Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ НИШОПУР ФИТНАСИДАН ХАЛОС БЎЛИШИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ НИШОПУР ФИТНАСИДАН ХАЛОС БЎЛИШИ

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий 250/864 йили Хуросоннинг Нишопур шаҳрига келиб, у ерда бир муддат ҳадисдан таълим берган. Нишопурликлар Имом Бухорийни яхши кўрган ва келганидан жуда хурсанд бўлган. Имом Бухорийни кутиб олиш учун шаҳар уламолари ва амирлари ҳамда оддий халқ тўп-тўп бўлиб кўчага чиққан. Имом Бухорий фитна содир бўлгунча шу ерда яшаган. Фитна эса Абу Усмон Саид ибн Марвон Бағдодийнинг вафотидан сўнг бўлган. У 252/866 йили шаъбон ойининг ўртасида вафот этган.

Ҳоким “Тарихи Найсобур” асарида бундай дейди: “Имом Бухорий Нишопурга 250/864 йилда келган. У ерда бир муддат ҳадисдан таълим берган ҳолда яшаган”.

Шаҳарнинг энг пешқадам имоми муҳаддис Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳалий шу ерда эди. Талаба ва уламолар унинг олдига келарди. Унинг мажлислари ҳамиша аҳли илм ва муҳаддислар билан тўла эди. Имом Бухорий келганда, одамлар жуда хурсанд бўлди. Хоссатан, аҳли илм. Имом Зуҳалий: “Бу олим ва солиҳ одамнинг олдига бориб, ундан ҳадис эшитинглар”, деди. Одамлар шундай қилди.

Аҳмад ибн Адий бундай дейди: “Менга машойихлардан бир жамоаси айтиб берди. Муҳаммад ибн Исмоил Нишопурга келганда, одамлар унинг атрофида тўпланиб дарс ола бошлади. Нишопурнинг баъзи машойихлари буни кўрганда, унга ҳасад қилди. Баъзи машойихлар ҳадис соҳибларига: “Муҳаммад ибн Исмоил: “Қуръонни талаффуз қилиш махлуқ”, деяпти. Уни мана шу мажлисда имтиҳон қилиб кўринглар”, деди. Одамлар Имом Бухорийнинг мажлисида тўпланганда, бир одам туриб: “Эй Абу Абдуллоҳ! Қуръонни талаффуз қилиш махлуқ ёки махлуқ эмаслиги ҳақида нима дейсиз?” деди. Имом Бухорий унга жавоб беришдан бош тортди. У одам яна: “Эй Абу Абдуллоҳ!” деб саволини қайтарди. Имом Бухорий яна жавоб беришдан бош тортди. Учинчи марта сўраганда, Имом Бухорий унга: “Қуръон – Аллоҳнинг каломи, махлуқ эмас, бандаларнинг феъллари – махлуқ ва имтиҳон қилиш-бидъат”, деб жавоб берди. Шунда ҳалиги одам ва бошқалар шовқин кўтариб, Имом Бухорийнинг олдидан чиқиб кетди. Имом Бухорий жойида қолди”.   

Ибн Ҳажар “Муқаддима”да бундай келтиради: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Нишопурга келганда, нишопурликлар бирор волий ёки бирор олимга қилмаган ҳурмат-эҳтиромни унга кўрсатди. Улар Имом Бухорийни шаҳар ташқарисига чиқиб, тўп-тўп бўлиб кўтиб олди. Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳалий: “Ким эртага Муҳаммад ибн Исмоилни кутиб олишни хоҳласа, кутиб олсин. Мен ҳам уни кутиб оламан”, деди. Имом Бухорийни Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳалий ва Нишопурнинг барча уламолари кутиб олди. Имом Бухорий шаҳарга кириб, бухороликларнинг ҳовлисига жойлашди. Шунда Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳалий бизга: “Ундан калом ҳақида бирор нарса сўраманг. Агар бизга хилоф жавоб берса, у билан орамизга ихтилоф тушади. Хуросондаги носибий, рофизий, жаҳмий ва маржиъий тоифаларининг барчаси бизга ичқоралик қилади”, деди. Муҳаммад ибн Исмоилнинг олдида одамлар кўпайиб кетди. Ҳатто ҳовли ва саҳнаси тўлиб кетди. Келганининг иккинчи ёки учинчи куни бир одам туриб, Имом Бухорийдан Қуръонни талаффуз қилиш ҳақида сўради. Имом Бухорий: “Феълларимиз махлуқ ва лафзларимиз феълларимиздандир”, деб жавоб берди. Одамларнинг орасида ихтилоф пайдо бўлди. Баъзилар Имом Бухорий айтмаган гапни у кишига нисбат бериб: “Муҳаммад ибн Исмоил: “Қуръонни талаффуз қилишим махлуқ”, деяпти”, деди. Баъзилар: “Йўқ, айтмади”, деди. Мана шу масалада уларнинг орасида ихтилоф пайдо бўлди. Ҳатто улар бир-бирига ташланди. Шунда ҳовлидагилар тўпланиб уларни чиқариб юборди”.

Бу хабар Имом Бухорий айтмаган гап тарқалиб кетганига далолат бўлади. Одамлар бу масалага жуда қаттиқ киришиб кетди. Улар Имом Бухорийнинг айтмаган гапини айтди деб, фитна тарқатиб юборди. Ўша даврнинг жуда кўп уламолари бу фитнани тўхтатишга ҳаракат қилди. Лекин фитначилар уни кенг тарқатиб юборган эди.

Хатиб Бағдодий “Тарихи Бағдод”да Хаффоф номи билан танилган Абу Амр Аҳмад ибн Наср ибн Иброҳим Нишопурийдан ривоят қилади: “Биз бир куни Муҳаммад ибн Исҳоқ Қайсийнинг ҳузурида эдик. Муҳаммад ибн Наср Марвазий ҳам биз билан бирга эди. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий зикр қилинганда, Муҳаммад ибн Наср Марвазий бундай деди: “Мен Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: “Ким Муҳаммад ибн Исмоил: “Қуръонни талаффуз қилишим  махлуқ”, деган деб айтса, у ёлғончи каззобдир. Албатта, мен бу гапни айтмаганман”, деганини эшитдим. Шунда унга: “Эй Абу Абдуллоҳ! Одамлар бу гапга шўнғиб кетган”, дедим. У: “Мен фақат сизга айтган ва ҳикоя қилганларимдан бошқасини айтмаганман”, деди”.

Абу Амр Хаффоф бундай дейди: “Мен Муҳаммад ибн Исмоилнинг олдига келиб, у билан бир ҳадис тўғрисида мунозара қилдим. Ҳатто у мамнун бўлди. Шунда мен: “Эй Абу Абдуллоҳ! Бу ерда бир одам сиз ҳақингизда Муҳаммад ибн Исмоил мана шу гапни айтган деб юрибди”, дедим. У: “Эй Абу Амр! Мен сизга айтадиган гапларимни қулоғингизга қуйиб олинг: “Нишопур, Қавмис, Рай, Ҳамадон, Ҳалвон, Бағдод, Куфа, Мадина, Макка ва Басра аҳлидан бирортаси Муҳаммад ибн Исмоил: “Қуръонни талаффуз қилишим махлуқ” деган, деб айтса, у ёлғончи каззобдир. Албатта, мен бу гапни айтганим йўқ. Мен фақат: “Бандаларнинг феъллари махлуқ”, деганман”, деди”.

Имом Бухорий бундай дейди: “Мен ҳақимда Муҳаммад ибн Исмоил: “Қуръонни талаффуз қилишим махлуқ” деган, деб айтган ҳар қандай одам ёлғон гапириб мени қоралабди. Албатта, мен: “Бандаларнинг феъллари махлуқ”, деганман, холос”. Имом Ғунжор буни “Тарихи Бухоро”да Имом Бухорийнинг таржимаи ҳолида машҳур имом Муҳаммад ибн Наср Марвазийга боғланган саҳиҳ санад билан келтирган. У Имом Бухорийдан мана шу гапни эшитган. Яна Хаффоф Абу Амр Аҳмад ибн Наср Нишопурийнинг санади билан ҳам келтирган. У ҳам Имом Бухорийдан мана шу гапни эшитган.

Бу хабарлардан Имом Бухорийнинг: “Қуръонни талаффуз қилиш махлуқ”, демагани аниқ бўлади. Бу ёлғонни баъзи ҳасадгўй ва нодонлар тарқатган. Улардан кейинги даврларда яшаб ўтган уламолардан бирортаси Имом Бухорий мана шу гапни айтган деса, у ҳам юқорида айтиб утилганидек, ёлғончи бўлади.

Имом Бухорий бу фитнадан кейин “Холқу афъолил ибод” китобини ёзган ва у воқеани айтиб берган. Китобнинг санадларига қарайдиган бўлсак, Имом Бухорий унинг мазмунини 256/870 йилда, яъни вафотидан сал олдин айтиб берган.

Тафаккур қилувчи бу китобдан юқоридаги фитнага далолат қиладиган баъзи ишораларни ва Имом Бухорийнинг мусулмонларга қилган баъзи насиҳатларини топади.  

Бу каби фитналардан сақланиш лозим. Шунинг учун Муҳаммад ибн Шодил Имом Бухорийдан: “Сиз ҳақингизда ҳикоя қилинган мана шу масалага нима дейсиз?” деб сўраганда, Имом Бухорий: “Эй ўғилчам! Бу таҳликали масала. Мен Аҳмад ибн Ҳанбални ва бу масалада унга етган азиятларни кўрганман. Бу масала ҳақида гапирмасликни қасд қилганман”, деган.

Одамлар Имом Бухорийнинг гапини тўғри тушунмаган. Шунинг учун у ҳақда беҳуда гаплар тарқалган. Унга қарши фитналар содир бўлган. Нишопурда содир бўлган фитна сабабли, Имом Бухорий у ердан чиқиб, она юртига қайтган.

Аллоҳ таолонинг марҳаматини қарангки, Имом Бухорийнинг ҳаётида содир бўлган синов ва азиятлар у кишига ҳеч қандай зарар бермади. Балки Аллоҳ таоло уни аҳли сунна вал жамоа имомларидан қилди ва мартабасини баланд қилди. Унинг “Саҳиҳул Бухорий” китоби ислом оламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари баён қилинган асарларнинг энг улуғи бўлди. Шуни ҳам яхши биламизки, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳадис илмида мўминларнинг амири ва аҳли суннанинг имоми каби унвонларга сазовор бўлди. У киши гўзал сабри ва Аллоҳдан савоб умид қилгани туфайли ўзидан кейингилар учун намунага айланди.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳанафий Бухорий ал-Ҳалвоний (ваф. 448/1056-1057) ижтимоий-сиёсий фаолияти учун …