Home / МАҚОЛАЛАР / Илмнинг боши

Илмнинг боши

Устозлар ва таълим бериш ҳақида сўз борар экан, инсоннинг ҳаёлига: «таълим беришликни биринчи бўлиб ким бошлаган экан? – деган саволлар келаверади. Бу саволнинг жавоби сифатида Қуръони каримдаги ушбу оятни келтиришни лозим деб топдик:

ألرحمن علّم القرآن خلق الإنسان علّمه البيان.(الرحمن ).

Яъни, Аллоҳ таъоло «Ар-Раҳмон» сурасининг 1-2-3-4 оятларида марҳамат қилиб айтади: «Меҳрибон (Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматларига) Қуръонни таълим берди. У зот инсонни яратиб, унга (дилидаги мақсадини баён эта олиши учун ) баённи (нутқни) таълим берди».

Аллоҳ бу суранинг илк оятида ўзининг Раҳмон – меҳрибонлигини уқтириб, У зотнинг Ўз бандаларига кўрсатган энг катта марҳамати, уларга бутун ҳаётлари учун дастуруламал бўлган Қуръони каримни таълим бергани таъкидланмокда. Демак, таълим бериш энг аввал Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таъоло томонидан бошланган экан, биринчи таълим берган зот бу Аллоҳ таъолонинг ўзи экан. Аллоҳ таъоло бу билан сизу – бизларни илм ўрганишга, таълим олишга буюрганлиги аён бўлади. Аллоҳ таъоло бошқа бир сурада, яъни «Алақ» сурасининг бошида шундай марҳамат қилади:

إقرأ باسم ربّك الذى خلق (سورة العلق- )

Яъни «Яратган роббинг номи билан ўқи!» демоқда. Энг муҳими шуки, оятнинг биринчи сўзида «Иқроъ»- «ўқи» – деб хитоб қилинмоқда. Бу хитоб ўқишга ва таълим олишга даъватдир ва Ислом дини ўзининг биринчи лаҳзаларидан бошлаб илм тарқатиш, жаҳолатни йўқотиш учун келган дин эканлигидан далолатдир. Демак, Ислом дини инсонларни жаҳолат ва хурофотга эмас, балки илм – маърифатга чорлаш ва фақат ўқиш – ўрганиш билан яратган рози бўладиган, ҳидоят йўлини топишга даъват этиши маълум бўлди. Юқорида келтирилган Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Илм исташ ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир», деб марҳамат қилган ҳадиси шарифлари бунинг ёркин далилидир.

Аллоҳ таъолодан кейин таълим берган зот – бу улуғ тўртта фариштанинг бири бўлмиш Жаброил алайҳиссаломдир. У зот Одам алайҳиссаломдан (тортиб), то Пайғамбаримиз (с.а.в)гача бўлган барча пайғамбарларга Аллоҳнинг амрларини, сўзларини етказиб турувчи ва дин аҳкомларини уларга таълим берувчи фариштадир. Ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в)га ҳам Қуръони каримни Аллоҳ таъоло шу зот орқали таълим берган. Жаброил алайҳиссалом фақатгина Қуръони каримни эмас, балки шариат аҳкомларини ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в)га таълим берганлар. Бунинг далили сифатида («Мишкотул – масобех» китоби, I – жузъи, Иймон китобидаги 1- ҳадисни) Расулуллоҳ С.А.В.нинг Умар ибни Хаттоб (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадисларини келтиришимиз мумкин. Ушбу ҳадисда Умар ибни Хаттоб р.а. айтадилар: «Бир куни биз Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларида ўтирган эдик. Шунда бизнинг олдимизга кийимлари оппоқ, сочлари қоп – қора бир киши келиб ўтирди. У йўловчига ҳам ўхшамасди ва бизлардан бирор киши уни танимас эди ҳам. У киши тўғри келиб, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг рўпараларига, тиззаларини тиззаларига теккизган ҳолда ўтирди ва Расулуллоҳнинг сонларига қўлини қўйиб, у зотдан савол сўрай бошлади: «Эй Муҳаммад (с.а.в)! Менга Ислом ҳақида хабар беринг» – деди. Расулуллоҳ (с.а.в)«Ислом – бу Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (с.а.в) унинг расули деб гувоҳлик беришлик ва намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, қодир бўлса ҳаж қилишдир» – дедилар. У киши «тўғри айтдингиз» – деди. Биз бу кишини ўзи савол бериб, яна ўзи тасдиқлаётганини кўриб ажабландик (ҳайрон бўлдик). У киши: «Менга иймонни тушунтиринг»- деди Расууллоҳга. Шунда Расули Акрам (с.а.в)«Иймон – бу -Аллоҳ таъолога иймон келтириш, унинг фаришталарига, унинг китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва такдирга иймон келтириб, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан деб билишликдир» – дедилар. У киши эса «тўғри айтдингиз» – деб тасдиклади ва «менга эҳсон ҳақида хабар беринг» – деди. Расулуллоҳ (с.а.в).: «Эҳсон – Аллоҳ таъолога ҳудди уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Агарчи сен уни кўрмасанг ҳам, у сени кўриб турувчи зотдир» деб жавоб қилдилар. У киши яна: «Менга қиёмат куни ҳақида хабар беринг» – деди. Расулуллоҳ (с.а.в): «Сўровчи киши сўралган кишидан кўра билувчироқ» – дедилар. У киши: «Ундай бўлса қиёматнинг аломатлари ҳақида хабар беринг» – деди. Расулуллоҳ (с.а.в).: «Чўри ўз хожасини туғишлиги ва яланғоч, ялангоёқ чўпонлар уй қуришда бир – бирлари билан мусобақа қилишлари – қиёматнинг аломатларидандир» – деб жавоб бердилар. Сўнг у киши жўнаб кетди. Расулуллоҳ (с.а.в)менга: «Эй Умар! Бу киши кимлигини биласанми? – дедилар. Мен: «Аллоҳ ва расули билувчироқ»- дедим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): «Бу киши Жаброил алайҳиссалом, у сизларга динларингизни (мукаммал) ўргатиш учун келди» – дедилар. (Имом Муслим ривояти) Бу ҳадисдан маълум бўладики, таълим беришлик шунчалик улуғ иш эканки, у ҳеч гуноҳ қилмайдиган фаришталарнинг амалларидан экан. 

У зотдан кейинги таълим берувчилар булар – пайғамбарлардир. Барча пайғамбарлар инсонларни тўғри йўлга бошлаб, уларга Аллоҳнинг бирлиги ва ёлғиз унга ибодат қилиш лозимлиги ҳақида таълим берганлар. Бу таълимларнинг ўзига хос хусусиятлари ва одоблари мавжуд бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в) бу одобларни ўзида тўлиқ мужассам этган зот бўлганлар.

Мадиримов Мақсудбек
Хазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин”
жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …