Home / МАҚОЛАЛАР / Отанинг фарзанди олдидаги масъулияти

Отанинг фарзанди олдидаги масъулияти

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) дан ривоят қилинган ушбу ҳадиси муборакда “Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи учтадир: 1. Фарзанд дунёга келганда чиройли исм қўйиш 2. Ақлини таниганда чиройли тарбия бериш 3. Вояга етганда солиҳа аёлга уйлантириш” дедилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлсада, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир” (Нисо сураси, 135-оят).

Абдураҳмон ибн Абу Бакра отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, шунда ул зот: “Гуноҳларнинг энг катталари ҳақида сизларга хабар берайми? деб уч марта айтдилар кейин дедилар: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”… Ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олдиларда: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш” деб такрорлайвердилар, ҳаттоки биз: “Қанийди тўхтасалар эди”, деб қолдик” (Имом Бухорий).

Ота-она ўз фарзандини бахтли бўлишини истайди, аммо фарзандини бахтини ўзининг орзу ҳаваслари тарозусида ўлчашлик айни бахтсизликдир. Ўғил-қизларимизнинг балоғатга етиши бу уларнинг турмушга тайёрлигини билдирмайди. Балоғат ёши – никоҳ ёши эмас. Буни ҳар биримиз яхши англаб етишимиз даркор. Ўғилдир, қиздир – уларга аввало яхши таълим, тарбия беришни олий мақсад деб билишимиз лозим. Янги оила қураётган ёшларимизнинг ҳаёт деб аталмиш йўлнинг илк қадамларида қоқилмасликлари учун касбу-ҳунарга ўргатишимиз, оила, эр тутиш ва турмуш сабоқларидан дарс беришимиз зарурдир. Зеро, фарзанд Аллоҳ таолонинг олий неъматларидан биридир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!” (Такосур сураси, 8-оят).

Аллоҳ таоло барчамизга фарзандлар камолини кўриб, бахтидан қувониб, шукроналар айтиб юриш бахтини насиб этсин.

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ШУКРОНАЛИК – ИНСОН КАМОЛОТИНИНГ АСОСИ

Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни …