Home / МАҚОЛАЛАР / САМАРҚАНДДА ЁЗИЛГАН ТАСАВВУФ МАНБАЛАРИ (XVII-XVIII асрларда)

САМАРҚАНДДА ЁЗИЛГАН ТАСАВВУФ МАНБАЛАРИ (XVII-XVIII асрларда)

Мустақиллик тарихимизни, халқимизнинг бой маънавий-маданий қадриятларини манбалар асосида чуқур ва мукаммал ўрганиш учун кенг имконият яратди. Ўзининг узоқ тарихига эга ўзбек халқининг ўтмиши шўро даврида бир ёқлама ёритилган эди. Айниқса, муқаддас динимиз ва у билан боғлиқ айрим масалаларни ўрганиш бутунлай назардан четда қолди. Бугунги кунда Ватан тарихини ўрганар эканмиз, халқимиз ўтмишдаги диний-маданий, маънавий-маърифий ҳаётини тадқиқ этиш долзарб йўналишлардан бири бўлиб турибди.

XVII-XVIII асрларда Самарқандда дунёвий фанлар билан бирга диний билимлар ҳам кенг ривожланди, Мавлоно Олим шайх Азизон, Сўфи Оллоҳёр, Мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ, Мусохонхожа Даҳбедий, Муҳаммад Амин Хожа Даҳбедий, Муҳаммад Ҳусайн каби алломалар ислом таълимотининг ривожига улкан ҳисса қўшдилар. Умуман, ислом илмлари равнақи ва тарғиботининг кенгайишида Самарқанддан етишиб чиққан алломалар муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда тасаввуфга оид манбалар бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ҳалим Тўраев, Комилхон Каттаев, Бобур Аминов, Абдусаттор Жуманазаров, Маъсудхон Исмоилов каби олимлар салмоқли илмий изланишларга қўл урганини айтиб ўтишимиз мумкин.

Ўлкамиз тарихида илм-фан турли ижтимоий-сиёсий жараёнлар таъсирида ривожланиб келган. Хусусан, ислом илмларининг XVII-XVIII асрлардаги тараққиёти тасаввуф намояндаларининг фаол илмий изланишлари, сафарлари билан боғлиқ бўлган. Бунинг учун ўша пайтлар, уламолардан диний илмлар билан бир қаторда ижтимоий, мантиқий, фалсафий илмларни билиш талаб этиларди. Шунга кўра, олимлар бир асарни ёзиш учун кўплаб ва турли соҳаларга оид илмларни ўрганганлар. Хусусан, Олим шайх Азизон “Ламаҳот”, Сўфи Оллоҳёр «Маслак ул-муттақин» («Тақводорлар маслаги»)ни ёзиш жараёнида кўплаб олимларнинг асарларини ўрганиб, унумли фойдалангани бугун кўпчиликка яхши маълум. Бундан ташқари, тасаввуф йўналишида Аҳмад Сирҳиндий, Ҳожо Ҳабибуллоҳ Бухорий, мавлоно Муҳаммади Имло, Муҳаммад Ислом шайх Каррухий, Муҳаммад Шарифхожа ибн Атоуллоҳхожа шайхулислом каби тариқат арбоблари ҳам фаолият кўрсатган. Бу зотнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва асарларини ўрганиш илғор ғояларини ёритиш халқимиз, хусусан, ёшлар орасида диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, одоб-ахлоқ, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ижтимоий масалаларни ечишга мўътадил ёндашув каби тамойилларни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.

Шу жумладан, туркий ва форсийда ижод қилган Сўфи Оллоҳёр ижодининг асосий йўналиши халқ орасида ислом маърифатини кенг ёйиш ва тасаввуфнинг инсоний камолот билан боғлиқ ғояларини тарғиб қилишдан иборат. У «Маслак ул-муттақин» («Тақводорлар маслаги»), «Мурод ул-орифин» («Орифлар муроди»), «Махзан ул-мутеъин» («Итоаткорлар хазинаси») асарларини форсий, «Сабот ул-ожизин» («Ожизлар саботи»), «Фавзун нажот» («Нажот тантанаси») маснавийларини туркийда ёзган.

Сўфи Оллоҳёрнинг шоҳ асари «Маслак ул-муттақин» бўлиб, 135 та катта-кичик боб ва 12 минг байтдан иборат. Илоҳий маърифатнинг бадиий талқинига бағишланган бу асар эл орасида шуҳрат топганидан сўнг, дўст-у яқинлари ундан туркий тилда ҳам шундай китоб ёзишни илтимос қиладилар. Бунга жавобан у «Маслак ул-муттақин»ни бирмунча қисқартириб, туркийчада битган ва «Сабот ул-ожизин», деб ном берган. Ўзбек фалсафий дидактик адабиётининг етук намунаси бўлмиш ушбу асари орқали тасаввуф таълимотининг маънавий-ахлоқий масалаларини кенг ёритган шу билан бирга туркий тасаввуф адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган.

“Маслак ул-муттақин” ислом қонуншунослигига оид мулоҳазалардан таркиб топган. Муаллифи уни тасниф этишда кўпгина фиқҳий манбалардан фойдаланган. Асарда келтирилган маълумотлар назм услубида баён этилгани, фиқҳга оид кўплаб китоблар мазмунини ўзида жамлагани китобни ундан мадрасалар дарслик сифатида фойдаланишига, илмий савияси юқорилиги ва тушунарли, равон баён этилгани эса кўп нусхаларда кўчирилишига сабаб бўлган.

Асар бошқа фиқҳий китоблар каби иймон бўлими билан бошланган, охирида ҳаж бўлими йўқ. Муаллиф айтганидек, ўзи ҳаж амалини бажармаганлиги сабабидан бундай бўлимга қўл урмаган.

Сўфи Оллоҳёр асарларининг қўлёзма ва тошбосма нусхалари кўпгина қўлёзма фондларида сақланиб келмоқда. Хусусан, Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида ҳам «Маслак ул-муттақин» асарининг инв. № МR 12, 43, 61, 66 рақамлари остида бир неча қўлёзма нусхалари сақланмоқда [1: 354].

Бу йўналишда қалам тебратган яна бир аллома Муҳаммад Олим Сиддиқий Аълавий (отаси Муҳаммад Мўмин шайх яссавия тариқати вакили эди). ХVI асрнинг иккинчи ярми ва ХVII асрнинг биринчи ярмида яшаган. Самарқанд мадрасаларида таълим олган. Тариқат илмини отасидан ўрганган. “Ламаҳот” китобини 1032/1623 йилда ёзиб тугатган.

“Ламаҳот” асарида мазкур тариқат асосчиси – орифлар султони Хожа Аҳмад Яссавий ва ундан муаллифга қадар давом этган силсиланинг таниқли вакиллари ҳаёти, уларда содир бўлган ҳол (ламаҳот) ва кашфлар (варадот) баён қилинади, ҳикматли сўзларидан ибратли намуналар берилади. Бу силсилада Ҳаким ота, Занги ота, Садр ота, Ямин (Оламин) бобо, шайх Али шайх, шайх Мавдуд, шайх Ходим, шайх Жамолиддин, шайх Худойдод Вали, Қосим шайх, Пирим шайх каби юрт улуғлари турмуш тарзига оид қизиқарли маълумотлар йиғилган. Уларнинг барчаси жамиятда эзгулик, ахлоқ тарбияси, қалбни ёвузликдан ҳимоя қилувчи толмас курашчилар эди. Жамият маънавиятида бугун биз дуч келиб турган бўшлиқлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик улар ҳаётининг мазмуга айланганди.

“Ламаҳот” ўша замон кишилари орасида машҳур бўлган ва кенг тарқалган, ҳозир ҳам одамлар қўлида унинг нусхалари сақланади. Шўролар даврида бу туркумдаги асарлар тадқиқотчилар эътиборидан четда қолган.

Бугун ҳаётимизда бундай китобларга сув ва ҳаво каби эҳтиёж, зарурат сезилаётир. Улар фақат сайёҳликнинг зиёрат йўналишини ривожлантириш, маблағ тўплаш учун керак бўлиб қолаётгани йўқ. Бу асарлар чоп қилинса ва одамларга етказилса, телефон ва компьютер ичидаги “қора ўра”га қулашимиздан асрайдиган асарлар қаторига қўшилади. Улар чоп қилиш учун таржима ва табдилнинг узоқ ва машаққатли йўлини босиб ўтиш керак бўлади. Шунинг ўзи кўп риёзат чекишни тақозо қилади.

Мустақилликка эришилганидан сўнг ўтмишда яшаб, ижод этган олимлар, шоирлар, муҳаддислар ва шу билан бирга тасаввуф намояндаларининг ҳаёти ва бебаҳо асарлари кенг тадқиқ этила бошлади. Муқаддас зиёратгоҳлар қайта таьмирланди. Уларга жамоатчилик эьтибори янада кучайди. Буюк уламоларимизнинг юбилейлари миллий ва ҳалқаро миқёсда нишонланди.

Ислом тарихини ўрганишга эътибор кучайди. Минтақа халқлари тарихи ва маданиятни янгича ёндашувлар асосида ўрганиш бугунги кун тарихшунослиги олдида турган муҳим вазифалардан бирига айланди. Дастлабки ўринда бу вазифаларни амалга ошириш учун тарихий ёзма манбаларни тадқиқ этиш мақсадга мувофиқдир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Имом Бухорий халқаро маркази Қўлёзмалар каталоги / Ғоя муаллифи Ш. Зиёдов. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2018. – Б. 688
  2. Сўфи Оллоҳёр. Маслак ул-муттақин. Нашрга тайёрловчилар С.Сайфуллоҳ ва Акрам Деҳқон. Т.: 2016. – Б. 492
  3. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 8-жилд. Солнома- Тўйтепа. Таҳрир ҳайъати: А.Азизхўжаев, Б.Алимов, М.Аминов ва б. –Т.; “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2005. – Б. 703.
  4. Necdet Tosun. Türkistan dervişlerinden yadigar. Orta Asya Türkçesiyle Yazılmış Tasavvufi Eserlar. İnsan yayınları, Istanbul. 2011.
  5. Shoaliyeva, Nargiza (2019) “Сompossition “Maslak ul-Muttaqin” Sufi-Allohyor to the Turk (old Uzbek)-Persian literature,” The Light of Islam: Vol. 2019: Iss.2, Article Available at: https://uzjournals. edu.uz/iiau/vol2019/iss2/15.
  6. Мирзо Меърожиддин (Амонов М). Сўфи Оллоҳёр ва Ислом шайх тарихи. Т.: MASHHUR-PRESS, 2017. 162 б.
Мусинова Дилдора
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги (IRCICA)”
кафедраси таянч докторанти

Check Also

МИЛЛИЙ КОНТЕНТ нима учун керак? ЁХУД МАҚСАД — ҲУДУДЛAPНИ ЭМAC, OНГНИ ЭГAЛЛAШ

Яқинда ўтган асрнинг 40-йиллари охирида суратга олинган фильмдан лавҳа кўриб қолдим. Унда бир дастурхон атрофида …