Home / МАҚОЛАЛАР / “СИЯР АЪЛАМУН НУБАЛО” АСАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ СИЙРАТИ (7-ҚИСМ)

“СИЯР АЪЛАМУН НУБАЛО” АСАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ СИЙРАТИ (7-ҚИСМ)

“АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ТАФСИР ҚИЛИШГА ОИД БОБ АЖРАТИШИ

 “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китоби турли илмлар ҳадис, ровийлар, фиқҳ, тарихни жамловчи китоблар сирасига киради. Асарда тафсирнинг бўлиши эса очиқ-ойдин маълумдир. Ибн Ҳажар Асқалоний “Жомеъ” китобидан алоҳида (тафсирга оид) китоб ажратган[1]. Шайх Муҳаммад Фуод Абдулбоқий Имом Бухорийнинг “Ғариб ул-Қуръон”га бўлган эътибори ҳақида китоб таълиф қилган[2].

Ҳадис асарларида мустақил тафсир бўлимларини ажратиш одатини Бухорий бошлаб берган. У билан бир даврда яшаган Муслим “Саҳиҳ”ида “Тафсир” номли етти бобдан иборат кичикина бир бўлим ажратган. Термизий “Сунан”ида, Насоий ҳам “ас-Сунан ал-кубро”сида тафсир бўлимларини очганлар.

Ҳадис асарларидаги тафсир бўлимларида оятлар боб номи шаклида зикр қилинган, кетидан оятларга алоқаси бор деб билинган ҳадислар нақл қилинган. Бу шаклда тартибланган боблардан тафсир бўлимлари ташкил топган.

Қуръони Карим оятларининг Пайғамбар алайҳиссалом ва Саҳобийлар сўзлари билан тафсир қилиниши ривоят тафсири деб юритилади. Тафсири маъсур ёки ривоят тафсири деганда, бирор оятнинг маъносини бошқа оят ёки Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадислари билан, саҳобий ёки тобиийндан нақл қилинган сўз билан баён этишни тушунилади.

Ҳадис илми билан бир қаторда тафсир илми билан ҳам шуғулланган олимлар қаторидан жой олган Имом Бухорийнинг мустақил тафсири бўлгани ҳақида ҳам турли қарашлар мавжуд. Жумладан, Ҳожи Халифа Имом Бухорийнинг машҳур шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ ал-Фирабрий (ваф. 932)нинг маълумотларига таянган ҳолда Имом Бухорийнинг ҳадис илмига оид асарларидан ташқари мустақил тафсири бўлганлиги ҳақидаги маълумотни ўз асарида келтириб ўтади[3]. Шунингдек, Имом Бухорийнинг “Холқу Афъал ул-Ибад” асарини таҳқиқ қилиб нашр эттирган Доктор Абдурраҳмон Умайра ҳам Имом Бухорийнинг “ат-Тафсир ал-кабир” номли мустақил асарининг мавжудлиги ва ҳозир Жазоир Миллий кутубхонаси ҳамда Парижда ушбу асарнинг икки нусхаси сақланаётгани ҳақида маълумот бериб ўтган[4]. Аввал қайд этиб ўтганимиздек турли тафсир мактабларига мансуб муфассирлар қаторида бир муҳаддис сифатида Имом Бухорийнинг ҳам мустақил тафсир ёзиши табиий ҳолдир. Олимнинг тафсир илмидаги ўрни ҳақида гап кетганда унинг бу жиҳатига эмас балки, Имом Бухорийнинг ривоят тафсири йўналишида биз учун энг муҳим жиҳати ичида илк бора мусаннаф бир ҳадис китоби ичида “Китаб ат-тафсир” сарлавҳаси остида тафсирга жой ажратиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Бухорийдан олдин ёзилган ҳадис китобларида тафсир номи остида ажратилган мустақил бўлимни учратмаймиз. Ҳатто Бухорийдан 45 йил олдин вафот этган Абдураззоқ ибн Ҳаммом (ваф. 826)нинг “Ал-Мусаннаф” асарида бундай бўлим учрамайди[5]. Шунингдек, Имом Бухорий билан замондош бўлган Имом Доримийнинг “Сунан” асарида ҳам тафсирга бағишланган бирор бўлимга дуч келмаймиз[6]. Аммо, Бухорийдан кейин ёзилган Имом Муслим (ваф.874) ва Имом Термизий (ваф. 892)нинг ҳадис тўпламларида тафсир бўлимини учратиш мумкин. Бундан кўриниб турибдики, ҳадис тўпламларига илк бора тафсир Имом Бухорий томонидан олиб кирилган. 

“Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг “Китаб ат-тафсир” бўлимида маълум оятлар боб сарлавҳалари сифатида ёзилган бўлиб, ортидан оятлар билан боғлиқ ҳадислар келтирилган. Шунингдек, “Китаб ат-тафсир”дан бошқа баъзи китоблар номи ҳам маълум бир оятлар билан номланган. Шу шаклда якунланган боблар тафсир китобини ташкил этади.

Имом Бухорийнинг тарожум (изоҳлар)ларининг сонини тадқиқ қилган Кирмоний ва бошқа олимлар изоҳлар 3450 ва – 3882 ҳадислар оралиғида эканини айтганлар.

Биз тафсирга алоқадор боб изоҳларини ўрганиб чиқишимиз натижасида уларнинг сони 1129 тага етди. Бундан кўриниб турибдики, асарнинг учдан бири тафсирга бағишланган. Шу билан бир қаторда оятлар билан бошланувчи китоблар сони 18 тани ташкил этади. Тафсир китобидан ташқари изоҳлар бошқа бўлимларда 613 ўринда оятлар изоҳланган, тафсир китобида эса булар 516 тани ташкил этади. Фикримиз исботини қуйидаги жадвал орқали янада аниқроқ ифода этиш мумкин:

 

Жузлар

Оятлар изоҳи

1-жуз

35 та изоҳ

2-жуз

32 та изоҳ

3-жуз

66 та изоҳ

4-жуз

42 та изоҳ

5-жуз

67 та изоҳ

6-жуз

97 та изоҳ

7-жуз

23 та изоҳ

8-жуз

516 та изоҳ.

Бу – “Китоб ат-тафсир ва ал-мағозий” (“Тафсир ва ғазотлар”) бўлими.

9-жуз

51 та изоҳ

10-жуз

33 та изоҳ

11-жуз

71 та изоҳ

12-жуз

30 та изоҳ

13 жуз

71 та изоҳ.

 

“Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг ушбу ҳусусияти Имом Бухорийнинг тафсири маъсур йўналишидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатмоқда. Шунингдек, бир муҳаддис сифатида олимнинг ҳадис тўпламининг ичига тафсирни қўшгани ҳамда баъзи ўринларда филологик изоҳлар ҳам қолдиргани билан ҳам аҳамиятлидир.

Бухорийнинг тафсир бўлимида бошқа ҳадис мусаннифларидан фарқли равишда тафсир имкониятларини кенгайтиришга ҳаракат қилган. У “Китобут тафсир”нинг боб мавзуларида тафсирга оид маълумотларни берган. Бошқа томондан, ҳам асарнинг ҳаммасида, ҳам тегишли бўлимда ҳадисларни ўз фикрини баён қиладиган бир шаклда танлаши ва тартиблаши ҳам, унинг бошқа ҳадис асарларидаги тафсирга оид бўлимларидан кўра фарқли бир жиҳати бор эканлигини кўрсатади, дейиш мумкин. Бухорийнинг ўз асарида ажратган тафсир бўлими бу турдаги ишларнинг илк намунаси бўлишига қарамасдан турдошлари орасида тафсир мавзуси бўйича юқори бир савияда эканлиги сабабли унинг тафсир анъанасидан кўпроқ истифода қилганлигини айтиш мумкин бўлади.

Абдуллоҳ Ибн Аббос (р.а.) билан Қуръон тафсирига оид ўзига хос бир фаолият соҳаси юзага келган. Саҳобалардан нақл қилинган тафсир ривоятларининг кўп қисми, тахминан 80 фоизга яқин катта бир қисми айнан Абдуллоҳ Ибн Аббос (р.а.) дан келган бўлиб, олимлар буни саҳобийнинг бошқаларга қараганда бироз ёшлиги ва Қуръони каримни ўрганишга бўлган иштиёқи баландлиги ҳамда тиришқоқлиги билан изоҳлайдилар. Мана шу даврда тафсир Мусҳаф устида олиб борилган бир ҳаракат бўлиши жиҳатидан алоҳида илм соҳаси бўлиб шакллана бошлаган[7]. Бу илм соҳасининг асосий манбаси ҳам “тафсир ривоятлари”дир. Чунки илк давр тафсирларини ўрганганимизда, уларда тафсирга оид ривоятларни жамлаб, нақл биринчи ўринга қўйилганини кўриш мумкин. Жумладан, Абдурраззоқ ибн Ҳаммом (ваф. 827) “Тафсир”ида оятларнинг барчаси ҳам таҳлил қилмаган ва тафсир қилинган оятлар бўйича энг кўпи билан бир-иккита ривоят нақл қилса ҳам изоҳларини бутунлай тафсир ривоятлари билан асослаган[8]. Муфассир олим Табарий ҳар бир оятнинг тафсирида тафсир мақсадида ворид бўлмаган ривоятларга кам эътибор берган. Балки у, оятларга тегишли бўлган бир хил матнга ёки мазмунга эга бўлган марфуъ, мавқуф ва мақтуъ, қанча ривоят бор бўлса барчасини келтирган[9]. Ибн Абу Ҳотим эса, иложи борича марфуъ ривоят бор бўлса мавқуфни, мавқуф бўлган жойда мақтуъни зикр қилмаслик каби бир услубда баён қилган бўлса ҳам тафсирни тафсир ривоятлари билан чеклаш масаласида қатъий ёндашиб, бошқа масалалар ҳақида ворид бўлган ҳадисларни жуда кам ривоят қилган.

Бухорий, Термизий ва Насоий каби муҳаддисларнинг ўз асарларига тафсир бўлимини киритишлари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бутун ҳаётининг Қуръон тафсири эканлиги ҳақидаги ёндашувни улар энг камида амалда маъқулламаганликларини кўрсатмоқда. Чунки бундай бир қараш асосида ҳаракат қилишганида эди, бевосита ёки билвосита бутунлигича Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳолларига оид бўлган ривоятларни ўз ичига олган асарларида тафсир деб аталган махсус бир бўлимни ажратишмаган бўлар эдилар. Шу билан бирга, тафсир ривоятлари чекланган миқдорда нақл қилинганлиги ва кўпинча тафсир мақсадида ворид бўлмаган хабарларни оятлар билан боғлашлари энг камида учинчи асрдаги ривоят тафсири йўналишида уларнинг қайсидир маънода ҳаракат қилмаганларини кўрсатади.

Тасниф қилинган асарларнинг анъанавий тузилиши эътиборга олинганда Бухорийнинг “Саҳиҳ”ида ўз шахсий қарашларини кўрсатиш имкониятларини ярата оладиган мусанниф эканлиги кўзга ташланади. Бухорий “Китобут-тафсир”да буни боб мавзуларида кўпгина тафсир ривоятларидан ташкил топган бир қанча маълумотларни келтириш ва ривоятларни ҳам шахсий қарашларини маълум бир даражада ифодалайдиган шаклда баён этиш орқали амалга оширган.

Бухорий бошқа муҳаддислардан фарқли равишда боб мавзуларида айрим маълумотларни тақдим қилади. Бобларга қўйган номларини аслида ҳадис ривоят қилинадиган асар бўлган ва тузилиш хусусиятлари ҳам шунга кўра шаклланган китобида ўз қарашларини баён қила олиш имконияти деб билган. Муаллиф асарининг тафсир бўлимида ҳам ушбу ишни давом эттирган, боб мавзуларида кўпроқ сўзларнинг изоҳларига оид маълумотларни берган. Сўзлар изоҳлари билан бир қаторда оятларнинг тушинилишига хизмат қиладиган тафсир ривоятларини ҳам нақл қилган. Турк тадқиқотчиси Фуад Сезгин Бухорийнинг бевосита тил китобларидан иқтибос ёки тафсир ривоятларини санадсиз шаклда нақл қилиш йўли билан тақдим қилган ушбу маълумотларни “Саҳиҳ”нинг тахминан 1/5 ини ташкил қиладиган таълиқ тарзидаги ривоятлардан деб ҳисоблаган. Унга кўра, Бухорий ривоят қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳадисларни санадларининг ҳаммасини ёки бир қисмини тушириб қолдириб, кўпинча “қола” сўзи билан нақл қилган[10].

Бухорий тафсир китобида баъзи бобларнинг ичида ҳеч қандай ривоят нақл қилинмасдан, фақат боб мавзуларида тафсир ривоятлари келтирилган.

Бухорийнинг “Китобут-тафсир”да боб мавзуларида берган маълумотларни “сўз изоҳлари” билан “боб мавзуларида нақл қилган тафсир ривоятлари” шаклида таҳлил қилиш мумкин.

“Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг ушбу хусусияти Имом Бухорийнинг тафсири маъсур йўналишидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатмоқда. Шунингдек, бир муҳаддис сифатида олимнинг ҳадис тўпламининг ичига тафсирни қўшгани ҳамда баъзи ўринларда филологик изоҳлар ҳам қолдиргани билан ҳам аҳамиятлидир.

“Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг деярли ҳар бўлимидаги луғавий изоҳлар кўпинча Абу Убайданинг “Мажозул Қуръон” асари билан Фарронинг “Маъонил Қуръони”дан олинган. Фуад Сезгин бу икки тилшунос олимнинг Бухорийга таъсири ва хусусан улардан қилинган нақлларнинг хусусиятлари бўйича батафсил тадқиқот қилган ва “Бухорийнинг манбалари” номли тадқиқотининг охирида мусаннифнинг ушбу икки асардан келтирган нақлларини келтириб ўтган[11].

Бухорий баъзан боб мавзуларида оятларнинг тушинилишига ёрдам берадиган тафсир ривоятларни нақл қилади. Тафсир ривоятларини бевосита оятларнинг изоҳини кўзлаган Расулуллоҳ (с.а.в.)дан, саҳобадан ва тобиийнлардан келган маълумотлар шаклида таърифласак, юқорида зикр қилинган айрим мисолларни ушбу гуруҳга киритиш мумкин бўлади. Фақат биз бундай маълумотларни “Сўзлар изоҳлари” мавзусида Бухорийнинг сўз изоҳларидаги бир бутунлик ёндашувига мисоллар келтириш учун зикр қилган эдик.

Имом Бухорийнинг “Китоб ут-Тафсир”да нақл қилган саҳобага нисбат қилинган тафсир ривоятларининг деярли ҳаммаси Ибн Аббос (р.а.)га тегишли эканини кўриш мумкин. Масалан, Бақара сурасининг “Шубҳасиз Сафо ва Марва Аллоҳнинг (динининг) шиорларидандир” шаклидаги 158-оятга бағишланган бўлимда санадини ҳазф қилиб “Қола Ибн Аббос (р.а.): “тошдир” (الحجر)” шаклида бир ривоятни нақл қилган[12]. Ушбу мисолда бир масала диққатга сазовор. Бухорийнинг “Сафо” сўзини изоҳлаш учун нақл қилган ривоят аслида Бақара сурасининг 264-оятида зикр қилинган “صفوان” сўзининг изоҳига тегишли эди. Табарий ва Ибн Абу Ҳотим ҳам ушбу ривоятни бу оятнинг тафсирида зикр қилишган[13]. Бу мисолда Бухорий бир сўзнинг изоҳини берганда бир хил ўзакдан ясалган бошқа бир сўзга оид бошқа маълумотларни ишлатмоқда. Диққатни тортадиган бошқа бир жиҳат эса, тафсирларда санадли ҳолда зикр қилинган мазкур ривоятнинг бу ерда санадсиз ҳолда зикр қилинишидир. Бу ривоятни Табарий тафсирида “Ҳаддасаний ал-Мусанно: қола ҳаддасана Абу Солиҳ: қола ҳаддасаний Муовия ъан Али ъан Ибн Аббос (р.а.)” санади билан зикр қилган[14]. Ибн Аби Ҳотим ҳам ал-Мусанно ўрнига “Аби” (Абу Ҳотим)ни зикр қилиб ушбу санад билан ривоят қилган[15].

Бухорий Нос сурасига тегишли бобнинг мавзусида “Ибн Аббос (р.а.): “الوسواس” “Бола туғилган пайтда шайтон васваса қилади. Аллоҳ зикр қилинганда кетади. Аллоҳ зикр қилинмаса боланинг қалбига жойлашади” деган” деб санадсиз ривоят келтирган[16]. Ваҳоланки, Ибн Аббос (р.а.)нинг бу гапи озгина тафовут билан тафсир асарларида санади билан нақл қилинган[17]. Аъроф сурасидаги “Мусо белгилаб берган жойимизга (Турга) келиб Парвардигор ҳам унга гапирганда “Эй парвардигорим! Менга (ўзингни) кўрсат, сенга қарайин”, деди…” оятига оид бобнинг мавзусида Ибн Аббос (р.а.)нинг “أرني” (менга кўрсат) ифодасига боғлаб “менга бер” (أعطني) шаклидаги изоҳини зикр қилган[18]. Бухорийнинг санадсиз берган ушбу маълумоти Табарийнинг тафсирида “ҳаддасана ал-Мусанно, ҳаддасана Абдуллоҳ ҳаддасаний Муовия ъан Али ъан Ибн Аббос (р.а.)” санади билан нақл қилинган[19]. Бунга ўхшаш бошқа бир мисол ҳам Анъом сурасига оид бўлимнинг бошида ушбу сураснинг 23-оятидаги “ثم لم تكن فتنتهم” ифодасини “узрлари” (معذرتهم) шаклидаги изоҳ Ибн Аббос (р.а.)дан санадсиз нақл қилинган[20].

Бухорий боблар ичида тўплаган ривоятларнинг боб мавзулари билан мослиги билан бирга ўзаро ўзига хос мазмунга эга бир бутунликни ташкил қилишини айтиш мумкин. Албатта, бу ҳолатнинг ҳар бир бобда мавжудлигини аниқлаш батафсил тадқиқотни тақозо қилади. Яна ҳам жуда кўп бобда ҳадисларнинг тартиби билан боб мавзуларида ифодаланган ғоя орасида бир мувофиқликнинг мавжуд эканлигини бемалол айтиш мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Бухорий ҳам боб билан ҳадисларнинг ўзаро мувофиқлиги, ҳам ҳадислар орасидаги мувофиқлик ва буларни муайян маъно берадиган шаклда тартиблаш бўйича катта меҳнат қилган. Бу ҳолат унинг фақат ривоятларни нақл қилишига изн берган, талқинларга имкон қолдирмайдиган бир шаклда, шахсий қарашларини баён этишга имкон топиш кўринишида намоён бўлади. Таржималарда тақдим қилган тафсир маълумотлари билан бирга масалаларга мавзу қўйиши аслида ривоятларни нақл қилиш тамойилидан борган бир асарда тафсир имконларини имкон қадар кенгайтирган.

Фақат бунинг билан бирга бир оятнинг барча қирраларини очиб бериш, бир хулосага бориш каби идеал бир изоҳ нуқтаи назаридан қаралганда, албатта, бу иш етарли эмас.

“Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобининг тафсирга алоқадорлигини қуйидагича умумлаштириш мумкин:

“Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг турли китоб (бўлим)ларни ўз ичига олганлиги унинг ҳадис ва фиқҳ эмас, тафсир бобига тегишли эканини билдиради. Мисол учун: Ваҳий бошланиши китоби, яратилиш бошланиши китоби, пайғамбарлар китоби, Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш китоби, тавҳид китоби, тафсир китоби, Қуръон фазилатлари китоби.

Унда жуда кўп ҳар хил китоб (бўлим)ларда тафсирга оид изоҳларнинг мавжудлиги. Масалан: иймон китоби, қадар китоби, зулмлар китоби, васиятлар китоби ва бошқалар[21].

Имом Бухорий баъзи ўринларда Қуръон оятларини ёки Қуръондан бўлган сўзларни осор ва ҳадислар келтирмасдан шарҳлайди. Бу асарнинг жуда кўп ўринларида келтирилган.

[1] Қаранг: Шокир Абдулмунъим. Ибн Ҳажар ва мавааридуҳу фи ал-исоба. – Б. 156.
[2] Шайх Муҳаммад Фуод Абдулбоқий. Муъжам алфоз ал-Қуръон. Дор ал-маърифа. Байрут. 2000.
[3] Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зуннун ъан асомий ал-кутуб ва-л-фунун. Дор иҳё ат-турос ал-арабий. – Байрут. 2008. Ж. 1. – Б. 443
[4] Муҳаммад ибн Исмаил ал-Бухорий. Холқу афъал ул-ъибод. Др. Абдурраҳмон Умайра таҳқиқи. Дор ул-Укоз. – Жидда. – Б. 23
[5] Қаранг: ал-Мусаннаф. Абдураззоқ ибн Ҳаммом ас-Саноний. Дор ат-таъсил. – Қоҳира. 2015. Ж. 9
[6] Қаранг: Муснад ад-Доримий. Абдуллоҳ ибн Абдуссомад ад-Доримий. Дор ал-Муғни. – Риёд. 2000. Ж.4
[7] Selim Türcan. İlk Dönem Kur’an Tasavvuru ve Dönüşümü –Kimlik ve Kitâb İlişkisi Bağlamında, AÜSBE, Ankara, 2007, S. 305–306.
[8] Қаранг: Абу Бакр ибн Абдурраззоқ ибн Нофеъ Ал-Ҳумайрий. Тафсиру Абдурраззақ. Маҳмуд Муҳаммад Убда таҳқиқи. Дуру-л-кутуб ал-илмийя. – Байрут. 1419/1998.
[9] Масалан, Нур сурасининг 2-оятинг тафсирида мазкур ҳолатнинг амалий ифодасини кўриш мумкин. ” طَائِفَةٌ” сўзининг изоҳига доир мавқуф ва мақтуъ тафсир ривоятларини келтириб ўтган. Қаранг: Муҳаммад ибн Жарир Ат-Табарий. Жомеъ ул баён ъан таъвили айил-Қуръан. Аҳмад Муҳаммад Шокир таҳқиқи. Муассасату-р-рисала. 1420/2000. Ж. 19. – Б. 94-95
[10] M. Fuad Sezgin, Buhârî’nin Kaynakları, Kitâbiyât, Ankara, 2000. – S. 147
[11] Ўша асар.
[12] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий. Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ. Дору ибн Касир. дамашқ. 2002. Китаб ат-Тафсир. – B. 1102
[13] Қаранг: Муҳаммад ибн Жарир Ат-Табарий. Жомеъ ул баён ъан таъвили айил-Қуръан. Аҳмад Муҳаммад Шокир таҳқиқи. Муассасату-р-рисала. 1420/2000. Ж. 5. – Б. 591., Абу Муҳаммад Абдурраҳман ибн Аби Хотим, Тафсир, I-Х, таҳқ.: Асъад Муҳаммад ат-Таййиб. ал-Мактабат ул-асрийя. Ж. II, -Б. 518.
[14] Қаранг: Муҳаммад ибн Жарир Ат-Табарий. Жомеъ ул баён ъан таъвили айил-Қуръан. Аҳмад Муҳаммад Шокир таҳқиқи. Муассасату-р-рисала. 1420/2000. Ж. 5. – Б. 591
[15] Абу Муҳаммад Абдурраҳман ибн Аби Хотим, Тафсир, I-Х, таҳқ.: Асъад Муҳаммад ат-Таййиб. ал-Мактабат ул-асрия. Ж. II, -Б. 518
[16] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий. Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ. Дору ибн Касир. дамашқ. 2002. Китаб ат-Тафсир. – B. 1282
[17] Муҳаммад ибн Жарир Ат-Табарий. Жомеъ ул баён ъан таъвили айил-Қуръан. Аҳмад Муҳаммад Шокир таҳқиқи. Муассасату-р-рисала. 1420/2000. Ж. 24. – Б. 709. Ибн Касир.Тафири ибн Касир. Ж. 8. – Б. 540
[18] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий. Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ. Дору ибн Касир. дамашқ. 2002. Китаб ат-Тафсир. – B. 1190.
[19] Муҳаммад ибн Жарир Ат-Табарий. Жомеъ ул баён ъан таъвили айил-Қуръан. Аҳмад Муҳаммад Шокир таҳқиқи. Муассасату-р-рисала. 1420/2000. Ж. 13. – Б. 91.
[20] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий. Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ. Дору ибн Касир. дамашқ. 2002. Китаб ат-Тафсир. – B. 1185.
[21] Китоб ал-иймон. 16/42. Китоб ал-қадар. 9/16. Китоб ал-мазолим. 8/35. Китоб ал-васоё. 12/36. Фатҳ ал-Борий. 1/45. 11/229. 5/95. 5/312.
Азизхўжа ИНОЯТОВ
Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси
мустақил тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …