Home / ЯНГИЛИКЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қандай натижаларни қўлга киритмоқда?

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қандай натижаларни қўлга киритмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан хорижий мамлакатларнинг кутубхона фондларида сақланаётган 1500 та қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусхалари олинган.
 
Бу ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида маълум қилинди.
 
Марказнинг кутубхона фондини хорижий адабиётлар билан бойитиш бўйича Ҳукумат қарорига мувофиқ, 2019 йилда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхона фондига 758 номдаги жами 2512 та адабиёт олиб келиниши белгиланган эди.
 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Шовосил Зиёдовнинг қайд этишича, марказ манбалар хазинасида буюк алломаларимизнинг илмий меросига оид 1095 та, шундан 603 та қўлёзма ва 492 та тошбосма асарлар мавжуд. Шунингдек, 2000 та нодир қўлёзмаларнинг электрон нусхалари мавжуд бўлиб, улардан 442 таси қўлёзма асарларнинг сканерлаш орқали тайёрланди.
 
Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари кўмагида Имом Бухорий қаламига мансуб асарларнинг 34 та электрон нусхалари келтирилди. Марказда сақланаётган 1168 та асарнинг каталоги тайёрланди.
 
Анжуманда хорижий мутахассисларнинг марказ фаолиятига қизиқиши ортаётгани ҳам айтиб ўтилди. Ҳозирда марказда илмий тадқиқот фаолиятини олиб бормоқчи бўлган хорижлик мутахассислар учун махсус грант дастурлари ҳам жорий этилган.
 
Дунёнинг 21 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлари билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди.
 
– Президентимиз жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кутубхонасидаги нодир асарларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ ўрганиш ҳамда халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш ва босқичма-босқич таржима қилиш вазифасини айтган эди, – деди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Шовосил Зиёдов. – Мазкур топшириққа асосан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Доримий, Абу Лайс Самарқандий, Абул Баракот Насафий каби буюк алломаларнинг қаламига мансуб 21 та асарни ўзбек тилига таржима қилиш бўйича 2019-2023 йилларга мўлжалланган вазифалар тақсимоти ишлаб чиқилди. Йил давомида Имом Бухорийнинг “Холқу афъолил ибод”, “Сулосиётул Бухорий”, “Биррул волидайн”, Абул Мунтаҳо Мағнисовийнинг “Шарҳул Фиқҳил Акбар”, Алоуддин Косонийнинг “Эътиқод ал-Косоний” асарлари, шунингдек, “Европада исломофобиянинг жадаллашуви” ва “Ишиднинг ёшларни ўзига жалб қилишга доир стратегияси” китоблари араб тилидан таржима қилинди. Ҳозирда Имом Бухорийнинг “Ат-тарих ас-сағир” китоби таржимаси якунланиб, таҳрир ишлари олиб борилмоқда. Имом Мотуридийнинг Қуръони карим тафсирига оид “Таъвилоти аҳли сунна”, Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг ҳадисга оид “Муснад” асарлари таржима ва таҳрир қилинмоқда.
 
Ислом динида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тарғиб этилади. Марказ томонидан ҳам турли ёт ғоялар ва экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшларни тўғри йўлга қайтариш борасида ҳам тадқиқотлар олиб борилади. Бу ишлар самарадорлигини ошириш мақсадда хорижий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиниб, ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилган.
 
Маълумки, Бухоро 2020 йилда “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинган. Анжуманда қайд этилишича, бу воқеликни юқори савияда ташкил этиш мақсадида муайян ишлар олиб борилмоқда. Қатор халқаро анжуман ва давра суҳбатлари ва учрашувлар режалаштирилган.
 
Эслатиб ўтамиз, 2007 йилда Тошкент шаҳри Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган эди.
 
Манба: ЎзА

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …