Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАММАД ИБН ФАЗЛ БУХОРИЙ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

МУҲАММАД ИБН ФАЗЛ БУХОРИЙ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

Муҳаммад ибн Фазл Абу Бакр Фазлий Каморий 301/912 йилда Бухоронинг Камор (Қумор) қишлоғида туғилган. Йирик фақиҳ бўлиб, асосий илмни Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис Субазмунийдан олган.

Бу ҳақда Абдулҳай Лакнавий ўз китобида қуйидагича ёзади: “У фиқҳ илмини Устоз Абдуллоҳ Субазмунийдан, у Абу Ҳафс Сағирдан, у отаси (Абу Ҳафс Кабир Бухорий)дан, у Муҳаммад (Шайбоний)дан олган”[1].

Муҳаммад ибн Фазл Бухорийнинг фиқҳ соҳасидаги фикр ва қарашлари барча олимлар томонидан қабул қилинган. Ҳатто Ўрта асрларда ёзилган барча фиқҳ китобларида унинг қарашлари ҳужжат сифатида келтирилган.

Агар X-XI асрларда Бухоро ва унинг атрофида ислом ҳуқуқшунослигининг ривожини кузатсак, барчаси Муҳаммад ибн Фазл номи билан боғлиқлигининг гувоҳи бўламиз[2].

Бухоро ва унинг атрофидан етишган барча олимлар силсиласида Муҳаммад ибн Фазлнинг номини кўрамиз. Бу ўша даврда унинг илмий ва ҳуқуқий салоҳияти юқори бўлганини, барча илм аҳли томонидан эътироф этилганини кўрсатади.

Муҳиддин Ҳанафий “Ал-жавоҳирул музийя фий табақотил Ҳанафийя” асарида қуйидаги воқеани келтириб ўтади: “Муҳаммад ибн Фазл Фарғона шаҳрига келди. У ерда уламолар орасида, минбарда дарс бериб турган Қозихонни кўрди. Ўшанда Қозихон Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбоний орасидаги бир хилофли масалани зикр қила туриб, Абу Юсуфнинг гапини Муҳаммаднинг гапи, Муҳаммаднинг гапини Абу Юсуфнинг гапи билан чалкаштириб қўйди. Шунда Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл унга: “Чалкаштирдинг”, деди. Қозихон: “Йуқ, чалкаштирмадим”, деди. Абу Бакр: “Агар чалкаштирмаган бўлсанг, аслида Абу Юсуфнинг гапи бундай-бундай бўлади ва Муҳаммаднинг гапи бундай-бундай бўлади”, деди-да, сўнг бир нечта масалаларни айтиб берди. Шунда Қозихон минбардан тушиб, уни қучоқлаб олди. Сўнг унинг қўлларини ўпиб: “Адашмасам, сиз Муҳаммад ибн Фазл Каморий бўлсангиз керак”, деди. У: “Ҳа”, деди. “Ундай бўлса, бу мажлисга дарс ўтишга мендан кўра сиз ҳақлироқсиз”, деди”.

Муҳаммад ибн Фазл кўплаб фақиҳ олимларни тарбиялаган. Исмоил ибн Ҳусайн ибн Али ибн Ҳусайн ибн Ҳорун Бухорий, Қози Абу Али Ҳусайн ибн Хизр Насафий, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муслим Шиконий, Абдуллоҳ ибн Фазл Хайзохазий, машҳур “Кифоя аш-Шаъбий” асари муаллифи Абу Жаъфар ибн Абдуллоҳ Уструшаний кабилар унинг шогирдлари ҳисобланади.

Бу фақиҳлар орасидаги Абу Исҳоқ Шиконий ҳақида Самъоний бундай дейди: “Абу Иcҳоқ Иброҳим ибн Салим Шиконий фақиҳ ва фозил имом эди. Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлдан фиқҳ илмидан таълим олган. У Бухорода Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлнинг имло мажлиси пешволаридан эди”[3].

Ҳанафий мазҳабининг машҳур фақиҳи, араб тилида ёзилган тасаввуфга доир энг дастлабки тартибли асарлардан бирининг муаллифи Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ Калабодий Бухорий ҳам Муҳаммад ибн Фазлнинг шогирди бўлган. Манбаларда у ҳақида “Муҳаммад ибн Фазлдан ҳуқуқдан таълим олган…”[4], деб келтирилади.

Муҳаммад ибн Фазл ўзи йирик фақиҳ бўлиши билан бирга, фақиҳлар сулоласига ҳам асос солган. Унинг авлодларидан етишиб чиққан олимлар Фазлий нисбаси билан аталган. Усмон ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Фазл Бухорий Фазлий (1035-1114), Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Усмон ибн Иброҳим Фазлий (1122-1139), Абу Бакр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Фазл Бухорий Фазлий (ваф.1154) каби йирик олимлар унинг авлодларидир. Самъоний ушбу сулола вакиллари ҳақида кўплаб маълумотлар келтириб ўтган.

Хусусан “Ал-Ансоб”да унинг авлоди бўлган Усмон ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Фазл Бухорий Фазлий ҳақида қуйидагича келтирилади: “Абу Амр Усмон ибн Иброҳим Бухорий Фазлий Бухоронинг имоми, солиҳ олим ва чиройли сийратли эди. 426/1036 йилнинг рамазон ойида таваллуд топиб, 508/1115 йилда Бухорода вафот этган”[5].

Муҳаммад ибн Фазл Бухорий илмий меросига келсак, манбаларда унинг биргина “Ал-Фавоид фил фиқҳ” асари келтирилган[6].

“Ўрта Осиё олимлари қомуси”да: “Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Каморий Бухорий Ҳанафий – фозил инсон бўлган. Унинг асарларидан “Ал-Фавоид фил фиқҳ” (“Фиқҳ ҳақидаги фойдали маслаҳатлар”) маълумдир”, деб келтирилган. Аммо тадқиқот давомида ушбу асарнинг бизгача етиб келгани ҳақида маълумот топилмади.

Бухоро шаҳридан олти километр ғарбда Чор Бакр зиёратгоҳи жойлашган. Тўрт буюк авлиё – Абу Бакр Саъд (ваф. 970), Абу Бакр Ҳомид (ваф. 937), Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл (ваф. 991), Абу Бакр Тархон (ваф. 945) шарофатидан бу мавзе Чор Бакр яъни, тўрт Бакр исмли зот номи билан атала бошлаган[7].

Муҳаммад ибн Фазл Бухорий 381/991 йили она шаҳри Бухорода вафот этиб, ўша Чор Бакр қабристонига дафн этилган.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
___________________________________________________________________________
[1] Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фавоидул баҳийя фий тарожимил Ҳанафийя. ‒ Б.184.
[2] А. Сарсенбаев. М. Атаев. Мовароуннаҳр фақиҳлари. Т.: Мовароуннаҳр, 2011. – Б. 11.
[3] Абдулкарим Самъоний. Ал-Ансоб. Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов таржимаси. ‒ Т.: 2017. – Б. 49.
[4] Ислом энциклопедияси. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. – Б. 161.
[5] Абдулкарим Самъоний. Ал-Ансоб. Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов таржимаси. ‒ Т.: 2017. ‒ Б.62.
[6] Қаранг: Умар Ризо Каҳҳола. Муъжамул муаллифин. 3-жуз. – Байрут: “Муассатур рисола», 1993. – Б. 588; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. ‒ Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 57.
[7] Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. – Бухоро: Дурдона, 2012. – Б. 63.

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …