Home / МАҚОЛАЛАР / “АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲ” АСАРИ ЁЗИЛИШИГА НИМА САБАБ БЎЛГАН?

“АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲ” АСАРИ ЁЗИЛИШИГА НИМА САБАБ БЎЛГАН?

Тарихда кўплаб буюк мутафаккир ва алломаларнинг нодир асарларини тасниф этилишида муайян бир сабаб бўлган. Бу уларнинг покиза нияти, чиройли амали ва илм йўлидаги тинимсиз хизмати билан нодир асарлар ёзишга ундаган. Буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ҳаётида ҳам худди шундай улуғ устозлари томонидан буюк асарни ёзишга тарғиб бўлган. “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг тасниф этилиш тарихи ҳамда унинг ровий ва котибларининг ҳаёти ўрганилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Имом Бухорийни шоҳ асарни тасниф этишда илҳомлантирган воқеа ҳам ажиб ибратли тарихга эга. Иброҳим ибн Маъқал Насафий: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан эшитдим, у киши: “Исҳоқ ибн Роҳавай ҳузурида эдик. Шайхимимз бизларга “Сизлардан биронтангиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларини қисқа мухтасар ҳолда китоб қилсангиз” дедилар”.  “Бу таклиф менинг қалбимдан жой олди ва “Жомиъ” (“Саҳиҳ ал-Бухорий”) китобимни жамлашни бошладим” дедилар” деб таъкидлаган[1]

Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Ҳадйи-с-Сорий” асарида ишончли санад билан Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис томонидан айтилган Имом Бухорийдан шундай ривоятни келтиради: “Мен тушимда Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрдим, у киши гўё-ки, уйқуда эдилар. Мен у кишининг олдида турибман қўлимда бир йилпиғич у билан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак юзларидан пашшаларни ҳайдаяпман. Бу тушнинг таъбирини тушни таъбир қиладиганлардан сўрадим. Улар: “Сиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатида пайдо бўлган ёлғонларни кетгисасиз” дедилар. Бу менга “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”ни тасниф этишимга сабаб бўлди” дедилар[2]. Буюк асар “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни тасниф этилишига бўлган бу икки сабаб ҳам шубҳасиз, Имом Бухорийнинг ўзи томонидан ривоят қилинган. Бу унинг устози марвлик буюк муҳаддис, муснид имом, ҳофиз Исҳоқ ибн Роҳавайнинг берган таклифи ва Бухорийнинг тушига Аллоҳ таоло томонидан берилган илоҳий рағбат. Бу икки сабаб ҳам 20-22 ёшдаги Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга келажакда “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини ёзишга катта рағбат берган. Бу илоҳий рағбат ва устозининг иршоди унинг кейинчалик буюк асарни тасниф этиши ва бу асар Қуръони каримдан кейинги мақомда бўлишида ишорат бўлган. Шундан сўнг Имом Бухорий шоҳ асарни ёзишга киришиб, уни 16 йилда ёзиб битирган. Асарни бошланиши 217/833 йилда бўлиб, бу вақтда Имом Бухорийнинг ёши 23 ёшда бўлган. Буюк муҳаддис 39 ёшида 233/849 йилда ёзиб битиради. Бу улуғ ишни бажариш Аллоҳ таолонинг буюк марҳамати билан ер юзида фақат Имом Бухорийга насиб этган.

Имом Бухорий “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини жамлаш учун ўзининг холис меҳнати, мустаҳкам тақво ва зуҳди ҳамда ўн олти йиллик вақтини сарфлаган. Абу Исҳоқ Занжоний шундай деди: “Абдурраҳмон ибн Расойин Бухорийдан эшитдим, у Имом Бухорийдан эшитганлигини шундай деб айтиб берди: ““Саҳиҳ” китобимни ўн олти йилда ёздим. Мен китобдаги ҳадисларни олти юз минг ҳадислардан танлаб олдим ва уни (китобни) Аллоҳ таоло ва ўзим ўртамда ҳужжат қилиб битдим” деб айтди”[3]. Имом Бухорийнинг бу сўзи ҳақиқатдан, ўз исботини топди, ўз даврида айтилган бу башорат асрлар оша бутун ислом уламолари томонидан иттифоқ бўлинди. Кўплаб ҳадис борасида асарлар тасниф этилсада, бу каби асарни дунё юзи қайтиб кўрмади.

“Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг номланиши борасида муҳаддис ва муаррихларнинг бир нечта қарашлари мавжуд. Асарнинг машҳур бўлган номи “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” бўлиб, асосан ушбу ном билан тарих ва ҳозирги даврда юритилиб келинади. Имом Бухорий бу шоҳ асарини аслида “ал-Жомиъ ал-Муснад ас-Саҳиҳ ал-Мухтасар мин умури Расулуллоҳи саллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи” (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва у кишининг ҳаётлари ҳақида қисқа, саҳиҳ, санади узлуксиз, барча ислом аҳкомларини жамловчи) деб номлаган[4]. Бу ном билан келганлигини кўплаб муҳаддис ва алломалар таъкидлайди. Жумладан, Абу Наср Калабозий “Рижолу Саҳиҳ ал-Бухорий”, Абдухолиқ ибн Ғолиб ибн Атиййа “Фиҳрист ибн Атиййа”, Ҳофиз ибн Хойр Ишбилий “Фиҳрист мо раво ан шайхиҳи”, Ҳофиз Бадруддин Айний “Уъмдат ал-Қорий” асарларида “ал-Жомиъ ал-Муснад ас-Саҳиҳ ал-Мухтасар мин умури Расулуллоҳи саллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи” деб номланганини тасдиқлайди[5]. Муҳаддиснинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини бундай номланишида қуйидаги сабаблар келтириб ўтилади:

“ал-Жомиъ” – деб номланиши асар ислом илмларидан бўлган имон, тавҳид, ибодат ва муомалат ҳукмлари, жиҳод ва ғозийлик, тарих, фазоил, маноқиб, тафсир, никоҳ, одоб-ахлоқ, зуҳд каби масалаларни қамраб олган. Ҳадис илмида бу масалаларни ўз ичига олган асар “Жомиъ” деб номланади.

 “ал-Муснад” – асарда ҳадисларнинг муттасил санад билан келгани, ҳар бир ҳадис марфуъ яъни санадининг Расулуллоҳ (с.а.в.)га бориб уланишига айтилади. Имом Бухорий асаридан олдин тасниф этилган ҳадис асарларида саҳиҳ ҳадислардан бошқа зайиф, мунқатиъ-ровийнинг бир жойда тушиб қолиши ва муъзал-бир жойда икки ровийнинг тушиб қолишига ўхшаш ҳадислар ҳам киритилган. Бу асарда бу каби ҳадисларнинг учрамаслиги билан муҳим аҳамиятга эга.

“ас-Саҳиҳ” – мазкур асарда фақат саҳиҳ ҳадислар саралаб олинган. Имом Бухорий ўз асарида олдинги асарлардан фарқли бўлган йўналишга асос солган. Муҳаддисгача бўлган даврда жамланган китобларда саҳиҳ, ҳасан, зайиф, мавзу ҳадислар бирга жамланган. Имом Бухорий ҳадисларнинг фиқҳий мавзуси, тури, саҳиҳлигига қараб таснифлаш методига биринчи бўлиб асос солган муҳаддисдир.

“ал-Мухтасар” – Имом Бухорий ёд билган юз минг саҳиҳ ҳадислар ичидан 7275 таси танлаб олинган. Асарни ҳажми катта бўлиб кетишидан сақланган ва ҳадисларнинг такрорланмаслик ва уларнинг нодир жиҳатига алоҳида эътибор қаратган. Асарни бошлашда муҳаддиснинг нияти ҳам устози Исҳоқ ибн Роҳавайнинг таклифи асосида бутун суннат ва ҳадисларни жамловчи қисқа-мухтасар асар яратиш бўлган.

“мин умури Расулуллоҳи саллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи”- асарда жамланган ҳадисларнинг барчаси Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган сўзлари, бажарган ишлари, саҳобалар томонидан амалга оширилган ишларни тасдиқлашлари ва у зотнинг улуғ шамоиллари, тарихи ва чиройли хулқ-одобларини қамраб олганлигидир[6].

Ислом тарихида буюк мақом кашф этган муҳаддиснинг шоҳ асари асрлар оша ўрганилиб, ислом таълимотида Қуръони каримдан кейинги манба сифатида фойдалиниб келинмоқда. “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг яратилиши ва унинг кейинги авлодларга етиб келишида ҳам буюк бир ибратли тарих бор. Зеро, бу асарнинг бутун мусулмонлар қалбидан жой олиши бежиз эмас. Имом Бухорийнинг тинимсиз илм йўлида чеккан машаққати, қирқ йил саҳрои-шаҳарларни кезиб қийинчиликларга сабр қилиши, туну-кун қилган илмий меҳнати, соф эътиқоди ва холис амалининг буюк самарасидир. Имом Бухорий бу асарни ёзиб тарихнинг олтин саҳифасига муҳрлаши билан фақат орзу ҳафас ва ширин хаёл билан улуғликка эришиб бўлмаслигини исботлади. Илм йўлидаги буюклик илм-маърифат ва холис хизмат билан бўлишини ўзининг ибратли ҳаёти билан кўрсатиб берди.

Шукурулло Умаров
Ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази директори ўринбосари

 

[1] Тарихи Бағдод. – Б. 2/8., Хоразмий. Шурути аиммати-л-хомса. – Б. 163.,  Заҳабий. Сияр. – Б. 12/401. Тағлиқ. – Б.  5/419-420. Табақот Ас-Субкий. – Б. 2/221.
[2] Таҳзиб ал-асмои  ва луғат. – Б. 1/74. Тағлиқ. – Б. 5/420. Ибн Ҳажар. Ҳадйи-с-Сорий. – Б. 7.
[3] Тарихи Бағдод. – Б. 2/14., Тақйид ал-Муҳаммил. – Б. 1/14. Табақот ал-Ҳанобила. – Б. 1/276.
[4] Абдусаттор Шайх. Имом Бухорий устозил асотизийн ва имомил муҳаддисийн…. Дамашқ, Дор ал-қалам.2007. – Б. 330.
[5] Абу Наср Калабозий. Рижолу Саҳиҳ ал-Бухорий. – Б. 1/223. Абдухолиқ ибн ибн Ғолиб ибн Атиййа. Фиҳрист ибн Атиййа. – Б. 64., Ҳофиз ибн Хойр Ишбилий. Фиҳрист мо раво ан шайхиҳи. – Б. 94. , Ҳофиз Бадруддин Айний Уъмдат ал-Қорий. – Б. 1/5.
[6] Абдусаттор Шайх. Имом Бухорий устозил асотизийн ва имомил муҳаддисийн….  Дамашқ, Дор ал-қалам.2007. – Б. 341-343.

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ИЛМИЙ САФАРЛАРИ

Имом Бухорий ўн олти ёшигача Бухорода таълим олган. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ватани ва …