Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Мотуридийликка оид янги манба тақдимоти

Мотуридийликка оид янги манба тақдимоти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Абулҳасан Али ибн Саид Рустуфағнийга мансуб «Мухтасар Фавойидир Рустуфағний» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот ушбу асарни мамлакатимизда илк бор таҳқиқ этиб, унинг моҳиятини очишда муносиб ҳисса қўшган ҳамюртимиз, исломшунос олим, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Абдумалик Туйчибаев томонидан ўтказилди.

Унда Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, юртимиз ва хориждаги илмий доира вакиллари, мустақил тадқиқотчилар, жами қирққа яқин тингловчилар иштирок этишди.

Тақдимот муаллифи 2007 йилда Ислом университетини тугатиб, айни пайтда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида меҳнат ҳамда Туркиянинг Анкара Йилдирим Боязид университетида илмий фаолиятини олиб бормоқда. Унинг мотуридийлик таълимотига оид илмий тадқиқотлари моҳият жиҳатидан кенг мунозараларга сабаб бўлган.
Тақдимот давомида олим «Мухтасар Фавойидир Рустуфағний» асарининг яратилиш тарихи, китобнинг тўлиқ мундарижаси, бугунги кундаги аҳамияти ва уни тадқиқ этишнинг долзарб жиҳатларини муфассал ёритиб берди.

Китоб муаллифи Абулҳасан Али ибн Саид Рустуфағний Абу Мансур Мотуридийнинг яқин шогирди сифатида замондошларимиз эътиборини қозонган. Унинг бизгача етиб келган мазкур асари автобиографик тузилишга ҳамда дидактик хусусиятларга эга экани билан бугунги кун учун юксак илмий-амалий ва маънавий-маърифий қийматга эга.
Айни кунларда Китоб Истанбулдаги “Ҳошимия” нашриётида чоп эттирилган бўлиб, кенг омма эътиборига ҳавола қилинган.

Тақдимот қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлиб, унинг якунида иштирокчиларнинг барча саволларига илмий асосланган жавоблар қайтарилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олимлари – илмий сафарда

Айни кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва бўлим бошлиғи Шукурилло Умаров …