Home / МАҚОЛАЛАР / “ШАРҲУЛ ВИҚОЯ” – ЎЗБЕК  ТИЛИДА ЁЗИЛГАН ЭНГ КАТТА ҲУҚУҚИЙ МАНБАЛАРДАН БИРИ

“ШАРҲУЛ ВИҚОЯ” – ЎЗБЕК  ТИЛИДА ЁЗИЛГАН ЭНГ КАТТА ҲУҚУҚИЙ МАНБАЛАРДАН БИРИ

Бугун маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар самарасини ошириш зарурати мазкур йўналишдаги ишларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда. Бу борада нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ғоят ноёб ҳисобланган, ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган қўлёзмалар фондига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, шунингдек, қадимий ёзма манбалар фондига эга бўлган муассасалар фаолиятини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, ушбу нуфузли илмий-тадқиқот муассасалари олдида қўлёзмаларни сақлаш, таъмирлаш, мавжуд фондларни бойитиб бориш, тарихий манбалар билан ишлаш учун маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларга қулай шароитлар яратиш зару­рати турибди. Шунингдек, тарихий-маданий меросимиз намуналарини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссасини тарғиб этиш талаб этилади. Шу асосда юртдошларимиз, аввало, ёш авлодни халқимизнинг буюк маънавий меросига ҳурмат, она юртимизга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган ишларни тубдан ошириш бўйича долзарб вазифалар мавжудлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ана шу вазифаларни самарали ҳал этиш мақсадида 2017 йил 24 май куни Ўзбекистан Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Буюк аждодларимиз қаламига мансуб қўлёзма асарларни ўрганиб, тадқиқ ва таржима қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш тадқиқотчи ва илмий ходимлар зиммасидаги муҳим вазифага айланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг манбалар хазинаси фондида мовароуннаҳрлик алломалар қаламига мансуб кўплаб асарларнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари сақланмоқда. Жумладан, Убайдуллоҳ ибн Масъуд (ваф. 747/1346.) қаламига мансуб бир неча асар мавжуд. Улар орасида “Шарҳул виқоя” асарининг араб ва форс тилларидаги қўлёзма нусхалари ҳам бор. “Шарҳул виқоя” ҳанафия йўналишида ёзилган фиқҳий китоблар орасида 61-ўринда туради. Мазкур асарга етмишдан ортиқ шарҳ ёзилган. Чунки талабалар уни ёдлаганидан сўнг мазмун-моҳиятини англаш ва тўлиқ тушуниш учун шарҳга эҳтиёж сезадилар. Фикримизча, бу асар Абу Ҳанифа мазҳаби бўйича ўзбек тилида ёзилган энг катта ҳуқуқий манбалардан биридир.

Ҳозир “Шарҳул виқоя” асарининг “Таҳорат” китоби таржима қилинди ҳамда аллома Убайдул­лоҳ ибн Масъуд ҳаёти ва илмий мероси тадқиқи билан бирга нашрга тайёрланди. “Шарҳул виқоя”нинг мазкур қўлёзма нусхаси араб тили настаълиқ хатида ёзилган бўлиб, 1871 йилда хаттот Муллажон Муҳаммад ибн Эркабой ибн Хўжа Пардабой томонидан кўчирилган.

Убайдуллоҳ ибн Масъуд “Шарҳул виқоя”дан ташқари, Абу Ҳанифа мазҳабининг асосларига таяниб, “усулул-фиқҳ”, “фуруъул-фиқҳ” соҳасида ҳам турли асарларга шарҳлар ёзган. Аллома ҳақида маълумот берган тадқиқотчилар “фақиҳун ҳанафийун” (ҳанафий фиқҳининг олими ё ҳанафий мазҳабидаги ҳуқуқшунос олим) иборасини унинг исми билан ёзиб келганлар. Айниқса, мазкур асарнинг қисқартмаси сифатида танилган “Мухтасарул-виқоя”нинг турли тилларда ёзилган шарҳ ва таржималари Абу Ҳанифа мазҳаби асосида юзага келган Мовароуннаҳр ҳуқуқшунослиги ривожига катта ҳисса қўшди. “Ҳидоя”нинг мағзини ўз ичига олгани учун асрлар давомида у “Кичик Ҳидоя” номи билан машҳур бўлиб келди.

Содруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг барча асарлари ҳанафий мазҳабининг ишончли манбаларидан. Ҳозирги кунда ҳам республикамиздаги диний таълим муассасаларида унга ҳанафий фиқҳини ўрганиш учун асосий манба сифатида мурожаат қилинади.

Манбаларда келтирилишича, алломанинг фикри теран ва сўзи ўткир бўлгани боис, ҳар қандай олим у киши билан илмий баҳс ва мунозара қилишга журъат эта олмаган. Ҳар бир масалага шаръий далиллар ва раддияларни керакли ўринларда дақиқ тарзда етказиб бера олган. Тошкўприлизодадан ҳикоя қилинади: “Аллома Қутбиддин Розий Содруш шариъа билан илмий мунозара қилмоқ истагида шогирдларидан бири мавлоно Муборакшоҳни у кишининг ҳузурларига юборади. Содруш шариъа у вақтда Ҳиротда эди. Муборакшоҳ алломани Ибн Синонинг “Ишорат” китобидан талабаларга дарс айтиб турган ҳолида учратади. Муборакшоҳ дарс жараёнида Содруш шариъанинг китоб мусаннифи Ибн Сино ва унинг шориҳи Муҳаммад Тусийга эргашмай, кучли ва ёрқин далиллар билан раддия бераётганини кўриб ақли лол қолади ва устози Қутбиддин Розийга бундай мактуб йўллайди: “Бу киши “нарун ваққодун”, яъни “ёндирувчи олов”дир. У киши билан мунозара қилишингиз сизга маломат олиб келиши мумкин. Аллома ўз фикри ва ижтиҳоди ила иш кўрар экан…”. Шу билан аллома Розий шогирдининг эътирофини қабул этиб, мақсадидан қайтади.

Миллатимизнинг етук фиқҳий арбоби, ўзидан сўнг авлодларга муносиб мерос қолдирган Убайдуллоҳ ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳ 747 ҳижрий, милодий ҳисоб бўйича 1346 йили бу фоний ҳаётдан кўз юмади. У кишининг ва ўзларидан кейинги барча авлодларининг қабрлари Бухоро вилоятининг Шеробод мавзесида жойлашган.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 6 февраль, №27 (283)

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …