Home / МАҚОЛАЛАР / ЕР АЛЛОҲНИНГ УЛУҒ НЕЪМАТИ, УНДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ ЭСА ИНСОНИЙ БУРЧИМИЗ

ЕР АЛЛОҲНИНГ УЛУҒ НЕЪМАТИ, УНДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ ЭСА ИНСОНИЙ БУРЧИМИЗ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, уни муҳофаза қилиш баробарида ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга чек қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда айни муддао бўлди.

Зеро, ушбу ҳужжат билан ер ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини деҳқончилик билан шуғулланиш учун бериш тартиби белгиланди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсон зиммасига бир неча вазифа ва масъулият юклаш баробарида ерга яхши муносабатда бўлиш ва уни обод қилишни ҳам топширган. Парвардигор мазкур неъматлардан инсон ўзи ва ўзгалар учун қандай манфаат олишини ҳам ўргатади.

Ҳақ таоло инсонни дунёни асрашга, ердан унумли фойдаланишга, неъматлардан фойда олишга, уларни поймол қилмаслик, ёмонлик эмас, фақат яхшилик йўлида тасарруф этишга амр қилди.

Демак, инсон ер юзидаги ободлик учун ҳам Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулиятини унутмаслиги лозим. Қуръони каримда: “У Ерни сизлар учун бешик (қароргоҳ) қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдирди”, деб марҳамат қилади.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг бандаларга инъом қилган тўрт неъмати — ернинг бешик ё тўшак каби қулай қилиниши, ерда йўлларнинг барпо қилиб қўйилгани, осмондан қор-ёмғир туширилиши, ерда турли набототлар ундириб қўйилгани баён қилинмоқда.

Албатта, бу неъматлар инсонга оқилона фойдаланиши учун берилган, ўзбошимчалик билан иш тутиш, зарар етказиш ёки оёқости қилиш учун эмас.

Баъзида фуқароларимиз хонадонларида қаровсиз қолган ерларга гувоҳ бўламиз. Ваҳоланки, ўша ердан унумли фойдаланилса, кўп ажр-савобларга эга бўлиш баробарида халқимиз ризқи кенг бўлишига ҳам ҳисса қўшган бўламиз.

Зеро, Қуръони каримда: “…У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди…”, дейилади. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло одамзодни ер юзига уни обод қилиш учун юборгани хабари берилади.

Қабул қилинган фармон асосида ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби белгиланди. Жорий йилдан ғалладан бўшаган қарийб 100 минг гектар ер майдонини ишсиз аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун бериш амалиёти бошланди. Пахта ҳосилидан кейин ушбу мақсадлар учун яна 100 минг гектар ер ажратилиши эса янада фойдали иш бўлди. Мазкур фармон шарофати билан иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолган кўплаб фуқароларимизнинг уйига қут-барака кириб келади.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинадики, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким Аллоҳга ишониб, савоб умидида қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлади”.

Шунингдек, ким ташландиқ, қаровсиз ерни ўзлаштириб, унга ишлов бериб, ҳайдаб, тозалаб, экин экса, боғ қилса, бу одамнинг ишига мадад бериш, баракот бериш Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади.

Ҳадиси шарифда: “Қайси мусулмон кўчат ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми тановул қилса, бу унга садақа бўлади”, дейилган.

Деҳқончилик ҳаёт таянчи, тириклигимизнинг устунидир. Шунинг учун аждодларимиз бу касб соҳибларини ҳамиша ардоқлаб, эҳтиром кўрсатиб келган, ўзлари ҳам бу йўлда яхши амаллар бажарган. Масалан, буюк аждодимиз Амир Темур Самарқанд атрофида Боғишамол, Боғимайдон, Боғибаланд каби бир неча боғларни барпо қилиб, авлодларга намуна бўлган.

Ҳазрати Алишер Навоий эса деҳқонларимиз меҳнатига юксак баҳо бериб, уларни “ризқ йўлини очувчилар”, “олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир”, деган.

Шу билан бирга, ер, сув, кўчат ва деҳқончилик билан боғлиқ бошқа нарсаларни исроф қилмаслик, авайлаб ва эҳтиётлаб фойдаланиш зарур эканини унутмаслигимиз лозим. Ҳар биримиз ер юзи ободлиги охират ободлиги билан узвий боғлиқ эканини яхши англаб, юртимизнинг ҳар бир гўшасини обод ва фаровон этиш йўлида ҳамжиҳатлик билан астойдил меҳнат қилишимиз зарур.

Кези келганда айтиш зарурки, мазкур фармон ер ресурсларини талон-тарож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш ҳолатларига ҳам бутунлай чек қўяди. Сўнгги 2 йил давомида 120 минг гектардан зиёд ер талон-тарож бўлгани ёки мақсадсиз бериб юборилгани, шунингдек, ерга оид қонунчилик бўйича 588 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ушбу ҳужжатнинг нақадар долзарб эканини кўрсатади.

Баъзи кишилар онгида “ер давлатники бўлса, хоҳлаганча фойдаланиш, талон-тарож қилиш мумкин”, деган хатарли тушунчалар шаклланиб қолган. Давлат мулки — халқ мулкини ноҳақ эгаллашнинг якка шахс мулкини эгаллашдан гуноҳи катта бўлади. Зулм қилган бўлса, бир кишини топиб рози қилиш мумкин, лекин халқнинг ҳақига хиёнат қилса, миллионлаб одамларни қандай рози қилади?

Демак, ҳар ким бошқанинг, айниқса, давлатнинг мулкига хиёнат қилмай, эҳтиёжига яраша ер эгалласа ва ўша ерни обод қилса, ризқу рўзимизга барака киради. Аксинча, ислом динида бировнинг ҳақини ботил йўл билан ейиш қаттиқ қораланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай хитоб қилади: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!”. Манбаларда бировнинг молини ботил йўл ила ейишга алдамчилик, нархни сунъий ошириш, ўғрилик, товламачилик, қарзга олган нарсаларни қайтариб бермаслик ва бошқалар киради, деб изоҳланган.

Жаннатий саҳоба Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм билан эгалласа, қиёмат куни бўйнига етти қават ер мунчоқ қилиб осиб қўйилади”, деганлар.

Ўтмишда аждодларимиз бировнинг ҳақидан қаттиқ ҳазар қилган, ўзганинг ҳақини олиш у ёқда турсин, ўзлари билмаган ҳолда тасодифан келиб қолса ҳам ундан зудлик билан холи бўлган. Ислом дини инсоннинг жонини қанчалик ҳимоя қилган бўлса, унинг молини ҳам шунчалик сақлайди. Яъни бировнинг жонига тажовуз қилиш катта гуноҳ бўлганидек, унинг молига тажовуз қилиш ҳам улкан гуноҳдир. Юқорида келтирилганидек, ер халқники, кўпчиликнинг ҳақини ноқонуний ўзлаштириш янада катта гуноҳ саналади.

Ушбу фармон асосида янги тартиб бўйича шаффофлик, очиқлик, одиллик тамойилларига амал қилинган ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар фақат ижара ҳуқуқи асосида очиқ элект­рон танлов якунларига кўра ажратилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар электрон онлайн аукцион орқали мулк ва ижара ҳуқуқи асосида берилиши эса ушбу ҳудудларда истиқомат қилувчи, уй-жой ёки мулкка муҳтож фуқароларга ўта манфаатли бўлади.

Ерни муҳофаза қилиш, ундан унумли фойдаланиш, соҳада шаффофлик ва адолатни таъминлаш ҳам динимиз, ҳам қонунчилигимиз талабидир. Давлатимиз раҳбарининг фармони билан ерни чинакам эгаси — халққа бериш соҳада қонун устуворлигини таъминлашга мустаҳкам асос бўлди.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 17 июнь, № 122 (378)

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …