Home / МАҚОЛАЛАР / ХАЛҚ МАОРИФИГА НАЗАР

ХАЛҚ МАОРИФИГА НАЗАР

Илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг маълум гуруҳи Туркистон заминида етишиб чиққанлиги бизга ғурур ва куч беради. Бунинг замирида илм-маърифат, тарбия маскани бўлмиш мактаб ва мадрасалар катта ўрин тутгани барчамизга аён. Азалдан жаҳолатга қарши қурол маърифат эканлигини англаган Туркистон илм пешволари таълим тизимини ислоҳ этиб, болаларни замона илмидан баҳраманд қилиш учун куч ва ғайратини аямаган. Туркистон маърифатпарварлари ўтмишда ҳам ҳозирда кенг қўлланилаётган Ўзбекистон порлоқ келажаги учун: “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!” [1: 13] – деган ғояга амал қилганликларини кузатамиз.

ХХ аср бошларида она заминимизда вояга етган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулҳамид Чўлпон, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдуқодир Шакурий, Абдулло Авлоний, Садриддин Айний, Фитрат, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Обиджон Маҳмудов, Бобоохун Салимов, Полвонниёз ҳожи Юсупов, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий каби маърифатпарварлар маориф тизимидаги муаммоларни олдиндан тушуниб соҳани қайта ислоҳ қилган ҳолда, жамият равнақи ва келажаги йўлида олға қадам ташлаш лозимлигини англаган. Ҳозирда уларнинг илмий ижодларига оид рисолалар тарихий далил ва архив ҳужжатлари асосида қайта таҳлил қилиниб, нашр этилмоқда.

Ўтмишда халқ маориф тизимида амалга оширилган ишлар, ўтказилган ислоҳотлар, қўлга киритилган ютуқ ва камчиликларнинг таҳлили бир қатор олимларлар[1] илмий тадқиқотларида ўрганилган. Улар ўз асарларида Туркистондаги мусулмон мактаблари ва  таълим бериш услублари, бошланғич таълим тизимидаги аҳвол, Туркистон ҳаётидаги конфессионал-диний мактабларнинг жамиятдаги ўрни, дарсларнинг олиб борилиши, Туркистон маданий ҳаёти тарихида ислом мадрасаларининг Ўрта Осиёда биринчи бўлиб ташкил топганлиги ва шу каби муаммо ва ечимларни ёритиб берган. Аммо ушбу мақолани ХIХ аср охири ХХ аср бошларида яшаб, илм-фан ютуқлари ва камчиликларини кузатган адибларимиз муносабатлари мисолида ёритмоқчимиз.

Империя ҳукуматининг Туркистон ўлкасида олиб борган мустамлака сиёсати маориф тизимида ҳам кузатилади. Халқ интеллектуал салоҳиятини жиловлаш учун мактаб, мадраса ва қорихоналар қаттиқ назорат остига олинган. Мисол: “Туркистонда эзилган халқлар бор. Эзилган синфлар бор, эзгувчи халқлар, эзгувчи синфлар бор. Сиёсатни олиб борғанда эзгувчилар билан эзилгувчиларни айриб олиб бормоқ керак…”[2: 202] – деб Абдулҳамид Чўлпон ўша даврнинг сиёсий юзини кўрсатиб ўтган. Маҳаллий болалар сиёсий жиҳатдан келажакда хавф солишини англаган ҳукумат вакиллари уларни русийзабон болалар билан биргаликда тарбиялаб интеллектуал қобилият ва тартибларини назорат остига олган. Шу тариқа ХIХ аср охири Туркистон ўлкасида: “аҳолининг умумий сони – 3.792.774, мактаблар сони – 6.027, ўқувчилар сони – 64015, аҳолининг умумий сонига нисбатан ўқувчилар – 1,7 фоизни ташкил этган ҳолда аҳолининг саводхонлиги – 19,55 фоиз бўлган[3: 232]. Октябр инқилобигача Туркистон ўлкасида 70000 ўқувчиси билан 6600 та мактаб ва 9000 талабаси билан 311 та мадраса фаолият юритган[ 4: 2].

Тарихий манбалардан маълумки, илгари маҳаллий халқ Туркистонда форс ва туркий-ўзбек тиллардан кенг фойдаланишган. Мактабларда форс, араб ва туркий-ўзбек тили асосий ўқиш тили бўлган. Аммо руслар ўлкани ўз ҳукумронликлари остига олишлари натижасида барча савдо, саноат ва давлат ишлари рус тилида юритила бошланган. Рус тилини биладиган кишилар камлиги бу соҳадаги мутахассисларни Туркистон маҳаллий халқи орасида етишмаслигига олиб келган. Шунингдек, маориф тизими соҳасида ҳам бу ҳолат кузатила бошланган. Вазиятни тўғри баҳолаган жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Ҳар бир тараққийпарвар билсунки, бизни сабаби такомили ҳаёти ижтимоиямиз усули жадида мактаблари русча ўқимоқ ва ҳукумат мактаблариға бола бермоқ ва мадрасадаги усули тадрисни Миср мадрасаларидек ва Ҳижоз жомеъларидек ислоҳ қилмоқ ила бўлур…” [5: 374] – деб замона илм-фанидан хабардор бўлишга чақирган.

ХХ аср бошларида сиёсий ва ҳарбий соҳани большевиклар эгаллаб олгач динга қарши курашни кучайтирган. Маориф соҳасида ҳукуматнинг олиб борган бу қатъий назорат ва чеклов сиёсати маърифатпарварларнинг норозиликларга сабаб бўлган. Мисол учун, Абдулҳамид Чўлпон Хўжандда Наркомпрос томонидан белгиланган саккиз мактаб ўрнида ўн тўрт мактаб очилгани учун қаттиқ ҳайфсан олган ҳолатни назарга тутиб қуйидаги шерини [6: 150] битган:

…Мактаб нима? Ўқиш нима? Ўйловчи йўқ,
Мактабларнинг борини ҳам ёпмоқдалар.
“Билим”, “ҳунар” сўзларини сўзловчи йўқ,
Ёш ва қари “Худойим” деб ётмоқдалар.

Оғир турмуш, оиладаги молиявий етишмовчилик, қатъий тартиб ва назорат ёшларни маорифдан йироқлашишини таъминлаган. Бу жараёнларни кузатиб, ачиниш билан тилга олган жадидчилик ҳаракатининг атоқли раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Ҳар кимға маълумки, бизни Туркистон мусулмонларини юзин 99 и бутун илмсиздир” [5: 367] – деб ёзган. Маҳмудхўжа Беҳбудий илмсизликнинг қишлоқ ва саҳролардаги аҳволи бунданда ачинарли бўлганлигини алоҳида таъкидлаб, хотин қизлар ҳақида: “Вале бу кун Туркистон муслималарини юзидан бирини заруриёти динияни билиши маълум йўқ” [5: 368] – деб таъкидлаган.

Абдулҳамид Чўлпон ёш болаларни келажак меваси билиб, биздан сўнг қилолмаган ишимизни амалга оширадиган шулар деб қуйидаги шерини [6: 67] ёзган:

… Билингизким, кичкиналарни яшатмоқ
Ёлғиз боғлар, боғчаларга мумкиндир.
Келгусининг турмушига уларни
Тайёрловчи боғчаларга ўюндир.
Ёш болалар – келгусининг дурлари,
Кичкиналар – тирикликнинг гуллари!

  Жадид раҳнамолари мавжуд замона ҳолатини ачиниш билан тилга олиб, бу иллатларнинг олдини олиш учун матбуот ва театр тамошолари асносида халқ дунёқарашини ўзгартиришга қатъий бел боғлаганлар. Абдулла Авлоний: “Эмди очиқ маълум бўлдики, тарбияни туғулган кундан бошламак, вужудимизи қувватландурмак, фикримизи нурландурмак, ахлоқимизи гўзалландурмак, зеҳнимизи равшанландурмак лозим экан. Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга, «биринчи уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи, мактаб ва мадраса тарбияси” [7: 4] – деб замона таълим-тарбиясини ислоҳ этиш заруриятини таъкидлаган. Аммо ўз замонасининг ўқувсиз – она; тўйчи, думбурачи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзлари қиймаган – ота; мақсади пул, маслаги шуҳрат – муаллим; мақсадлари чопон, дарслари беимтиҳон – мударрисларни танқид остига олган.

1917 йил маҳаллий мусулмон халқи учун Туркистон ўлкасида 3 хил типдаги таълим муассасалари:1. Конфессионал – эски мактаб, мадраса ва қорихона; 2. Жадид мактаблари – конфессионал ва дунёвий таълим ўртасидаги мактаблар; 3. Дунёвий – рус-тузем мактаблари [8: 4] мавжуд бўлган. 1918 йилга келиб подшо ҳукумати даврида фаолият олиб борган таълим муассасалари (гимназиялар, мактаб-училишлар, рус мактаблари, ўқитувчилар семинариялари ва жадид мактаблари)ни тугатиб барча жиҳоз, ўқув қўлланмалари ва ходимлар билан бирга маҳаллий халқ таълими бўлимлари тасарруфига ўтказиш тўғрисида қонун қабул қилинади. Аммо бу жараён узоққа чўзилмайди, чунки 1918-1921 йилларда барпо этилган Совет мактаблари тармоғи Янги иқтисодий сиёсат давомида парчалана бошланган. Бу ҳол конфессионал таълим тизимининг ривожланишига олиб келади. Натижада: “1924 йил Туркистондаги конфессионал таълим муассасалари сони 2403 га етди”[8: 17]. Шуни ҳам назарга тутиш лозимки, Совет ҳукумати бундай мактабларнинг кўпайишига доимо қарши бўлган. Сиёсий ва иқтисодий вазиятнинг мураккаблиги қаршиликларнинг сўнишига хизмат қилган.

Қуйидаги жадвал асосида Туркистонда жойлашган 1908 йил фаолият кўрсатган мактаб ва мадрасалар [9: 37] ҳамда 1924 йилда мавжуд диний мактабларнинг рўйхатини [8: 18] таққослашимиз мумкин:

Айрим чекка деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан банд қишлоқ ҳудудларида мактаб таълими қиш фасли давомида фаолият юритган. Сабаби аҳоли баҳор ва куз ойлари экин экиш ва йиғиштириш билан шуғулланган. Мисол, Чўлпон Хўжаобод қишлоқ мактаби тўғрисида: “…Битта мактаб ҳам бор дедилар. Лекин унинг ўзидан кўпроқ “оти” бор, шекиллик… Кўкламдан тортиб то кузгача мактаб таътил экан, деҳқонлар болаларини фақат қишдағина ўқита олурлар экан”,[2: 246] деб ёзиб қолдирган. Бу маълумотни гарчи бутун ўлка чекка мактабларига нисбатан қўлламасакда, аммо бу ачинарли ҳол эди. Бунга сабаб Туркистон қишлоқ ҳудудларида саноати қолоқ ривожланган, асосан аграр мамлакат бўлиб қолганида. Устига-устак, деҳқонлар мавсумий экин экиш ва йиғиштиришни асосан қўл меҳнатида амалга ошириб, кўп вақт ва жисмоний меҳнат сарфлашган.

Бу даврнинг энг долзарб муаммоларидан яна бири ўқув жиҳозларининг етишмаслиги бўлган. Мактаб таълимини китобсиз тасаввур этиб бўлмаслиги барчага аён. Тадқиқот давомида ХХ аср бошларида дарслик ва адабиётлар масаласи ҳали етарлича ҳал этилмагани кузатилди. Мисол, Чўлпон “Фарғона” газетасининг 1924 йил 3 май – 169 сонида: “Ҳозирги замонда бизга энг кераклик китоблар:  бошлаб мактаб китоблари (дарсликлар)дур. Халқимизга билимга рағбат ортиб, янги мактаблар кўпайгани сари мактаб китобларига жуда зўр эҳтиёж сезиладур. У эҳтиёжни даф қилиш йўлида бизнинг Туркистон давлат нашриёти (ҳозирги: Ўрта Осиё давлат нашриёти!), гапнинг тўғриси, жуда оз ишлади. Хунук ва янглиш босилишда бир-бири билан пойга қуюшатурған бир неча дарсликлар дардимизга ҳеч шифо бўлолмайдур.” [2: 260] – деб китоб ва дарсликларга бўлган эҳтиёжни қондириш зарурияти таъкидлаган. Шунингдек, қайси китоб ва адабиётларни нашр қилиш ўта зарур ва лозимлиги ҳақида тавсия ҳам берган.

1930 йиллар бошларида эса диний соҳа ходимларига нисбатан репрессия (куч билан бостириш) ва Сибирга сургун қилиш авж олган. Мактаб ва мадрасалар ёппасига ёпила бошланган. Жамият илм-фан ривожига нисбатан тақиқ ва зўравонликлар аҳоли интеллектуал салоҳиятининг пасайтирилишига ҳам қаратилгани шубҳасиз.

Хулоса ўрнида эътироф этиш лозимки, ўтмишда дунё илм-фан тараққиётига таъсир қилган она Ватанимиз маориф тизими ХХ аср бошларида сунъий тарзда тамомила сусайтирилган. Аммо, Туркистон ўлкасида халқ таълими доимо жамият илм аҳли диққат марказида бўлган. Ҳолат қанчалик оғир шароитда бўлишига қарамай имкониятга эга ёшлар билим олишга интилган. Маърифатпарварлар барчани мактабларда форс, араб ва туркий-ўзбек тилларида таҳсил олиш билан бирга хориж тилларини хусусан, рус тилини ҳам ўрганиб замона сиёсий ва маданий ҳаётидан хабардор бўлишга чақирганлар. Халқнинг илмий салоҳиятини оширмай жамиятнинг иллатини бартараф этолмасликларини шунингдек, ўша даврда ўта қалтис бўлсада мустақил давлат туза олмасликларни билишган.

Сухроб ЭРГАШЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Шавкат Мирзиёев. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз. – Т.: Ўзбекистон, 2016.
  2. Чўлпон, Абдулҳамид. Асарлар. 4 жилдлик Ж. 4/А. Чўлпон;. – Т.: Академнашр, 2016.
  3. Ватан тарихи (ХIИ-ХХ аср бошлари). К.2. /Муаллифлар: Р. Шамсуддинов, Ш. Каримов, Ў. Убайдуллаев; масъул муҳаррирлар: Ў. Мавлонов, Қ. Усмонов. Тақризчилар И. Алимов ва бошқ. – Т.: Шарқ, 2010.
  4. wikipedia.org/wiki/Медресе_Средней_Азии.
  5. Беҳбудий, Маҳмудхўжа. Танланган асарлар. Ж.1. – Т.: Академнашр, 2018.
  6. Чўлпон, Абдулҳамид. Асарлар. 4 жилдлик Ж. 1/ Чўлпон – қайта нашр; . – Т.: Академнашр, 2016.
  7. Абдулла Авлоний. Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ. www.ziyouz.com кутубхонаси.
  8. Конфессиональная (исламская) школа в Узбекистане (1917-1929) /Шигабдинов, Р. /Узбекистан.( школа в узбекистане (1917-1929) www.ayk.gov.tr › wp-content › uploads.
  9. Имом Бухорий сабоқлари маънавий-маърифий, илмий-адабий журнал. –Т.: 2020 йил 3 сон.

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …