Home / МАҚОЛАЛАР / РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, меҳр-шафқат, эзгулик, хайру-саховат, ибодат, дуо, таровеҳ ва Қуръон ойи бўлмиш муборак Рамазон ойи ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан ташриф буюриб, бошимиз узра соябон бўлиб турибди. Юртимиз мўмин-мусулмонлари ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш бу ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олдилар.

Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”, деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 185-оят). Ушбу оятда Рамазон ойининг бошқа ойлардан афзаллиги, уларга нисбатан устун эканига далолат бор.

Ушбу ойнинг фазилатларидан бири шуки, унда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон келса, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади”, дедилар (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

Имом Термизийнинг лафзида шундай дейилган:Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилади, уларнинг бирортаси очилмайди. Жаннатнинг эшиклари очилади, уларнинг бирортаси ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!”, деб нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган бандалари бўлади. Ҳар кеча шундай бўлади”.

Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига берилган бешта хислатдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай деб ривоят қилган:

“Менинг умматимга Рамазон ойида аввалги умматларга берилмаган беш хислат берилади:

1) Рўзадор оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида миск (мушки анбар) ҳидидан ҳам хушбўйроқдир;

2) Ифтор қилгунларига қадар фаришталар уларнинг хақларига истиғфор айтиб турадилар;

3) Аллоҳ ҳар куни жаннатини зийнатлаб унга айтади: “Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан халос бўлиб, сенга келадилар”;

4) Бу ойда шайтонларнинг катталари занжирбанд қилиниб, бошқа ойлардаги эркинликларига эга бўлолмайдилар;

5) Охирги кечада уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади”.

“Эй, Расулуллоҳ! У кеча Қадр кечасими?”, деб сўралди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, қачон амал қилувчи амалини тугатгач, шунда унинг ажри (иш ҳақи) тўлиқ қилиб берилади”, дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган). Бу беш хислатни Аллоҳ таоло бизлар учун сақлаб, бошқа умматлар орасидан бизларни улар билан хослаб, неъматини бизларга тўлиқ қилиб берди. Аллоҳ таолонинг неъмати ва фазли бизларга нақадар кўп!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни уйларида ифторлик қилсалар: “Агар уйларингизда рўзадорлар ифторлик қилса ва сизларнинг пок таомларингиздан еса, сизларнинг устиларингизга фаришталар туширилади”, дердилар”.

Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири шуки, бу ойда Қадр кечаси бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазон ойини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади, кимки Қадр кечасини бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни Қадр кечаси ҳақида хабардор қилиш учун олдимизга чиққанларида мусулмонлардан икки киши ўзаро тортишаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мен сизларни Қадр кечаси ҳақида хабардор қилиш учун чиққандим. Фалончи билан фалончи ўртасида тортишув бўлаётганидан (уни) унутдим. Эҳтимол, бу хайрлидир. Уни охирги ўн кунликнинг бешинчи, еттинчи ва тўққизинчи кечаларидан изланглар”, дедилар”.

Рамазон ойининг фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилган: “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”. Унинг охирги ўн кунлиги “дўзахдан озод бўлиш” кунлари саналади. Шу билан бирга, Рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз кишилар дўзахдан озод қилинади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор”, деганлар.

Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”, дедилар (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривоят қилган). Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифторликдан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор ифторлик қилгунича ва мазлумнинг дуоси”, дедилар (Ибн Можа ва Имом Термизий ривоят қилган).

Бу зикр қилинганлар Рамазон ойининг барча фазилатларини тўла қамраб ололмайди. Рамазон ойининг фазилатларини санаб адоғига етказиш мушкулдир. Аллоҳ таолодан бу муборак Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилишини сўраймиз. Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин. Аллоҳ таоло жонажон юртимизни Ўзининг ҳифзу-ҳимоясида асрасин!

А. ШОНАЗАРОВ
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …