Home / АЛЛОМАЛАР / Хартанг ва Харқондан чиққан алломалар

Хартанг ва Харқондан чиққан алломалар

Мовароуннаҳрнинг кўзга кўринган Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Хоразм каби шаҳарлардаги маданий ҳаёт ва ҳукмронлик қилган сулолаларнинг илм-маърифатга бўлган иштиёқи ва бу марказлашган шаҳарлардаги илмий муҳит ўз даврининг машҳур алломаларини жамлади. Ҳамда турли соҳаларга оид мактаблар ташкил этилиб, каломшунос, муҳаддис, фиқҳшунос олимларни етишиб чиқишига туртки бўлди. Бугунги кунда Хўжа Исмоил шаҳарчаси номи билан номланиб келаётган шаҳарчанинг тарихий манбалардаги номи “Хартанг” қишлоғи деб аталган. Абу Саъд Абдулкарим Самъоний “ал-Ансоб” асарида “Хартанг Самарқанддан уч фарсах узоқликда жойлашган қишлоқ бўлиб, у ерда машҳур аллома муҳаддис Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳунинг қабри жойлашган. У ерга борганимда алломанинг қабрини тўрт маротаба зиёрат қилдим[1] деб маълумот келтиради. Шунингдек, бу ерда ҳадис илмига ўз ҳиссасини қўшган алломалардан бири;

Ғолиб Хартангий. Алломанинг тўлиқ исми Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий Самарқандий ҳадис илми борасида етук аллома бўлиб, кўпгина муҳаддислардан ҳадис тинглаб, ривоят қилган. Ҳадис истилоҳига оид илми билан шуғулланган. Имом Бухорий Бухородан Самарқандга келганларида алломанинг уйида истиқомат қилган. Имом Бухорий алломанинг уйида яшаб, шу ерда вафот этганлиги учун у кишини кунясини “Шайх” деб аташган. Хатиб Бағдодий “ал-Муттафақ ва ал-муфтароқ” асарида “Азҳарийнинг менга хабар беришича, Абу Саид Идрисий Имом Бухорий Самарқандга бораётиб, шу кишининг меҳмони бўлган ва алломанинг Хартангдаги уйида яшаб, шу ерда вафот этган. Дафн маросими билан боғлиқ бўлган сарф-ҳаражатларни ҳам аллома ўз зиммасига олди”[2] дея маълумотлар келтирилади. Орадан кўп вақт ўтмасдан Ғолиб Хартангий ҳам милодий 879 йилда вафот этади ва ўзининг васиятига биноан Имом Бухорийнинг қабри ёнига дафн қилинади.[3] Аллома бир қанча муҳаддис алломалардан ҳадис тинглаган ва ривоят қилган. Ғолиб Хартангийдан эса, бошқа уламолар ҳадис ривоят қилишган. Бу қишлоқнинг нисбаси билан бир қанча исломий, дунёвий илмлар билан машғул бўлган алломаларни исми келтирилган аммо улар ҳақида тарихий манбаларда тўлиқ маълумотлар учрамаганлиги сабабли, уларни исмларини келтиришни жоиз деб билмадик.

Харқоний қишлоғи Самарқанддаги қишлоқлар ичида машҳур работи билан ном қозонган бўлиб, ушбу қишлоқ Самарқанддан беш фарсах ўзоқлиқликда жойлашган бўлиб, “Работи воиз” деб аталган. Бу нисба остида бир қанча алломалар етишиб чиққан улардан;

Аҳмад Харқоний. Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Абдураҳмон ибн Абдураззоқ Аббосий ал-Шоший ал-Харқоний Форобий. Аллома адиб, солиҳ, муҳаддис алломалардан бўлиб, отаси асли шошлик бўлган. У киши Самарқандда милодий 1103 йил Харқон қишлоғида тўғилиб, Фороб қишлоғида яшаган. Аллома муҳаддис алломалардан ҳадис тинглаб, улардан ҳадис ривоят қилган. Аҳмад Харқонийдан эса, уламолар ҳадис ривоят қилишган. У киши милодий 1112 йилда вафот этган[4].

Аҳмад Харқоний. (ал-Қози) Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Юсуф Харқоний. Аллома яшаб турган қишлоғининг одил қозиси бўлган. Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Харқоний ҳадис, тасаввуф, фиқҳ илми борасида етук мутахассис олим бўлиб, олимларнинг баҳс-мунозараларида қатнашган. Алломани “Моҳи андаржиба” яъни (Халат ичидаги ой) номи билан машҳур бўлган. Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Харқоний милодий 1106 йил Фороб қишлоғида вафот этган[5]. Аллома кўпгина алломалардан ҳадис тинглаб, ривоят қилган.

Бакр Харқоний. Бакр ибн Абдуллоҳ ибн Абдураҳим Харқоний. Аллома Харқон қишлоғини масжид имоми ва илм борасида ўткир зеҳнли бўлганлиги боис алломалардан кўп ҳадис ёд олган ва ривоят қилган. Уламолар эса, у кишидан ривоят қилишган. Аллома милодий 1131 йилда аср намози пайтида вафот этиб, Чокардиза қабристонига дафн этилади[6].

Ҳусайний Алавий ал-Харқоний

Саййид Абу Шиҳоб ибн Аҳмад ибн Ҳамза Ҳусайний Алавий ал-Харқоний. Саййид Абу Шужанинг укаси бўлиб, Хотиб Абуқосим Замзамий, Ҳофиз Абу Хафс Умар ибн Муҳаммад Насафий ва алломанинг ўғли алломадан ривоят қилишган. Аллома 1130 йил ражаб ойида 76 ёшида Самарқандда вафот этган ва Самарқанд жомеъ масжиди рўпарасига дафн этилган[7]

Юсуф ибн Абу Яъқуб ал-Харқоний

Абу Али ал-Ҳусайн ибн Юсуф ибн Абу Яъқуб ал-Харқоний. Аллома имом-хатиб, фозил фақиҳ бўлиб, уламолардан бошқалар эса ундан ҳадис ривоят қилганлар. Аллома 1043 йилда туғилган,1156 йилда вафот этган[8].

Аҳмад Абу Муҳаммад ал-Харқоний

Масъуд ибн Маҳмуд ибн Аҳмад Абу Муҳаммад ал-Харқоний. Аллома ўз даврининг етук фозил олими бўлган. Отасидан сўнг Харқоннинг хатиби бўлган ва Харқон бош қозисининг ўринбосари лавозимида ишлашни хоҳламаган ва бўйин товлаган. Харқон қозиси эса ўз мақсадида қатъий туриб олгач, у Қошғарга қочиб кетиб, аллома ўша ерда вафот этган[9]

Юқорида келтирилган маълумотлардан шуни билишимиз мумкинки, бугунги кунда Харқон қишлоғининг археологик-географик жойлашган ўрни аниқ эмас. Харқон, Хартангдан юзлаб аллома, мутафаккирлар етишиб чиққан бўлса-да уларнинг илмий мерослари номаълумдир. Бу алломаларнинг ҳаёти, фаолияти илмий­маънавий меросини ҳар томонлама чуқур тадқиқ қилиш ва бу қишлоқларнинг археологик-географик жойлашган ўрни, тарихини ўрганиш билан бир қаторда, бу алломаларнинг илм-фан ривожида тутган ўрни ҳиссасини аниқлаш ҳар бир тадқиқотчининг вазифаси ҳисобланади. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими мутахассиси,
И.Даурбекова
[1] Абу Саъд Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут, 1988. – Б.340
[2] Хатиб Бағдодий Мутафақ ва ал-муфтароқ Ж.3. Б-201
[3] Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Муъжаму-л-булдон. Ж.5. – Байрут. Дору-л-фикр, – Б.115
[4] Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Муъжаму-л-булдон. Ж.2. – Байрут. Дору-л-фикр, – Б.412
[5] Абу Саъд Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут, 1988. – Б.348
[6] Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Муъжаму-л-булдон. Ж.2. – Байрут. Дору-л-фикр, – Б.348
[7] Абулқосим Ҳасан ибн Башир Омидий. Таж ал-арус Ж.1. Б-6279
[8] Абу Саъд Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут, 1988. – Б.348
[9] Абулқосим Ҳасан ибн Башир Амидий. Ал-жаваҳир ал-музият фи табақоти ал-ҳанафия Ж.1. Б- 464

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …