Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЗАМОНАМИЗ ХОРАЗМИЙСИ

ЗАМОНАМИЗ ХОРАЗМИЙСИ

Пойтахтимизда “Олимлар боғи” ташкил этилса…

Жорий йил 5 сентябрда буюк олим ва мураббий, бағрикенг инсон, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Ўзбекистонда кибернетика, яъни рақамли иқтисодиётнинг шаклланиши, унинг ривожланиши ва бу соҳада миллий кадрларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшган, бутун ҳаётини, илмий салоҳиятини эзгулик йўлига сарфлаган, республикада хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби, академик Восил Қобулов таваллудига 100 йил тўлди.

Академик В.Қобулов яратган алгоритмлаш ва рақамли технологиялар бўйича изланишлари натижаси дунё миқёсида машҳур ва эътироф топган. Унинг алгоритмлаш соҳасида ёзилган илмий асарлари ҳозирги кунда мамлакатимизнинг олий ўқув юртларида, коллеж, академик лицей ва умумтаълим мактабларида бирдай ўқитилиб келинади.

Академик ташаббуси билан юртимизнинг қатор олий таълим муассасаларида рақамли технология ва сунъий тафаккурга оид кафедралар, факультетлар ташкил этилган ва улар ҳозирги кунда ҳам фаолият юритиб келади.

Олим диний ва дунёвий илмларни бир-бири билан узвий боғлашга ҳамда мутафаккирларимиз асарларидаги одоб-ахлоқ ва илмни улар талқин қилганидек уйғунлаштириб боришга ҳаракат қилар эди. У нафақат табиий билимлар, шунингдек, юртимиз тарихига оид адабиётларни ҳам чуқур ўрганди. Ҳабибий, Чустий, Мирзакалон Исмоилий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби адиблар билан ҳамсуҳбат бўлди. Тарихий обидаларни асраш ва уларни таъмирлаш бўйича ҳам жуда кўп амалий ишларни ҳаётга татбиқ қилди.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице президенти марҳум академик Т.Рашидов олим ҳақида қуйидаги хотираларни ёзган: “Биз Восил Қобулов билан Хоразмда Ал-Хоразмийга бағишланган халқаро илмий анжуманни бирга ўтказдик (унга ЎзФА вице-президенти академик С.Сирожиддинов раислик қилган эди). Шу анжуман ўтказилгандан сўнг Ал-Хоразмийнинг математика фанига қўшган ҳиссаси яна бир бор тан олинди, Восил Қобулов эса замонамиз Ал-Хоразмийси деган тарифга сазовор бўлди”.

Кибернетика институтида узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган техника фанлари доктори, профессор, бир қатор халқаро академияларнинг аъзоси, меҳнат фахрийси Неъматилла Мўминов шундай эслайди:

“Академик Қобулов ўша даврда республикамиз раҳбари бўлган Шароф Рашидовнинг қўллаб-қувватлаши ва бевосита кўмаги билан, йўқ жойдан марказ, институт ва шўролар мамлакатида биринчи бўлиб “Кибернетика” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ташкил этган. У нафақат Ўзбекистон, балки, Россия ва Марказий Осиё республикалари — бугунги кунги мустақил давлатларнинг ҳам илмий педагогик кадрлар тайёрлаш ва илмий салоҳиятини кўтаришга муносиб ҳисса қўшган”.

Қуръони каримда “Ҳар бир олимдан кўра, олимроқ киши топилаверади”, дейилган. Худди, шунингдек, Қобулов ҳам фаннинг турли соҳаларида эришилган муваффақиятлари билан чегараланиб қолмасдан кибернетика фанининг ёрдами билан ҳар бир фанни чексиз тарзда ривожлантиришимиз керак, дер эди.

Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси ва таклифи билан ташкил этилган “Ўзбекистон тарихи” телеканали тарихий маълумотларни рўй-рост айтилишига жуда катта имкон беряпти. Хусусан, Ўрта Осиёдаги биринчи университет Мунавварқори Абдурашидхонов томонидан ташкил этилганлиги маълум бўляпти. Саводсизлик деганда билишни билмаслик мезон қилиб олинган экан.

Маълумотларга кўра, 1920 йилда ташкил этилган Туркистон университети биринчи йил талабаларни қабул қилганда фақат бир нафар қирғиз миллатига оид Ўрта осиёлик талаба қабул қилинган. Ўзбек халқининг ўғлонлари академик Халил Аҳмедович Раҳматуллаев (нимагадир ҳужжатларда Рахматуллин бўлиб кетган) парашют назариясини яратгани, ракета-космик техникасини такомиллаштиришда фаол қатнашиб, дунёда биринчи космонавт Ю. Гагаринни парвозга учирган академик Королев билан бевосита ишлагани, Кремлда ўзбек дўпписини кийиб собиқ Марказком котиби Н.С.Хрушевни ҳайратга солгани фахрланишга арзийдиган воқеалар ва тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйиладиган мисоллардир.

Академик Ҳалим Ҳайдарович Усмонхўжаев эса, пахта териш машинаси назариясига ниҳоятда катта ҳисса қўшгани, ўз-ўзини тозалувчи шпиндель-автоматни яратгани, “машина ва механизмлар” назарияси ўзбек мактабининг асосчиси ва раҳбари томонидан кашф этилгани таҳсинга сазовор бўлган жонли воқеалар саналади.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан дунёнинг йирик ва нуфузли олий ўқув юртларининг филиаллари мамлакатимизда ташкил этилмоқда. Ёшларимиз жаҳон миқёсида нуфузли ўша олий таълим масканларига бориб таҳсил оляпти ёки республикамиз ҳудудида фаолият олиб бораётган бўлимларида ўқиб, дунёвий илмларни эгаллашларига улкан шароитлар яратиб берилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан пойтахтда муҳташам Адиблар хиёбони ташкил этилди. Бу дунё мамлакатлари нигоҳида ҳам ўзига хос эътироф этиб келинмоқда. Ана шундай эзгу ишлардан руҳланиб, нафақат Ўзбекистонда, шунингдек, жаҳон миқёсида илм-фаннинг ривожига катта ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларимиз ва олимларимиз хиёбонини ҳам Тошкентда ташкил этсак, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Бу таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Олимлар боғи” сифатида мамлакатимизда илм-фанга, фан заҳматкашларига кўрсатилаётган катта эътибор ва рағбат сифатида эътироф топарди.

Давлатимиз раҳбари ғояси асосида ташкил этилган “Шон-шуҳрат” музейида уруш ва меҳнат фронти қатнашчиси бўлган олимларнинг илмий-амалий изланишлари натижасида Иккинчи жаҳон урушида ғалабага қўшган ҳиссаларини ёритиб берадиган бўлимнинг ташкил этилиши ҳам улкан воқелик бўларди.

Ўзбекистон халқлари тарихи музейида эса олимлар бўлимини очиш, дарсликларга ўзбек олимларининг илмий меросини киритиш ёш авлоднинг илм-фанга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бугун биз Ҳабиб Абдуллаев, Муҳаммаджон Ўразбоев, Восил Қобулов, Ҳалим Усмонхўжаев каби улуғ олимларимиз орзу қилган фаровон, илм-фанга эътибор янада кучайган даврда яшаяпмиз.

Мухтасар қилиб айтганда, академик Восил Қобуловнинг ҳаёти, илм-фанга, хусусан, кибернетика соҳаси ривожига қўшган беқиёс хизматлари ҳақида биргина мақола кўламида тўлиқ ёзиш мушкул албатта. Буюк олимнинг номини абадийлаштириш, илмий меросини кенг тарғиб қилиш жуда ўринли ва бўлажак Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги интилишларимизга мос бўлур эди. Бу, айни пайтда муҳтарам Президентимизнинг илм-фанни, олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифалардандир, дея таъкидларига ҳамоҳангдир.

Шу маънода узоқ йиллар давомида нафақат республикамиз, балки ҳамдўстлик мамлакатларининг йирик илмий марказларига ўз илмий изланишлари билан, қолаверса, шу соҳада юқори малакали кадрларни тайёрлашда намуна бўлиб келган Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида “Кибернетика” институти қайта ташкил этилиб, мазкур муассаса академик Қобулов номи билан аталса, гўзал пойтахтимиздаги маҳалла, кўчалардан бирига унинг номи берилса буюк олимга катта ҳурмат ва эҳтиром ифодаси бўларди.

Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021-йил 8-сентябрь, 179-сон

Check Also

“Турк абруси тарихи”

2024 йил 22 май куни соат 10:00 да  Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий …