Home / МАҚОЛАЛАР / «АЛ-ФОИҚ ФИ ҒАРИБИЛ ҲАДИС» АСАРИНИНГ ЛУҒАТШУНОСЛИКДАГИ ЎРНИ

«АЛ-ФОИҚ ФИ ҒАРИБИЛ ҲАДИС» АСАРИНИНГ ЛУҒАТШУНОСЛИКДАГИ ЎРНИ

Маҳмуд Замахшарийнинг ҳадисларда учрайдиган камёб, қийин сўзларга бағишланган «Ал-Фоиқ фи ғарибил ҳадис” – “Ғариб ҳадислар ҳақида ажойиб асар» луғати анъанавий араб луғатнавислиги тарихида янги, тўртинчи араб луғатчилик мактабини асослаб берган[1].

Асарда сўзлар алифбо тартибида берилиб, у маъноси изоҳланади ва маънони очувчи шеърий ёки насрий мисоллар келтирилади[2].

Араб тарихчиси Ибн ал-Асирнинг ёзишича, Замахшарий ҳадисларга бағишланган бу асарни 516/1122 йилда ёзган. Машҳур тарихчи Ибн Ҳожар Асқалоний: «Замахшарийнинг «Ал-Фоиқ фи ғариби-л-ҳадис» китоби ғоят ихчам бўлгани билан мазмунан кенг қамровлилиги ва нақллари тўғрилиги билан ажралиб турадиган яхлит бир асардир»[3],  деб ёзади.

Аллома асар муқаддимасида мусулмон дунёсида Қуръони каримдан сўнг ҳадислар муҳим ўрин эгаллаши, араб тилининг чиройли ва тўғри фикр қилиш учун мослиги ҳақида гапиради. Ҳадислардаги айрим сўзларнинг маъноларини идрок этишни осонлаштириш, балоғат, фасоҳат тажрибасини орттириш мақсадида «Ал-Фоиқ» луғатини туза бошлаганини айтади. Хотимада эса луғат 516 ҳижрий йилда ёзиб тугатилгани айтилган. «Ал-Фоиқ» номи ҳам шу ерда келтирилган.

Араб тилидаги аксарият луғатларда бўлганидек, «Ал-Фоик фи ғарибил ҳадис»да ҳам энг аввало сўзнинг тўғри ўқилиши учун фонетик қайдлар берилган. Ҳар бир сўздан кейин шундай қайд келтирилган. Шунингдек «Ал-Фоиқ»да сўзларнинг маъноларини очиб беришда изоҳли луғатлар учун умумий бўлган изоҳлардан кўпроқ фойдаланилганини кўрамиз. Аллома ёйиқ тавсиф усулини ўринли қўллаган. Бу усул араб луғатнавислиги истифода этадиган энг қадимий ва шунинг учун ўзини кўп бор оқлаган усуллардан бири бўлиб, деярли ҳамма катта-кичик луғатларни тузишда ундан кенг фойдаланилган.

Араб луғатнавислиги қўлга киритган усуллардан бири сўз маъноларини очишда синтактик таҳлилдан фойдаланишдир. Маҳмуд Замахшарий сўзнинг маъно нозикликларини очиб бериш ва бу усулдан фойдаланиш борасида тенги йўқ уста бўлган. Шунинг учун ҳам унинг «Ал-Фоиқ фи ғариби-л-ҳадис» асарини маънолари изоҳланган сўзлар мажмуаси эмас, балки ўқиш, таҳсил олиш ва зиёли бўлиш учун зарур илмларни қизиқарли тарзда баён қилувчи асар даражасига етказа олди»[4].

Дилдора МУСИНОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1]Кориев Ў. Абулқосим Замахшарий луғатлари.//Мулоқот. 1997. -No 1. – Б. 48.
[2]Рустамов А. Маҳмуд Замахшарий. -Т.: Фан, 1971. – Б.13.
[3]«Абул Қосим Маҳмуд  Замахшарий. Нозик иборалар. -Т.: Камалак, 1992. – Б. 29
[4]Қориев Ў. Ҳадислар учун луғат//Шарқ машъали. -1996. -No 1-2. -Б. 7

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …