Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ЎЗБЕК ТИЛИГА ТАРЖИМА ҚИЛИНГАН “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИ ТАҚДИМОТИ ҚАШҚАДАРЁДА

ЎЗБЕК ТИЛИГА ТАРЖИМА ҚИЛИНГАН “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИ ТАҚДИМОТИ ҚАШҚАДАРЁДА

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда республикамиз вилоятларида Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан таржима қилиниб нашр эттирилган 30-жузи тақдимоти тадбирлари ўтказилмоқда. 

Шундай тадбирлардан бири Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги ва “Хожа Бухорий” ўрта махсус билим юрти билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда марказ ходимлари, ҳамкор ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари, вилоятдаги нуфузли уламолар ва фаол имом-хатиблар, диний йўналишдаги таълим муассасалари талаба ёшлари ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.

Тақдимот аввалида буюк аждодларимиз хотираси ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилинди.

Тадбирни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари О.Муҳаммадиев кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда жаҳон илм-фани ривожига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш, уларнинг илмий-маънавий меросини аҳолига етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, айниқса ислом олами тарихида ўз ўрни ва нуфузига эга Имом Мотуридийнинг нурли ҳаёт ва илм йўли бугун муносиб қадр топаётганини таъкидлади.

Абу Мансур Мотуридийнинг барча асарлари шу кунгача ислом илми ривожига муносиб ҳисса қўшиб, мусулмонлар учун дастуриламал бўлиб келмоқда. “Таъвилот ал-Қуръон” унинг бугунги кунгача етиб келган асарларидан энг машҳур ва илмий қиймати жиҳатидан энг аҳамиятлисидир.

Тақдимот очилишида сўзга чиққан Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Р.Усмонов ва “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Ў.Ғузаровлар буюк аждодимиз илмий меросини ўрганишнинг долзарблиги ва муҳим жиҳатлари ҳақида сўзлаб, мотуридия таълимоти асоси ҳисобланган “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг ўзбек тилига таржима қилиниши уни янада кўпроқ тадқиқ этишга асос бўлишини қайд этишди. Чунки ушбу илмий тадқиқот юртимизда тафсир ва калом илми бўйича тарихий асл манбаларга таянган ҳолда қилинган илк ислом илоҳиётига оид янгилик бўлиб, китобда Қуръони каримнинг Фотиҳа сураси ҳамда 30-жузи таржимаси ва тафсири ўрин олган.

Тақдимотнинг асосий маърузачилари асарнинг таржима қилиниб, нашр этилган мазкур қисми ислом илмий мероси ва мусулмонлар учун юксак аҳамият касб этиб, исломга эътиқод қилгувчилар учун унинг асл моҳиятини англашга, Қуръон оятларини маъносини янада яхшироқ тушунишга хизмат қилишини таъкидлашди.

Тадбир савол-жавоблар асосида қизғин мунозараларга бой бўлди.

Асарнинг республикамиз вилоятларидаги тақдимоти тадбирлари давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …