Home / АЛЛОМАЛАР / БОБОРАҲИМ МАШРАБ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

БОБОРАҲИМ МАШРАБ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

Замонасининг етук донишманди, йирик мутафаккир, кучли мантиқ соҳиби, халқпарвар, ҳақиқатгўй, ростгўй, журъаткор, кўнгли пок, ҳар томонлама комил инсон, халқнинг юрак дардларини, орзу-умидларини, истак ва интилишларини куйловчи чинакам халқчил шоир, оташнафас сўз санъаткори, юксак истеъдод эгаси Бобораҳим Машраб номи бутун Туркистон, Қашқар ва Хуросонда, барча туркий халқлар орасида машҳур. У шеърият мулкининг буюк султони Навоийдан кейинги олий мақомига эришган, халқ қалбига нур бўлиб кирган ижодкордир.

Машраб поклик, ҳалоллик тимсоли сифатида дунёга келди. “Қиссаи Машраб” аввалида биби Салиманинг ерда тушиб ётган икки дона узумни олиб еганлари, ҳали етти ойлик ҳомила бўлмиш Машрабнинг оналарини бировнинг ҳақини ейишда айблаганлиги, узум сотувчи онанинг тазаррусидан таъсирланиб, узум таъмини кўриш учун доимо ҳақ олмаслигини баён этгани ҳикоя қилинади. Бу воқеа, аввало, Машрабнинг модаризод, яъни онадан туғма авлиё эканлигига ишора бўлса, иккинчидан ўқувчини ўзгалар ҳақини емасликка даъват этади.

Машраб 1653 йил 22 майда Наманган шаҳрининг Маддоҳлик (Маддохон ҳам деб аталган) маҳалласида туғилган.

Машрабнинг отаси мулла Вали етти хазинанинг бири бўлган хезмкаш (ўтинкаш)лик билан шуғулланган. Оналари Зубайда (Салима биби ҳам деб аталган) бегим уй бекаси бўлган. Ягона синглиси Моҳибадр (тўлин ой) шеъриятга иштиёқманд, маҳалла йигитларидан бирига узатилган. Манбаларда ёзилишича, Бобораҳим дастлаб етти ёшлигида Вали бобо ва маҳалла мулласидан таҳсил олган. 1665 йил 12 яшарлигида Наманганда довруқ қозонган уламо мулла Бозор охунд таҳсилига киришган. У ерда Қуръон илмидан баҳраманд бўлиб, қориликка етишган. Мулло Бозор охунд томонидан берилган илм-одоб қоидаларини ўрганиб олгач, охунд унинг илмини янада мукаммаллашувини хоҳлаб Қашқарга ўз пири Офоқхожа хонадонига кузатган. Машраб бу пайти тахминан 20-21 ёшларда бўлган. Чунки унинг ўша даврдаёқ давр улуғларига айтган шеърларининг оғир ботиши ва уларнинг шоирга нисбатан норозилик кайфиятлари унинг шоирлиги, бурро тиллиги, айтган сўзидан қайтмаслиги ҳаммага аён бўлиб, унга тазйиқлар бўлганлиги, у Наманганга сиғмай юрганлиги ҳақиқатга яқин:

Намангандек табаррук юрт менга тор бўлди,

Муллолар қутқусидан азиз бошим хор ўлди,

Онам, синглим муштипар парча нонга зор ўлди,

Бўйним эгиб, тиз чўкмоқ, найлай менга ор ўлди,

Кўринг эмди ёронлар, кўксим лолазор ўлди.

Шоир баъзи бадхулқ, ришвахўр муллалар ва шаҳар ҳокими, амалдорлари қутқусидан безиб туғилган юрти Наманганни ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бобораҳим Офоқхожанинг довруғи кетган улуғ пирлигини, қувваи ҳофизаси ва нафаси ўткир шайхул аъзамлигини, унинг етишган авлиёлигини, исломий ва дунёвий илмларда пешқадамлигини, тасаввуф таълимотининг пирларидан эканлигини эътироф этиб, унинг даргоҳида илм олишни орзу этган ва улуғ авлиё рухсорини кўриш умидида унга мурид тушишни “пир остонасидаги жамики риёзатларни бошқа сўфийлар қатори ихтиёрий тарзда ўзи ҳоҳлаган”, ёр – Яратган васлини пирдан илм ўргангачгина кўришни орзу этган:

Тикансиз гул, садафсиз дур, машаққатсиз ҳунар бўлмас,

Риёзат чекмагунча ёр васлига етиб бўлмас.

Шундан сўнг Бобораҳим – Қашқарга Офоқхожа ҳузурига мулло Бозор охунд тавсияси билан отланган, у бу даргоҳ пайғамбар авлоди даргоҳи эканлигини, у ердан ноумид кетмаслигини, ўзи ҳам шу авлодга мансуб саййид бўлганлиги боис шунинг учун бу даргоҳни азизу мукаррам билишлигини, Махдуми Аъзамнинг чевараси бўлган Офоқхожани ўзи учун пушти паноҳ эканлигини, ҳидоят йўлига бошлашини умид қилиб келган:

Ки сен авлоди пайғамбар, отингдур Ҳазрати Офоқ,

Ки навмид қўймағайларким улуғ даргоҳ деб келдим.

Ҳидоят кўргузунг Офоқхожам, пушти паноҳимсиз,

Адашган, йўлда қолганман, ман ғарибга роҳ деб келдим,

Кел, Эй Машраб, умид этгилки, афв этгай гуноҳингни,

Ҳасан бирла, Ҳусайним ҳурмати ул шоҳ деб келдим.

“Қиссаи Машраб”да қайд қилинишича, Машраб тахаллусини ҳам Офоқхожа қўйган:

Қўлум олинг ё пирим, манда тоқат қолмади,

Йўлга солинг ё пирим, менда ҳолат қолмади.

Ҳазратимдин ман бугун дуо тилаб келибман,

Бўйни синиқ етим ман, манда роҳат қолмади.

Офоқхожамким суюб, отинг Машраб дедилар,

Бўсоғонгда ўларман, манда ҳасрат қолмади [5: 31,33].

“Қиссаи Машраб”да ёзилишича, Бобораҳим зийрак, зеҳнли бўлиб ўсган. Топқирлиги, закийлиги, зукколиги билан устози мулло Бозор охундни ва мактабдош, ҳамсабоқ дўстларини лол қолдирган. У диний ва тасаввуфий билимларни, араб ва форс тилларини, Қуръон қироатини яхши ўзлаштирган.

Машраб пир хонадонида жамики илмлардан бохабар бўлганидан сўнг пирнинг руҳоний эътиборига тушиш учун атайин “гуноҳ қилиш”га, унинг даргоҳидаги қизга муҳаббат изҳор қилганлиги боис бу хонадонни тарк этган ва ундан сўнг у жуда кўп шаҳарларга қаландар либосида чиқиб кетган. Фитрат берган маълумот бўйича, Машраб мулла Бозор охунд рухсати билан Хитой Туркистонига сафар қилиб, “Қашқардағи Офоқхожага мурид бўладир. “Машраб” тахаллусини ҳам шундан оладир. Манқаба Машрабнинг Офоқхожа эшикида уч йил ўтун, уч йил сув ташиб, яна бир йил бошқа хизматлар қилғанини хабар берадир. Офоқхожа Қашқар халқи… ва ўзи учун жуда катта давлат таъмин қилған эди” [1: 90].

Машраб Офоқхожа даргоҳида авлиёликка етишган. Тариқат илмини бу даргоҳда мукаммал ўрганиб, унинг тариқатини тарғиб этиш учун кўп мамлакатларга борган. Ёркентга, у ердан Хўтанга, сўнг Ғулжага ўтган. Машраб Ғулжадан Қашқарга қайтади. Сўнг пир топшириғи билан Тошкентга ва яна Офоқхожа ҳузурига, ундан кейин ўз она юрти Наманганга келади. Хуллас, 18 йил давомида бир қанча мамлакатларни кезган Бобораҳим Машраб Яман, Ҳиндистон, Дакан, Исфаҳон, Ҳирот, Машҳад, Балх, Макка, Мадина, Жидда, Ҳалаб, Шероз, Шом, Рум, Бағдод, Шибирғон, Андхуй, Мозори Шариф, Бухоро, Насаф, Тошкент, Туркистон, Шоҳимардон каби жойларда бўлган. Қабодиён, Хўжанд, Қундуз, Бадахшон, шунингдек, Яқин Шарқнинг қатор ўлкаларига борган.

Машраб Самарқандда, сўнгра “Мен Бухоро шаҳрига келдимки, илм савдо қилайин деб” Бухоро шаҳрида мавлоно Шарифдан (таниқли олим Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад Ҳусайний Алавия Бухорий) илм олиб, ораларида шиддатли мунозаралар бўлиб, диллари озор ҳам чекади ва Офоқхожа ҳазратлари 1694 йил вафот этган бўлсалар, унгача Машраб 18 йиллик саёҳат сафаридан қайтиб келган ва пиридан жуда кўп илтифотлар кўрган.

Машраб тадқиқотчиси, адабиётшунос Дилоромхон Ҳамро-ева ҳам Машрабни Самарқанд, Бухоро ва Қарши мадрасаларида таҳсил олганлигини, аммо Машраб билими юқори бўлиб, кўп мударрислар уни қаноатлантирмаганлигини қайд этган.

Манбалар билан айтилганда, Малеҳо Самарқандийнинг “Музаккари аҳбоб” (“Суҳбатдошлар зикри” 1689-1692 йиллар)да айтилишича, у Машраб билан Самарқандда икки дафъа учрашганлиги, биринчи марта соқол ва мўйлови чиқа бошлаганда ва иккинчисида Самарқандга қаландар либосида соч-соқоли барқ уриб ўсган бир даврда кириб келганини сўзлаган. Малеҳо Машраб билан 1672 йилда, иккинчи топқир учрашуви эса 1690 йилларда содир бўлганлигини ёзган. У Машраб Фарғона ва Мовароуннаҳрда шуҳрат топган қаландар шоир эканлигини сўзлаб, унинг таржимаи ҳолига доир қуйидаги маълумотларни берган: “У ўз зеҳнидаги ўткирлик туфайли бошқаларнинг диққатини жалб этди. Зўр ҳавас билан ўқиши соҳасида камолот касб этди. Балоғатга эришгач, Самарқандга келди ва бир мунча муддат туриб қолди. Сўнг яна Наманганга қайтди ва у ердан Қашқар ва Бадахшон сафарига жўнаб кетди. У Балхдан Самарқандга қаландарлик даражасида келди. Машраб ўз саёҳатлари давомида кўп камолот касб топди, унинг ашъори ҳам етуклик касб этдики, буни мақтаб ўтиришнинг ҳожати йўқ” [4: 157].

Машрабнинг бирор шаҳар-қишлоққа келиши изсиз кетмас, маълум шов-шувларга сабаб бўлар, оддий халқ уни самимият ва хурсандчилик билан кутиб олган, ҳоким, амалдор, риёкор руҳонийлар эса ҳадик, душманлик кўзи билан қарши олганлар.

Офоқхожа Машраб ўлимини, уни Балхда шаҳид бўлиши-ни олдиндан башорат қилган. “Қиссаи Машраб”ларнинг турли вариантларида унинг мансурвор дорига тортилиши, кушандаси Маҳмуд Қатағонбий эканлиги айтилган:

Қонимни тўкар эмиш Балх шаҳрида Маҳмудхон,

Тақдири азал бўлса, найлай, анга бермай жон.

Машраб замондоши Исҳоқ Боғистоний ўзининг “Тазкираи қаландарон” асарида “Ҳазрати Шоҳ Машраб мавтлари айёмида умрларидан 58 сана кечуб эрди”, дейдилар. Ғолибо, бу фикр тўғри кўринади… деб ҳисоблайди Машраб тадқиқотчиси Ж. Юсупов.

Бобораҳим Машраб Балх ва Қундуз ҳукмдори Маҳмудбий Қатағон амрига кўра, Балхда 1711 йил дорга осиб ўлдирилди. Машраб 58 ёшида қатл қилинди.

Машрабнинг ҳамсафар ва мухлиси Пирмат Сеторийнинг ривоят қилишича, Шоҳ Машраб Бухорои шарифда бир қиш фасли умргузаронлик қилган. Баҳор келиши билан Машраб етти қаландар билан Насаф томон йўлга тушган. Насафдан Байтуллоҳ сари йўлга отланганида Балх қаландарлари уларга пешвоз чиқиб кутиб олишган. Балхда Машрабнинг назмий мажлисида унинг суҳбатини тинглаган омма вакиллари Маҳмудбий Қатағон жабр-зулми, аркони давлат сиёсатидан норози бўлиб унга шикоят қилганлар. Шоҳ Машрабнинг Балхга келганлиги овозаси Маҳмудбийга етиб, у Фарғона заминидан келган авлиё-қаландарни саройга чорлаган. Маҳмудбий Машрабни Байтуллоҳга отланганини муборакбод этиб, аркони давлат ҳақида ношоён шеърлар ёзганлигини билдириб, мажлис аҳли олдида тавба қилиб, узр сўрашни ундан талаб қилган.

Шоҳ Машраб дедиларки: “Оре ростдурким, мўмин-мусулмон бандаларни эрмас, ришвахўр қозиларни, оқни қора қилгувчи муфтиларни, икки тиллик уламоларни, шайдойи муллаларни, ҳажв тиғи бирла тавсиф этмушдим. Неки битдим, ҳақ тавсиф турур. Узр айтмоқлик фақрга одат эрмас. Иззат-икром учун бағоят бурчдормен, шаксиз ҳазратларига бўлғон бурчимни узурмен”, деб рухсат олиб саройдан чиқдилар.

Шоҳ Машраб Маҳмудбий Қатағон ва унинг вазири Бузрукхўжа Бухорий ҳақида шеър битиб, бозор ва гузарларда, қаландарлар мажлисида ўқийди.

Маҳмудбий хуфялари, вазир Бузрукхўжа Маҳмудхон-га арз қилиб, авом халқни подшоликка қарши қўзғатаётганли-гини, подшо чора кўришлигини айтадилар. Ғазабланган Маҳмудбий Шоҳ Машраб, Пирмат Сеторий, Оғахон сардор ва бошқа қаландарларни ҳузурига олиб келишни буюрган ва хитоб бирла дедики: “Ё қаландари мажзуб, мен сени дарвешу замона тариқида иззату икром қилдим, сен эса ушбу иззату икромга ўлтурдинг”. Шоҳ Машраб унга жавобан дедиларки: “Ё Маҳмудхон, жабринг андоқ даражасига етушмушки, халойиқ ушоқлари хархаша қилса, уни Маҳмудбий келур деб қўрқитурлар, оре, рост. Мен дунёдан кечган бир дарвешман, иззату икромингни менинг қатимда сариқ чақалик қадри йўқ турур, илло, сен аркони давлатинг бирла юртга ўтурмушсен. На битибмен, ҳақ сўзни битибмен. Жавобингда ўзга айтар сўзим йўқ. На ҳукм этурсен, бисмиллоҳ деб қабул қилурмен” [2: 157].

Маҳмудхоннинг амри билан уларни Балхнинг “Қароқчи-ён” зиндонига ташлайдилар. Маҳмудхон уламолари билан мажлис ўтказиб, уларнинг фикрини сўраганда, шайхулислом Машраб ва унинг шерикларини халқни гумроҳликка ундашда, шариат ва тариқатдан четга чиқишда, шеърларидан куфр иси келаётганликда, Қуръони каримни ҳақорат қилишда, улус орасига ғулу солишда айбдор деб топиб, уларнинг жазоси дорга тортилишдир деб, фатво беришга кўндиришади.

Машраб қишрий (юзаки) уламолар фатвоси билан Маҳмудхон фармони билан Балх шаҳрида дорга осилиб ўлдирилди ва жасади ўша ерда дафн этилди, – деб ёзади Абдулҳаким Шаръий Жузжоний.

“Қиссаи Машраб”да ёзилишича, подшоҳ Маҳмудхон пушаймони афсус билан Машраб ўлимига фармон берганига чидай олмай тавқи лаънатга қолишлигини тушуниб етган. Шоҳ Машраб оламдан ўтганига уч кун ўтмай, зилзила бўлиб, уни уй босиб қолган ва Маҳмудхон ҳам оламдан ўтган.

Балх шаҳрининг “Жавонмарди қассоб” деган машҳур зиёратгоҳ яқинида Машрабнинг биринчи қабри туради. Аммо кейинчалик Таҳор вилоятининг Ишкамиш қишлоғига унинг ҳокини олиб келиб қўйишган, у Хонобод шаҳрига 30 километр масофада жойлашган.

Бобораҳим Машраб ҳаётининг интиҳоси Балх шаҳрида хотима топди. Ҳоким тоифа, мутаассиб руҳонийлар унга ўзларининг ашаддий ғаними деб қарадилар. Уни йўқотиш пайига тушдилар. Балх ва Қундуз ҳокими бўлган Маҳмуд Қатағонбийнинг ҳукми билан у шаҳида аъло мақомига етишди. Оташин шоир, довюрак инсон, катта қалб соҳиби бўлган Машраб осиб ўлдирилди. У Мансур Ҳаллож ва Имомиддин Насимий каби ҳурфикр ғоялари йўлида, ўз замонидаги ҳукмрон табақа истагига биноан расмий сиёсат қурбони бўлди.

Маҳмуд Қатағонбийнинг вазири Масъуд туш кўриб, тушида Машраб ҳокини Ишкамишга кўчиришни айтгандан сўнг, хок иккинчи қабрга кўчирилган.

Машраб тадқиқотчиси Ж. Юсупов фикрича, Машраб ҳазрат Алининг фарзандлари Ҳасан ва Ҳусайндан тарқалган-саййид (Машраб шеъриятида унга жуда кўп ишоралар бор. (Таъкид: М.Ҳ.) “Саидсан, хожасан, мағрури насаб бўлма”), шунингдек, “Ҳасан бирла Ҳусайним ҳурмати ул шоҳ деб келдим” ва Шоҳ Машраб, Эшони Машраб атоқли атама исмлар ҳамма жойда ишлатилган) авлодига бориб тақалади. Шунинг учун у Офоқхожа хонадонига – Қашқарга борган, уни маънавий пир деб эътироф этган, ҳаётининг интиҳосигача, бу даргоҳдан қадамини узмаган, Офоқхожанинг фарзандлари ҳам унга чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлганлар. Машраб жами бўлиб 18 йил пирнинг хизматини адо этган. Бу айни ҳақиқат.

Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири, файласуф Бобораҳим Машраб ижодий мероси ҳақида фикр юритилганда, шуни мамнуният билан изҳор қилиш жоизки, кейинги йилларда унинг ижтимоий-маънавий меросига бўлган қизиқиш, шоир асарларининг чоп этилиши ва у ҳақда тадқиқотлар кўламининг кенгайиши билан фарқланади.

Биз, аввало, унинг ижодий мероси ҳақида фикр юритганда, у ҳақда тадқиқот олиб борган олимлар ва тадқиқотчилар ишларига мурожаат қилганимизни, уларнинг тадқиқий ишлари ўзига хослигини, шоир ижодий мероси турли миллат ва элат адиб ва олимлари эътиборига тушганлигини, кўплаб халқ оммаси унинг ижодидан баҳраманд бўлганлигига гувоҳ бўламиз.

Шоир замондошлари Пирмат Сеторий томонидан “Қиссаи Машраб”, Исҳоқ Боғистоний томонидан “Тазкираи қаландарон” асарлари ёзилган.

Бобораҳим Машраб ижоди, фаолияти билан XIX аср охири XX аср бошларида рус шарқшунос олимлари қизиқиб, шуғуллана бошладилар.

1889 йилда “Туркистон вилоятининг газети”да бир қатор мақолалар эълон қилинди.

1895 йилда Н.И. Веселовскийнинг “Восточные заметки” асарида ҳам Машраб ҳурфикрлилик намунаси сифатида жиддий ўрганишга лойиқ ижодкор эканлиги эътироф этилган.

1910 йилда Н.С. Ликошин шоир ҳақидаги қиссани рус тилига таржима қилади. Шарҳ, изоҳлар билан нашр эттирган. “Дивана-и-Машраб” туркчадан таржимон ва изоҳлар муаллифи Н.С.Ликошинники бўлиб, асар 1992 йил (Ташкент. Издательско-полиграфическое обеденение имени  Гафура Гуляма) қайта рус тилида нашр этилди.

1923 йил В.Л. Вяткин шоир ҳақида мақола эълон қилади. Унда Машрабнинг халқ орасида машҳурлиги, асарлари кенг тарқалгани таъкидланади.

1958 йил илк бор Порсохон Шамсиев ва Абдуқодир Ҳайитметовлар томонидан Машрабнинг “Танланган асар-лар”и нашр этилди. Шу мажмуа 1960 йилда қайта нашр бўлди. 1963 ва 1971 йилларда Абдурашид Абдуғафуров томонидан “Машраб” шеърлари икки марта нашр қилинди. 1979 йил Ўзбекистон Фанлар академияси Қўлёзмалар институти Шарқ классиклари меросидан туркумида “Машраб шеъриятидан” аввал ўзбек тилида, шу мажмуа Сергей Иванов таржимаси, А. Абдуғафуров сўз бошиси билан 1980 йил “Машраб. Избранное” рус тилида босилиб чиқди. 1980 йил Ваҳоб Раҳмонов ва Комилжон Исроиловлар томонидан сўз боши билан нашрга тайёрланиб “Машраб. Девон” салмоқли шеърлар  мажмуаси чоп этилди.

Филология фанлари доктори, профессор, шарқшунос олим Исматуллоҳ Абдуллоҳ Машрабнинг “Мабдаи нур” асарига сўз боши ёзиб, уни нашр этди. Наманганда Машраб ғазалларидан саралаб, унинг шеърий тўпламини чоп этди. Хатирчилик Машраб фидоийси унинг “Девон”ларини нашр эттирди. XX аср 70-80-йилларида Муҳсин Зокиров иккита тадқиқот эълон қилди. Дилором Ҳамроева докторлик тадқиқоти устида иш олиб бормоқда. Мусахон Тожихўжаев ва Мўминжон Сиддиқов номзодлик диссертацияси устида иш олиб бормоқдалар. Эркин Мусурмонов “Қиссаи Машраб”ни таҳлил этиб, илмий даража олди.

XX аср ва бугунги кунда Машраб сиймосини яратишга уринган шоир ва ёзувчилар, драматурглар, хусусан Ойбек “Машраб”, Омон Матжон “Бу Машраб, Машраб” шеърларини яратдилар. Муҳаммад Али “Машраб” шеърий достон яратди. Ҳамид Ғулом “Машраб” (Шарқ юлдузи, 1981 йил 1, 2, 3 сонлар) романини, Миркарим Осим “Синган сетор” қиссасини, Иброҳим Ғафуров “Озод нафас” ҳикоясини яратди.

Ҳамид Ғуломнинг “Машраб” романи китоб бўлиб чиқмади, шоир ва ёзувчи Шуҳратнинг “Машраб” (Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 1998) романи, нарпайлик ўқитувчи Хайриддин Бегматовнинг “Девона Машраб”, (Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2005) романи босилиб чиқди.

1990 йил хатирчилик ўрта мактаб ўқитувчиси, машрабшунос олим Жалолиддин Юсупов саъй-ҳаракати ва сўнг сўзи, Н.Комилов, Ғайбулла Салом кириш сўзи билан Машрабнинг “Меҳрибоним қайдасан” 22 босма табоқда 80 (саксон) минг нусхада ғазал ва беш жанрдаги шеърий асарлари салмоқли ҳажмда нашр этилиб, деярли қисқа (6 ой) фурсатда оммага тарқалиб кетди.

Фидокор инсон, заҳматкаш олим Ж. Юсупов Машраб ҳақидаги ижодий ишни ривожлантириб, “Машраб” “Девон” (Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2006 йил, 62 босма табоқ (4 минг нусхада)ни нашр эттирди. Бунга Ж.Юсупов салмоқли кириш, сўз боши ёзиб, унга шоирнинг турли жанрдаги ғазаллар, мустазодлар, мураббаълар, мухаммаслар, мусаддаслар, мусаббалар, мусамманлар, маснавий, фардлар, тўртликлар ва охирига 150 бет луғат ва изоҳлар ёзиб нашр қилдирди. Ж.Юсупов бу борадаги ишни давом эттириб, шоирнинг ҳали нашрга эълон қилинмаган шеърларини тайёрламоқда.

1994 йил Бобораҳим Машрабнинг “Мабдаи нур” асари Хожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ томонидан ва сўз бошиси билан (Тошкент, “Фан” нашриёти, 23 босма табоқ) нашр этилди. Бу иш чала бажарилди. “Мабдаи нур” яна қайтадан (2008 йил) чоп этилса-да, у бартараф этилмаган. “Мабдаи нур” Ж.Юсупов томонидан иккинчи марта катта ҳажмда нашрга тайёрланмоқда.

Машраб ҳаёти ва ижоди хусусида анча тадқиқий ишлар амалга оширилган. Шулардан адабиётшунос олимлардан Исматуллоҳ Абдуллоҳ, Н. Комилов, И. Ҳаққул, А. Абдурашидов, В. Абдуллаев, Ҳ. Ҳомидий, Ҳ. Болтабоев, И. Ғафуров, Муҳсин Зокиров, А. Халилбеков, Нусратулла Жумахўжа, Д. Ҳамроева ва бошқа олимларнинг тадқиқотлари диққатга сазовордир.

Узоқ йиллардан бери мутафаккир шоир Бобораҳим Машраб ҳаёти, фаолияти, ижоди бўйича фундаментал (заминий) тадқиқотлар олиб бориб 5 (беш) та монография ва 2 (икки)та ўқув-услубий қўлланма яратган:

  1. Машраби мўътабар ўзум. (“Машрабнинг ижтимоий фалсафий қарашлари”). Монография. Тошкент, “Шарқ” наш-риёти, 8 босма табоқ. 2001 йил.
  2. Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодий фаолияти. Монография. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, Тошкент, 8 босма табоқ. 2007 йил.
  3. Машраби мўътабар ўзум. (Машраб ва Мовароун-наҳрда ижтимоий таназзулнинг социологик таҳлили. XVII-XVIII асрлар). Монография. Иккинчи жилд. Тошкент, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти. 12 босма табоқ. 2007 йил.
  4. “Машраби мўътабар ўзум”. (Бобораҳим Машраб ижтимоий-маънавий, диний-тасаввуфий, ахлоқий мероси ва унинг илмий-бадиий адабиётдаги талқини. XVII-XVIII асрлар). Монография. Тошкент, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти. III-жилд, 54 босма табоқ. 2008).
  5. “Машраби мўътабар ўзум”. (Машрабнинг ижтимоий-фалсафий дунёқараши). Тўлдирилган иккинчи нашр. 22,5 босма табоқ. “IXTIYOR RISO PRINT” босмахонасида чоп этилди. Тошкент, 2014.

Ҳозирда Ж. Юсуповнинг шахсий кутубхонаси ва ҳужжат асров (архив) жилдларида Машраб ғазалларидан 550-600 га яқин турли жанрдан шеърлари сақланмоқда ва олим уларнинг устида ишлаб, нашрга тайёрламоқда. Ж. Юсупов Машраб “Девон”ининг 2006 йилги нашри сўз бошисида “Машрабнинг бадиий мерослари” мавзусида шоирнинг ижодий мероси ҳақида фикр юритиб, ундан жуда катта поэтик мерос қолганлигини таъкидлаган, ҳамон унинг янги шеърлари, ғазаллари топилаётганлигини билдирган ва у томонидан бизга етиб келган асарларни таҳлил этиб, қуйидаги маълумотни берган:

  1. Лирик шеърлар: ғазаллар, мустазодлар, мусаббаълар, мухаммаслар, мусаддаслар, мусаббалар, бир мусамман, бир маснавий ҳамда рубоийлар ва фардлар.
  2. “Мабдаи нур” (“Нурларнинг бошланиши” ёхуд “Нурлар манбаси”).
  3. “Кимё” (Қимматбаҳо маъдан, иксир).
  4. “Қиссаи Вайсул-Қараний”.
  5. “Қиссаи Меърожи расули Акрам” (соллаллоҳу алайҳи васаллам).

Машрабнинг “Кимё” асари “Мабдаи нур”нинг тадрижий, мантиқий давомидир. Бу асар таркибида 22 та кимё бўлиб, ҳар бир кимё алоҳида бўлимлардан иборат. “Мабдаи нур” ва “Кимё”да Машрабнинг кўп ўринда бир хил ғазаллари ҳикоятлар орасида бериб борилган.

“Мутафаккирнинг “Қиссаи Вайсу-л-Қараний” шеърий асари 180 байт, 360 мисрали маснавий бўлиб, у яхлит алоҳида ҳикоятдир”.

“Қиссаи Меърожи Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам” ҳақида бўлиб, “Қиссаи Машраб” қўлёзмаларининг ҳаммасида бўлиб, у мустазод жанрида ёзилган.

2006 йилги Машраб “Девон”ига шоирнинг аввал эълон қилинган, лекин шўро тузуми даврида мафкурага терс бўлган баъзи байт ва мисралари олиб ташланган, эндиликда тўлдирилган, ҳали эълон қилинмаган жами 380та ғазал, 21та мустазод, 4та мураббаъ, 78та мухаммас, 7та мусаддас, 2та мусаббаъ, 1та мусамман, 1та маснавий, фардлар, тўртликлар жой олган.

Ж. Юсупов Машраб шеърларининг тушунилиши қийин изоҳ талаб ўринларига катта ва масъулиятли иқтидор билан ёндашиб, 50 бет луғат ва изоҳ тузган.

Ж. Юсупов томонидан 1990 йил нашрга тайёрланган “Меҳрибоним, қайдасан” девонида ҳам олим тушунилиши қийин сўзларга алоҳида шарҳ ёзган, бу эса ўқувчиларга қулайлик туғдирган эди.

Мутафаккир шоир Машрабнинг ижодий мероси ва унинг девонлари, қўлёзма номаълум котиблар томонидан кўчирилган турли нусхалари ҳақида узоқ йиллар изланиш олиб борган. Машрабшунос олим Ж. Юсупов қуйидаги фикрларни берган: Машрабнинг лирик мерослари асос манбаси бўлиб турган “Қиссаи Машраб” матн нуқтаи назаридан ҳам кўчирган котибларнинг саводхонлик даражалари билан ва ҳатто ҳажман ҳам бир-бирларидан кескин фарқланадилар. Бу ва бунга ўхшаш сабаблар шуни кўрсатадики, Машрабнинг дилбар шеърияти аслий матнидан анча йироқлашган, сочилиб кетган ва пароканда бир ҳолатда бизгача етиб келган. Ўзбек адабиёти, балким жаҳон адабиёти тарихида ҳам лирик мероси бениҳоят даражада харобу ғариб ҳолатга юз тутган Машраб мисоллик шоир топилмаса керак [3: 28].

Машраб ижодий меросига назар ташланганда шоир форс, араб ва ўзбек тилларида латиф ғазал ва мухаммаслар ёзганлигига гувоҳ бўламиз. Шоир ўз меросини тириклигида девон ёки баёз, мажмуа тарзида тартиб, тасниф бериб оммага туҳфа қилишга раъй ва рағбат қилмаган: “Агар мандан китоб қолса, аҳли муҳаббат хароб бўлур” деб ёзувларини ўтга ташлаган. Уч ярим асрки оташин шоир ҳақидаги қисса ва ривоятлар унинг ўтли, жўшқин шеърияти, оташнок ва ифорли ғазаллари ўзбек халқи томонидан эъзозли ва қадрли бўлиб, у севган ва уни севган омма, жамият томонидан ўрганиб келинмоқда.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. Ж. II. – Т.: Маънавият, 2000.
  2. Исҳоқ Боғистоний. Тазкираи қаландарон. Шарқ юлдузи, 1990/8.
  3. Машраб. Девон. Нашрга тайёрловчи Жалолиддин Юсупов. – Т.: Янги аср авлоди, 2006.
  4. Муҳаммад Бадеъ Малеҳо Самарқандий. Музаккири аҳбоб.
  5. Қиссаи Машраб. – Т.: Ёзувчи, 1992.
Мўмин ҲОШИМХОНОВ,
Жиззах Давлат педагогика институти доценти, фал.ф.н.

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …