Home / МАҚОЛАЛАР / АБУ НАСР ФОРОБИЙ ТАЪЛИМОТИДА ИНСОН ЖАМОАСИ ВА МАЪНАВИЙ КАМОЛОТИ МАСАЛАЛАРИ

АБУ НАСР ФОРОБИЙ ТАЪЛИМОТИДА ИНСОН ЖАМОАСИ ВА МАЪНАВИЙ КАМОЛОТИ МАСАЛАЛАРИ

Кўҳна Шарқнинг қомусий алломаси, буюк мутафаккир Абу Наср Форобий ўзининг инсон жамоаси, унинг маънавий камолоти тўғрисидаги таълимотини бир неча асар ва рисолаларида илмий асослаб берган.

Донишманднинг фикрича, инсонлар жамоаси пайдо бўлишининг асосий сабаби-кишиларнинг энг зарурий ҳаётий эҳтиёжларидир, Бу зарурий эҳтиёжларни инсоннинг бир ўзи ярата олмайди. Буларни яратиш учун меҳнат жараёни вужудга келиши лозим, лекин бир киши меҳнат жараёнини юзага келтира олмайди, ана шунда у бошқаларнинг ёрдамига эҳтиёж сезади. “Ҳар бир инсон ўз табиати билан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади. Шу сабабли яшаш учун зарур бўлган, кишиларни бир-бирларига етказиб берувчи ва ўзаро ёрдамлашувчи кўп кишиларнинг бирлашуви орқалигина одам ўз табиати бўйича интилган етукликка эришуви мумкин. Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди” [2: 186], – дейди Форобий. Алломанинг таъкидлашича, инсонлар ана шу жамоада тинч ва осойишта яшашлари учун, ўзаро ижтимоий муносабатларга киришиб, ҳамкорликда бўлиб, бир-бирларига ёрдам бериб, жамоа аъзоларини қўллаб-қувватлаб кун кечиришлари зарур. Шу боис дейди Форобий, – “Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи бошланғич асос инсонийликдир, шунинг учун ҳам, одамлар инсоният туркумига кирганликлари туфайли ўзаро тинчликда яшамоқлари лозим” [2: 186]. Инсон ана шу фазилати туфайли ҳайвонот оламидан ажралиб туради. Жамиятнинг яшаши ва ривожланиши учун энг аввало тинчлик, осойишталик зарур. Инсонлар ўз эҳтиёжларини, орзу-умидларини одамлар билан ҳамкорликда ва ўзаро кўмаклашиш туфайли қўлга киритадилар. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, инсонсиз жамоа, жамоасиз инсон бўлмайди, жамоанинг асосини инсон ташкил этади, инсоннинг ҳаёти, унинг ижтимоий турмуши ва амалий фаолияти учун жамоа зарурдир. Демак, Форобий кишилар жамиятининг вужудга келишини табиий-тарихий жараён эканлигини таъкидлайди. Инсон ана у жамоада индивид сифатида дунёга келади, кейинчалик у ижтимоий муносабатлар жараёнида ривожланиб ижтимоий шахсга айланади. Барча болалар туғилган пайтларида бир хил табиий хусусиятга эга бўладилар, аста-секин ана шу жамоадаги муҳит таъсирида, ҳаётий тажриба ва таълим-тарбия натижасида ўзларидаги ижобий ёки салбий хислат – фазилатларини намоён қиладилар. “Инсонлар туғилганда камолотли бўлиб туғилмайди, уларнинг орасида аслида фарқ ҳам бўлмайди, уларнинг хулқи фаолияти ҳаёти ўхшаш бўлади, кейинчалик эса ўзгаради, яъни ижтимоийлашув жараёнида жамиятда одамлар минг йиллардан бери амал қилиб келаётган қадриятларни, норма ва меъёрларни қабул қиладилар. Уларга мослашадилар, воқеалар ёки муҳит таъсирида яхши ёки ёмон одатларни ўрганадилар, шу боис одамлардаги хато ва камчилик, ютуқ ёки муваффақиятлар уларда жамиятда одамлар орасида кейинчалик шаклланади. Инсон жамиятдаги қарама-қаршиликларни ўзига сингдира бошлайди, ҳар-хил мушкулотларга дуч келади. Инсон фаолиятининг адолатга яқинлиги ёки узоқлиги ақлига, хулқига, яшаган жамиятига боғлиқ. Агар унда ёмонлик фикрлари озроқ бўлса, адолатга яқин бўлади, агар кўпроқ бўлса, адолатдан узоқроқ бўлади, хулқ албатта инсоннинг яхши ёки ёмон хислатларининг нисбатига боғлиқдир” [5: 128]. Форобийнинг фикрича, одамларнинг ҳар бири ўзига хос феъл атворга эга, уларнинг ҳар бирини билиш, эътибор бериш уларнинг ҳаммаси ва ҳар бири учун зарур бўлган адолатни қарор топтириш шартдир. Фозил жамоанинг асосий мақсади ва вазифаси хам ана шундан иборат.

Мутафаккирнинг фикрича, фозил жамоанинг ҳар бир аъзоси фозил, яъни ҳақиқий инсон бўлиши лозим. Алломанинг қарашларига кўра инсон ҳам табиий жонзот, ҳам ижтимоий мавжудот. Битта инсон танасида икки олам сир-асрорлари мужассам, яъни унда ҳам табиий биологик хислатлар, ҳам ижтимоий сифат – фазилатлар мавжуд, шу билан биргаликда инсондаги инсонийлик ва ҳайвонийлик хислатлари қоришиб кетган, ана шунинг учун ҳам кейинчалик инсонлар жамиятда ижтимоий мухит таъсирида жоҳил ёки фозил одамларга айланадилар. Шу боис аллома таъкидлайдики аввало инсонни ўрганиш керак. “Ҳар бир инсон бошидан комил эмас аммо туғма равишда ўзига хос бўлган ички шуур ила босқичма-босқич комилликка жидду-жаҳд билан интилади” [1: 14]. Шу боис уни ўрганиб камолот сари йўналтириш адолатли жамиятнинг асосий мақсадидир. Инсон шунчалик мўъжизавий мураккаб ва серқирра мавжудотки, уни қанча кўп ўргансак, ўрганилмаган томонлари шунча кўп намаён бўлаверади. Ҳатто дейди Форобий, инсонлар ўзини-ўзи билмайди, ҳар бир инсон аввало ўзини, ўзлигини билиши лозим ва ўзлигини билгандан сўнг хато ва камчиликларини, жоҳил феъл атворларини тузатсагина у фозиллик даражасига, яъни ҳақиқий инсон даражасига кўтарила олади, энг юксак камолатга ва бахт-саодатга эришади. Барча буюк шахслар: Фалес, Пифагор, Суқрот, Афлотун, Зардушт, Будда, Мусо, Исо, Муҳаммад каби зотлар ҳам таъкидлаганларидек, инсон учун энг мураккаб қийин нарса ўз-ўзини билишдир. Агар инсон ўзини билса, маънавий аҳлоқий жиҳатдан ва виждонан пок бўлса, ақлий етукликка эришса у камолот инсон учун бахтдир. Инсон жамиятда яшаб ундаги ёмон одамларни, беъмани одатларни кўрса улардан тўғри хулоса чиқариб ўзини шу иллатлардан озод этса ўзгаларни ҳам шунга даъват этса ўз бурчини, инсонпарварлик вазифасини бажарган бўлади. Форобий асарларидаги бундай гуманистик ғоялар, айниқса бугунги кишилар онги ва қалби учун мафкуравий кураш кетаётган бир шароитда муҳим ғоявий аҳамиятга эга. Чунки Форобий бутун дунё халқлари тинч ва осойишта кун кечириши, давлатлар равнақ топиши, болалар бахтли бўлиши учун кишиларни жаҳолат ва нодонликка қарши биргаликда курашишга, доимо огоҳ бўлишга, ҳатто ёмонлик қилган одамга ҳам яхшилик билан жавоб қайтаришга чақирган. Унинг даъватлари алоҳида кишиларга, баъзи миллатлар ёки давлатларга тегишли эмас. У инсон ва инсонийлик деб аталган муқаддас туйғулар, қадриятлар учун курашди.

“Инсоний вужуддан мақсад дейди Форобий – энг олий бахт-саодатга эришувдир; аввало у бахт-саодат-нинг нима ва нималардан иборат эканлигини билиши, унга эришувни ўзига ғоя ва олий мақсад қилиб олиши, бутун вужуди билан мафтун бўлиши керак. Кейин бу – бахт саодатга олиб борадиган иш амал ва воситаларнинг нималардан иборат эканлигини билиб олиш зарур. Сўнгра бахт-саодатга эриштирадиган ишларни шахсан бажаришга киришмоғи лозим бўлади, шундагина у камолотга эришади. Баркамол шахсни тарбиялаб вояга етказиш инсониятни камолотга эришувининг асосий воситасидир” [6: 138]. Бунинг учун албатта ҳақиқий инсон ўзидаги маънавий ва ахлоқий нуқсон иллатлардан қутилмоғи ҳамда чин инсоний маънавий фазилатларни шакллантирмоғи лозим. Бу борада Форобий айниқса инсоннинг ақлий ва ахлоқий жиҳатларига алоҳида эътиборни қаратди. Форобий асарларида билиш, мантиқ ва ақл хусусидаги қарашлари, инсон ҳақидаги таълимоти жуда изчил ва мукаммал ишланган. Форобий таълимотида “ақл-ал фаол” оламнинг вужудга келишида – дунёвий ақл шаклида биринчи сабаб Аллоҳдан келиб чиқади. Инсон ақли дастлаб интеллект бўлолмайди, чунки у бу даражага етгунча бир неча босқични босиб ўтиши лозим. Форобийнинг фикрича, инсон илм ва ақл ёрдамида шундай маънавий баркамолликка эришадики, бу юксак маънавият инсон вафотидан кейин ҳам мангу қолади. “Камолот орқали бахт-саодат топишга интилувчи зот ҳам қалби тобора покланиб, яхшиликлар қилганига ўзининг ҳам кўнгли ўсиб, завқи ошиб бораверади ва ақлий камолотга эришади” [2: 164].

Форобийнинг таъкидлашича, инсон энг олий маънавий камолотга, умумий бахт-саодатга фақат илм-маърифат ёрдамида ақлий ва ахлоқий фазилатлар туфайлигина эришиш мумкин. Бу инсон ақл-заковатининг қудрати туфайлидир, лекин шу билан бирга инсон ақлининг босқичлари, даражалари ҳар-хил бўлади, – дейди мутафаккир. Инсон ақли бирданига юксак камолотга эриша олмайди. Инсонда аввал сезиш, яъни ҳиссиёт қуввати пайдо бўлади. Бу ташқи қувват дейилади, бунда барча сезги аъзолари ёрдамида билиш назарда тутилади. Иккинчи босқич эса ички қувват бўлиб, унга хаёл, хотира, тассавур, нутқ, фикрлаш киради, буни эса олим ақлий билиш босқичи деб атайди. Билишнинг ҳар икки босқичи бир-бири билан боғлиқ бўлиб, ҳиссий билиш орқалигина, ақлий билиш вужудга келади. Ақлли киши Форобийнинг фикрича, фақат илмларни эгаллаш билан кифояланмайди, бундай кишида ҳам ахлоқий сифатлар, ҳам маънавий-маърифий фазилатлар мужассам бўлиши лозим. “Ақлли деб шундай кишиларга айтиладики, улар фазилатли, ўткир мулоҳазали, фойдали ишларга берилган, зарур нарсаларни кашф ва ихтиро этишда зўр истеъдодга эга, ёмон кишилардан ўзини четга олиб юрадилар. Бундай кишиларни оқил дейдилар” [2: 182].

Форобий “Фозил”, яъни “Комил” инсон бўлишнинг биринчи шарти қилиб, “оқил”, яъни “ақлли” бўлишни қўяди. “Фозил” шаҳар кишиларига ҳам шундай шартни қўяди. Донишманднинг таъкидлашича, нодон ва жоҳиллардан фарқли ўлароқ, ҳақиқий инсоннинг энг асосий инсоний фазилати унинг ақллилигидир. У ақлни бир томондан руҳий жараён, иккинчи томондан эса ташқи таъсир, яъни таълим тарбиянинг натижасидир, дейди. “Форобийнинг фикрича, – дейди академик М. Хайруллаев, ақл фақат инсонгагина хос бўлган туғма қувват-руҳий куч билан боғлиқ” [4: 77].

Алломанинг уқтиришича, ақлий қувват – инсоннинг табиий хислати бўлиб, уни иккига: назарий ва амалий ақлга ажратиш мумкин. Назарий ақл деганда инсоннинг билимларни эгаллаши, яъни назарий илмлари тушунилади. Амалий ақл деганда эса инсоннинг билимларни эгаллаш йўл-йўриқлари, хоҳиш истаклари, қобилиятлари, амалий фаолиятлари тушунилади. Амалий ақлни у тайёрловчи ва муҳокама юритувчи қувватларга бўлади. Унинг тушунтиришича, ақл моддийликка ҳам, шаклга ҳам эга эмас. Табиатдаги нарса ва ҳодисаларни билиш, тушуниш мумкин. Инсоният бу нарсаларни билиш ва моҳиятини тушуниб олиш қобилиятига эга. Бу қобилият инсоннинг имконий ақлидир. Бу билишнинг биринчи босқичидир. Нарсаларнинг моҳиятини билиш аста-секин воқеликка айланади. Ақл бу имкониятни амалга оширади. Бу билан ақл воқеий ёки актуал ақлга айланади. Нарсаларнинг моддий асосларини билишга томон чуқурлашиб бораётган ақл охир оқибатда уларнинг асоси 4 элементдан ташкил топганлигини ва бу элементларнинг тузилишини билиш даражасигача етиб боради. Ердаги нарсаларнинг моҳиятини, моддий асосини билиб олган ақл энди осмоний жисмларни билишга томон мукаммаллаша боради. Бу сунгги босқичда ақл – “ақл-ал фаол”, яъни “фаол ақл”га айланади.

Шундай қилиб, Форобий мавжудотнинг келиб чиқиши, унинг бошланғич асослари ҳақидаги мулоҳозасида ақлни 6 асоснинг бири ёки аниқ қилиб айтганда, учинчиси сифатида тушунтиради ва уни фаол ақл деб таърифлайди.

Дунёвий ақл олам яралишининг босқичларидан бири сифатида инсон билан бошланғич сабабни боғлайди. Инсоннинг моҳияти, билими, унинг ақли мангулик хислатига эга бўлади. Олимнинг таъкидлашича, ақлнинг мангулиги – инсониятнинг мангулигидир, инсоният эса узлуксиз барҳаётдир. У ҳам яратувчиси сингари ва у билан бирга абадий ва мангу, Аллоҳ, материя абадий, мангу бўлганидек, инсон ақлининг натижалари, мевалари, ютуқлари ҳам абадийликка мансубдир. Инсоннинг фаол ақл билан бирлашуви унинг даражасига кўтарилиши – энг олий бахт-саодатга эришув демакдир. Форобий инсоннинг руҳий қувватлари ичида сезгиларни алоҳида таҳлил қилади. Сезгилар хаёл қувватига ҳам, ақл қувватига ҳам маълумот етказиб берадилар. Масалан, туш кўрганда дейди у, хотирадаги образлар тикланади, қўзғалади, шунда инсон тушида келажакда бўлиши мумкин бўлган нарсани кўргандек бўлади, айрим пайт хаёл қуввати шу қадар ўткир бўладики, хаёлдаги образлар ақл ёрдамида билинадиган нарсалар моҳиятига мос келади, ёки мос келгандек бўлади, шунда инсон уйғоқ вақтида ҳам туш қўргандек бўлади.

Мутаффаккирнинг фикрича, ақл ёрдамида билинадиган нарсаларни моҳияти, бевосита хаёлда ифодаланса, яъни акс эттирилса, бундай ҳолларда “авлиёлик” вужудга келади, яъни руҳонийлар “авлиёлик” деб талқин этувчи жараён вужудга келади. Бу билан Форобий авлиёлик бу қандайдир сеҳр-жоду эмас, ҳамма учун табиий жараёндир, яъни ақлий мукаммаликдир демоқчи, чунки ҳар қандай инсон ҳам илмий ва ақлий мукаммаликка эришса, “авлиё” даражасига кўтарилиши мумкин. Унинг шу ташаббуси, айни замонда, фалсафий қарашларининг энг мураккаб ва баҳсли қирраларини ташкил этади” [8: 25].

Ўрта аср шароитида маданият тараққиёти табиий-илмий билимлар ривожи ақл тўғрисидаги таълимот билан боғлиқ эди, чунки ақл мавзуси фандаги энг мураккаб бўлиб, барча илмларнинг ривожи шу мавзуни ҳал этиш боғлиқ эди. Шу сабабли барча Шарқ мутафаккирлари сингари Форобий ҳам бу масалани чуқур илмий таҳлил қилди ва М. Хайруллаев ибораси билан айтганда, “унинг ўрта аср Шарқи ва Европасида прогрессив роль ўйнаганлиги, ҳур фикрликнинг ривожига ижобий таъсир кўрсатганлиги ва илғор мутафаккирлар асарларида кенг фойдаланилганлигининг сирларини очиб беради” [7: 238-239].

Хуллас, буюк жамиятшунос, инсоншунос олим таълимоти ўзининг ғоявий мазмунига кўра жуда серқирра бўлиб, унинг инсон ақл-заковатига берган юксак бахоси, инсоннинг маънавий кучи, қобилиятларини ва истеъдодини намойиш қила билиши, умуман инсон зотини кўкларга кўтариши, унинг адолат, яхшилик, инсонийлик, дўстлик, келажакка ишонч, адолатли давлат, фозил жамият, одил ҳукмдор, баркамол шахс ҳақидаги ўй-фикрлари мустақиллик шароитида алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, уни ўрганишни даврни ўзи талаб этмоқда.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абу Наср Форобий. Фазилат, бахт-саодат ва камолот ҳақида. – Т.: Ёзувчи, 2002.
  2. Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. – Т.: А. Қодирий номидаги халқ меъроси нашриёти, 1993.
  3. Каримов И.А. Баркамол авлод орзуси. – Т., 1998.
  4. Маънавият юлдузлари. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ меъроси нашриёти, 2001.
  5. Форобий. Рисолалар. Буюк кишиларнинг нақллари-дан. – Т.: Фан, 1975.
  6. Форобий. Рисолалар. Жисмлар ва акциденцияларнинг ибтидоси ҳақида. – Т.: Фан, 1975.
  7. Хайруллаев М. Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккири. – Т.: Ўзбекистон, 1971.
  8. Қодиров М. Форобий ва тасаввурий маърифат. Сирли олам. 2001. Январь-февраль.
Хонзода ТОЖИБОЕВА,
БухДУ катта ўқитувчиси

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …