Home / МАҚОЛАЛАР / УРУШ ДАВРИ БОЛАЛАРИ … (3-ҚИСМ)

УРУШ ДАВРИ БОЛАЛАРИ … (3-ҚИСМ)

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига

 (2-қисм)Уруш даври…

Орадан йиллар ўтган бўлса ҳам ўша қирғинбаротли кунларнинг ҳали теша тегмаган мавзуларию, айтиб тугатилмаган хотиралари ҳамон бизни ҳояжонга солаверади.

Уруш давридаги болалик, аниқроғи, болаликни четлаб ўтиб, бирданига “катта” бўлиб, улар каби меҳнат қилишга, фикрлашга мажбур бўлганлар хотирасида мангу из қолдирган бўронли йилларни айтамиз. Ўша давр болалари аллақачон бобо бўлиб, бугун бирин-кетин ўтиб боришяпти…

Айни болалик палласи иккичи жаҳон уруши даврига тўғри келган. 1937 йил 26 сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган журналист ва публицист Анвар ака Тожиев билан машъум тарихий воқеалар ҳақида дилдан суҳбатлашдик.

 Абдуҳамид амаки (онамнинг ягона синглиси, Ҳикоят холамнинг турмуш ўртоғи) – отамнинг божаси ҳисобланади. Отамни 1942 йил Охунгузардаги эски ҳовлимизда урушга кузатганимизнинг эртасига, яъни 22 январь куни Абдуҳамид амаки ҳам фронтга жўнатилган. Мен у кишини “амаки” дердим. Сабаби, Абдуҳамид амаки фронтга кетган куннинг эртасига, Туркистон шаҳри яқинидаги ҳарбий полигонда 45 кун мобайнида отам билан бирга туришган. Отамни кечаси марш билан фронтга олиб кетишаётганида, Абдуҳамид амаки дарвозада соқчи бўлган экан. Қаттиқ совуқ шамол баданни азобласа-да, у киши ҳар бир ўтаётган колонна олдида “Зоҳид ака!” деб чақириб турган. Шунда гуруҳ орасидан бир кишининг: “Ҳамид ака! Мен кетаяпман! Энди кўришолмасак керак. Болаларимга салом айтинг!”, деган йиғи аралаш овоз эшитилган.

Мен таниган одамлар ичида отамни яхши билган, энг сўнгги марта кўрган ва суҳбатлашган одам – Абдуҳамид амаки эди. Шунинг учун ҳар доим у киши билан гаплашсам, отам кўз ўнгимда намоён бўлаверарди.

Отам, Москва остонасида Калинин фронтига сафарбар қилиниб, у ерда 1943 йилнинг март ойида жангда ҳалок бўлган. Абдуҳамид амаки эса, Харьков йўналишидаги фронтга жўнатилган.

1941 йилнинг қиш палласидаги жанглар оқибатида, Москвадан суриб ташланган немислар, 1942 йилнинг баҳорида асосий кучни Украина йўналишига қаратган. Миллионли армия, бир неча минг танк, самолётлар Харьков томон шиддат билан ёпирилган. Уларнинг йўлида эса, қурол-аслаҳалар билан тўлиқ таъминланмаган қизил аскар одамлари туришаркан. Бу ночорлик ила қандаям куч душманни тўхтата олиши мумкин? Шиддатли отишмалардан сўнг, тирик қолган қизил аскарлари асир олинган. Афсуски, уларнинг орасида Абдуҳамид амаки ҳам бўлган.

Немислар асирларни гуруҳларга бўлиб, Германияга олиб кетишган. Уларни аввалига тиконли сим билан ўралган очиқ жойларга тиқиб қўйишган. Сўнгра уларни Освенцим, Заксенхауз, Майданек, Даҳау каби “ўлим лагерлари” номини олган ўринларга жойлаштирган. Ҳар куни юзлаб бандилар очликдан, юқумли касалликлардан, жанг майдонида олган жароҳатлар туфайли вафот этишарди, дейди Абдуҳамид амаки. Шунда хориждаги мусулмон давлатларнинг “Қизил ярим ой” ташкилоти вакиллари ўртага тушиб, туркистонлик асирларни ажратиб, бошқа жойда, алоҳида сақлашга ҳаракат қилишган. Сўнгра амаким, туркистонликлар орасида асирликда бўлган. Кейин, улардан соғломлари танлаб олиниб, Югославия, Польшада, кўприк ва йўлларнинг қўриқланишида хизмат қилган.

 Абдуҳамид амаки оқ-қорани таниган, билимдон, тиниқ фикрли, таҳлилчи одам эди. Чунки урушдан олдин “Қизил Ўзбекистон” газетасида адабий ходим бўлиб ишлаган. 1937 йилги қатағонларни яхши эсларди. (Газета муҳаррири бу кишининг кўз олдида ҳибсга олинган ва кейинчалик отиб ташланган экан) Шунинг учун бўлса керак, Германияда қўним топган “Туркистон региони”нинг ташкилотчиси, 1930 йиллари Файзулла Хўжаев томонидан Германияга ўқишга юборилиб, ўша ерда қолиб кетган тошкентлик Вали Қаюмхон (Немислар эмиграцияда тузилган “Туркистон” жамиятининг Мустафо Чўқаевдан кейинги раҳбари ва “ҳукумат раиси”) амакимни ёнига олмоқчи бўлганида унамай, оддий асир сифатида юрган. 1944 йили Вена шаҳрида бўлган туркистонликлар кенгашида иштирок этган. Ўша даврнинг машҳур шоири Мадамин Даврон билан бирга бўлганларини гапириб берган эди.

Асирлар ҳақида Женева конвенцияси ҳамма етакчи мамлакатлар томонидан имзоланиб, халқаро ҳужжат мақомига эришган. Унга кўра, асирларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг таъминоти ва яшаш шароитлари талабга жавоб бериши, халқаро “Қизил хоч” ва “Қизил ярим ой” ташкилоти воситачилигида ўз оиласи билан хат-ёзишмалар олиб бориши, моддий кўмак олиши, урушдан кейин иккала томон ўзаро асирларни алмаштириши, асирлар уруш қатнашчиси ҳуқуқига эга бўлиши каби нормалар белгиланган. Аммо икки мамлакат – Германия ва Шўролар давлати, бундай нормаларга амал қилишмаган. Гитлер асирларни лагерларга қамаб, тиббий ва моддий таъминот талабларини бажармаган бўлса, Сталин ўзининг машъум (“бир қадам ҳам ортга чекиниш йўқ” номли) №217 бўйруғи билан асирларни умуман ҳисобдан чиқариб ташлайди. Бу буйруққа кўра, аскарлар мудофаа қилиб турган жойидан буйруқсиз чекинса, отиб ташланиши мумкин бўлган. Асирга тушганлар ватан хоинлари билан тенглаштирилган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш у ёқда турсин, ҳатто уларни эслаш ҳам мумкин эмасди. Қизил армия қўмондонларига нисбатан ўтказилган қатағон, қурол-аслаҳа, ўқ-дори билан таъминлашнинг қониқарсизлиги, шўролар қўшинини пароканда бўлишига олиб келган. Натижада олти миллиондан ортиқ қизил аскарлар асирга тушган.

Сталиннинг “Бизда асирлар йўқ. Бизда хоинлар бор”, деган ибораси, шу собиқ қизил аскарлар тақдирини ҳал қилади. Буни яхши тушунган асирларнинг катта қисми Европа, Америка ва Австралия мамлакатларида қолиб кетишга мажбур бўлган.

 1945 йили уруш тугагач, асирлар озод этилиб, тантана билан юртига жўнатилган. Аммо… чегарадан ўтиши билан, ҳамма пулемьёт қаршисида вагондан туширилиб, узоқ Коми республикасининг шимоли-арктика доирасидаги Ухта, Котлас шаҳарчаларигача (1500 километр узоқлик) пиёда ҳайдаб кетилган. Ярадорлар, қуввати етмаганлар йўлда отиб ташланган. Бу ерга тирик етиб келганлар судсиз, терговсиз, 8 йилдан 12 йилгача қамоққа ҳукм қилинган. Айблари, Сталиннинг “Бир қадам ҳам орқага чекиниш йўқ” бўйруғига қарши чиқиш, деб асосланган.

 (Солжелициннинг “ГУЛАГ архипелаги” ва “Иван Денисовичнинг бир куни” асаридаги маълумотларда совет лагерларида “халқ душмани” тамғасига дучор бўлган кишилар, немислар оккупация қилган жойларда истиқомат қилишгани, собиқ партизанлар, диндорлар, асирга тушган қизил аскарларнинг ҳақиқий жиноятчилар, қотиллар, хоинлар, қаллоблар, муштумзўрлар, қиморбозлар орасидаги аянчли аҳволини муаллиф ўз бошидан кечирганлиги сабабли аниқ тасвирлаган. Бу асар Нобель мукофоти билан тақдирланган.)

 Уруш вақтида ҳақиқий хоинлар ҳам бўлган. 2-зарбдор армия қўмондони генерал Власов немислар томонига ўтган ва Қизил армияга қарши “Рус озодлик армияси”ни тузиб, урушнинг сўнгги кунигача советларга қарши курашган. Бандера бошлиқ Украина миллий-озодлик армияси ҳам Қизил армияга катта зарар етказган. Болтиқ бўйи аҳолисининг советларга қарши қуролли кураши, эллигинчи йилларгача давом этган. Ана улар ҳарбий жиноятчи ҳисобланади. Аммо Сталиннинг фармони билан, душманга таслим бўлмаган, аммо, қурол-аслаҳасиз, оч ва ярадор ҳолида чекинган ва қуршовда қолган ҳамма жангчилар хиёнатда айбланиб, лагерларга тиқиб ташланган эди.

 Совет лагерларидаги аҳвол немислар лагеридаги азобдан оғирроқ бўлган. Минг-минглаб маҳбуслар азобда ўлиб кетишган. Амакимнинг айтишларича, қишда ҳаддан ташқари совуқ, кучли бўронлар кўп бўлган. Улар ишлайдиган нефт конида бўлган икки иморат орасига сим арқон тортилган бўлиб, бўрон вақтида фақат уни ушлаб юриш мумкин бўлган. Бўрон учириб кетган бир юртдошимизнинг жасадини баҳорда топишган экан.

 1952 йили Хикоят холам Раҳима қизи билан Абдуҳамид амакининг олдига бориб келишди. Шундан сўнг бир йил ўтиб, амакимиз озод этилиб, юртга қайтди. У киши уйга қадам босган куни холам янги фарзанд кўрди. Отасининг қадамига атаб, унга “Озода” деб исм қўйилди. Кейин, амаким яна икки фарзанд кўрди: Сурайё ва Муҳайё.

 Биз Абдуҳамид амакимни Тошкент вокзалида кутиб олганимизни эслайман. Комолхўжа бувам, Абдумутал амаки (Абдуҳамид амакининг акалари, у киши ҳам фронтда бўлган, уруш азобини кўрган одам, ўта камтар эди), Абдуҳаким амаким ва мен яқинлашиб келаётган поезд вагонларига интиқиб тикиламиз. Орадан азоб ва машаққатларга тўла 10 йил ўтган эди-да. Ҳаммамиз секинлашаётган поезд кетидан югурдик. Ниҳоят, поезд тўхтаб, Абдуҳамид амаки вагондан чиқди. У кишининг бошидаги шапка олиниб, дўппи кийдирилди. Уйга келганларида, 70 ёшли онасини аёллар суяб ҳовлига олиб чиқди. Кампирга ўғли келаётганини бирор нохуш вазият юз бермасин, деган фикр билан сўнгги дақиқагача билдиришмаган.

 Абдуҳамид илмли киши эди. Юртга қайтганидан сўнг, кекса ва бемор бўлса ҳам ишлади, оила тебратди. Оғир шароитда тўрт қизни тарбиялаб, турмушга узатди. Худо у кишига қатор-қатор неваралар ато этди.

Абдуҳамид амаки билан жуда кўп мавзуларда гаплашардик ва бу мавзуларга оид дастлабки ва тўғри фикрларни шу одамдан эшитганман (Айниқса, қатағон қурбонлари, жадидлар, Бухариннинг Тошкентга келганида божаси Акмал Икромовнинг уйида тунаши, Усмон Юсупов, Фитрат, Чўлпон, Вали Қаюмхон ва бошқалар ҳақида аниқ маълумотлар олганман).

 Абдуҳамид амаки жуда яхши суҳбатдош эди. Ёш бўлсам ҳам менинг ишларимга қизиқарди. Бундай одамлар ёруғ дунёнинг кўрки, файзи, баракаси бўлган. Айниқса, уруш кўрганлар, минглаб қурбонларнинг шоҳиди бўлган, бизга ҳақ ва ноҳақни ажратиб, ҳаёт йўлини кўрсатган.

 Аллоҳ отамни, акалари Рихсибой ва Тоир амакиларимни, укалари Сталинградда ҳалок бўлган Ҳомид амакимни, Украинадаги жангларда ногирон бўлиб қайтган Мавлон амакимни ва божалари Абдуҳамид амакимни, у кишининг фронтдан ногирон бўлиб қайтган ягона акалари – Абдумутал амакини, шунингдек, фронтларда, жанг майдонларида, ҳарбий госпиталларда, партизан отрядларида, асирликда ва совет ГУЛАГ лагерларида ҳалок бўлганлар, ном-нишонсиз бедарак кетганларни Фирдавс жаннатига дохил этсин! Омон ва ногирон ҳолда юртига қайтиб, оиласи бағрида вафот топган барча фронтчи жангчиларни, уларнинг уруш ва айрилиқ азобини кўрган ота-оналари ва оилаларини, уруш туфайли етим бўлиб қолган фарзандларини Аллоҳ Ўз раҳматига олган бўлсин!

 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Абдувоҳид ЎРОЗОВ
тайёрлади.

Check Also

ШУКРОНАЛИК – ИНСОН КАМОЛОТИНИНГ АСОСИ

Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни …