Home / ЯНГИЛИКЛАР / КАМОЛОТ САРИ ёхуд Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий пойдевори мустаҳкамланмоқда

КАМОЛОТ САРИ ёхуд Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий пойдевори мустаҳкамланмоқда

Эзгу ният билан ерга қадалган ҳар қандай уруғ, экилган ҳар бир кўчат, албатта, кўкаради, униб-ўсади. Жамиятимиз тараққиётининг бешта стратегик йўналишида ўз ифодасини топган эзгу мақсадларга мос равишда 2017 йилда асос солинган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ўтган йиллар давомида мурғак ниҳолдан етук мевали дарахтга айланиш йўлини босиб ўтди.

Президентимиз томонидан 2017 йил 23 июнда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланганидан бошлаб ўтган қисқа даврда марказда эътиборга молик ишлар амалга оширилди:

Ислом маданияти маркази Ислом цивилизацияси маркази деб аталди;

Ислом цивилизацияси марказининг илмий-тарихий концепцияси яратилди;

марказнинг илмий-бошқарув жамоаси, асосан, ёш, иқтидорли мутахассислар ҳисобига шакллантирилди;

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жаҳоннинг ўттизга яқин турдош илмий муассасаси билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади;

мингга яқин нодир қўлёзма ва тошбосма асар, ўттиз мингга яқин замонавий асар ва юз мингга яқин электрон китобни ўзида жам қилган кутубхона шакллантирилди;

марказнинг илмий-оммабоп журнали чоп этила бошланди;

энг муҳими, Ислом цивилизацияси марка­зи жамоаси ўзбек халқининг буюк аждодлари Хоразмий, Фарғоний, Бухорий, Термизий, Мотуридий, Насафий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек каби мутафаккир ва олимларнинг бебаҳо меросини изчил ўрганиш ҳамда кенг миқёсда тарғиб қилишга киришди.

Ислом цивилизацияси маркази мутахассислари мамлакатнинг бошқа турдош муассасалари билан ҳамкорликда узоқ ва яқин ўтмишда буюк аждодларимиз ислом ва жаҳон тамаддунига қўшган бебаҳо ва буюк ҳиссаси асосида ислом динининг эзгулик, инсонпарварлик, илм-фанга даъват қилувчи, бағрикенглик ҳамда бунёдкорлик моҳиятини кўрсатиб бериш ва кенг тарғиб қилишни йўлга қўйдилар.

Мамлакатимиз тарихида сўнгги йилларда рўй берган буюк ўзгаришлар, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги эътироф этаётган халқни рози қилиш, Ўзбекистонни жаҳоннинг етакчи мамлакатлари қаторига олиб чиқиш йўлидаги ислоҳотлар ва шиддат билан ўзгараётган замон Ислом цивилизацияси маркази олдига ҳам янги мақсад ва вазифаларни қўйишни тақозо қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 16 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шу муносабат би­лан қабул қилинди.

Қарор марказнинг “Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон” ғоясини, илмий-маънавий ва маърифий меросни, янги замон авлодини, шакллантиришда фаол иштирок этувчи, мамлакат тарихининг янги юксалиш даврида шонли ўтмиш ютуқларидан буюк келажак пойдеворини қуришда фойдаланишни илмий асосда ўрганиб, кенг жамоатчиликка етказиб берадиган, ислом дини билан боғлиқ миллий қадрият ва анъаналарни тарғиб қилувчи илмий-маърифий масканга айланиши учун ҳуқуқий асос яратмоқда.

Ушбу муҳим ҳужжатда муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилиш, кўҳна Мовароуннаҳр заминида содир бўлган умуммиллий юксалишлар, тарихий ренессансларнинг илдизлари ва мазмун-моҳиятини мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёшларга етказиш бўйича зарур чораларни кўриш, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддуни, дунёвий ва диний илмлар ривожига қўшган ҳиссасини энг замонавий усул ва воситалар орқали ёритиб бориш, ёшларни илм-маърифатга даъват этадиган, миллийлик ва динийлик ўртасидаги уйғунлик моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган медиа маҳсулотлар, илмий ишланма ва тавсиялар тайёрлаш марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шунингдек, эндиликда ушбу муассаса зиёрат туризмининг илмий асослари бўйича етарли назарий билим ва амалий кўникмага эга гид-таржимонлар тайёрлаш, уларнинг малакасини тизимли ошириб бориш, илм-фаннинг жадал тараққиётини кўрсатиб берувчи сермазмун экспонатлар фонди, қўлёзма ва замонавий нашрлардан иборат бой кутубхоналар тизимини шакллантириш ва уларнинг жаҳон музейлари, кутубхоналари тармоғи ўртасидаги мустаҳкам алоқасини таъминлаш, ўзбек халқининг ислом цивилизацияси равнақига қўшган ҳиссаси бўйича фундаментал тадқиқотлар дастурлари ва илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Марказда ислом цивилизациясини тадқиқ этиш соҳасининг долзарб илмий-назарий ва услубий масалаларига бағишланган миллий ва халқаро миқёсдаги конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ва илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар доимий асосда ташкил этиб борилади, юртимиздаги музей ва кутубхоналар ходимларининг касбий маҳорат ва салоҳиятини ошириш бўйича илмий-амалий ва услубий тренинглар йўлга қўйилади. Шу тариқа Ўзбекистон ва дунё илмий жамоатчилиги бу йўналишдаги янги тадқиқотлар натижаларидан бохабар бўлиб боради.

Бу ерда ислом тарихи ва маданияти йўналишига оид билимларни ошириш, қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни таъмирлаш, қоғоз тайёрлаш, муқовасозлик, хаттотлик санъатини тиклаш, ислом манбаларини ўрганиш бўйича ташкил этиладиган ўқув курслари нафақат тадқиқотчиларимиз, балки бутун халқимиз учун илҳом ва ижод манбаи бўлиб хизмат қилади.

“Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясининг мазмун-моҳияти, унинг илм-фан ривожи, динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги роли ва аҳамияти жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиниши юртимиздаги ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга, илмий ютуқларга интилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштиришга, халқаро илмий-маданий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга кенг йўл очади.

Қарорга мувофиқ, аждодларимиз илмий меросини тадқиқ этиш ва янги юксалиш давридаги ютуқларни тарғиб қилиш бўйича ишлаб чиқиладиган “йўл харитаси” белгиланган вазифаларни тизимли равишда, барча манфаатдор идора ва ташкилотларнинг яқин ҳамкорлиги асосида, аниқ мақсадларга йўналган тарзда бажариш имконини беради. Яъни марказ олдига қўйилаётган улкан вазифалар фақат унинг зиммасидаги мажбурият бўлиб қолмай, бутун мамлакатнинг эзгу ва улуғ мақсади сифатида майдонга чиқади. Бу орқали кўплаб идора ва ташкилотларнинг ҳамкорлиги фаоллашиши баробарида ҳамюртларимизнинг жипслиги, бир-бирига хайрихоҳлиги кучаяди, Ватан тақдири, унинг шаъну шавкати учун масъуллик, дахлдорлик ҳисси янада кучаяди.

Жамоатчиликнинг алоҳида эътиборини тортадиган янабир жиҳат қарорда ушбу муассаса ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши белгилаб қўйилганидир. Ушбу жамғарма илмий адабиётларни яратиш, чоп этиш, ноёб асар ва ҳужжатларни харид қилиш орқали марказ китоб фондини кенгайтиришга хизмат қилади. Илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратиш, ташкил қилинадиган турли анжуманларни молиялаштириш борасида ҳам янги имкониятлар яратади.

Бу ерда Самарқанд қоғозини тайёрлаш, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича устахоналаборатория ташкил этиш ғояси ҳам таҳсинга сазовор. Самарқанд қоғози асрлар давомида довруғ қозониб келаётган бўлишига қарамай, ҳанузгача фақат Самарқанднинг ўз бренди бўлиб, тор маҳаллий ва ҳаваскорлик-сайёҳлик доираси билан чекланиб қолаётган эди. Унинг марказлашган ҳолда, замонавий асбоб-ускуналар ва ҳисоблаш техникаси ёрдамида тадқиқ этилиши ва тайёрланиши яна бир миллий қадриятимизни халқаро брендга айлантиришга йўл очиши, шубҳасиз. Бу Самарқанд қоғозини тайёрлайдиган мутахассислар ҳамжамиятининг ҳам жуғрофий, ҳам миқдорий кенгайишига хизмат қилади.

Президентимиз қарори ғоятда кенг кўламли мақсадларни қамраган бўлиб, унда марказ музейи экспозициялари ва кутубхонаси фондини шакллантириш, аҳолидан харид қилинадиган қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар, экспонатларни таҳлил қилиш, саралаш, уларнинг ноёблигини аниқлаш ва баҳолаш бўйича экспертлик комиссияси тузиш, тарихий ёзма манбаларни марказлашган ҳолда сақлаш, тадқиқ этиш, уларнинг ҳолатини доимий монито­ринг қилиш бўйича масъул давлат муассасаси этиб белгиланди.

Бу билан марказга давлат тасарруфидаги барча музей, кутубхона, архив фондлари ва бошқа давлат муассасаларидаги қадимий қўлёзма ҳамда тошбосма манбалар рўйхатини шакллантириш вазифаси юклатилади. Шу тариқа бутун илмий-маънавий меросимизнинг ҳимояси ва ягона илмий-тадқиқот манбаи сифатида шаклланиши таъминланади.

Президентимизнинг ушбу қарори юртимизда эзгу ниятлар билан амалга оширилаётган мегалойиҳалардан бири — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази камолоти йўлида навбатдаги муҳим қадамдир.

Шоазим МИНОВАРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021-йил 20-июл, №146(402)

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …