Home / МАҚОЛАЛАР / ХОЖА АҲРОР ВАЛИЙ ФАЛСАФАСИДА ИНСОНПАРВАРЛИК АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАР

ХОЖА АҲРОР ВАЛИЙ ФАЛСАФАСИДА ИНСОНПАРВАРЛИК АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАР

Бой тарихимиз силсиласида ўтмишнинг бешавқат синовларига дош бериб, омон қолган табаррук битикларда муборак номлари зикр этилган шундай зотлар борки, даврлар ўтиши билан уларнинг улуғлиги ортиб бормоқда. Улар халқнинг дилида, манавиятида абадул-абад яшайдилар: бамисоли шукуҳли ва осуда кунларда эл-юрт шодлигига, оғир ва тахликали оилаларда эса қайғусига шерик бўлгандай улар гўё халқни покликка, диёнатга, адолатга ва инсофу тавфиққа ундагандай бўлади. Ўша буюк зотлар сирасига ҳазрат Хожа Аҳрор Валий (1404-1490) ҳам киради. Хожа Аҳрор Валий ҳазратлари мусулмон дунёсининг улуғ мутасаввиф донишмандлари қаторида мўътабар ўрин тутади. У ўзига қадар ўтган ёки замондош мутаcаввуф олимлар томонидан илгари сурилган исломий ғояларни зўр иштиёқ ва улуғ ният билан ўрганди, тасаввуф манзилларини босқичма-босқич босиб ўтишда захмат чекди. Алишер Навоий “Насойимул муҳаббат” асарида Хожа Аҳрор валийнинг хали тириклик чоғларидаёқ зикр этиб, “Хожа Убайдуллохнинг сўзлари шунчалик чуқур ва шунчалик буюкдирки, уларни тушуниш учун менинг фаҳмим ва идроким ожизлик қилади” [1: 279], – дея бу зотнинг тасаввуфда буюк эканликларини таъкидлаганлар. Хожа Аҳрор ўз замонасининг етук фарзанди, мутасаввиф алломаси, сиёсий арбоби ва тинчликпарвар, халқпарвар сиймоси бўлган. Шунинг учун ҳам бу улуғ инсоннинг серқирра фаолияти ва муборак шахсиятини ўрганиш ва тадқиқ этиш бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Ана шу нуқтаи назардан Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг ҳаёти суронли даврда кечган бўлса ҳам халқпарварлик, осойишталик, тинчликни инсонлар учун нақадар буюк неъмат эканлигини чуқур ҳис қилган ҳолда Мовароуннаҳрда 40 йил мобайнида тинчликни сақлаб келинишига улкан ҳисса қўшган. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор подшолар, беклар, шаҳзодалар ва умуман катта нуфузга эга бўлганлар олдида жуда катта обрўга эга бўлишига қарамай, оддий фуқаролар билан бир камтарин инсон сифатида мулоқотда бўлган, олдига бирор ҳожат билан келганларни доимо ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган, ўз ҳимоясига олган. Бу улуғ зот бирор кишига хат ёзса ўзини жуда камтарона тутиб, ким эканлигини айтиб, мактубнинг сўнгида эса “ал-фақир Убайдулло” деб имзо чекиб қўяр эдилар.Ана шундай хатлардан 128 донаси буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг тўплам қилиб сақлаб қўйган мажмуасида етиб келган ва ҳозирги кунда Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланмоқда. Бу хатлар тўплами аввало тарихий манба сифатида фан учун жуда катта аҳамият касб этса, иккинчи томондан Хожа Аҳрорнинг қандай инсонпарвар, халқпарвар шахс эканлигини, инсон ҳаётининг ҳар бир йўналишида адолат ва ноҳақликлар, зўравонлик ва жабрланишларга қарши туриб, шариат аҳкомларини, мусулмончилик қонун-қоидаларига риоя қилиш ишларида жуда катта жонбозлик кўрсатганини тўла исботлайди. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг юқорида айтиб ўтилган фаолиятининг муаммоли масалалари, унинг ижтимоий-ахлоқий, фалсафий дунёқарашлари, шунингдек, бу улуғ авлиёнинг Марказий Осиё халқлари тақдиридаги сиёсий ва гуманистик ишларни амалга оширишдаги катта хизматлари манбаларни синчковлик ва чуқур билимдонлик билан тарихнавислик нуқтаи назаридан кенг таҳлил қилиниб, тарихий ҳақиқатга зид концепциялар фандан олиб ташланиши зарур масаладир. Хожа Аҳрор Валийнинг маънавий меросини тадқиқ этиш, мутасаввифнинг ижтимоий-фалсафий ғояларини халқимизга етказиш жамиятимизни миллий-маънавий ривожлантиришни янги босқичга кўтаришда ўзининг самарасини беради. Мутасаввифнинг маънавий меросини ўрганиш миллий қадриятларимизни мустаҳкамлашда, Шарқ фалсафа тарихида билиш, борлиқ, инсон тўғрисидаги муаммоларни ҳал этиш уни тўғри англашда муҳим аҳамият касб этади. Хожа Аҳрор Валийнинг ижтимоий-фалсафий, ахлоқий қарашларини тадқиқ этиш Марказий Осиё ижтимоий-фалсафий фикр тарихини, тасаввуф таълимотини, унинг ўзига хос жиҳатлари ва тарихий негизларини чуқур англашга ёрдам беради. Хожа Аҳрор Валийнинг халқнинг оғирини енгил қилиш, халққа ғамхўрлик қилиш, баркамол инсон ҳақидаги фикрлари миллий ғоянинг илдизи сифатида ўрганилиб, ундаги манавий ахлоқий ғояларни кишилар онгига сингдириш, фуқаролик жамиятини шакллантиришда назарий манба бўлиб хизмат қилиши мумкин. Хожа Аҳрор Валий таълимотидаги ахлоқий қарашларнинг моҳияти ва марказини инсоннинг руҳий камолоти, хулқ одоби эгаллайди. Хожа Аҳрор Валийнинг Хожа дейилганлигига сабаб хожагон тариқатининг вакилларидан бўлганлар. Аҳрор – арабча сўздан олинган бўлиб, “ҳур, озод” демакдир [4: 108]. Тасаввуфда уч хил озодликдан халос топган кишига ҳур деб ном берилади. Биринчиси, ҳайвоний ва шаҳвоний ҳис-туйғуларни енгиб, уларнинг асирлигидан қутулиш. Иккинчиси, ўзининг барча хоҳиш ва иродасидан воз кечиб, фақат Аллоҳнинг иродасига таслим бўлишлик. Учинчиси, расм-русум ва ҳаёт кечиришнинг барча одат ва анъаналаридан озод бўлиб, илоҳий нур ёғдусига ғарқ бўлишлик. Хожа Аҳрор Валий шундай сифатларга эга бўлганликлари учун ҳам бу номга мушарраф бўлганлар [2: 109]. Валий [2: 110] – арабча сўздан олинган бўлиб, луғавий маъноси “дўст”, “эга”, “яқин” бўлиб, тасаввуфда Аллоҳнинг зоти ва сифатларини имконияти борича яхши билган, унинг буйруқларини бажариб, гуноҳ ишлардан ўзини сақловчи мўъмин-мусулмон одамга айтилади [5: 352]. Хожа Аҳрор Валий ахлоқий ғояларини рашҳалар, яъни ҳикматли сўзларида баён этганлар. Уларда бева-бечора ва муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, хайр-эҳсон қилиш, ахлоқий пок одамни тарбиялаш, сабр-қаноатли бўлиш, нафсини тийиш, молу дунёга ҳирс қўймаслик, ҳалол меҳнат билан шуғулланиш, покланиш йўли билан руҳий юксакликка кўтарилиш ҳақида фикр юритганлар. Хожа Аҳрор Валий инсон руҳий камолотида холис, тамаъсиз хизмат – эзгу ишларнинг аҳамияти ниҳоятда катта эканлигини таъкидлаганлар, уларни зикр ва муроқабадан устун қўйганлар. Мутасаввиф “зикр ва муроқабани ул вақтда хизмате бўлмасаким, ондин мусулмонга роҳате етушур бўлса” шу вақтда мумкин деган. “Ва хизматеким, кўнгул оларнинг қабулига сабаб бўлса, зикр ва муроқабадин муқаддам турур” – деб, нафл ибодатдан ҳам хизматни устун қўйганлар. “Хизматнинг самараси муҳаббат ва кўнгилларга тамкин турур”, “Ҳаргиз навофилнинг асароти ва самароти ул асар ва самара натижаким, мўъминларнинг муҳаббатига мураттаб бўлур, онинг била баробар бўлмас” [5: 352]. Хожа Аҳрор Валий 18-рашҳасида Баҳоуддин Нақшбандни ҳиммат ҳақидаги ғояларини айтиб, инсон камолотида кучли талаб, ирода, нафсдан ғолиб бўлиш кераклигини уқтириб ўтган. Манбалар Баҳоуддин Нақшбанд руҳий камолотида ҳимматнинг ўрни катта бўлганлигини кўрсатади. Хожа Аҳрор Валий 29-рашҳасида нақшбандия йўли учун ботин, моҳият, қалб ҳаракати, ҳолати асосий эканлигини айтади, зоҳирпарастлик, қилу қол сўзи асосий эмаслигини таъкидлайди. Унда айтадиларки, Баҳоуддин Нақшбанд меҳмонхоналарида икки киши иймондан баҳс қилардилар. Уларнинг сўз баҳслари узоққа чўзилгач, Баҳоуддин уларнинг сўзлашувларини эшитиб, ёнларига келиб айтдилар: “Агар манинг суҳбатимни хоҳларсизлар сизларга иймондин ўтмак керакдур [5: 332-333]. “Бу ерда “иймондин ўтмак керак” деганда сўзлар иймонни зоҳиран тушунадиган чегарадан ўтиб, асл иймон ҳолига тушиш кераклиги назарга олинади. Бу билан Хожа Аҳрор Валий Баҳоуддин Нақшбандга асосланиб, тасаввуф ҳол илми эканлиги, қалб ҳолати билан боғланганлигини айтиб, асосий эътиборни ҳар бир тушунча, нарса ва ҳодисанинг мазмун-моҳиятига қаратиш лозимлиги, уни моҳиятини англаш, уни тўла қабул этиб, улғайиш кераклигини таъкидлайди. Бу ҳолат инсонга риё, кибр, тамаъ каби нафс истакларидан қутулишга ёрдам беради. Аҳрор Валий 43-рашҳаси Рашҳанинг асосий ғояси Қуръони карим ва Ҳадиси шариф – икки нурни эгаллаган шахс, албатта нажот топади, ундай шахсга зоҳиран бирор шайхга боғланишга зарурат йўқлигидир. Камолотга эришаман деган киши уларни ўқиб, моҳиятини англаса ва шунга уйғун амал қилса, мақсадига етиши мумкинлигини Баҳоуддин Нақшбанду Хожа Аҳрор Валийлар башорат қилганлар [3: 100-104]. Хожа Аҳрор Валий ўзлари айтган қудсий каломлардан иборат рашҳаларнинг 58 чисида Баҳоуддин Нақшбанд таълимотидаги энг муҳим томонлар ўз аксини топган. Хожа Аҳрор Валий ва Баҳоуддин Нақшбанднинг бу ўгитлари ва рашҳалари шундан далолат берадики, улар бутун борлиқдаги барча нарсалар бир-бирига боғлиқ ва бир-бирига таъсир этади деб билганлар. Инсоннинг амали, хулқи, ҳолати жонли ва жонсиз нарсаларга таъсир этиши ва улар ўз томонидан қайтиб инсонга акс таъсир этиши мумкинлигини айтмоқдалар. Ғафлат, паришонлик ҳолати сув, ўтин, овқат таркибига ёмон қувват бўлиб кириб, уни истеъмол этган, ундан фойдаланган инсонга ҳам зулмат, ғафлат ва паришонликни туғдиради ёки шундай қувватларни тортади. Қалб огоҳлиги билан, меҳр-муҳаббат, шукроналик билан муносабат сув, таомни ҳам шу сифатли қилиб, истеъмолчи вужуди ва руҳиятига нур бўлади. Баҳоуддин Нақшбанд ғазаб, кароҳат билан таомга бир кафкир урилган бўлса, ҳам бундай таомни емаганларки, бу бутун вужудда иллат туғдиради [5: 361-362]. Шу билан инсонлар доимо тупроққа ҳам, сувга ҳам, ўсимлик ва бутун борлиққа эзгу, хайр ният билан, меҳр- муҳаббатли муомала билан муносабатда бўлиши лозим демоқдалар. Бу ҳолат агар кундалик турмуш тарзимизга айланганда, ҳозирги умумбашарий муаммолар ҳам бўлмасди ва шу руҳда ёшларни тарбияласак қалб экологияси бутун борлиқни гўзал қилиш воситаси бўлади. Бу билан Хожа Аҳрор Валий ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳам, инсон “Даст ба кору, дил ба Ёр”да бўлиши, ҳалол меҳнат қилиши учун тана ва руҳ талаби бўлган таом ейиш ва ухлашга меъёрда муносабатни зарурий деганлар. Чунки таом емаслик танани, уйқусизлик руҳни касал қилади. Натижада инсон меҳнат ҳам, ибодат ҳам қилолмайди, демакки бандалик вазифаларини адо этиб билмайди. Ҳолбуки тириклик бандалик учундир. Нақшбандия таълимотини асосий тамойилларидан бири “хилват дар анжуман” бўлиб, бир томондан, у “Даст ба кору, дил ба Ёр”лик ҳолатига ёрдам берса, иккинчи томондан, суҳбат орқали хилватдаги шуҳрат ва кибру ҳаводан инсонни сақлайди, учинчидан, комили мукаммаллар билан инсон зоҳири ва ботинида ниёзмандлик, шикасталик, камтаринлик ва фақру фанони муяссар этади. Хожа Аҳрор Валий муомала маданиятининг асоси бўлган суҳбат одобига катта эътибор берганлар ва инсон ўз ҳамсуҳбатига эътибор бериши лозим, инсонни амал ва ахлоқи, сўз ва муносабатлари унинг вужуд ва руҳиятига ўз таъсирини қолдириши мумкинлигини айтади. Яхши ҳамсуҳбат таъсиридан эзгулик, илоҳий сифатларга тортиш ҳосил бўлса, ёмон ҳамнишин инсонни таназзулга олиб келувчи амалларга тортади. Хожа Аҳрор Валий инсон камолотида ҳамсуҳбатининг яхши ёки ёмонлиги, албатта, таъсир этади дейди. “Чунки Ҳақ жалла жаллалоҳу дилни шундай яратганки, одам ким билан суҳбатдош бўлса, ўша одамнинг суҳбатидан таъсир олади” [7: 35]. Инсонда қалб – дил борки, у жуда таъсирланувчан ва ўзгарувчандир. Хожа Аҳрор Валий айтадики, агар инсон мотамзада билан ўтирса, унда ғамгинлик, агар шод киши билан ҳамсуҳбат бўлса шодлик пайдо бўлади. “Бу дилнинг комиллик қобилияти туфайлидир. Агар унда қобилият бўлмаганда эди, камолотларни ҳосил қилиш мумкин бўлмас эди” [6: 38], – дейди Хожа Аҳрор Валий. Бу билан инсондаги қалбни тез ўзгарувчан ва таъсирчанлиги инсониятга комиллик сари тараққий этиш учун қобилият эканлигини таъкид этади. Шунинг учун Хожа Аҳрор Валий инсон камолотида ҳамсуҳбатнинг ўрни катта эканлигини англаб, шундай ўгит беради: Суҳбат пирининг биринчи насиҳати бу ҳарфдирки, Ножинс ҳамсуҳбатдан узоқда бўлинг! Хожа Аҳрор Валий ножинс кишини “дунёни ўз қибласи деб билган одамлар”, яъни инсон зоти, жинсига уйғун бўлмаганлар, ёки аҳмоқлар дейди. Қуйидаги байтда шундай баён этади: Исо алайҳиссалом қочгани каби аҳмоқлардан қочгин, аҳмоқ суҳбати кўп қонларни тўккан, ёмон ҳамсуҳбат инсон камолоти учун жуда зарарли эканлигидан, Хожа Аҳрор Валий уни илондан ҳам бадтар дейдилар ва шундай ёзадилар: Аллоҳу-с-Самад зоти поки ҳаққи, Ёмон илон ёмон дўстдан кўра яхшироқдир. Ёмон илон соғ одамнинг жонини олади, ёмон дўст эса дўзах олови сари этади [6: 38]. Илон заҳридан соғ одам ўлса ҳам, лекин унинг имони бутун қолади. Аммо ёмон ҳамсуҳбат инсонни имондан айириб, икки оёқли ҳайвонга мубаддал қилиб, дўзахий қилади. Тил билан илм ўрганиш, қўл билан ҳунар ўрганиш мумкин, лекин фақр мақоми, яъни ўзни Аллоҳ олдида ниёзманд, шикасталик камтарин ҳолатда ҳис этиш содиқ, мард, азиз-авлиёлар суҳбати билан амалга ошади, дейди Хожа Аҳрор Валий. Хожа Аҳрор Валий ақлни қалб посбони, дейди [8: 22]. Ақл тил, кўз ва қулоқ устидан назорат қилиши билан қалб ҳолатини асрайди. Чунки инсон ҳамсуҳбатини кўзи билан кўриб, яхши ёки ёмонлигини кўради, қулоғи билан унинг сўзларини эшитиб, қанақа одамлигини пайқайди. Тили билан ё унга эргашади ёки уни рад этиб, уни инкор қилади. Хожа Аҳрор Валий деганларки, суҳбат асносида ножинс, номуносиб кишини ўзи бўлмаса-ю, унинг бирор нарсаси бўлса ҳам, ундай суҳбатнинг файзи кетади. Мисол қилиб келтирадиларки, Хожа Аҳрор Валий суҳбатида бир муридларининг бегонанинг чопонини кийиб келганини пайқаб, у чопонни ечиб ташлагандан кейин суҳбат исталган даражада бўлган ва етарли файзу футуҳ ҳосил бўлган. Демак, бу рашҳа ёмон кишининг ўзидан ҳам, унга тегишли барча нарсалардан ҳам узоқроқда туриш лозим, деган Хожа Аҳрор Валий айтадиларким, ёмон ҳамсуҳбат, нафсга берилган бўлса, у билан ўтган вақт зоеъ кетади, нобуд бўлади ва у сизни ейди, яъни сиздаги ижобий қувват, фазилатларингизни йўқотади. Инсон руҳияти, сифати суҳбатдошига таъсир этади, яъни устоз-шогирд сифатида кўпроқ мулоқотда бўлса. Шунинг учун тасаввуфда устоз танлашга ҳам жуда эътибор берганлар. Хулоса қилиб айтиш мумкинки: Хожа Аҳрор Валийнинг тинчлик, аҳиллик ва ижтимоий ҳимояга оид қарашлари муроса фалсафасига уйғун бўлиб, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, эл фаровонлиги, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик каби бунёдкор ғояларнинг амалга ошишига хизмат қилади. Хожа Аҳрор Валий қарашларидаги ахлоқий фазилатлар талқинини таҳлил этиш кўрсатадики, у баркамол инсон деганда, ахлоқан пок, юксак ахлоқий фазилатларни ўзида шакллантирган меҳнатсевар, халқпарвар инсонни тушунган. Мутасаввифнинг ижтимоий ҳамкорлик, аҳиллик ва тинчликка доир ғоя ва тажрибалари миллий ғоямизнинг тарихий, фалсафий илдизларидан биридир. Хожа Аҳрор Валийнинг ижтимоий – ахлоқий қарашлари муҳим ҳисобланиб бугунги глобал замонда ёшларни турли хил ёт ғоя ва мафкуралардан ҳимоялайди ва тарбиялайди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Алишер Навоий (Насойим ул мухаббат) мукаммал асарлар тўплами. Т. 17. – T., 2001.
  2. Бобохонов Ш, Мансур А. Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи. – Т.: Мовароуннаҳр, 1993.
  3. Наврўзова Г. Баҳоуддин Нақшбанд. – Бухоро: Фалсафа ва ҳуқуқ институти, 2009.
  4. Турар Усмон. Тасаввуф тарихи. – Т.: Истиқлол, 1999.
  5. Фахруддин Али Сафий. Рашоҳоту айнил ҳаёт. Табдил – М. Ҳасаний. – Т., 2004.
  6. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи Анфоси Нафийса /Табаррук рисолалар/ Нашрга тайёрловчи, таржимон, сўз боши ва изоҳ муаллифлари: М. Ҳасаний, Б. Умрзоқ, Ҳ. Амин. – Т.: Адолат, 2004.
  7. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи Волидиййа. /Табаррук рисолалар. Нашрга тайёрловчи, таржимон, сўз боши ва изоҳ муаллифлари – М. Ҳасаний, Б. Умрзоқ, Ҳ. Амин. – Т.: Адолат, 2004.
  8. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи Ҳавроиййа /Табаррук рисолалар. Нашрга тайёрловчи, таржимон, сўз боши ва изоҳ муаллифлари – М.Ҳасаний, Б. Умрзоқ, Ҳ. Амин. – Т.: Адолат, 2004.
Ислом ҲАМДАМОВ,
СамДЧТИ катта ўқитувчиси

Check Also

ЎСМИР ХУЛҚ-АТВОРИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ДЕТЕРМИНАНТЛАРИНИ ЎРГАНИШ

Ўсмир хулқ атвори тушунчасини таҳлил этиш, унинг ижтимоий-фалсафий хусусиятларини  ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Хулқ-атвор, яъни …