Home / ЯНГИ НАШРЛАР / САМАРҚАНДЛИК АЛЛОМАЛАР

САМАРҚАНДЛИК АЛЛОМАЛАР

Китоб муаллифи: Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, илмий ходим Қодирхон Маҳмудов

Китоб ҳажми: 438 бет.

Китобнинг қисқача мазмуни: Китоб VIII-XVI асрларда Самарқанд ва унинг атрофида ҳамда Шарқ мамлакатларининг бошқа шаҳарларида яшаб ижод этган самарқандлик алломаларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятлари ҳақида.

Самарқанд қадим-қадимдан илмий-маданий марказ ҳисобланиб, “Самарқандий” нисбаси билан қалам тебратган юзлаб, ҳаттоки, минглаб олимлар, шоир ва адибларнинг хоки қўним топган табаррук заминдир. IX асрда ёзилган “Ҳудудил олам” (Оламлар ҳудуди) китобида Самарқандга шундай таъриф берилади: “Самарқанд – катта ва обод шаҳар бўлиб, унда неъмат кўпдир”.

Китобнинг кириш қисмида уламолар томонидан Самарқанд аҳлига берилган теърифлар келтирилган. Самарқанд тарихи ва маданияти тараққиёти билан боғлиқ бўлган бир қанча илмий асарлар нашрлари ҳамда мустақиллик йилларида нашр этилган китоблар ҳақида маълумотлар берилган.

Китобнинг асосий қисмида 110 нафар самарқандлик алломанинг ҳаёти, ижоди ва илмий мерослари ўрганилган. VIII асрда яшаган олим Абу Али Фузайл ибн Иёздан бошлаб, XV-XVI асрда ижод қилга сўфий, фақиҳ Махдуми Аъзамгача бўлган алломалар китобга тартиб билан киритилган.

Китобда ислом илмларига катта ҳисса қўшган фиқҳ, ҳадис ва калом олимлари ҳақида ҳам сўз юритилади. Ўчмас асарлар ёзиб қолдирган мазкур алломаларнинг асарлари мактаб ва мадрасаларда қўлланма сифатида ўқитилган.

Диний фанлар ҳақида ёзилган асарларни ўрганиш Марказий Осиё¬да араб тилининг тарқалиши ва унинг маҳаллий тилларга кўрсатган таъсирини, умуман, ўша давр тили тарихини ўрганишда муҳим аҳамият¬га эга. Алломалар тас¬ниф этган асарларда ахлоқ ва одобга доир насиҳатомуз ривоятлар, тари¬хий воқеалар ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.

Маълумки, самарқандлик олимлар қадимдан астрономия, математика, тиббиёт ва география каби аниқ фанлар билан ҳам шуғулланган. Рисолада астрономия мактабининг намоёндаларидан Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи билан бир қаторда 865-866 йилда Мовароуннаҳрда шу илм билан шуғулланган Муҳаммад ибн Аҳмад, Сулаймон ибн Исма ва 1362 йили ҳаёт бўлган астроном Абу Муҳаммад Ато Самарқандийларнинг ҳаёти ва ижоди қисқача ёритилган. Асарда XII асрнинг иккинчи ярми ва XIII асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган математик олимлардан Шарафиддин ва Шамсиддин Самарқандийлар ҳақидаги маълумотлар ҳам жой олган.

Китобда зикр этилганидек, Марказий Осиёда, жумладан, Самарқандда табобат илми билан шуғулланиш жуда эрта бошланган. Бунга мисол қилиб, бутун Шарқ ва Ғарбга машҳур бўлган олим Ибн Сино ва Тошкент яқинидаги Облик қишлоғидан етишиб чиққан Илоқий*ларни келтириш мумкин.

Шунингдек, асарда XII асрнинг машҳур табиби ва доришуноси «Қарободин»* номли тиб илмларига оид асар муаллифи Бадриддин Самарқандий ҳақидаги маълумотлар ҳам бор.

Китобда ҳаёти, ижоди ва илмий мерослари ёритилган 110 та самарқандлик алломаларнинг ҳаёти илмий мероси ҳақидаги маълумотлар билан танишасиз.

Жумладан, Абу Али Фузайлнинг «Кашфул маҳжуб» (Яширин нарсанинг ошкор бўлиши) номли асари ҳақидаги  маълумот билан танишар экансиз, аллома ҳадис ривоятчиси бўлибгина қолмай, диний-фалсафий дунёқарашга эга бўлганлигига ишонч ҳосил қиласиз. Мазкур асар унинг бу соҳадаги уринишлари натижасида дунёга келган, ўша даврнинг диний, ижтимоий-фалсафий мафкурасини кўрсатиб берувчи ёзма ёдгорликдир.

Айтиш мумкинки, мазкур китоб жуда кўп изланишлар самарасидир. Унда жуда нодир маълумотлар асосли тарзда ёритиб берилган. Албатта, бугунги китобхон, изланувчилар ёшлар учун фойдали қўлланма бўлиб қолишига ишончимиз комил.

* Илоқий – Шарафутдин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф  – ўрта осиёлик табиб, Ибн Синонинг шогирдларидан. Бухорода таълим олган.
* Қарободин – XII асрда яшаб ўтган машҳур табиблар сулоласи.

Check Also

“АР-РАВЗАТУЛ БАҲИЙЯ ФИЙМА БАЙНАЛ АШОЪИРА ВАЛ МОТУРИДИЙЯ” КИТОБИ НАШРДАН ЧИҚДИ (Ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги ихтилофли масалаларга доир гўзал чаманзор)

📚 “АР-РАВЗАТУЛ БАҲИЙЯ ФИЙМА БАЙНАЛ АШОЪИРА ВАЛ МОТУРИДИЙЯ” КИТОБИ НАШРДАН ЧИҚДИ (Ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги …