул муҳаррир  Р.Баҳодиров. Тузувчилар: фал.ф.д., проф. Р.Баҳодиров, фил.ф.д. А.Эркинов, т.ф.д. Ў.Султонов, т.ф.н. С.Муҳаммадаминов, т.ф.н. Д.Расулов, С.Ғуломов, К.Бекова, О.Мадалиева, Ф.Хуснутдинов. Тошкент: Nashriyot uyi “TASVIR”, 2020 йил. – 496 б.
[3] Қавс ичида қўлёзма нусхаларининг сони берилган.
[4] Қавс ичида мазкур давлатдаги қўлёзмалар сақланаётган ташкилотларнинг сони берилган. Қўлёзмалар сақланаётган ташкилотларнинг номи ва асарларга оид бирламчи малумотларни юқорида номи келтирилган реестрдан олиш мумкин.
Дилшод Расулов,
Ўзбекистонга оид хориждаги маданий
бойликларни тадқиқ этиш маркази,
тарих фанлари номзоди

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …