Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” КИТОБИНИНГ АСЛ НУСХАСИ БОРМИ?

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” КИТОБИНИНГ АСЛ НУСХАСИ БОРМИ?

Имом Бухорий ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобини ўз қўллари билан ёзган. Сўнгра, уни ҳадис ўрганадиган кўплаб шогирдларига ўқиб ва ривоят қилиб берган. “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийнинг ўзидан жуда кўплаб талабалар эшитган. Бу ҳақида Имом Бухорийнинг энг машҳур шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (ваф. 320 ҳ.): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан тўқсон минг киши эшитган”, деб айтади[1]. Ҳақиқатда, “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривоятлари орасидан Имом Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлиб кетган. Бунинг сабаби, у кишининг узоқ умр кўргани ва китобининг нусхаси тўлиқ бўлганидир.

“Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитадиган талабаларнинг баъзилари  эшитиш ва оғзаки нақл билан кифояланиб қолмасди. Балки, устозидан эшитган ҳадисларни ёзиб борарди. Шу боис, уларнинг қўлида Имом Бухорийнинг ҳузурида ёдлаган оғзаки нусхаларига мувофиқ бўлган “Саҳиҳул Бухорий” китобининг қўлёзма нусхалари ҳам пайдо бўларди. 

Улар Имом Бухорийдан эшитиб ёзиб олган нарсалари билан кифояланиб қолмасди. Балки, улар ўзлари ёзиб олган нусхаларини ўта диққат билан устозлари Имом Бухорийнинг нусхасига солиштириб кўрарди ва учраган хато ва камчиликларни тўғрилаб оларди. Имом Бухорийнинг қўлидаги асл нусхага мувофиқ бўлган нусхалар тугаганидан кейин, ўзларининг нусхаларига тугаган вақтини ва устозининг нусхаси билан солиштирилганини ёзиб қўярдилар. Шу сабабли, бизларнинг қўлимизда “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхасини қамраб олган бир неча нусхалар пайдо бўлган. Бу эса Имом Бухорийнинг ҳаётлик чоғида рўй берган эди.

Тарих бизлар учун Имом Бухорийнинг шогирдлари орасидан бугунги кунимизгача исмлари ва нусхалари машҳур бўлганларини сақлаб қўйган. Улар: Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Толҳа Мансур ибн Муҳаммад Паздавий ва Абу Абдуллоҳ Маҳомилийлардир.

Сўнгра, улардан “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитган ва таълим олган, сон-саноқсиз талабалар пайдо бўлди. Улар ҳам ўзларининг қўлидаги нусхаларни ўзларидан олдинги талабаларнинг нусхаларига солиштириб кўрардилар. Ҳатто, нусхаларнинг кўплиги ва ривоятларнинг аниқ санад билан боғлангани учун “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийга нисбат бериш мутавотир даражасига етди.  

“Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривояти ва тадвини дастлаб ёзилган кунидан бошлаб бугунги кунимизгача инсонларнинг орасида мутавотир шакл билан нақл қилинган. Уламолар ва оддий одамлар бу китобни ривоят қилиш, ўрганиш, таълим олиш ва тушунишга ҳаракат қилишган. “Саҳиҳул Бухорий” китобининг асл нусхасидан содир бўлган нусхалардан кўчириб ёзилган нусхаларнинг кўплиги буни исботлайди.

 “Саҳиҳул Бухорий” китобининг асл нусхаси Имом Бухорийнинг вафотидан кейин шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг қўлида қолган. “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривояти Абу Абдуллоҳ Фирабрий орқали машҳур бўлган. Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий” китобини жуда кўп сонли шогирдлари таълим олган. Улардан еттитаси ёки тўққизтаси машҳур бўлган. Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан таълим олган шогирдлари  “Саҳиҳул Бухорий” китобининг матнини устозини қўлидаги асл нусхадан кўчириб олганлар. Улар Абу Исҳоқ Мустамлий, Абу Муҳаммад Ҳаммувий, Абу Ҳайсам Кушмиҳаний, Абу Зайд Марвазий ва бошқалар[2]. Бирорта таҳқиқчи ва аҳли илм улар ёзган нусхаларга шак-шубҳа қилмаган ва эътироз билдирмаган.

Ҳар қандай ақлли одам бу уммат санади муаллифига боғланмаган бирорта китобни қабул қилмаслигини билади. Умматнинг ижмоси кучли шаръий далиллардан ҳисобланади.

Ибн Рушайд Сабтий айтади: “Бугун машриқ ва мағрибда “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишда санади Имом Бухорийга боғланган йўл Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг йўлидир. Унинг ривояти комиллиги, муаллифга яқинлиги ва ровийларининг машҳурлиги учун инсонлар унга суянади. Унинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий” китобининг асл нусхаси бўлган ва ундан Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг шогирдлари кўчириб олган. Бу эса Абу Абдуллоҳ Фирабрийни қўллаб-қувватлайдиган ҳужжат ва унинг тўғрилигига гувоҳдир. Сўнгра, “Саҳиҳул Бухорий” китоби Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан мутавотир йўл билан нақл қилинган. Мусулмонлар буни маҳкам ушлаган ва унга ижмо боғланган. Натижада ҳужжат аниқ бўлган”[3].

Имом Бухорийнинг машҳур шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрий нусхасининг турли хил шаҳарларда шогирдлари томонидан кўчириб ёзилган 14 та нусхаси бор. Бу нусхалар устози Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг нусхасига мувофиқдир. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг нусхаси эса устози Имом Бухорийнинг нусхасига мувофиқдир. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг шогирдларини ҳар биридан жуда кўплаб одамлар ривоят қилган. Шу даражада кўпки, ривоят қилишда уларнинг ёлғонга тўпланиши ва келишиб олиши мумкин эмас. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ўзида ҳам худди шундай ҳолат. “Саҳиҳул Бухорий” китобининг Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан бошқа ровийлари ҳақида ҳам худди шундай ўйлашимиз керак.

“Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан жуда кўплаб сиқа (ишончли) ровийлар жамоаси ривоят қилган. Уларнинг энг машҳурлари қўйидагилар: Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлий (ваф. 376 ҳ.), Сарахснинг хатиби Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳаммувий (ваф. 381 ҳ.), Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳаний (ваф. 389 ҳ.), Абу Али Муҳаммад ибн Умар Шаббавий, Ибн Сакан Саид ибн Усмон Баззоз (ваф. 353 ҳ.), Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий (ҳижрий 301-371 й.) ва Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад Журжоний (ваф. 373 ҳ.)лардир.

Абу Валид Божий айтади: Ҳофиз Абу Зар Абдураҳмон ибн Аҳмад Ҳаравий бизларга Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлийдан ривоят қилади. Абу Исҳоқ Мустамлий: “Мен “Саҳиҳул Бухорий” китобини Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг ҳузуридаги асл нусхадан кўчириб олдим. Шунда уни ҳали тўлиқ бўлмаганини кўрдим. Китобда кўплаб ёзилмаган бўш жойлар бор эди. Орқасида бирор нарса ёзилмаган таржимаи ҳоллар ва таржимаи ҳоллари ёзилмаган ҳадислар бор эди. Шунда баъзисини баъзисига қўшиб қўйдик”, деган[4].

Ибн Рушайд ҳам ўзининг “Ифадат ан-насийҳ фий ат-таъриф би-санад ал-жомеъ ас-саҳиҳ” номли китобида: “Абу Исҳоқ ўзининг китобини “Саҳиҳул Бухорий” китобининг асл нусхасидан нақл қилган”, деб айтади[5]. Абу Зар Ҳаравий “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлий, Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳаний ва Сарахснинг хатиби Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳаммувийлардан ривоят қилган. Унинг ривояти ривоятлар орасида энг кучлироғига айланган. Бунга Абу Зар Ҳаравий “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган устозларининг орасидан Абу Исҳоқ Мустамлийнинг борлиги кифоя қилади. Ҳақиқатда, Абу Исҳоқ Мустамлий “Саҳиҳул Бухорий” китобини ўзи учун “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхасидан кўчириб олган.

“Саҳиҳул Бухорий” китобининг асл нусхаси орадаги муддат узоқ бўлиб кетгани учун  бугунги кунимизгача етиб келмаган. Уламолар ўзларидан олдинги уламоларидан таълим олган кўплаб китобларда, китобнинг асл нусхаси бугунги кунимизгача етиб келмаган. Бу эса ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

Қадимги китобларнинг кўпида бунга ўхшаш ҳолат мавжуд. Ибн Исҳоқ (ваф. 151 ҳ.)нинг “Ас-сийра ан-Набавия” китоби ва Имом Сибавайҳ (ваф. 180 ҳ.)нинг “Наҳв” китоби бунга мисол бўла олади.  Кўп одамлар уламолар қадимги китобларни бугунги кунимизгача эшитиш ва ижоза орқали ривоят қилганини билмайдилар. Толиби илмлар бу китобларни муаллифига боғланган санадлар билан ривоят қилганлар.

Шунингдек, орадаги муддат жуда узоқ бўлгани учун “Саҳиҳул Бухорий” китобининг Имом Бухорий ўз қўли билан ёзган асл нусхасини йўқлиги ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Чунки, у кишининг шогирдлари ўша асл нусхадан кўплаб нусхаларни кўчириб олганлар. Сўнгра, улардан кейинги шогирдлари ҳам Имом Бухорий ёзган асл нусхага мувофиқ бўлган кўплаб нусхаларни кўчириб олганлар. Шу сабабли, “Саҳиҳул Бухорий” китобининг нусхалари ер юзига кенг тарқалиб кетган. Чунки, ҳар бир асрда яшаган ровийлар “Саҳиҳул Бухорий” китобини ёзиб олиб, уни саҳиҳ нусхалари билан солиштириб кўрардилар. Сўнгра, устозларидан Имом Бухорийнинг ўзига боғланган санад билан ривоят қилардилар.

Шунинг учун “Саҳиҳул Бухорий” китобининг Имом Бухорий ўз қўли билан ёзган асл нусхаси йўқолиб кетган бўлса ҳам, “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ҳозирги нусхалари ўз аҳамиятини йўқотмайди. Чунки, “Саҳиҳул Бухорий” китоби Имом Бухорийнинг шогирдларини орасида тарқалиб кетган ва ҳар бирининг санади Имом Бухорийга боғланган нусхалари кўпайиб кетган. Унга бир неча шарҳлар ёзилган. Аллоҳнинг фазли ва карами билан барча нусхалари бир хил бўлган.  

Бу шарҳлардан ва “Саҳиҳул Бухорий” китобининг эътибор қилиш лозим бўлган нусхаларидан бири Имом Хаттобий (ҳижрий 319-388 й.)нинг “Аъламул ҳадис” деб номланган шарҳидир. Бу китоб Имом Бухорийнинг замонига энг яқин бўлган шарҳдир. Бизлар Имом Бухорийнинг ҳижрий 256 йил вафот этганини биламиз. Демак, Имом Хаттобий “Саҳиҳул Бухорий” китобини ўзларининг устозлари орқали Имом Бухорийдан ривоят қилган ровийларни кўрган.

Имом Бухорийнинг машҳур шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг нусхаси машҳур бўлиб, ундан нақл қилиш кенг тарқалган. Фақат шу нусхадан нақл қилиш билан чекланиб қолмаган. “Саҳиҳул Бухорий” китоби бундан бошқа йўлдан ҳам нақл қилинган. Бу Имом Хаттобийнинг йўлидир. У ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобига ёзилган “Аъламул ҳадис” номли шарҳида: “Мен китобнинг кўпроқ қисмини Холф ибн Муҳаммад Хиёмдан, у Имом Бухорийни ўзидан “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитган шогирди Иброҳим ибн Маъқил Насафий (ваф. 295 ҳ.)дан Фирабрийнинг йўлидан бошқа йўл билан эшитдим”, деган.

“Саҳиҳул Бухорий” китобининг энг қадимги қўлёзмаси ҳижрий 4 асрларга бориб тақалади. Яъни, Имом Бухорийнинг вафотидан бир неча ўн йиллар кейин. Бу Имом Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазийнинг нусхаси. У “Саҳиҳул Бухорий” китобини ҳижрий 318 йил устози Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан эшитган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий эса “Саҳиҳул Бухорий” китобини ҳижрий 252 йил Имом Бухорийнинг ўзидан эшитган.

Ҳар бир авлод ва ҳар бир табақанинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий” китобини нақл қилинган нусхалари бўлган. Ровийларнинг барчаси бу китобни ўзларидан олдинги устозларидан, уларнинг қўлидаги нусхаларга мувофиқ ҳолда ривоят қилган. Имом Абу Зар Ҳаравий (ваф. 434 ҳ.) ва Карима Марвазия (ваф. 463 ҳ.)ларнинг нусхаси санади Абу Абдуллоҳ Фирабрийга боғланган машҳур ривоятлардан ҳисобланади.

“Саҳиҳул Бухорий” китоби бизнинг замонамизгача саҳиҳ ҳолда етиб келганига ақлий далиллардан бири, бузғунчи ва ёлғон аҳллари “Саҳиҳул Бухорий” китобига бирор нарсани зиёда қилишдан ноумид бўлганларидир. Агар “Саҳиҳул Бухорий” китоби ўзининг муаллифига ёлғондан нисбат берилганда, албатта, саҳиҳ бўлмаган ҳадисларни унга киргизиш мумкин бўларди. Бундай ҳолат асло учрамаган. Бу эса “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийга нисбат бериш тўғрилигини исботлайди.  

Имом Бухорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишда ўзидан бошқа ҳадис имомларидан ёлғизланиб қолмаган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар ўнлаб Сунан, Мўъжам, Муснад китобларида ва ҳадис жузларининг ичида бор. “Саҳиҳул Бухорий” китобидаги ҳар бир ҳадиснинг турли хил ҳадис китобларида ўнлаб ривоятлари бор. Бу эса “Саҳиҳул Бухорий” китобидаги ҳадислар ҳақида шак-шубҳа қилувчи кишининг шак-шубҳасини кетказади.

Муҳаммад Фуад Абдулбоқи ўзининг “Ал-луълуъ вал-маржон фий-ма иттафақо ъалайҳи аш-Шайхон” номли китобида шундай деган: “Имом Муслим “Саҳиҳул Бухорий” китобида ривоят қилинган 1906 та ҳадисда Имом Бухорий билан иттифоқ бўлган”. Ҳар бир одам Муснад, Жомиъ, Сунан ва бошқа ҳадис китобларини кўрадиган бўлса, у ерда “Саҳиҳул Бухорий” китобида келган кўплаб ҳадисларни кўради. “Саҳиҳул Бухорий” китобидаги ҳадислар булардан бошқа ҳадис китобларида ҳам учрайди. 

“Саҳиҳул Бухорий” китобидаги ҳадисларни “Мустахраж” номли бошқа ҳадис китобларида ҳам топамиз. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар “Мустахраж” номли китобларда Имом Бухорийнинг номи зикр қилинмаган санадлар билан келтирилган. Бу ҳадислар Имом Бухорийнинг устозларидан ёки устозларининг устозларидан ривоят қилинган. Бу эса Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобидаги ҳадисларни қўллаб-қувватлайди. Чунки, бу ҳадислар Имом Бухорийнинг йўлидан бошқа йўлдаги турли хил санадлар билан ҳам ривоят қилинган. Бу эса “Саҳиҳул Бухорий” китобининг саҳиҳлиги ва бизнинг асримизгача саҳиҳ ҳолида етиб келиши ҳақидаги қиссаларнинг хулосасидир.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 илмий ходими

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  [1]. Исмоил ибн Умар ибн Касир. Устозлар жамоасининг таҳқиқи. Ал-бидоя ва-н-ниҳоя: 15 жилдли. – Байрут: Дору-л-кутубу-л-илмия, 1407 ҳ. Ж: 11. Б: 28.
  [2]. Имом Абу Валид Сулаймон ибн Холаф ибн Саъд ибн Айюб Божий. Ат-таъдил ват-тажрийҳ: 3 жилдли. – Мағриб: Визароту-л-авқоф ва-ш-шуъуни-л-исламия, 2010. Б: 287.
  [3]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Рушайд Сабтий Фиҳрий Андалусий. Ифадат ан-насийҳ фий ат-таъриф би-санад ал-жомеъ ас-саҳиҳ. – Тунис: Ад-дар ат-Тунисия. Б: 18-19.
 [4]. Имом Абу Валид Сулаймон ибн Холаф ибн Саъд ибн Айюб Божий. Ат-таъдил ват-тажрийҳ: 3 жилдли. – Мағриб: Визароту-л-авқоф ва-ш-шуъуни-л-исламия, 2010. Б: 287.
 [5]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Рушайд Сабтий Фиҳрий Андалусий. Ифадат ан-насийҳ фий ат-таъриф би-санад ал-жомеъ ас-саҳиҳ. – Тунис: Ад-дар ат-Тунисия. Б: 25.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …