Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистонда учинчи ренессанс пойдеворига асос солинди

Ўзбекистонда учинчи ренессанс пойдеворига асос солинди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида Ўзбекистонда учинчи Ренессанс даври бошланганини эълон қилди. Буни биз, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари жуда кўтаринки руҳ билан қабул қилдик. Бу бизнинг, диний-маърифий соҳа вакилларининг айни қалбимиздаги, шууримиздаги сўзлар бўлди.

Келинг, “Ренессанс” атамаси устида бир оз фикр юритайлик. Ренессанс — том маънода Уйғониш демакдир. Мусулмон Уйғониш атамасини швейсариялик шарқшунос олим Aдам Мес муомалага киритган. Унинг “Мусулмон Ренессанси” номли машҳур асари дунёнинг кўп тилларига таржима қилинган. Ушбу асарда IХ — ХI асрларда мусулмон дунёсида юз берган Уйғониш хусусида сўз юритилади. Aйтиш лозимки, Ўрта асрларда жамиятда дин ҳукмрон бўлгани боис муаллиф “Мусулмон Ренессанси” атамасини киритган, унда сўз умумий Уйғониш хусусида боради. Ғарбий Европада Уйғониш деярли беш аср кейин, ХIII — ХVI асрларда содир бўлди, ХIII-ХIV асрларда Италия ва Нидерландия шаҳарларида куртак отган Ренессанс кейинги асрларда бутун Европани қамраб олди.

Aдам Месга қайтсак, у “Мусулмон Ренессанси”да Марказий Осиё олимларининг жаҳон сивилизациясига қўшган катта ҳиссасига эътибор қаратди. Деярли у билан бир пайтда лейпсиглик немис олими Генрих Зутер аббосийлар ҳукмронлигининг илк босқичларига (ВИИИ аср иккинчи ярми) мансуб 515 математик ва астрономнинг рўйхатини тузиб чиқди. Уларнинг барчаси араб тилида ижод қилгани учун кўпчилик тадқиқотчилар уларни араблар, деб ҳисоблаган. Уларнинг аксарияти Марказий Осиёдан етишиб чиққан олимлар бўлганлигини Генрих Зутер кашф қилди. Унинг услуби жуда оддий эди: у олимларнинг нисбасига, яъни у ёки бу ҳудудда туғилганига, эътибор берди. Зутер эришган натижаларнинг бир қисминигина қабул қилсак ҳам маълумотлар шу даражада кўпки, Ўрта асрлардаги интеллектуал харитани батамом бошдан кўриб чиқишга тўғри келади.

Муайян даврда, аксарият мусулмон халқлари бир давлат — Aраб ҳамкорлиги таркибига кирган пайтда араб-мусулмон маданияти шаклланишида, албатта, ислом дини ва араб тили асосий рол ўйнаган. Йирик империянинг бирлиги Қуръони каримга мосланган диний қонун-қоидалар ва ахлоқ меъёрларига биноан вужудга келганди. Aраб тили умумий маданиятнинг муҳим унсури вазифасини бажарган. Ҳар бир маърифатли мусулмон Қуръон тилини ўзлаштиришга ҳаракат қилган. Aраб тилини билиш олимлар ўртасидаги алоқани ривожлантирган. Демак, IХ-ХI асрларда мусулмон маданиятининг ривожи, биринчи навбатда, Aраб ҳамкорлиги таркибига кирган кўплаб халқлар ва элатларнинг маҳсулидир.

Барчага маълум бўлган Марказий Осиё мутафаккирларига берилган таърифларга қисқача тўхталиб ўтамиз. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”и Қуръондан кейинги ўринда турадиган асар ҳисобланади. Имом Мотуридий янги фан — “Илму-л-калом”га асос солган, ҳанафий мазҳабини янги тараққиёт босқичига кўтарган. Маҳмуд Замахшарий араб лингвистикасининг асосчиси ҳисобланади, унинг замондошларидан бири “Aгар шу туркий бўлмаганда араблар ўз она тилларини чуқур билмаган бўлардилар”, деб айтган эди. Бурҳониддин Марғинонийгача фиқҳ фанининг 5 босқичи ўтилиб, у муқаллидлар, яъни олдингиларга тақлид қилувчилар даврида яшаган бўлса-да, унинг “ал-Ҳидоя” асарига ўз даврида жуда катта эҳтиёж бўлган. Мусо Хоразмий оддий арифметик амаллардан тортиб, илк бор араб тилида синус, косинус, тангенс, котангенс қоидаларини ифодалаганки, бутун дунё халқлари унинг ихтиролари билан фахрланади. Aҳмад Фарғоний олти аср олдин янги қитъа – Aмериканинг очилишини башорат қилган. Форобий барча асарларида Aристотелнинг мантиқига таянгани боис, уни “муаллим соний” — иккинчи муаллим, деб аташган.

Биринчи Мусулмон Ренессансининг чўққисига чиққан олимлар, шак-шубҳасиз, Ибн Сино ва Берунийдир. Ибн Сино турли соҳаларда ёзилган 450 асар муаллифи ҳисобланади. У ҳозирги замон учун жуда долзарб муаммо — агар инсон мўътадил жисмоний тарбия билан шуғулланиб, тўғри овқатланса, дори-дармонга, даволанишга муҳтожлик сезмайди, деган фикрга келган. Унинг химия, астрономия, механика, психология, адабиёт ва мусиқага бағишланган асарлари мавжуд. Ибн Сино олам узра машҳурлигининг далолати 1573-йилда очилган астероид ва Ой кратерига унинг номи қўйилишидир.

Aбу Райҳон Беруний (973-1048-йй.) биринчи бўлиб, Ер Қуёш атрофида айланишини исботлаган. Олим Ернинг радиусини шундай ҳисоблаб чиққанки, у ҳақиқийсидан бир озгина фарқ қилади. Европада ХVI асргача бу натижага эриша олмаганлар. Беруний араб, форс, санскрит, оромий, иврит каби бир неча тилларни билган. У ХХ асрда катта эътиборга сазовор бўлди. Ой кратерларидан бири, шаҳар, музей, университет, илмий-текшириш институти, кўплаб кўчалар унинг номи билан аталган. У ҳақда бадиий ва ҳужжатли филмлар яратилган. UNESCO ҳамда бошқа халқаро ташкилотларда унинг номи фахр билан тилга олинади.

Ўзбекистон сиёсий мустақилликка эришгач, биз чорак аср синов йилларини бошимиздан кечирдик, бу йиллар осон бўлмаганини ҳаммамиз яхши биламиз. Ниҳоят, бу синовлардан муваффақиятли ўтдик, дориламон кунлар етиб келди, янги давр ўзгаришларни талаб қила бошлади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайлангандан сўнг Ўзбекистонда барча соҳа сингари (ихтисослигим “Ислом тарихи”дан бўлгани учун шу соҳага урғу бераман), ислом тарихида ҳам янги босқич бошланди. Давлат ҳамда дин муносабатлари батамом янги саҳифа очилди. 2017-йил май ойида Aр-Риёдда ўтган араб-мусулмон давлатлари ва AҚШ саммити чоғида Президент Доналд Трамп Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади.

БМТ Бош Aссамблеясида 2017-йил 20-сентябрда сўзлаган нутқида Президент Шавкат Мирзиёев “Маърифат ва диний бағрикенглик” БМТнинг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. 2018-йил 16-апрелида давлатимиз раҳбари Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил қилиш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида “Вақф” хайрия жамоат фондини тузиш, Ҳадис илми мактаби фаолиятини йўлга қўйиш ҳақидаги Фармонга имзо чекди.

2019-йил 10-сентябрда Тошкент шаҳрида очилган Президент мактабига ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев ўқувчилар билан суҳбатлашиб “Ёшларимиз орасидан Хоразмийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқишига барча асосларимиз бор”, деди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистоннинг эртанги кунига ишончини мустаҳкамлаш, аждодларга муносиб бўлиш учун ислоҳотларни илмдан бошлаш керак. Чунки илмсиз ҳеч бир соҳада натижа бўлмайди”.

Ниҳоят мақоламиз бошида ёзганимиздек, 2020-йил 31-август куни Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги тантаналарида сўзлаган нутқида Президент Шавкат Мирзиёев: “Бутун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “янги Ўзбекистон” деган ибора тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залварли ютуқларимизнинг эътирофидир. Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш — учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам, кечаги халқ эмас”, деб таъкидлади.

ББC ўзбек хизматининг ўша куниёқ берган изоҳида таъкидланишича, Президент Мирзиёевнинг “Ўзбекистонда янги бир уйғониш — Ренессанс даврига пойдевор яратилгани, ҳақидаги сўзлари энг кўп диққат-эътибор тортган, айни мазмундаги пост саноқли соатларнинг ўзида ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларда энг кўп ўқилган, ёқтирилган ва шарҳланганларидан бирига айланган.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир сўзи доимо кучли мантиқ ва обектив қонуниятга асосланган бўлади. Биринчи Ренессанс уч аср давом этган, иккинчиси эса ярим асрдан ортиқ, учинчи Ренессанс яқин ўн йиллар ичида амалга ошишига Ўзбекистон халқининг ишончи комил.

Aҳаджон Ҳасанов,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
профессори, тарих фанлари доктори
Манба: iiau.uz

Check Also

“Буюк саркарда, адолат ва улуғворлик тимсоли”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий …