Home / ЯНГИЛИКЛАР / БУХОРИЙ ТАРАТАЁТГАН МАЪРИФАТ НУРИ халқимиз кўнглини равшан қилади

БУХОРИЙ ТАРАТАЁТГАН МАЪРИФАТ НУРИ халқимиз кўнглини равшан қилади

Ниҳоялаб бораётган йил инсоният учун ҳақиқий синов даври бўлди. Анча вақтдан буён олға қадам босиб келаётган башарият қайдадир сустлашди, қайдадир тўхтади, қайдадир ортга ҳам қараб кетди. Коронавирус айримларга яқинини йўқотиш мусибатини келтирган бўлса, бутун дунёга ҳисоб-китобини ҳали-бери адо қилиб бўлмайдиган ташвиш ва зарар олиб келди. Карантин чоралари туризм, саноатнинг қатор тармоқлари, кўнгилочар масканлар бизнеси каби кўплаб соҳаларни кескин оқсатди. Коронавирус таъсирида фақат иқтисодиёт эмас, ижтимоий соҳада ҳам муаммолар юзага келди. Ҳаттоки, энг ривожланган давлатларнинг ҳам бундай офатга тайёр эмаслиги яққол кўриниб қолди.

Шукрки, Ўзбекистонда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар, қабул қилинган муҳим қарорлар туфайли касалликнинг тарқалиш суръати хорижий мамлакатлардаги кўрсаткичларга нисбатан паст бўлди, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик мустаҳкамлиги сақлаб қолинди.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзлари нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи бугун қайта-қайта исботламоқда”. Ўзбекистонда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш учун пандемия туфайли карантин чоралари жорий қилинди. Айни пайтда карантин сабабли иқтисодиёт сусайиши ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллик оқсашининг олди олинди. Энг ёрқин мисолларни келтирадиган бўлсак, шифо масканлари ва бошқа муассасаларда зудлик билан шакллантирилган карантин зоналари касалланганларни тезкор даволаш, юқори савияда ташкил қилинган онлайн дарслар барча бўғиндаги таълимни изчил давом эттириш имконини берди. Карантин шароитида одамларнинг турмуш даражаси тушиб кетмаслиги учун ишбилармонларга имтиёзлар белгиланди, солиқ ва бошқа тўловларга преференциялар жорий этилди, кўплаб муҳим қарор ва чоралар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази пандемиянинг дастлабки даврида юртимиздаги барча муассасалар қатори карантин шароитида фаолият кўрсатганига қарамай, замонавий технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда янги муҳитга имкон қадар тез мослашиш чораларини кўрди. Натижада жорий йилнинг март ойидан кейинги даврда ҳам марказда илмий фаолият ва хорижий алоқалар тўхтаб қолмади. Мўлжалланган барча ишлар онлайн амалга оширилди.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 11 январдаги ташрифи чоғида берилган топшириқлар асосида марказда буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Қиёс учун умумий кўрсаткичлар ва пандемия давридаги тадбирларни келтириб ўтиш ўринли бўлади. Хусусан, халқаро ҳамкорлик йўналишини оладиган бўлсак, шу чоққача марказда етти халқаро конференция ва ўн тўрта онлайн семинар ташкил этилди.

Видеоконференция шаклидаги ана шундай анжуманларнинг бевосита пандемия даврида ўтказилганига эътибор қаратайлик. Анқара Йилдирим Боязид университети билан “Ҳадисларнинг ёзма манбалари: Имом Бухорийнинг устози Ҳумайд ибн Занжуянинг “Китоб ут-тарғиб” асари мисолида”, Анқара ижтимоий фанлар университети билан “Имом Мотуридийга кўра тавҳид тушунчаси: “Мовароуннаҳр (Хуросон)да ботинийлик”, Карабук университети билан “Ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрга кириб келиши”, Қозоғистондаги Аҳмад Яссавий номидаги халқаро университет билан “Аҳмад Яссавийнинг фалсафий қарашлари”, Туркиянинг Илмни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси, Усмонли илмлар академияси билан биргаликда “Мовароуннаҳрда илмий ҳаёт”, Мармара университети билан “Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг манбалари”, Малайзия ислом цивилизацияси институти билан “Ўрта асрларда исломда таълим тизими”, ал-Азҳарнинг Ислом тадқиқотлари мажмуаси билан “Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломаларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзуларида онлайн семинарлар ташкил қилинди.

Айни пайтда тадқиқотчи ва олимларнинг илмий алоқаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази олимлари билан Туркиянинг Мармара университети, Малайзия исломни англаш институти, Туркиянинг ислом тафаккури институти вакиллари ўртасида онлайн мулоқотлар ўтказилди.

Хориждаги таниқли илм одамлари билан алоҳида учрашувлар уюштириш ўзаро тажриба алмашиш, илмий салоҳиятни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Шуни инобатга олган ҳолда, марказ томонидан нақшбандийлик ва тасаввуф илмлари бўйича таниқли олим, Туркиянинг Мармара университети профессори Неждат Тосун иштирокида нақшбандия асарлари ва уларнинг Туркиядаги таржималарига, АҚШнинг Индиана университети библиограф-профессори, доктор Акрам Ҳабибуллаев билан исломшунослик тадқиқотлари учун манбалар ва библиографик қўлланмаларга, Қуръон, тафсир илмлари бўйича таниқли олим, мотуридийшунос, Туркиянинг Фотиҳ Султон Меҳмет университети доктори Аҳмад Даманҳурий иштирокида илмий семинар ташкил этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази юртимизда ва хорижда бўлаётган илмий анжуманларда фаол иштирок этиб, айрим форум қатнашчилари билан алоҳида тадбирлар ўтказишни анъанага айлантирмоқда. Жумладан, 3-4 март кунлари Самарқандда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция доирасида таниқли мотуридийшунос олим, “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг турк тилига таржимони, Мармара университети профессори Юсуф Шавқий Явуз билан Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари таржимаси ва таҳрири бўйича ўзаро тажриба алмашиш мақсадида илмий семинар ташкил қилинди.

Буюк Британияда ўтган халқаро ижтимоий фанлар фестивали доирасида Лестер университети билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш, ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини очиб бериш мақсадида “Саҳиҳ ул-Бухорий” асари асосида “Бухорий: ислом санъати халқаро онлайн кўргазмаси” ташкил қилинди.

Марказ ходимлари Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Озарбайжон илоҳиёт институти ҳамкорлигида ўтказилган “Диний бағрикенглик давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омили” мавзусидаги онлайн видеоконференцияда иштирок этди.

Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси ташаббуси билан Малайзиянинг Исломни англаш институти ҳамкорлигида ўтказилган диний-маърифий йўналишдаги илмий-тадқиқот масалаларига бағишланган онлайн мулоқотда қатнашди. Яна бир эътиборли томони шундаки, ушбу тадбир якунида Малайзиянинг Исломни англаш институти билан ўзаро ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятига хорижда қизиқиш ортаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Масалан, Туркиянинг Мармара университети билан ўтказилган “Саҳиҳ ул-Бухорийнинг Туркия фондларида сақланаётган нусхалари ва бухорийхонлик” мавзусидаги семинар Мисрдаги “Ал-хабар ул-явм” ахборот сайтида “Имом Бухорий таваллуди муносабати билан Ўзбекистонда онлайн-семинар бўлиб ўтди” сарлавҳаси билан ёритилди.

Шунингдек, Россия Федерацияси Татаристон Республикасининг Булғор ислом академияси билан алоқаларимиз ҳам фаоллашмоқда. Икки муассаса илм аҳлининг мулоқоти натижасида ушбу академиянинг магистр ва докторантлари учун “Марказий Осиёда ислом таълимоти” мавзусида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган беш кунлик ўқув курслари уюштирилди. Якунда Булғор ислом академияси ректори Дониёр Абдураҳмонов Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоасига миннатдорлик билдиргани курсларнинг юқори савияда ташкил этилганидан ёрқин далолат бўлди.

Марказнинг нашр ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Халқаро муносабатлар йўналишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) ҳамкорлигида ўтказилган “Ўзбекистондаги қўлёзма фондлар: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий ўқув-семинари мақолалари яхлит тўплам ҳолида нашр этилганини қайд қилиш жоиз.

Вақт ўтиши билан марказ меҳмонларининг сафи кенгайиб бормоқда. Хусусан, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Русланбек Казакбаев, Испания пойтахти Мадриднинг Ислом маданияти маркази директори ўринбосари Ҳуссам Сиддиқ Хўжа шулар жумласидандир.

Бир сўз билан айтганда, марказ халқимизнинг “Интилганга толе ёр”, деган доно нақлига амал қилган ҳолда пандемия шароитига имкон қадар тез мослашиб, ўз илмий фаолияти ва халқаро ҳамкорлигини сусайтирмаслик йўлидан бормоқда.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси,
2020 йил 31 декабрь, 256-сон

Check Also

ҲОКИМ ЭЪТИРОФИ

Маълум қилинганидек, жойларда илмий марказлар вакилларидан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этаётган маънавий-маърифий тадбирлар доирасида мазкур …