Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуидаги онлайн-семинарлар қизғин паллага кирди

“Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуидаги онлайн-семинарлар қизғин паллага кирди

Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 6 июль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Зарафшон  воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган  онлайн-семинарнинг навбатдагиси бўлиб ўтди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, юртимизда илм-фан йўналишида фаолият юритаётган муассасалар, жумладан, Ўзбекистон Фанлар Академияси археология институти, Бухоро Давлат университети илмий ходимлари ҳамда хорижий мамлакатлардаги тадқиқотчи олимлар иштирок этди.

Бу галги семинарда Нью-йорк университети ҳузуридаги Қадимги дунёни ўрганиш институти профессори Сорен Старкнинг “Антик давр ва ўрта асрлар ўртасидаги Бухоро: Бухоро шаҳристонидаги янги археологик тадқиқотлар” мавзуидаги маърузаси тингланди.

Нотиқ ўз маърузасида Бухоро воҳаси археологик бой ҳудуд эканлигини, бироқ унинг жуда оз қисми археологик қазишмалар шаклида ўрганилганлигини, сўнгги беш йил мобайнида эса ҳудудни Антик давр, яъни милодий давр бошланишига оид асрлардаги ҳолатини тадқиқ этиш имкониятлари кўпроқ яратилаётганини эътироф этди.

“Ажабланарлиси шундаки, замонавий воҳа ичкарисида ва ташқарисида жойлашган барча йирик жойлардан энг кам қазилмалар шаклида ўрганилган ҳудуд – бу воҳа марказининг ўзи, Бухоро шаҳри ҳисобланади. Шу сабабли биз бугунги кунда мазкур ҳудуд тўғрисида Самарқанд ва Марвни ўрганганимиз каби кўпроқ маълумот тўплашга аҳд қилганмиз”, деди олим.

Маърузачи шунингдек, мавзу доирасидан келиб чиқиб, Бухоро шаҳрининг ички топографияси, унда олиб борилган археологик тадқиқотлар, мазкур тадқиқотларнинг йўналишлари ҳамда тадқиқ ишларининг натижалари тўғрисида гапириб, воҳадаги шаҳарсозлик анъаналари қадимдан мавжуд бўлганига алоҳида эътибор қаратди.

Семинар давомида Бухоро воҳаси тарихига оид, Бухоро шаҳрининг ҳозирги жойлари билан қиёсланган қизиқарли маълумотлар келтирилди.

Воҳа ҳар қанча ўрганса арзийдиган, бу эса тарихнинг ҳали очилмаган саҳифалари ниҳоятда бисёр эканлигидан келиб чиқиб, ҳудудни чуқурроқ ўрганишни мақсадга мувофиқ деб биламан ва бу йўналишда менга камарбаста бўлаётган ўзбекистонлик ҳамкасбларимга миннатдорлик билдираман, дея нотиқ ўз сўзини якунлади.

Семинар сўнгида олим томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар қайтарилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …