Home / ЯНГИЛИКЛАР / Имом Бухорий маърифатга етаклайди

Имом Бухорий маърифатга етаклайди

21 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида «Имом Бухорий маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти» мавзуида онлайн семинар ташкил этилди.
 
Ислом оламининг етук алломаси, буюк ватандошимиз таваллудининг 1210 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда олимлар, соҳа мутахассислари, Республика маънавият ва маърифат марказининг вилоятлардаги бўлимлари вакиллари, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
 
Марказ раҳбари Ш.Зиёдов бугунги кунда «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида олиб борилаётган маънавий тарғибот ишларида буюк муҳаддис илмий мероси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Семинар қатнашчилари ҳам кейинги йилларда аллома асарларини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида амалий саъй-ҳаракатлар туфайли бу маънавий меросининг янги қирралари очилаётганини қайд этдилар.
 
– Биргина марказимиз томонидан кейинги икки йилда буюк муҳаддислар ва заминимиздан етишиб чиққан алломалар ҳаёти ва фаолияти, улар асарлари билан боғлиқ 50 га яқин рисола ва китоблар нашр этилди – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари О.Муҳаммадиев. – Бу ўринда «Имом Бухорий», «Имом Бухорий – муҳаддислар султони», «Имом Бухорий таърифи», «Сулосиётул Бухорий», «Биррул волидайн», «Одобинг офтобинг» сингари китобларни алоҳида қайд этишимиз лозим. Бу асарларнинг ҳар бири халқимизни фақат эзгуликка, маърифатга чорлайди. Буюк муҳаддис меросидан кўпроқ баҳраманд бўлишимизга хизмат қилади.
 
Семинарда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида аллома меросини ўрганиш ва халқимиз ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш йўлида олиб борилаётган ишлар, нашр этилган китоб ва рисолалар ҳақида маълумот берилди.
Манба: ЎзА

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …