Home / МАҚОЛАЛАР / ОТА-ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ УЛКАН САВОБДИР

ОТА-ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ УЛКАН САВОБДИР

Ота-она фарзандлар учун буюк неъматлардан бири бўлиб, улар ҳар бир инсон учун жуда қадрли кишилардир. Ислом дини ота-онани ким бўлишидан қатъий назар уларга доимо яхшилик қилишга амр қилади. Ундан фарзандлар вақтида унумли фойдаланиб қолиши, уларни хизматларида қойим бўлиб туриши фарзандлар олдида турган энг катта хизматлардан ҳисобланади. Инсон туғилиб бу дунёда бахтли саодатли ҳаёт кечириши учун энг катта кўмакдош, тарбиячи бу ота-онамиздир.

Албатта инсон оила қургандан сўнг унга фарзанд дея аталмиш буюк неъмат берилади. Она фарзандга хомиладор бўлиб бир хурсанд бўлса, у туғилганида унданда ҳурсандчилиги ошади. Ота-она фарзандларига ақиқалар қилади, уларга чиройли, маъноли исмлар қўяди уларни еру кўкка ишонмасдан тарбиялаб вояга етказади, жамиятда ўз ўрнини топишлари учун тинмасдан ҳаракат қилади. Фарзандига бирор хафачилик ёки хурсандчилик етса биринчи бўлиб уни ёнида турадиган, унга тўғри йўлни кўрсатадиган ҳам ота-она ҳисобланади. Хўш биз вояга етгунимизча ота-онамиз қанча машаққатларни бошидан кечирар экан, шундай улуғ инсонларни дуоларини олиб уларга ҳамиша яхшилик улашиш, уларга чиройли гапларни гапириш фарзанд олдида турган масъулиятли шу билан бирга шарафли савоби улуғ бўлган амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таолога ибодатлардан кейинги энг мақбул ишлардан бири  бу – ота-онага яхшилик қилиш  ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилади: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” (Аҳқоф сураси 15-оят). Ушбу оятдан маълум бўладики, исломда ота-онанинг ҳақи нечоғлик улкан эканлигини кўришимиз мумкин. Аммо фарзандлар ёшликларига борибми ёки ўзларининг ўғил-қизлари билан овора бўлиб, ёши улуғ ота-оналарига бепарво бўлиб қолиш ҳолатларини ҳам учратишимиз мумкин. Шунинг учун Қуръони каримда фарзандларга тез-тез ота-оналарига эътиборли бўлишга амр қилинмоқда.

  Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен ота-онасининг ҳақини адо этмаган кимсадан покдирман”… Мен: “Ё Расулуллоҳ! Агар унинг ҳузурида ҳеч нарса бўлмаса-чи?” деб сўрадим. Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Агар улар бир ишга буюрса, “хўп бўлади”, десин, “уф”, демасин. Уларга қаттиқ гапирмасин, фақат яхши гапларни гапирсин”. Ота-она қариб ёши бир жойга бориб қолганида фарзандларига суянади. Улардан меҳр кутади, яхши сўзларни кутади ва ҳоказо. Айниқса, оналар фарзанди ишдан кечроқ келса ёки бирор жойга сафарга чиқса у то уйига қайтмагунча қалби хавотирда бўлади. Шундай пайтларда уларни тез-тез қалбларига қулоқ солиб турилса, уларга яхши кўрган ноз-неъматлардан имкон қадар олиб келиб берилса, уларга очиқ юз ила боқилса, уларга бундан ортиқ ҳеч нарса керакмас назаримда.

Фарзанд ота-она олдида уларнинг кўнгиллари хафа бўладиган ножўя сўзларни гапирмаслиги, ёмон хабарларни айтмаслиги, уларни ғазабини чиқармаслиги керак. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”. (Исро сураси 23-оят). Ота-онанинг розиликларини олиш билан бирга, уларнинг жаҳлини чиқаришдан ҳам эҳтиёт бўлишимиз лозим. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида, ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”, деганлар. (Имом Термизий ривояти). Демак, фарзандлар доимий равишда ота-онанинг хизматини қилиш пайида бўлиш керак экан.

Бизнинг халқимиз серфарзанд халқ. Ота-она оилада қанча фарзандлар бўлса ҳам, уларни ўқимишли, зиёли, тарбияли қилишга ҳаракат қилишади. Фарзанд улғайиб ўқиб, халқни корига ярайдиган бўлгандан кейин, албатта у ўз ишига, ўз обрўсига эга бўлади. Ҳозирги кунда кўпгина фарзандлар ишини деб, ота-оналаридан вақтида хабар ололмайдилар. Ҳаттоки, кунда бир марта телефон орқали сўраб қўйишга ҳам аҳамият бермайдилар. Ваҳоланки, ота-она ҳар куни ўз фарзандини кўришни, уни бағрига босишни, ундан доимо яхшилик кўришни хоҳлайди. Ота-онадан тез-тез хабар олиб туриш ҳақида муқаддас ислом дини таълимотларида ҳам кўпгина оят ва ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абу Зар Ғиффорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: “Ким ота-онасини зиёрат қилиш учун йўл юрса, Аллоҳ уни ҳар бир босган қадамига юзта савоб ёзиб, юзта гуноҳини ўчиради ва даражасини юз баробар кўтаради. Агар улар олдига яхши сўзларни сўзласа, қиёмат кунида унинг учун нур бўлади ва ота-онаси олдидан гуноҳлари кечирилган ҳолатда чиқади”.

Динимизда нафақат ота-она ҳаётлигида балки улар ўтиб кетгандан кейин ҳам уларни доимо эслаш, ҳақларига дуода бўлиш лозим бўлади. Ансорлардан бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Ота-онам ўлиб кетгандан кейин ҳам уларга яхшилик қилишим керакми?” деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ҳа, тўрт нарса билан хизмат қилишинг керак: уларнинг ҳақига дуо қилиш ва истиғфор айтиш, уларнинг аҳд ва ваъдаларини бажариш, уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш”, дедилар.

Умумий хулоса шуки, албатта ҳар бир банданинг мақсади Аллоҳнинг розилигини топишдир. Унинг розилига эришишнинг энг яхши йўлларидан бири бу ота-оналаримиз розилигидир. Агар биз шу азиз, мукаррам инсонларни ҳақиқий хизматларини адо қилсак, албатта бу дунёда ишларимиз юришиб, ҳаётда юксак марраларни забт этамиз ва охиратимизга ҳам фойдали бўлади. Азизлар ота-оналаримиз ҳаётлик вақтида уларни дуоларини олишлик ҳар бир фарзандга насиб этсин.

 Машраб Хидиров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …