Home / Имом Бухорий ҳадислари / ҚЎШНИЧИЛИК БУРЧЛАРИ ВА ОДОБЛАРИ

ҚЎШНИЧИЛИК БУРЧЛАРИ ВА ОДОБЛАРИ

Бир ҳадис шарҳи

حدثنا إسماعيل بن أبى أويس قال حدثني مالك عن يحيى بن سعيد قال أخبرني أبو بكر بن محمد عن عمرة عن عائشة رضي الله عنها عن النبي صلى الله عليه و سلم قال : ما زال جبريل صلى الله عليه و سلم يوصي بالجار حتى ظننت أنه سيورثه. صحيح

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил алайҳиссалом менга қўшни ҳаққини (унга яхшиликни) шу қадар кўп таъкидлар эдики, қўшни ҳам мени мулкимдан мерос олса керак деган ўйга бориб қолдим”, дедилар”. (Имом Бухорий. ал-Адаб ал-муфрад.101-ҳадис).

Дарҳақиқат, Исломда қўшнига яхшилик қилиш ва унга нисбатан чиройли муносабатда бўлиш шу қадар таъкидланганки, тарих давомида ҳеч қайси тузум қўшничиликка бунчалик эътибор бермаган. Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли йўқ таълимотдир. Чунки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли бўлишига хизмат этади.

Ислом динида қўшнининг ҳаққи шунчалар улуғ бўлганлигидан, фаришталарнинг энг буюги Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримизга бу ҳақни жуда тез-тез эслатиб турган. Қўшнининг ҳаққи ва унинг жамиятдаги аҳамияти шунчалар улуғ экан. Шунинг учун, ҳар бир инсон ўз қўшниси ила яхши муносабатда бўлиб, унга қўлидан келган яхшиликни қилмоғи лозим.

Қўшнилар даражаларига қараб уч хил бўлади: 1. Қариндош диндош қўшни, 2. Қариндош бўлмаган диндош қўшни, 3. Қариндош бўлмаган ва диндош бўлмаган қўшнилар. Биринчи ҳолатда бу кишининг зиммасига учта ҳақни; қариндошлик, диндошлик ва қўшничилик ҳақларини юклайди. Иккинчи ҳолатда икки ҳақни; диндошлик ва қўшничилик ҳаққини юклайди. Учинчи ҳолатда биргина ҳақни, қўшничилик ҳаққини юклайди.

Энди икки қўшни ўртасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ва бурчларга тўхталамиз. Қўшнининг қўшни зиммасидаги ҳаққи жуда кўп нарсада ўз ифодасини топади. Ислом динида қўшни уйида бўлмаса унинг уйини ва қўшнисига тегишли бўлган боғ-роғларига қараб туришлиги қўшнисининг зиммасига вожиб бўлади. Қўшниларнинг бир бирлари устидаги ҳаққи шунчалар кўпки, уни бирма-бир санаб ўтишни имкони йўқ. Агар қўшнинг уйи томонга қараб итингиз ҳурса, ёки қўшни ўтган-қайтганда итингиз унга аккилласа ва сиз буни кўриб билиб олдини олмасангиз қўшничилик ҳаққига хиёнат қилган ҳисобланасиз. Шунинг учун азизлар биз учун майда, ҳеч нарсага арзимайдиган бўлиб кўринган салбий ҳатти-ҳаракатларимиз ёки эътиборсизлигимиз, бошқаларнинг наздида, жуда катта ҳисобланиши мумкин.

Қўшнчилик бурчларидан энг асосийси ер, йўл ва ариқлардан келишилган ҳолда фойдаланиш бўлиб, Ислом динида қўшничилик муносабатларида, ўртадаги йўл ва сув ўтадиган ариқ, алоҳида аҳамиятга моликдир. Чунки йўл ва ариқ умуммулки ҳисобланиб, уларда қўшнидан ташқари инсонлар ва ҳайвонларнинг ҳам ҳаққи бор, айниқса сув ўтадиган ариқда ҳар бир қимирлаган жон эгасини ва набатоту дарахтларнининг ҳам ҳаққи мавжуд. Йўл ва ариққа тажовуз қилиб, уларни торайишига сабаб бўлувчи киши нафақат инсонлар ҳаққига, балки жуда кўпчиликни ҳаққига тажовуз қилган ҳисобланади. Йўлга иморат солиб юбориш, йўлдан ўзига чегаралаб қўшиб олиш, йўл четига шохлари йўлга чиқиб йўлдан ўтувчига халақит қиладиган даражада дарахт экиш йўлга тажовуз ҳисобланади. Шунингдек, ариқни торайтириш, ариқ четига дарахт экиб, (дарахт ўсиб ариқни торайтириши сабабли) ундан сувни ўтишини қийинлаштириш ариққа тажовуз ҳисобланади. Ислом динида бу ишлар, оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади, чунки мазкур нарсаларда юқорида айтиб ўтганимиздек, жуда кўпчиликнинг ҳаққи мавжуд. Ҳаққига тажовуз қилинган ҳақ эгалари қиёматда ўша тажовуз қилган кимсадан ҳаққини ундириб беришини Аллоҳ таолодан сўрайди. Энди йўл ва ариқда одамни ҳам, итни ҳам, молни ҳам, бошқа тирик жониворларни ҳам ҳаққи борлигини ҳисобга олсак, бу икки нарсага тажовуз қилган кишини қиёматдаги аҳволини бир тасаввур қилиб кўринг. Қиёматда ўша ҳақдорларни ҳар бири ўз ҳаққини ундан олиб берилишини Аллоҳ таолодан талаб қилади. Аллоҳ таоло бошқани ҳаққига тажовуз қилган золим кишини савобидан олиб, мазлум ҳақдорларга беради. Агар савоби етмаса, ҳақдорларни гуноҳидан олиб, золимга юклайди.

Жумладан, Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисда “Кимки ўзига тегишли бўлмаган ердан гарчи бир қарич бўлса ҳам эгаллаб олса, Аллоҳ таоло уни етти қават жаҳаннамни тубига ташлайди” деб айтилинган. Охиратда ҳолим вой бўлмасин деган инсон йўл ва ариққа ҳамда қўшнининг ерига тажовуз қилишдан сақланиши лозим. Агар билиб-билмай шу ишни қилиб қўйган бўлса, унда дарҳол йўл ва ариққа, қўшнига тегишли бўлган ерни, ҳақдорига қайтариши керак. Аслида ўша бир қарич ер билан инсон бойиб ёки камбағал бўлиб қолмайди. Аммо ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ўша бир қарич ер, охиратда эгаллаб олувчини ҳолини хароб қилади.

Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!” – дедилар. “Ким, ё Расулуллоҳ!”, – дейилди. “Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган одам”, – дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган). Имом Муслимнинг ривоятида: “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган одам жаннатга кирмайди”, дейилган[1]. Яъни кимнинг қўшниси унинг ёмонлик қилиб қўйишидан хавотир олиб, ундан ўзини олиб қочиб яшаса, ундай одам жаннатга кирмайди. Ушбу ҳадислардан ҳам қўшнининг ҳаққи жуда улуғ эканлигини англаб олиш мумкин. Шунингдек, бошқа ҳадисда “Агар қўшнинг яхши деса яхши одамсан, агар қўшнинг ёмон деса ёмон одамсан” деб айтилади. Қиёматда ҳам бизни яхши-ёмонлигимизга Аллоҳнинг ҳузурида энг биринчи бўлиб, қўшнининг гувоҳлиги ҳисобга олинишини унутмайлик.

Нодир ҚОБИЛОВ.
Имом Бухорий халқаро
илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

[1] http://www.muslimaat.uz/new/oila/qoshnichilik.feed.

Check Also

АЙЁМ ФАЗИЛАТИ: Етимнинг кафили

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва етимнинг кафили …