Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЭЗГУ ҚАДРИЯТЛАР ТАРАННУМИ

ЭЗГУ ҚАДРИЯТЛАР ТАРАННУМИ

Муқаддас Рамазон кунлари муҳтожларга меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, кексаларга ҳурмат, ёшларга иззат, етимлар, кам таъминланган ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш ҳамда яхши қўшничилик ҳақига риоя этиш халқимизга хос азалий фазилатдир.

Бу каби эзгу амаллар муқаддас ислом дини таълимотларидан бўлиб, динимизнинг кўрсатмаси ҳам айнан шундан иборат. Ҳадисларда ҳам тасдиқланганидек, энг гўзал амал “мўминлар қалбига хурсандчилик киритиш, уларни таомлантириш, эҳтиёжи бўлса, кийинтириш ва муҳтожларининг ҳожатини чиқаришдир”.

Бугун бутун жамиятимизда Юртбошимизнинг ташаббус ҳамда таклифлари билан халқни рози қилишдек улуғ ишлар амалга оширилмоқда. Халқнинг оғирини енгил қилиш, уларга ёрдам бериш, айниқса, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами, етимлар ва кам таъминланганларга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлар, саховатли инсонлар томонидан ҳам аҳоли эҳтиёжига қараб катта эҳсон тадбирлари ўтказилмоқда. Бу эзгу ишларнинг Рамазон ойида янада кўпроқ амалга оширилиши ҳам беҳикмат эмас. Зеро, мазкур ойда амалларнинг савоби бир неча баробар кўпайтириб берилиши муқаддас манбаларимизда бот-бот зикр этилган.

Бу йилги муборак ойда ҳар йилгидан ҳам кўпроқ хайр-саховат ишлари амалга оширилди. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” тадбирлари чин маънода умумхалқ ҳаракатига айланиб, тадбиркорлар, ишбилармонлар, раҳбарлар, қолаверса, саховатпеша инсонлар томонидан кўплаб хайриялар амалга оширилди. Шунингдек, Ўзбекистан мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган ташкилотлар томонидан Рамазон ойида бир неча ўн минглаб эҳтиёжманд оилалар, Мурувват ва Саховат уйларига ҳамда шифохоналарда муолажа олаётган беморларга 10 миллиард сўмдан ортиқ озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа турдаги хайриялар етказиб берилди. Бу каби савобли тадбирлар изчил давом этмоқда.

Юртимиз ва бутун дунёда кечаётган пандемия шароитида бундай хайрли ишларнинг аҳамияти ҳар қачонгиданда ортиқдир. Зеро, дунё аҳли таҳликада яшаётган бугунги мураккаб кунларда кишиларнинг руҳини кўтариш, уларга эртанги кунга ишонч бериш ғоятда муҳим.

Шу маънода, муборак Ҳайит байрамининг шукуҳи, инсонпарварлик тамойиллари ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Халқимиз азалдан ҳайит байрамларини турмуш ғам-ташвишларидан кўнгилга ором бериш, оила аъзолар билан биргаликда вақтичоғлик қилиш, қариндош-уруғларни зиёрат этиш, кексалар ҳолидан хабар олиш, ёр-дўстларга ҳадялар улашиш, қўни-қўшниларга илтифот кўрсатиш, болаларга янги кийим-кечак ва ёшларига муносиб бўлган совғалар тақдим қилиш каби ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаб, жамият вакиллари ўртасида меҳр-муҳаббатни ёйишга хизмат қиладиган бебаҳо вақт деб билган. Бу қадриятлар аслида ислом динининг асосий мазмунини ташкил этадиган ғоялар бўлиб, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Сизлар бир-бирингизга ҳадя (совға) бериб турингизлар. Бу сизларни ўрталарингизда муҳаббатга сабаб бўлади”, дейилган бўлса, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Биродарингиз юзига табассум билан боқишингиз ҳам сиз учун садақадир”, деб таъкидланади. Инсонлар ўзаро яхшилик улашишлари ҳақида Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилинади: “Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир”. Яъни яхшиликнинг мукофоти факатгина яхшилик бўлади.

Ҳайит Аллоҳнинг бир неъмати бўлиши билан бирга, миллий бирлигимиз ва ҳам-жиҳатликни мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим фурсатдир. Шу боис ушбу қутлуғ байрамда барчамиз меҳрга тўлдик, ўзаро хурсандчилик улашдик, ҳамжиҳатлик туйғулари уфуриб, орамиздаги нафрат ҳамда қайғулар барҳам топди. Зотан, сабр-тоқат ва маънавий покланиш ойидан чиқиб, ҳайит кунида бир-биримизга эҳсон, раҳм-шафқат ҳамда оқибат улашдик.

Бу байрамнинг яна бир улуғ фазилати дуоларнинг қабул бўлишидадир. Дунёда кечаётган турли хасталикларнинг якун топиши, халқимиз бошидан бу бало-офатларнинг узоқ бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз. Юртимиз тинчлиги, халкимиз фаровонлигини сўраб дуо қиламиз. Зеро, бу фурсат дуолар қабул бўладиган ва мукофотлар зиёдаси билан бериладиган вақтдир.

Шукурилло УМАРОВ,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси
2021 йил 15 май, № 102 (7882)

Check Also

“Турк абруси тарихи”

2024 йил 22 май куни соат 10:00 да  Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий …