Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Турк олимлари билан ҳамкорликда “Мовароуннаҳрда илмий ҳаёт” мавзуида халқаро он-лайн семинар ташкил этилди

Турк олимлари билан ҳамкорликда “Мовароуннаҳрда илмий ҳаёт” мавзуида халқаро он-лайн семинар ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган давр мобайнида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Марказ томонидан бугунга қадар дунёнинг 30 га яқин турдош етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорликка оид Меморандумлар имзоланди.

Илмий жамоа томонидан етмишдан ортиқ номдаги диний-маърифий, тарихий, маънавий-маърифий мавзулардаги китоб, рисола ва плакатлар нашр этилди.

Бугунги кунда Марказ илмий ходимлари ҳамкорлик натижалари ўлароқ хорижий мамлакатларда ташкил этилаётган халқаро илмий анжуман ва конференция ва ўқув-семинарларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Жорий йилнинг 30 октябрь куни ҳам Туркиянинг Илмни қўллаб-қувватлаш Ассоциацияси, Усмонли илмлар Академияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида “Мовароуннаҳрда илмий ҳаёт” мавзуида онлайн-семинар ташкил этилди.

Мазкур семинарда Туркиянинг Ҳожа Али, Анқара, Истанбул ва Мармара университетлари олимлари билан бир қаторда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов “XVIII-XIX асрларда  Бухорода ёзилган фиқҳий асарлар таҳлили” ва Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Манбалар хазинасида сақланаётган нодир қўлёзмалар” мавзуидаги маърузалари билан иштирок этди.

Мазкур илмий семинарда туркиялик тарихчи, исломшунос ва шарқшунос олимлар Мовароуннаҳр тарихига оид олиб борилган илмий изланишлари, тўпланган манбалар билан ўртоқлашдилар. Иштирокчилар томонидан Мовароуннаҳр ҳудуди нафақат ислом дини, балки барча соҳалар тараққиётида цивилизациялар чорраҳаси бўлгани алоҳида эътироф этилди.

Олимлар бу каби мулоқотлар ёш тадқиқотчиларнинг илмий ишларида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, келгусида ҳам мазкур йўналишдаги семинарларни тез-тез ташкил этиш ва маълумотлар алмашишга келишиб олдилар.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …