Home / ЯНГИЛИКЛАР / АЖДОДЛАР МЕРОСИНИ АСРАБ-АВАЙЛАШ ҲАР БИРИМИЗНИНГ ФАРЗАНДЛИК БУРЧИМИЗ

АЖДОДЛАР МЕРОСИНИ АСРАБ-АВАЙЛАШ ҲАР БИРИМИЗНИНГ ФАРЗАНДЛИК БУРЧИМИЗ

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари томонидан диний-маърифий соҳада олиб борилган ишлар ҳамда истиқлолнинг 30 йиллигига бағишланган диний-маърифий нашрлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров сўнгги йилларда марказ томонидан диний-маърифий соҳада амалга оширилган илмий-тадқиқот ва ноширлик ишлари, шунингдек, марказнинг фаолияти ҳақида сўз юритди. Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 16 июлда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган асосий вазифалар ҳақида маълумот берди.

Тадбир доирасида марказ нашр қилган, унинг кутубхонасида сақланаётган, Европада ўрта асрлардан бошлаб чоп этилган, мазмунан Шарқ олами билан боғланган беш юз саксонта асар рўйхатини ўз ичига олган “Шарқ ва Ғарб” фиҳристи биринчи жилдининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шунингдек, “Бухоро — Ислом олами маданияти пойтахти” китоб-альбоми, шайх Абдулазиз Мансурнинг “Коран. Краткий комментарий” — Қуръони карим оятлари маъноларининг рус тилидаги таржимаси ҳамда олий таълим муассасалари учун ўзбек ва рус тилларида тайёрланган “Диншунослик” ва “Религиоведение” китоблари ҳам тақдим этилди.

Айтиш лозимки, марказ томонидан шу пайтгача 12 номдаги китоб ва рисола нашрга тайёрланиб, 5 та китоб чоп этилди, 7 таси таржима қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон ислом академияси томонидан Маждуддин Муҳаммад Уструшонийнинг “Жомеъ аҳком ас-сиғор” асари, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашрга тайёрланган китоб ва рисолалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбир давомида Бош вазир ўринбосари — туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Россия Федерациясидан ватанимизга қайтарилган XIII-XIX асрларга оид қимматбаҳо маданий бойликларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фондига расман топширди.

— Ўзбекистон Республикаси ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши доирасида муқаддам мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқиб кетилган ва Россия Федерал божхона хизмати томонидан ушлаб қолинган 45 дона маданий бойлик қайтарилди, — деди А.Абдуҳакимов. — Улардан 29 дона қўлёзма китоб XIX аср охири — XX аср бошларида форс ва араб тилларида ёзилган. 16 дона турли сопол буюмнинг 7 донаси XIX аср охири — XX аср бошларида, 9 донаси XX аср ўрталарида ясалган. Ушбу маданий бойликлар 2016 йилда Ўзбекистон Республикасидан ноқонуний олиб чиқиб кетилган. Ўзбекистонга оид тарихий, бадиий ва музей қийматига эга маданий бойликлар халқимизнинг ноёб мулкидир.

Қайтарилган маданий бойликларни Божхона қўмитаси, Маданий мерос агентлиги мутахассислари иштирокида Ислом цивилизацияси марказига топшириш ишлари ташкиллаштирилди.

— Халқимиз маданий меросининг асраб-авайланиши, янада бойиб боришига оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимиздан ғоят мамнунмиз. Бундан кейин ҳам бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, — деди Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ўткир Қодиров.

Сўнгги беш йил мобайнида халқимизга тегишли 450 га яқин қўлёзма асар, ноёб танга ва осори-атиқалар сақлаб қолингани божхона органларининг маданий меросимизни асраб-авайлашга муносиб ҳисса қўшаётганидан далолатдир.

Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 27 август, №173(429)

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …