Home / МАҚОЛАЛАР / БАДГУМОНЛИК – ҚАЛБ КАСАЛЛИГИ

БАДГУМОНЛИК – ҚАЛБ КАСАЛЛИГИ

Инсон ижтимоий ҳаётда жамият аъзолари билан ўзаро муомала-муносабатда ҳаёт кечиради. Жамият бирлиги, тараққиёти шу муносабатларда акс этади. Ўзаро муносбатларнинг қандайлигига қараб жамият ҳолати, даражаси ва тотувлиги ўлчанади. Муносабатлар эса фақат муомала, ўзаро алоқа ва олди-бердидангина иборат эмас.

Муносабатлардаги асосий мезонлардан бири фикран, қалбан муносабатдир. Зеро, қалбда, ўй-хаёлда бори ташқи аъзоларга кўчади. Жамият тотувлигига раҳна солувчи қалбий офатлардан бири – “бадгумонлик”дир. Чунки, ёмон гумон ўзаро муносабат ва алоқаларнинг бузилишига олиб келади. Инсон бошқа киши ҳақида ёмон гумон қилишни бошласа, ундаги фақат ёмон жиҳатларни кўради, эшитади, излайди. Бу ҳолат уни ғийбат, туҳмат, хиёнат ва айб қидиришга ундайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар”[1].  

Ибн Касир ушбу оят тафсирида: “Аллоҳ таоло мўмин бандаларини кўп гумон қилишдан қайтарган. Кўп гумон – аҳлини, яқинларини ва бошқа инсонларни ноўрин айблаш ва хиёнатдир”, деган.

Оятда аввало кўп гумон қилишдан қайтарилмоқда. Нега деганда, инсоннинг қалбига бирор киши ҳақида гумон ўрнашса, уни тасдиқлаш ҳаракатига тушади, ҳақни тан олмасдан фақат гумонига яқин нарсаларни кўради, кўрмасада шунга интилади, айбини қидиради. Бу ўз навбатида жосуслик саналади. Йўл ўз-ўзидан ғийбат томон бурилади. Буларнинг барчасига бадгумонлик сабаб бўлмоқда. Битта қалб касаллиги бошқа офатларни ҳам етаклаб келмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ким ўзарга уриниб ўзаро ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар”, дедилар”. [2].

Ушбу ҳадисда ҳам қалб офатлари зикр қилинмоқда. Булар дастлаб қалбга жойлашади. Сўнг аъзоларга кўчади ва жамият ичра ёйилади. Инсонларнинг ўзаро муносабатларига путур етказади, бирдамликни йўқотади, муҳаббат ва дўстликни кўтаради.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам: “Аллоҳ мўминга мўминнинг қони, моли ва обрўсини, ҳамда унга нисбатан ёмон гумон қилишни ҳаром қилди”, деганда бадгумонликни ўзганинг молу жонига, обрўсига тажовуз қилиш билан бир қаторга қўймоқда.

Имом Ғаззолий эса: “Ёмон гумон – қалб ғийбати” деб айтган.

Ёмон гумондан сақланиш йўллари:

  1. Аллоҳдан ёрдам сўраш ва шайтоннинг қалбга соладиган фитнасидан паноҳ тилаш.
  2. Нафсига қарши курашиш, гумонлар орқасидан қувмаслик.
  3. Солиҳлар суҳбатига ошно бўлиш, яхши дўст топиш, ахлоқсиз кишилардан йироқ юриш.
  4. Ёмон гумон, унинг гуноҳ ва оқибатлари ҳақида ўқиш-ўрганиш.
  5. Инсонлар айбини муҳокама қилишдан тийилиш, аввало ўз айбларини тузатиш билан машғул бўлиш.
  6. Пайдо бўлган гумонни сўзламай, ташқарига чиқармасдан ундан қутилиш.
  7. Пайдо бўлган гумонни яхшиликка йўйиш.

Юқоридаги оят, ҳадис ва уламоларнинг сўзларида маънавий иллатлар аниқ тақиқ ва қайтариқ билан келмоқдами, демак бундан сақлансак бошқа гуноҳларга ҳам йўл бермаган бўламиз.

Инсон аввало ўз камчиликлари билан машғул бўлса, қалби мусаффолиги йўлида ҳаракат қилса бу ва бошқа маънавий касалликларга учрамайди, инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат сақланади.

Б. Мирзаев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Ҳужурот сураси, 12-оят.
[2] Бухорий ва Муслим ривояти.

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …