Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” ҚЎЛЁЗМАЛАРИНИ КАТАЛОГЛАШТИРИШНИНГ АҲАМИЯТИ

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” ҚЎЛЁЗМАЛАРИНИ КАТАЛОГЛАШТИРИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Алломаларимиз илмий-маънавий меросига оид бўлган ҳар бир манбанинг қўлёзмаларини аниқлаш ва уларни алоҳида-алоҳида ўрганиш давримизнинг муҳим вазифаларидан саналади. Шундагина асар ва унинг аҳамияти, у билан боғлиқ барча ҳолатларни тўлақонли очиш имконияти яратилади. Бу қонуниятни истисносиз барча манбаларга нисбатан татбиқ этиш лозим. Чунки, бой қадимий маданий ёзма меросга эга Шарқ оламининг йирик маркази бўлмиш Ўзбекистонда бу борада кейинги йилларда катта ҳажмдаги ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи давомида ёзилган манбаларни ўрганиш орқали бевосита аждодлардан етиб келган миллатимизнинг тарихи, дини, фани, адабиёти, дипломатияси, анъанаси ва урф-одатларига оид манбалар билан яқиндан танишиш имконияти яратилади. Бунинг учун минтақа илмий-маънавий мероси билан боғлиқ ёзма манбаларни излаб топиш, тартибга солиш, тавсиф этиш, турли йўналишдаги матнларини яратиш, уларга бағишланган илмий тадқиқотлар олиб бориш лозим бўлади. Шунингдек, матнларни ўзбек тилига таржима қилиш, изоҳ, шарҳ, луғат ва факсимилелари билан нашр этиб, оммалаштириш ишлари ҳам маънавий меросни ўрганишда муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан Шарқ қўлёзмаларининг илмий-тавсифий каталогларини тузиш бирламчи вазифалар қаторида туради.

Ўзбекистоннинг минглаб алломалари орасида алоҳида аҳамият касб этадиган Имом Бухорий нафақат йирик олим, балки ўзининг гўзал хулқ-атвори, мурувватлилиги ва беқиёс саховати билан бошқалардан тамомила ажралиб турган. У зеҳни ўткирлиги ва ёдлаш қобилиятининг кучлилиги билан ҳам халқ орасида ғоят катта шуҳрат қозонган – манбаларда Бухорийнинг 600 мингга яқин ҳадисни ёд билгани қайд қилинган.

Имом Бухорий авлодларга 24 номдаги асардан иборат бой ва нодир илмий мерос қолдирган. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-Адаб ал-муфрад”, “Ат-Тарих ас-сағир, “Ат-Тарих ал-авсат”, “Ат-Тарих ал-кабир”, “Китоб ал-илал”, “Бирр ал-волидайн”, “Асоми ас-саҳоба”, “Китоб ал-куна” ва бошқа қимматли манбалар шулар жумласидандир.

Алломанинг энг муҳим асари, шубҳасиз, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” – ишончли ҳадислар тўплами саналади. У ислом дини таълимотларига кўра Қуръони каримдан кейинги асосий манба ҳисобланади. Асар манбаларда “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад мин ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи” (“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари, суннатлари ва кунлари тўғрисида ишончли муснад тўплам”), (тарихчи Бадруддин Айнийнинг ёзишича,) “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи” (“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари, суннатлари ва кунлари ҳақида қисқа муснад ишончли тўплам”), деган номлар билан аталган. Ҳадис илмида у қисқача “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”), аксар ҳолларда эса “Саҳиҳул Бухорий” (“Бухорийнинг ишончли тўплами”)номи билан машҳур.

Ушбу асарнинг ёзилиш сабаблари ҳақида ҳадисшуносликда икки хил фикр-мулоҳаза мавжуд. Улардан бири олим Иброҳим ибн Маъқал Насафий (ваф. 854/ 1450) Имом Бухорийнинг номидан бундай ҳикоя қилади: “Бир кун биз Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг ҳузурида эдик. Устоз: “Бирортангиз Расуллулоҳ (с.а.в.)нинг саҳиҳ ҳадисларини мухтасар бир китоб тарзида жам қилсангиз эди”, деди. Бу гап менинг қалбимга чуқур ўрнашиб қолиб, ўшанда “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини ёзишга киришдим”.

Нававий келтирган иккинчи фикр қуйидагича талқин қилинган: “Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис “Мен Имом Бухорий ҳазратлари бундай деганини эшитганман: “Тушимда Пайғамбар алайҳиссаломни кўрибман, гўёки мен у зотнинг қаршиларида турибману қўлимдаги елпиғич билан у зоти шарифдан нималарнидир ҳайдаяпман. Мен бу воқеа ҳақида тушнинг таъбирини айтувчилардан сўрасам, Сиз Пайғамбар алайҳиссалом қавлларини кизбдан тозалагансиз. Мана шу гап менинг зиммамга “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни ёзишни юклади”, деб ҳикоя қилади.

Имом Бухорий саҳиҳ ҳадисларни тўплашга жуда катта масъулият ва ҳалоллик билан ёндашган. У: “Ас-Саҳиҳ” китобимга таҳорат қилиб икки ракат намоз ўқимасдан туриб, биронта ҳам ҳадис киритмаганман”, дея таъкидлайди. Тарихий манбаларда асар 16 йил давомида ёзилгани зикр қилинади.

Имом Бухорийнинг ҳадис илми ва унинг турли тармоқлари, ровийлар тарихларидан ҳар томонлама тўлиқ ва кенг қамровли илмга эга бўлиши, ҳадисларни тўплаш мақсадида турли мамлакатларга илмий сафарлар қилиши, кўп сонли ва хилма-хил савиядаги устоз-шайхлардан ҳадислар ёзиб олгани ва ниҳоят унинг қувваи ҳофизаси ақл бовар қилмайдиган даражада кучлилиги, унинг ноёб қобилияти ва фидоийлиги алломага “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”дек илмий ва амалий жиҳатдан юксак савияда бўлган йирик асар яратиш имконини берди.

Имом Бухорийнинг ўзига хос услуби бўлиб, бу ўринда у йиққан ҳадислар ровийларининг ҳиссаси алоҳида ўрин тутади. Чунончи, бу хусусда манбаларда “Саҳиҳ”ни Имом Бухорийдан етмиш, тўқсон, юз минг ровий ривоят қилгани қайд этилади. Улар орасида Имом Муслим ибн Ҳажжож, Абу Зуръа, Имом Термизий, ибн Ҳузайма каби ҳадис илмининг етук дарғалари ҳам бўлган. Ҳадисларни ровийлардан ёзиб олишга ҳам Имом Бухорий жуда катта масъулият ва эҳтиёткорлик билан ёндашиб, фақат энг ишончли олиму уламолардангина қайта-қайта текшириб ҳадис ёзиб олган. Бу хусусда алломанинг ўзи “минг ёки ундан ортиқ ишончли (сиқот) уламолардан ҳадис ёзиб олдим, менинг асаримга исноди келтирилмаган биронта ҳам ҳадис кирмаган”, деб таъкидлайди. Шу боисдан ҳадис ривоят қиладиган шахсларнинг аҳволлари, уларнинг насл-насаби, у ҳадисни кимдан эшитган ва бошқа қатор масалаларни тўлиқ билгач, улардан ҳадис ёзиб олган. Бу ҳақда Имом Бухорий “Бирон кишидан ҳадис ёзиб олишим бошқаларникига ўхшамас эди. Мен агар бирон шахсдан ҳадис ёзмоқчи бўлсам, энг аввало унинг исми шарифи, куняси, насл-насаби, айтаётган ҳадисини қандай манбадан олгани, унинг нусхалари ҳақидаги хабарларни сўраб-суриштирар эдим, бошқалар эса бу масалаларга кўп ҳам эътибор бермасди”, деб ҳикоя қилади.

Ислом таълимоти асосларини ўрганишга қаратилган мана шундай нодир манба жуда кўплаб нусхаларда китобат қилинган ва унинг қўлёзмалари дунё фондларига тарқалган. Дунё фондларидаги маънавий меросимиз дурдоналарини аниқлаш, тавсифларини тузиб каталогларини яратиш бирламчи вазифалардан саналади. Алломаларимизнинг фондлардаги қўлёзмалари каталоги тузилмас экан, бу муҳим вазифани бажариш мушкул. Мана шу мақсадда Янги Ўзбекистонда алломалар илмий меросининг каталогларини тузиш ишлари йўлга солинган. Жумладан, термизлик олимлар асарлари каталоги, насафлик олимлар каталоги, Уструшона олимлари каталоги шулар жумласидан ҳисобланади. Бу борада Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари қўлёзма нусхалари каталогини тузиш навбатдаги хайрли ишлар сирасига киради. Дубай Амирлигидаги Марказ Жумъа ал-мажид ли ас-сақофа ва ат-турос — Маданият ва мерос оид Жумъа-л-мажид маркази фондида дунё мамлакатлари қўлёзма фондларидаги “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг мавжуд 1000га яқин қўлёзмадан олинган электрон нусхалари сақланади.

Иш жараёнида бугунга қадар тузилган қўлёзма манбаларнинг тарихий, замонавий каталоглари аниқланди ва кенг фойдаланилди. Мазкур каталоглардаги тавсиф услублари бевосита таҳлил этилиб, амалда фойдаланишга ҳаракат қилинди. Каталогнинг илмий аҳамиятини оширишга хизмат қилувчи омилларга ҳам эътибор қаратилди. Дастлаб тавсиф қоидаси учун мос бўлган калит сўзлар тузилиб, унга кўра ўша тавсифи қилинаётган қўлёзма ҳақида маълумотлар берилди. Каталоглардаги маълумотларга кўра “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг дунё фондларидаги энг қадимий нусхаси Болгария миллий кутубхонасида №801 рақам остида сақланади. Мазкур нодир нусха 407/1017 йилда хаттот Али ибн Муҳаммад Ишлимий томонидан кўчирилган, жами 109 варақдан иборат.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” қўлёзмалари каталоги ўзига хос хусусиятларга эга. Жумладан, каталогда ҳар бир фонднинг нусхалари алоҳида тартиб рақами билан кўрсатилган. Шунингдек, асар номи, инвентарь рақами, манбаси, кўчирилган йили, жойи, котиби, варақлар сони, варақ ўлчами, матн ўлчами, сатри, тили, ёзув тури, ҳошиясига оид қўшимча маълумотлар берилган. Қўлёзмага оид ўлчамларни беришда дастлаб муқова, варақ ва матн ўлчамлари келтирилган. Лекин каталогнинг калит сўзларида баъзи маълумотлар умуман ёритилмай қолган ўринлар ҳам мавжуд. Бунинг сабаби дунё фондларида сақланаётган қўлёзма асарларнинг каталогларида ўша банд бўйича маълумотнинг мавжуд эмаслиги ёки етарлича ўрганилмагани билан боғлиқ.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” қўлёзмалари каталогига дунёнинг 33 та давлатидаги 70 дан зиёд энг йирик фондлардаги 800 дан ортиқ нусха киритилди. Жумладан, Австрия Республикасидаги фондларда асарнинг 6 та қўлёзмаси аниқланган бўлса, улардан 3 таси XV аср, 1 таси XVII аср, 2 таси XVIII асрда китобат қилинган. АҚШдаги фондларда 14 та нусха мавжуд, уларнинг XIV асрга – 2 та, XV асрга – 4 та, XVI асрга – 1 та, XVII асрга – 1 та, XVIII асрга – 6 таси мансуб. Афғонистон ва Баҳрайнда 6 тадан нусха, Франция фондларида – 18 та, Эрон қўлёзма фондларида – 14 та, БААда асарнинг 39 та қўлёзма сақланади. Туркиядаги Аё София, Фотиҳ, Лаълили, Дамад Иброҳим Пошо каби 12 қўлёзма фондлари каталоглари ҳам ўрганиб чиқилди. Аё София фондида 36 та, Фотиҳ фондида 26 та, Лалели фондида 10 та, Домод Иброҳим Пошо фондида 35 та жами 208 қўлёзма мавжудлиги аниқланди. Хорижий фондларда аниқланган 820 қўлёзмаларнинг асосий қисми XIV-XVIII асрларда китобат қилинган.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг катта ҳажмли энг қадимий қўлёзмаси Германиядаги Берлин давлат кутубхонаси 1326 сақланиш рақами остида рўйхатга олинган. Қўлёзманинг умумий ҳажми 263 варақни ташкил этади. Манба хотимасидаги маълумотга кўра, қўлёзма 550/1155 йил китобат қилинган. Асосий матни насх хатида қора сиёҳда, сарлавҳа номлари қизил сиёҳда кўчирилган. Муқоваси қалин картондан ишланган, устига оч сариқ рангли қоғоз ёпиштирилган. Таяки ва дастаки қисмлари жигар рангли чармдан ишланган.

Асар қўлёзмалари орасида нодир тарихий ўтмишга эга нусхалар ҳам мавжуд. Буюк Британиядаги Манчестер университети Жон Рилэндс кутубхонасида сақланаётган 957/1550 йили кўчирилган қўлёзма колофонидаги ёзувга кўра, ушбу Arabic MS 69 инвентар рақамли қўлёзма форсшунос олим Натаниэл Бленд (1803-1865)нинг фондидаги қўлёзмалар қаторида 1866 йилда Бернард Куорич томонидан Кроуфорднинг 25-графи Александр Линдсийга сотилган. 1901 йилда Энрикета Рилэндс Кроуфорднинг 26-графи Жеймс Людовик Линдсидан Жон Рилэндс кутубхонаси учун сотиб олгани тўғрисидаги маълумот келтирилган. Англия Бирмингем университети кутубхонасидаги Islamic Arabic 853 сақланиш рақамли насх хатида кўчирилган, унвон билан безатилган Шарқ қўлёзмаси намунаси. Боб номлари қизил ва яшил сиёҳда ажратиб ёзилган. Матн жадвалга олинган. Муқоваси қопқоқли тўқ жигар рангли чармдан ишланган. Қўлёзма сўнгида бошқа шахс томонидан 874/1470 йил санаси кўрсатилган.

Австрия миллий кутубхонасида 1369 инвентарь рақами остида сақланаётган мўътабар қўлёзма. Нусха котиб Муҳаммад ибн Маъруф ибн Муҳаммад томонидан 890/1485 йил насх хатида кўчирилган, 745 варақ. Бу нодир нусха Усмонлилар империясининг султони Султон Салим I кутубхонасида сақланган. 2б, 745а саҳифаларида Султон Салимнинг муҳри босилган. 1931 йилда Истанбулдаги китоб дўконидан сотиб олинган. Муқова жигарранг чармдан ишланган ва кейинчалик таъмирланган. Матн тилла суви юритилган жадвалга олинган. Қўлёзманинг 1б-2а саҳифалари нақшлар билан безатилган.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг АҚШдаги Мичиган университети Махсус коллекциялар кутубхонасида Isl. Ms. 182 инвентарь рақамли Шоҳ Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ҳусайн Зирбаий котиб томонидан 976/1568 йили кўчирилган қўлёзма нусхаси мавжуд. Манбанинг эътиборли жиҳати – қўлёзма турк султони Абдулҳамид II нинг шахсий кутубхонасида сақланган, кейинчалик 1924 йилда Қоҳирадан сотиб олинган юқоридаги фондга олиб келинган.

Германиядаги Лейпциг университети кутубхонаси қўлёзмалар фонди Ms. or. quart. 1345 инвентарь рақамли қўлёзмаси. У котиб Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳалабий томонидан насх ва риқо хатларида 1358/1759 йили кўчирилган. Нусха таркибига асарнинг иккита жилди киритилган.

Қўлёзманинг унвон қисми мавжуд бўлиб, унда тилла ранг, қизил, қора, кўк ранглардан безак берилган. Қўлёзманинг 40 дан ортиқ саҳифасига турли ҳайвонлар, космографик белгилар ва хат ёзаётган кишининг суратлари кабилардан иборат расмлар чизилган. Расмлар китобнинг нархини ошириш мақсадида XIX асрдан кейин чизилган бўлиши мумкин. Муқоваси тўқ қизил рангли чармдан ишланган, тамғасида “Аллоҳ кофий” ёзуви битилган.

Даниянинг Қироллик кутубхонасида ҳам “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг нодир нусхаси сақланади. Котиб Абдулқодир ибн Шайх Нуриддин Али Тусий томонидан 1168/1754 йили кўчирилган: cod.arab. add.8 инвентарь рақамли қўлёзма ҳошиясида Абдуҳолиқ Солиҳий Ҳанафийнинг 884/1479 йили ёзилган ва Абдуқодир ибн Мустафо Қурайший Шофеъий 701/1301 йили битилган шарҳи бор. Биринчи саҳифада қўлёзманинг Мустафо ибн Аҳмад Муштарий (ваф.1130/1717) фондига мансублиги ва 1921 йил февралда Маркерс ва Петтерс Лейпциг шаҳрида сотиб олгани тўғрисида муҳр бор.

Миср Араб Республикаси Ал-Азҳар кутубхонаси азҳария/331804 рақамли котиб Мустафо ибн Муҳаммад Шалшалуний томонидан кўчирилган ва 1294/1877 йили Ҳожи Муҳаммад Али Пошо кутубхонасига йил вақф қилинган нодир қўлёзма сақланади.

Саудия арабистони подшоҳлиги қирол Сауд университети Ал-Мактаба ал-марказия кутубхонаси фонди “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг 7631/1-2 рақамли 974-976/1567-1569 йиллар оралиғида кўчирилган нодир нусхаси мавжуд. Котиб Муҳаммад ибн Саид Номилий томонидан мағрибий хатида кўчирилган қўлёзма таркибига Имом Бухорийнинг 91 варақдан иборат “Маърифа рижол ал-Бухорий би асмоиҳим ва ансобиҳим ман амлаа Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ан-Наҳҳот” рисоласи киритилган.

Ўзбекистонда ҳам “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг нодир қўлёзмалари сақланади. Жумладан, Фанлар академиясининг Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти асосий фондида асарнинг 3257/I сақланиш рақамли қадимий қўлёзмаси мавжуд. Котиб Амир Шамс ибн Амир Ибод ибн Амир Шамс Нуҳсий қўли билан 801/1399 йили кўчирилган мазкур нусханинг 1а саҳифасида ушбу нусханинг Алоуддин Камолий Бухорий томонидан 848/1444 йил вояга етмаган Муҳаммад Порсонинг ўғли Абу Наср Порсога сотилгани ҳақидаги маълумот ёзилган. Варақнинг сўнгида китоб 1109/1697 йилда Шимолий Ҳиндистоннинг Шоҳжаҳонобод номли мавзесида сақлангани қайд этилган. Бундан ташқари қўлёзмага эгалик қилган 6 нафар шахснинг муҳри мавжуд.

Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ишончли ҳадис тўплами қўлёзмаларини аниқлаш борасидаги тадқиқотларни давом эттириш давримиз исломшунослигининг долзарб масалаларидан саналади. Бу нодир манбанинг дунё қўлёзма фондларида сақланаётган қўлёзмаларини ёки нусхаларини юртимизга олиб келиш, уларни айнан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида жамлаш, матнларини қиёсий ўрганиш бухорийшунослик соҳасининг оламшумул аҳамиятга молик ютуғи бўлади.

Зоҳиджон ИСЛОМОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
профессори, филология фанлари доктори

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …