Home / МАҚОЛАЛАР / ХХ АСР БОШЛАРИ СОВЕТ ҲУКУМАТИНИНГ МАКТАБ ВА МАДРАСАЛАРГА МУНОСАБАТИ

ХХ АСР БОШЛАРИ СОВЕТ ҲУКУМАТИНИНГ МАКТАБ ВА МАДРАСАЛАРГА МУНОСАБАТИ

Бирор давлат йўқки, таълим-тарбияга лоқайд қараса. Мамлакат тараққиёти замирида таълим-тарбия асосий ўрин касб этади. Бу соҳада қатор мутахассисларни тарбиялаб келган Она заминимиз нега ХХ аср бошларига келиб таназзулга юз тутди? Ҳолатни архив ва матбуот маълумотлари асосида таҳлил қиларканмиз, асл жараён янада ойдинлаша бошлайди.

Миллий таълим тизимимиз ХХ аср бошларида бир қатор сиёсий зиддиятларига учрагани манбаларда ёзиб ўтилган. Биринчи жаҳон урушидан сўнг Совет давлатига қарши ҳарбий интервенция бартараф қилингач, халқ хўжалиги билан бирга маданий соҳа ҳам қайта тиклана бошлаган. 1918 йил июнь ойи ўрталарида бутун Туркистон халқ таълимини назорат қилиш учун Маориф Халқ Комиссарлиги[1] ташкил этилган. Комиссарликнинг вазифаси қуйидагилардан иборат бўлган:

а) Республика учун халқ таълимини ташкил этишнинг бош режасини ишлаб чиқиш;
б) Таълим ишларини маҳаллий даражада бирлаштириш;
в) Умумхалқ таълим сметасини тузиш ва таълимга ажратилган маблағларни тақсимлаш;

Чор Россияси ҳукмронлиги даврида эски мусулмон мактаб ва мадрасалар фаолиятига тазйиқлар ўтказилганидек, Шўро ҳукумати замонида бу типдаги мактабларни ёпиб, ягона совет меҳнат мактабини ташкил этишга уриниш бошланган. Бунга баҳона сифатида эски мактаблардаги ўқувчиларга шароит[2] йўқлиги, уларнинг қоронғи жойда ўқиши, дарс давомида қизиқтирувчи услубларнинг мавжуд эмаслиги асос қилинган. 1919 йил 26 декабрь Халқ Комиссарлари Кенгашининг “РСФСР аҳолиси орасида саводсизликни тугатиш тўғрисидаги” декрети имзоланади. Бу декрет[3] Туркистонда 1920 йил сентябрь ойида маълум ўзгартиришлар билан (8 ёшдан 40 ёшгача; нафақат рус ёки миллий тил, балки хоҳлаган туб жой тилини ўрганиш мумкинлиги; иш ҳақини сақлаш шарти билан иш вақтидан 2 соат ажратиб бериш ва б.. – муаллиф) қабул қилинган. Бу тартиб саводсизликни тугатиш билан бирга социалистик ғояга даъват, эски мактаб ва мадрасалар фаолиятига зарба беришнинг бошланиши ҳам эди.

Ҳукуматнинг муддаоларини англаган маърифатпарварлар мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб ўз муносабатини билдирган. Мисол учун, Мунаввар Қори 1920 йил май ойи Халқ таълими бўлим бошлиқларининг I съездидаги[4] маърузасида диний таълим муассасаларини йўқ қилиш эмас, балки дастур ва услубларни замонавийлаштириш орқали таълим тизимини ислоҳ қилиш кераклигини таъкидлаган. Сўзини давом эттириб “Ўрта асрларда ҳам Ўрта Осиё мадрасаларида диний билимлар билан бир қаторда араб тили, мантиқ, география, астрономия, математика, тиббиёт каби дунёвий фанлар ўргатилгани боис бундай таълим даргоҳларида буюк алломалар етишиб чиққан”ига алоҳида урғу берган. Аммо совет ҳукумати ўз қараш ва истакларини амалга ошириш учун тиш-тирноғи билан ислоҳотларини давом эттирган.

1922 йил 22 октябрдаги 164-сонли ва 1922 йил 28 декабрдаги 173-сонли[5] фармонлар билан маҳаллий ижроия қўмиталарда махсус вақф бўлимлари ташкил эттирилади. Ташкилот ўз фаолияти давомида эски мактабларни рўйхатга олиб, советлаштириш вазифасини босқичма-босқич амалга ошириб борган. Мисол учун, Самарқанд уезди волостларида 1923 йил 1 апрель ҳолатида 1-босқич мусулмон мактаблари[6] тартиби қуйидагича эди:

Волостлар номи

Мактаблар сони

1

Маҳалла

3

2

Хожа Аҳрор

1

3

Ҳалвойи

1

4

Даул

1

5

Ургут

1

6

Панжикент

1

7

Туятортар

1

8

Челак

1

9

Сиёб

1

10

Ангор

2

11

Янги Қозон ариқ

1

 

Жами

16

Самарқанд вилоятининг барча мактабларида 30 та синф бўлиб, aксарият мактабларда 2 та синф мавжуд бўлган. Мактабларда ўқувчиларнинг умумий сони 446 ни ташкил қилган. Ўртача олганда, ҳар бир синфда 15 ўқувчи таҳсил олган.

Советлаштириш жараёнини ҳукумат мулозимлари босқичма-босқич олиб борганини қуйидаги жадвалдан ҳам кузатиш мумкин. 1923-1924 ўқув йили Сирдарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида рўйхатга олинган[7] конфессионал мактаблар сонини, уларнинг янги ташкил этилган дастурга мувофиқ қайта ташкил этилганини, вақф маблағлари сақланадиган бошқа таълим муассасаларини кўрсатади.

Ўқув муасса-санинг номлани-ши

Рўйхатга олинган конфес-сионал мактаб-лар сони

Бундан қайта ташкил этил-ганлари

Мавжуд аҳоли миллий мактаб-лари

Умумий қатнашув-чилар

Хизмат кўрсатув-чилар

Уму-мий дарс соати

1

Мадраса

212

14

13

845

108

3960

2

Мактаблар

181

42

42

2530

124

7936

3

1-босқич Совет мактаблари

27

3710

5232

 

Архив манбаларини кўздан кечирарканмиз, 1923 йили Туркистонда эски анъаналар таъсирида диний дунёқарашни назарий асослашга интилувчи аҳоли қатлами кўпчиликни ташкил этгани ёзиб қолдирилганига гувоҳ бўлдик. Мисол: “Ўтган давр Туркистонда эски услубдаги мактаблар[8] 5600 та бўлиб, унда  ўқувчилар сони 70 мингга етган. 311 та мактаб вақф таъсирида бўлиб, 9000 ўқувчи диний назария таъсирида улғайган”. Ҳужжатда вақфларнинг соф даромади йилига 2 000 000 рублни ташкил этиши белгилаб ўтилади. Албатта, бундай натижа совет ҳукуматини ташвишлантирмай қолмасди.

XX асрнинг 20-йиллари бошида Маориф Халқ Комиссарлиги таълим муассасаларининг қурилиши ва моддий таъминоти бўйича қатор етишмовчиликларга учрайди. Моддий жиҳатдан оғир аҳволдаги cовет мактаблари вақф маблағлари ҳисобидан фаолият олиб бораётган эски мусулмон мактабларидан бутунлай фарқ қиларди. Ҳукумат совет мактаблари молиявий муаммосини бартараф қилиш учун қатор ҳуқуқий норматив ҳужжатларни расмийлаштиришга мажбур бўлган. Тадқиқотимиз давомида ўрганилган Туркистон Республикаси Халқ Комиссарлари Кенгашининг 1923 йил 19 апрелдаги № 71-сонли қарори[9] айни шу муаммони ҳал қилишга қаратилган. Қарорда қуйидагилар белгилаб ўтилади:

  1. ҳар бир таълим муассасасида ушбу таълим муассасасининг махсус фондлари деб номланган махсус фондни шакллантиришга имкон қаратилади.
  2. белгиланган дастлабки маблағ қуйидагича шакллантирилади:
а) ўқитишда белгиланган тўловлари мавжуд бўлган йиғимдан.
б) поликлиникалар, устахоналар, совхозлар ва таълим муассасаларининг бошқа ёрдамчи иқтисодий фойдаланиш соҳа даромадларидан;
с) таълим муассасалари томонидан ташкил этилган саноат корхоналари даромадларидан;
д) жамоат ташкилотлари давлат муассасаларидан олинадиган нафақадан;
е) жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари ва бошқа тасодифий даромадларидан.

Қарордаги тартибдан келиб чиқиб, кўрсатилган махсус воситалар таълим муассасасининг даромад бюджетига киритилиб, даромадлар смета бўйича ҳисобга олинганида, мавжуд маблағларнинг камайишига олиб келмаслиги кераклиги алоҳида огоҳлантирилади. Тўпланган махсус маблағлардан ўқув ва ёрдамчи муассасаларнинг жиҳозларини бутлаш, иқтисодий операцион эҳтиёжлар, бюджет маблағларини тўлдириш кўзланган. Шунингдек, ўқув бўлимида қўшимча иш ва ортиқча ўқитувчилар ҳамда техник ходимларни сақлаш учун сарфланиши белгилаб қўйилади.

 Марказий Осиёдаги таълим жараёни ўтмиш ва келажакни англаш, руҳий покланиш, Ватанпарварлик ва меҳр-оқибатга даъват этса, совет ҳукумати таълим жараёнида ўзининг хомашё базасига айлантирган ўлка аҳолисини ишчилар армиясига бириктиришни кўзлаган. Аммо маориф тизимини  социалистик ғояга бўйсиндирмасдан туриб бунга эришиш амри маҳол эди. Бу йўлда ҳукумат давлат миқёсида маблағни аямай, йилдан-йилга ошириб боради. 1924-1925 ўқув йилида Ўзбекистон ССР Маориф Халқ Комиссарлигига ажратилган маблағлар республика умумий бюджетининг 24 процентини[10] ташкил этиши бунга далилдир. Бу маблағлар халқ маорифи моддий базасини қайта жиҳозлаш ва социалистик меҳнат мактаблари сифатини яхшилаш учун ишлатилиши белгиланган. Мактаб таълимини битирган ёшлар сараланиб, кўпчилик ўша даврда амалга оширилган коллективлаштириш сиёсати замирида аграр тармоққа бириктирилган.

Хулоса  ўрнида шуни таъкидламоқчимизки, шўро ҳукумати эски мактаб ва мадрасалар фаолиятини дастлаб ўз назоратига олиб, сўнг советлаштириш сиёсатини босқичма-босқич амалга ошириб борган. Табиий шароит ва имкониятлари билан ажралиб турувчи Марказий Осиёда сифатли кадрлар тайёрлаш, илм-фан, техника ва технологиялар ривожланишининг илғор жаҳон тажрибасини ўзлаштириш тазйиқларга учраган. Чунки, Туркистон ёшлари чет давлатга чиқиб илм ўзлаштириб келганидан сўнг шубҳага тушиб, тез орада халқ душмани сифатида ҳаёти хазон бўлган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
[1] Ўзбекистонда таълимнинг ривожланиш тарихи ва тарихшунослиги очерклар. “Таfakkur qanoti” Тошкент-2015. Б.215
[2] Бендриков К. Очерки по истории народного образования в Туркистане (1865-1924 годқ) Издательство Академии педогогических наук РСФСР. М-1960 г.  ст.43
[3] Ўша асар.  ст.468
[4] https://arabic.uz/maqolalar/802-uzbda-arab-tili-talimi.html
[5] http/ essayon.top/ru/Вакуф
[6] Ўзбекистон миллий архиви. Фонд Р-34, оп-1, ед.хр-1859  136 листах. ст-23
[7] Ўзбекистон миллий архиви. Фонд Р-34, оп-1, ед.хр-2318  204 листах. ст-2-5
[8] Ўзбекистон миллий архиви. Фонд Р-34, оп-1, ед.хр-2133. ст-8
[9] Самарқанд вилоят давлат архиви. Фонд-95 опис 1. ед хр №2. ст 78 дело № 5
[10] Самарқанд тарихи. Иккинчи том. Ўзбекистон ССР “Фан” нашриёти.Т-1970 й. Б. 82
Сухроб Эргашев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …