Home / МАҚОЛАЛАР / “СИЯР АЪЛАМУН НУБАЛО” АСАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ СИЙРАТИ (6-ҚИСМ)

“СИЯР АЪЛАМУН НУБАЛО” АСАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ СИЙРАТИ (6-ҚИСМ)

“Саҳиҳул Бухорий”нинг тафсир илмидаги аҳамияти

“Тафсир” муфассирларнинг таърифига кўра: Қуръони карим лафзларининг ботиний ва зоҳирий маъноларини сақлаб қолган ҳолда маънони тил билан очиқлаш, тафсир этишдир[1].

“Сиярул набий” пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаёт йўлини ўрганадиган фандир.

“Зуҳд” истилоҳи тасаввуф олимларига кўра, дунё, мол мулк, обрў ва мансабдан юз ўгиришни англатади[2]

“Риқоқ” сўзи الصحة ، الفراغ “соғлиқ”, “хотиржамлик”­ маъноларида бўлиб, “фақат охиратни ўйлаб ҳаёт кечириш”дир. Луғатшунос олимларнинг фикрича: رقاق   “Риқоқ” رقيق “роқиқ” сўзининг кўплиги бўлиб, “нафрат” ва “ғазаб” сўзининг акси бўлган رحمة “мулойим табиатлик” маъносини англатади[3].

Юқорида зикр этилган фанлар Имом Бухорий асарида ўз ифодасини топган. Муҳаддис “суннат”, “сийрат”, “тафсир” илмларини чуқур билиш билан бирга, “риққатул қалб”, яъни самимий қалб эгаси ҳам бўлган. Ҳадисларни “заиф”идан “саҳиҳи”ни  ажратиш учун эса ана шундай қалб соҳиби бўлмоқлик керак.

Имом Бухорий бу  қоидага ўзига хос тарзда ёндашиб, уни юқори санъат даражасига кўтарган ва ўзгалар қилмаган кашфиёт қилган. У “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг бошқа асарлардан фарқли эканини исботлаб берган. Муҳаддис олимлар бу кашфиёт Бухорийдан олдин мавжуд эмаслигини эътироф этганлар[4].

Асар “Ваҳийнинг бошланиниши”  (بدء الوحي) китоби билан очилиб, “Тавҳид”  (التوحيد) китоби билан охирлайди.

“Умдат ул-қорий” асарида берилишича, арабча “ваҳий” (الوحي) сўзи “махфий гап” (الكلام الخفي), “илҳом” (الإلهام),  “элчилик”  (الرسالة), “ёзиш” (الكتابة),  “ишора” (الإشارة)сўзлари билан маънодошдир[5].

Абу Абдуллоҳ ат-Таймий ал-Исбаҳоний وحي сўзи تفهيم , яъни “тушунтириб бериш” деган маънони англатади, дея таъкидлаган. Унинг  бу ҳақдаги  таърифи шундай: به من الإشارة و الإلهام و الكتب فهو وحي و كل ما فهم “Ҳар қандай ишора, илҳом ва китоблардан тушунилган нарса  ваҳийдир”[6].

Асар “Ваҳий ибтидоси” боби билан бошланаётганининг сабаби, пайғамбарликнинг ибтидоси (яъни, рисолат) ваҳий билан бевосита боғлиқлигида, ваҳийга доир оятнинг келтирилиши эса унинг табаррук – “муборак” эканлигидир.

“Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарининг боблари ва боб изоҳлари борасида олимлар ва тадқиқодчилар томонидан турли фикрлар билдирилган. Олим Кирмоний турли нусхалар ўртасидаги кам ихтилоф китоблар (бўлимлар) сонини 100 та, боблари 3450 та дея қайд этган. “Кашф аз-зунун” асари муъаллифи Ҳожа Халифа ҳам шу фикрга таянган[7].

Ибн Ҳажар Асқалоний эса “Фатҳ ул-Борий” асарида бўлимлар сонини 97 эканини қайд этган. ХХ асрда яшаган араб олимларидан Доктор Маҳмуд Таҳҳон ўз тадқиқотида Асқалонийнинг фикрини қўллаб-қувватлайди[8].

Иорданиянинг “Ан-Наҳда” нашриёти томонидан тайёрланган таҳқиқида эса китоб (бўлим)лар 91, боблар 3882 та келтирилган. Араб олими Шайх Абдуллоҳ Ғунаймон “Далил ал-қориъ” номли фиҳрист (каталог)ида ҳам мазкур таҳқиқга таяниб асар ҳақида маълумот келтириб ўтган[9].

Асарда келтирилган ҳадислар сонига тўхталиб ўтадиган бўлсак, олим Ибн Салоҳ уларни 7275 та, такрорсиз 4000 та, дея қайд этган. Имом Нававий ҳам унга эргашиб: “Саҳиҳи Бухорий”даги ҳадисларнинг барчаси 7275 та, такрорларини олиб ташлаган ҳолда 4000 та” деган маълумотни ўз асарида айтиб ўтган [10].

Кейинги йилларда юртимизда қилинган ўзбек тилидаги тадқиқотларда “Саҳиҳ ал-Бухорий” ҳадислар тўплами 97 китоб ва 3881 бобдан иборат бўлиб, ундаги барча ҳадислар сони, такрорийлари билан қўшилиб ҳисоблаганда 7563 тадир. Китобнинг ҳошиясидаги муааллақ ҳадислар 1391 та, бирон-бир ҳадисга тобе бўлиб келган ҳадислар 344 та ва бу китобдаги барча ҳадисларнинг кўлами 9082 та келтирилади[11].  

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний шундай қайд этади: “Саҳиҳи Бухорийнинг барча ҳадислари такрорлари билан – муаллақот ва мутабаъатларидан ташқари[12] – ўзим таҳрир қилиб, ўрганиб чиққанимга кўра 7397 тадир”[13]. Бошқа олимлар зикр қилганга 122 та ҳадис қўшган. Китобдаги таълиқларнинг барчаси 1341 та бўлиб, уларнинг аксарияти китоб матнлари асосида такрор келтирилган.

Саҳобаларнинг мавқуф[14], тобеинлар ва улардан кейингилардан келтирилган мақтуъ ҳадисларидан ташқари китобнинг барча ҳадислари 9082 тани ташкил этади. Ундаги мавсул, муаллақ ҳадисларнинг барчаси 2513 та бўлиб бундан муаллақнинг мутабаъат маъносидагилари 160 тадан иборат, қолганлари мавсул ҳадислардир.

Ҳозирги кунимизда кенг тарқалган “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” илк бор Али ибн Муҳаммад Юниний (ваф. 1302 й.) томонидан Бухорийдан Фирабр ва Бухорода икки марта эшитиб кўчирган олимнинг шогирди Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг тайёрлаган нусхалари асосан тартибланган. Шунингдек, асарнинг Ҳаммод ибн Шокир (ваф. 902 й.), Ал-Маҳомилий (ваф. 941 й.), Иброҳим ибн Маъқал Насафий (ваф. 908 й.) ва Мансур ибн Муҳаммад Паздавий (ваф. 932 й.) ривоятлари асосида ёзилган нусхалари ҳам мавжуд. Мазкур нусхалардан Маҳомилий нусхаси хато ва камчиликлари борлиги сабабли олимлар томонидан қабул қилинмаган[15].

Имом Бухорий аксар ҳолларда, ҳар бир китобнинг биринчи бўлимида мавзуга доир Қуръони карим оятларидан далил ҳужжатларни келтириб ўтади. Масалан:  “Ваҳийнинг бошланиши” китобида айнан шу усулни кузатиш мумкин: 1-  باب كيف كان بدء الوحي إلي رسول الله صلي الله عليه وسلم و قوله جل ذكره (إنا أوحينا إليك كما أوحينا إلي نوح و النبيين من بعده)  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийнинг бошланиши қандай бўлган?[16]. Аллоҳ жалла зикруҳунинг “(Эй Муҳаммад!) албатта, Биз Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек, сизга ҳам ваҳий юбордик”[17]. Ушбу оят Расулуллоҳ (с.а.в.) учун ваҳийнинг нозил бўлганлигига қатъий далилдир. Сўнгра оятларга уйғун бўлган ва уларни қўллаб-қувватлайдиган ҳамда уларга узвий боғлиқ бўлган ҳадисларни бўлимлар таркибида изчиллик билан бериб боради.

давоми бор…

[1] ar.wikipedia.com.
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Руҳий тарбия. – Тошкент, 2008-53-б.
[3] Ибн Ҳажар ал- Асқалоний.  Фатҳу-л- Борий. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди. Қўлёзма рақами 6222-2б-б.
[4] Мавлоно Шоҳ Валилуллоҳ Деҳлавий. Рисалату шарҳу тарожум абвабу Саҳиҳ ул-Бухарий. Матбаъату Доират ул-Маъориф. Қоҳира. 1323.–Б. 2
[5] Бадируддин Абу Муҳаммад Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Умадат ул-Қорий. Дор ул-кутуб ал-илмийя. – Байрут. 2001. Ж.1. – Б. 39
[6] Ўша асар – 39- б.
[7] Шарҳ ал-Кирмоний. – Ж. 1. – Б. 12. Кашф аз-зунун. – Б. 445.
[8] Доктор Маҳмуд Таҳҳон. Ат-тахриж ва дироса ал-асанийд. – Б. 114.
[9] Қаранг: Шайх Абдуллоҳ Ғунаймон. Далил ал-қориъ. – Б. 77.
[10] Тадриб ар-ровий. 1/102. Шарҳи Нававий. – Б. 8.
[11] Нодир Қобилов. Саҳиҳу-л-Бухорийнинг ёзилиш тарихи ва услуби. // “Имом Бухорий сабоқлари”. 3/2009-173-б.
[12] Муаллақот – муаллақнинг кўплиги. Истилоҳда иснодининг бошида бир ровий тушиб қолган ҳадис. Қаранг: Шарх ан-нухба. – Б. 42. Тайсир мусталаҳ ал-ҳадис. – Б. 69. Мутабаъат – мутабаъанинг кўплиги. Истилоҳда ровийнинг бошқаси билан бир ҳадис ривоятида иснод аввалида ёки юқорисида шерик бўлиши. Қаранг: Тайсир мусталаҳ ал-ҳадис. – Б. 142. Ан-нукат. 2/681. Тадриб ар-ровий. 1/243.
[13] Ҳадй ас-сорий. – Б. 469. Фатҳ ал-Борий. – Ж. 13. – Б. 543. Наззор Ҳамадоний. – Б. 125. Доктор Абдуллоҳ Ғунаймон. Фиҳрист. – Б. 533. Ғунаймон асарни таҳрир қилиб, такрорларсиз 2334 та ҳадис борлигини айтган. У Ибн Ҳажар Асқалонийдан 19 та ҳадис камдир.
[14] Ҳадй ас-сорий. – Б. 469.
[15] Tekin D. Müslim ve el-Camiu’s-Sahih’i Üzerine //BEÜ İlahiyat Fakültesi Dergisi. – 2015. – Т. 2. – №. 1. – С. 49-68.
[16] Аҳмаджонов М., Юсупов О. Олтин Силсила. Саҳиҳул Бухорий. 1- жуз. – Тошкент, 2013-116-б.
[17] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент ислом университети, 2018-104-б.
Азизхўжа ИНОЯТОВ
Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси
мустақил тадқиқотчиси

Check Also

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” ИНСОНЛАРНИ ИЛМГА ЧОРЛАЙДИ

“Аллоҳ жалла зикруҳу айтади: “Бандалар орасида Аллоҳдан фақат олимларигина қўрқарлар”[1]. “Лекин уларга фақат олимларнинг ақли …