Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Таиланд Ислом маркази жамғармаси ўз мамлакати мусулмонларини Ўзбекистонга сафар қилишга, ислом цивилизацияси ва тарихи дурдоналари билан танишишга чақирди

Таиланд Ислом маркази жамғармаси ўз мамлакати мусулмонларини Ўзбекистонга сафар қилишга, ислом цивилизацияси ва тарихи дурдоналари билан танишишга чақирди

Таиланд Ислом маркази  жамғармаси веб-сайтида «Ўзбекистонда жадал ўзгаришлар. Ислом олами Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларини қўллаб-қувватламоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Мақола мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга, шу жумладан, инсон манфаатлари ва диний эркинликни таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган.

Қайд этилишича, миллий қонунчилик билан кафолатланган эътиқод эркинлиги фуқароларнинг, турли миллий ва этник гуруҳлар аъзоларининг диний эҳтиёжларини қондириш учун барча зарур шароитларни яратди. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ диний ташкилотлар сони ва уларнинг фаолият кўрсатиши бўйича чекловлар мавжуд эмас.

Бундан ташқари, мақолада айтилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда юзлаб масжид ва ибодат масканлари қайта тикланган, янги иншоотлар бунёд этилган.

Шу билан бирга, мамлакатимиз ўрта таълим дастурига «Динлар тарихи» фани киритилгани, у орқали мактаб ўқувчилари барча асосий дунё динларининг муҳим асослари, маънавий тушунчалари ва қоидалари билан танишиш имкониятига эга ъкани қайд этилган.

Хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди, деб ёзади Таиланд Ислом маркази.

Мақолада бугунги кунда дунёда Ўзбекистон ҳақида гапирганда, «тез ўзгаришлар» ибораси тобора кўпроқ қўлланилаётганига алоҳида эътибор қаратилган. Бу сўнгги бир неча йил ичида мамлакат ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйганлиги ва бу йўлда сезиларли ютуқларга эришганидан далолат беради.

Муаллиф, шунингдек, Марказий Осиёда кескин маданий юксалиш (IX-XV асрлар) Европа Уйғониш давридан аввал (XIV-XVI асрлар) содир бўлганлигини қайд этади.

«Шу билан бирга, сиз билишингиз мумкин бўлган тарих такрорланмоқда. Минтақанинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон яна ҳар томонлама ўсиш ва ривожланиш нуқтасига айланди. Бу ерда учинчи Ренессанс даври пойдевори яратилмоқда», деб таъкидланади мақолада.

2018 йил декабрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан  2017 йил БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилингани муҳим воқеа бўлгани таъкидланган. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва қисқа вақт ичида қабул қилинган ушбу ҳужжатни БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади.

«Ўзбекистонда диний марказлар жуда кўп. Масалан, исломнинг энг қимматли ёдгорликларидан бири – Ҳазрат Усмон Мусҳафи, буюк ҳадисшунос олим Имом Бухорий мақбараси, Нақшбандий дафн этилган мажмуа ва бошқа кўплаб муқаддас қадамжолар шулар жумласидандир. Ушбу муқаддас жойларга ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради».

 Мақолада Таиланд Ислом маркази жамғармаси ўз мамлакати мусулмонларини Ўзбекистонга сафар қилишга, ислом цивилизацияси ва тарихи дурдоналари билан танишишга чақирган.

«Биз Таиланд ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва халқ дипломатияси кўпригига айланишга тайёрмиз», дейилади мақола якунида.

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …