Home / МАҚОЛАЛАР / ВАТАН ҲИМОЯСИ – ШАРАФЛИ БУРЧ

ВАТАН ҲИМОЯСИ – ШАРАФЛИ БУРЧ

Инсон ҳаёти фақат тинчлик ва омонлик билангина маъно ва мазмунга эга бўлади. Зеро, тинчлик – бу омонлик ва хотиржамлик асосидир. Бу ҳақда Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади: “Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк)ни аралаштирмаганлар-айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар ҳидоят (тўғри йўл) топган зотлардир”. (Анъом сураси 82-оят).

Иброҳим халилуллоҳ (а.с.) дуоларида бунга нозик ишора ва чиройли ибрат мужассамдир: “Эсланг, Иброҳим: “Эй, Раббим, бу шаҳар (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, – дедилар..”. (Бақара сураси 126-оят)

Иброҳим (а.с.) оила ва фарзанди Исмоил (а.с.)ни Макка водийсида ёлғиз ташлаб кетар чоғларида мазкур илтижони қилиб, Аллоҳдан уларга ва Макка аҳлига ўз неъматларини ва баракотларини нозил қилишини сўраганлар.

У зотнинг дуоларида тинчлик, омонлик билан имон, ишонч биргаликда ўз талқинини топган. Чунки тинчлик-бу хотиржамлик ва барқарорликдир. Имон эса қалб хотиржамлигидир. Демак, тинчлик ва имон маънолари бир-бирига жуда яқиндир. Шунга биноан бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигини бир қисмидир. Зеро, киши ўзи яшаб турган жамиятнинг узвий аъзосидир. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ўғлон ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, ҳалқини ҳимоя қилиши зарур!

Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.

14-январ Ватан ҳимоячилари кунидир. Маълумки, 1993 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Қонунига биноан “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди. Бу байрамни тинчлик, хотиржамлик ва осойишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юртимизда анъанага айланган. Бу байрамни кенг нишонланиши замирида теран маъно мужассам. Зеро она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду ҳуррамлик сиғади, тоат-ибодатлар эминликда адо этилади, байрамлар ярашади, дунё ободлиги давом этади.

 “Таълимул-мутааллим” асарида баён қилинишича, қанчадан-қанча амаллар борки, кўринишидан оддий ишга ўхшагани билан чиройли ва яхши ният ила савоби улуғ амалга айланади. Худди шу каби ҳарбий хизмат ҳам ана шундай савобли, зарур, муҳим амаллар қаторига киради. Зеро, Ҳазрати Сарвари олам (с.а.в.) айтганларидек: “Инсонларнинг яхшиси – инсонларга манфаатлисидир”.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармайди. Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юрт- парварлар, Ватан озодлиги йўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Мирзо Бобурлар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.

Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Ватан озодлиги, юрт истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.

Бизлар ўз жигарбанд, дилбандларимиз, азиз фарзандларимизга ана шундай улуғларимиз йўлини, уларнинг Она Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. “Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз ҳалқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, ҳалқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, – деган экан мутафаккирлардан бири.

Кечагина ўйнаб-кулиб юрган кичкинтойлар кўз очиб юмгунча ҳарбий хизмат ёшига етадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифаларимиздандир.

Турдиматов Зухриддин
Наманган вилояти Учқўрғон тумани
“Нурмуҳаммад бува” жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …