Home / ЯНГИЛИКЛАР / Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ:

1. Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) ҳамда Концепциянинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, Концепция ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:

а) илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш борасида:

илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизимини жорий этиш;

илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда унинг доирасида лойиҳаларни амалга ошириш;

б) илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда молиялаштириш манбаларини диверсификациялаш борасида:

2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга ошириш;

2025 йилга қадар илм-фанни умумий молиялаштириш ҳажмида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига хусусий сектор томонидан ажратиладиган маблағлар улушини амалдаги 8 фоиздан 20 фоизга, 2030 йилгача эса 30 фоизга етказиш;

инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида хорижий етакчи инвестиция компаниялари билан ҳамкорликда 2021 йилда 2 та, 2025 йилда 10 та венчур жамғармаларини ташкил қилиш;

в) юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий фаолиятга йўналтириш борасида:

илмий ташкилотлар тадқиқотчиларининг ўртача ёшини 2025 йилга қадар 45 га, 2030 йилгача эса 39 га етказиш;

2025 йилга қадар 39 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг умумий сонида юқори малакали илмий ходимларнинг (фан номзоди, фалсафа ва фан докторлари) улушини 2 бараварга, 2030 йилгача эса 3 бараварга ошириш;

г) илм-фанни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини яратиш борасида:

2025 йилга қадар илмий-тадқиқот ва ишланмалар соҳасидаги технологик инновацияларга харажатларнинг умумий ҳажмида ташкилотнинг ўз кучи билан бажарилган технологик инновацияларга харажатларнинг улушини 3,5 бараварга, 2030 йилгача эса 9 бараварга ошириш;

2021 йилда “Яшнобод” инновацион технопаркининг резидентлари сонини 60 тага етказиш ва шу асосда инновацион маҳсулотлар тури ва ҳажмини ошириш, шунингдек, 720 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш;

7 та замонавий лаборатория мажмуаларини ташкил этиш, уларни GLP ва GMP жаҳон стандартларига мос ускуналар билан жиҳозлаш;

д) илм-фан тараққиётига кўмаклашувчи замонавий ахборот муҳитини шакллантириш борасида:

миллий илмий портални яратиш;

олимлар, ташкилотлар, илмий-техник ахборот манбалари рейтингларини жорий этиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

илмий ташкилотлар раҳбарлари лавозимига устувор равишда илм-фан тизимини бошқариш кўникмасига ва иқтисодий билимга эга бўлган ёш мутахассислар тайинланади;

2021 йил 1 январдан бошлаб илмий ташкилотлар раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитиш ва мунтазам малакасини ошириб бориш тизими жорий қилинади;

2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир илмий ташкилотда унинг бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони доирасида илм-фан ва илмий фаолият бўйича маслаҳатчи лавозими киритилади, бу лавозимга таниқли илм-фан намояндалари ва нуфузли олимлардан бири тайинланади ҳамда маслаҳатчи ташкилотнинг Илмий кенгашини бошқаради;

илмий йўналишларни шакллантириш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳамда илмий мактаблар, фан намояндалари ва етакчи олимларнинг соҳадаги масъулиятини ошириш мақсадида ҳар бир фан йўналишлари бўйича фан жамиятлари ташкил қилинади;

2021 йилда халқаро мустақил эксперт компанияларини жалб этган ҳолда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барча давлат илмий ташкилотларининг илмий-инновацион фаолияти аудитдан ўтказилади;

барча давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг республика даражасидаги раҳбарлари (биринчи ўринбосарлари) бир вақтнинг ўзида илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга масъул ҳисобланади ҳамда бу борада тизимдаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

4. Ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб қилиш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб “Академик ҳаракатчанлик” дастури жорий қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, “Академик ҳаракатчанлик” дастури доирасида:

илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш, уларнинг хорижий университетлар ва илмий марказларга қисқа муддатли стажировкаларини ташкил этиш учун Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратилади;

мазкур ёшларга илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари, шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳузуридаги илмий тузилмалардаги замонавий илмий асбоб-ускуналардан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар “Академик ҳаракатчанлик” дастурини амалга ошириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Қуйидагилар:

Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ;

Илм-фан соҳаси ва илмий-тадқиқот ишларини 2021–2023 йилларда молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш ва молиялаштириш манбаларини диверсификациялашнинг мақсадли параметрлари (кейинги ўринларда – Мақсадли параметрлар) 3-иловага мувофиқ;

Илм-фан соҳаси ва илмий-тадқиқот ишларини 2021-2023 йилларда молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш ва молиялаштириш манбаларини диверсификациялашнинг мақсадли параметрларига эришиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда – Чора-тадбирлар режаси) 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. 2021 йил 1 январдан бошлаб Илмий даражали кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий қилинсин.

Белгилансинки, Илмий даражали кадрларни тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими орқали қуйидаги ишлар тўлиқ амалга оширилади:

стажёр-тадқиқотчи, изланувчи, илмий раҳбар ва консультантларга доир маълумотлар банкини шакллантириш, стажёр-тадқиқотчи ва изланувчиларнинг якка тартибдаги режасидаги ишлар бажарилишини қайд этиш;

илмий даражали кадрларни тайёрлаш институтларининг самарадорлиги мониторингини олиб бориш, тегишли ҳисоботлар ва таҳлилий маълумотларни шакллантириш;

стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантурада ўқиш учун қабул квоталари бўйича буюртманома шакллантириш;

илмий даражали кадрларни тайёрлаш институтларида ўқиш учун талабгорларни рўйхатга олиш.

Инновацион ривожланиш вазирлиги мазкур электрон тизимнинг узлуксиз ишлаши, унга техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, унинг функционал имкониятларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириб борсин.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатларнинг рўйхати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасида фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олинади ва нострификация қилинади (эквивалентлиги қайд этилади);

халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган профессор, доцент, катта илмий ходим ва уларга тенглаштирилган бошқа илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатлар олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар кенгашларининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикасида қўшимча экспертиза ўтказмасдан ва бошқа синовларсиз тўғридан-тўғри тан олинади.

8. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ва “Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожланишдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин:

илмий фаолиятга оид давлат дастурларини шакллантиришнинг янги тартибини жорий қилиш;

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси ва Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш;

Инновацион ривожланиш вазирлигининг амалдаги вазифа ва функцияларини қайта кўриб чиқиб, унинг фаолият самарадорлигини янада ошириш.

9. Жаҳон банки томонидан илмий ишланмаларни тижоратлаштириш асосида республикамизда инновацион тизимни ривожлантириш, инновацион фаолият соҳасидаги индикаторларни яхшилашга кўмаклашиш мақсадида 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини ажратиш тўғрисидаги “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси (кейинги ўринларда – Лойиҳа) маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2021 йил 1 январга қадар:

Лойиҳа доирасидаги ташаббусларни (лойиҳаларни) баҳолаш ва экспертизадан ўтказиш учун Халқаро эксперт кенгашини (International Expert Board) ташкил этиш;

Жаҳон банки талабларига асосан Лойиҳа доирасидаги ташаббусларни (лойиҳаларни) амалга оширишга кўмаклашиш, молиявий назорат ва ҳисобот тизимини юритиш мақсадида лойиҳани амалга ошириш гуруҳини ташкил этиш чораларини кўрсин;

2021 йилда “Ўзбекистон илмий салоҳиятини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш учун Жаҳон банкининг қўшимча 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини жалб этиш бўйича таклиф киритсин.

10. Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, масъул вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар Мақсадли параметрларни амалга ошириш доирасидаги тегишли сарф-харажатлар учун Давлат бюджети, тегишли маҳаллий бюджетлар параметрлари ва бюджетдан ташқари жамғармалар доирасида маблағлар ажратсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПҚ–4702-сон қарори билан тасдиқланган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига 2021 йил 1 январдан бошлаб тегишли ҳудудда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар сони, бир миллион аҳоли сонига тўғри келадиган илмий тадқиқотчилар ва олимлар сони, тижоратлаштирилган илмий ишланмалар сони ва ҳажми индикаторлари киритилсин.

12. Инновацион ривожланиш вазирлиги 2020 йил 1 декабрга қадар 2019 йилда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида якунланган илмий лойиҳалар натижадорлигини пухта ва ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида яратилган муҳим илмий ишланмаларни тижоратлаштиришни бир неча бор кўпайтириш бўйича ишларни ташкил этиш дастурини қабул қилсин.

13. Масъул ижрочилар – тизимида илмий ташкилотлар мавжуд бўлган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари:

бир ой муддатда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ва тадбирларни амалга оширишнинг 2020-2021 йиллар учун ҳамда ҳар йил якунида – келгуси йил учун чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини;

ҳар чоракда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар чора-тадбирлар режалари ва “Йўл харитаси”нинг ижроси бўйича маълумотларнинг тегишли равишда Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилишини таъминласин.

Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар чоракда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар мазкур Фармоннинг ижроси бўйича умумлаштирилган маълумотлар ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрланиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

14. Қуйидагилар:

Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши (А.Н.Арипов) зиммасига – ушбу Фармоннинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлаш, Концепция ҳамда “Йўл харитаси”ни амалга ошириш ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштириш, масъул раҳбарларнинг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини кенгаш мажлисларида бир йилда камида икки маротаба эшитиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш;

инновацион ривожланиш вазири (И.Ю.Абдурахмонов) зиммасига – Концепциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришишни таъминлаш, илмий фаолият натижадорлигини ошириш, илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш асосида илмий маҳсулотлар ҳажми ва инновацион маҳсулотлар турларини кенгайтириш фаолиятини мунтазам равишда мувофиқлаштириб бориш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, масъул вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига – Концепция ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш, илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларни шакллантириш асосида тегишли ҳудуддаги мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган илмий лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Фанлар академияси президенти (Б.С.Юлдашев) зиммасига – Фанлар академияси тизимидаги илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолиятини иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларига тўлиқ мослаштириш, юқори самарадор илмий ишланмалар ва технологияларнинг сони ва жорий этиш кўламини кенгайтириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

15. Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши икки ҳафта муддатда мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларини илмий жамоатчилик ва аҳоли орасида кенг ёритиш бўйича 2020 йил якунига қадар чиқишлар ва тематик телекўрсатувлар ташкил этиш мақсадида тегишли давлат органлари ва муассасаларининг Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига бириктирилишини таъминласин.

16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 29 октябрь

Манба: ЎзА

Check Also

Россия мусулмонларига янги нашрлар тақдимот қилинди

Аввал хабар берилганидек, Қозон шаҳридаги Булғор ислом академиясида “Россия мусулмонларининг VI халқаро форуми” бўлиб ўтмоқда. …