Home / МАҚОЛАЛАР / “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”да илм олишга муносабат

“Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”да илм олишга муносабат

Тарихдан маълумки ҳар бир замон ва жамиятнинг қудрати, салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанган. Шу сабабли бизнинг юртимизда қадимдан илму маърифатга алоҳида эътибор қаратилган. IX-XII асрларни Ислом оламида илм-фанинг олтин даври деб эътироф этилган бўлса, бу даврда бизнинг диёрлардан чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Мотуридий, Имом Замахшарий, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Мусо Хоразмий каби минглаб алломалар дунё илм-фани ривожида ўзларининг улкан ва бетакрор ҳиссаларин қўшган.

Жумладан, Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба деб эътироф этилган Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари неча асрлар ўтибдики, дунё илм аҳли наздида ҳозиргача ҳам илмий ва амалий аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Ҳақиқатдан “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ўз йўналишида такрорланмас ягона йўналишга эга дурдона асардир. У 97 китоб ва 3881 бобдан иборат бўлиб, ундаги барча ҳадислар сони, такрорийлари билан қўшиб ҳисоблаганда 7563[1] тани ташкил этади. Китобнинг ҳошиясидаги муаъаллақ ҳадислар[2] 1391 та, бирор ҳадисга тобе бўлиб келган ҳадислар 344 та ва бу китобдаги барча ҳадислар адади 9082 тага етади.[3] Имом Бухорий ҳазратлари ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалалар ечимини ўзида мужассам этган ушбу ҳадис тўпламини олти юз минг ҳадис орасидан энг-энг саҳиҳларини ажратиб олиб, бобларга тузиб чиққанлигини ҳисобга олсак, бу китобнинг беқиёс қиймати кўз олдимизда намоён бўлади.

Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”да биринчи “Ваҳий” китобини, иккинчи “Иймон китоби”ни ва учинчи “Илм китоби”ни келтирган. Бунинг ҳам ўзига хос ҳикмати бўлиб, зеро бошқарилмайдиган ва замирида имонсизлик бўлган илмдан жамиятга ҳеч бир манфаат йўқ. “Илм китоби” 53 та боб бўлиб, бу боблар илм ва унга боғлиқ ҳолатларга оид 76 та ҳадисни ўз ичига олган.

“Илм” сўзи луғатда бир нарсани воқеликдагидек идрок этишни билдиради. Қуръони карим илк ояти илм олишга бўлган буйруқ билан нозил бўлиши ҳам инсон ҳаётида илмнинг жуда катта аҳамият касб этишига далил бўлади.

Имом Бухорий ҳазратлари илм ўз соҳибига дунёда нажот бергувчи йўл эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмагай”.

 Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг “Илм китоби”ни Аллоҳ таолонинг сўзи, яъни Қуръони каримнинг қуйидаги оятлари билан бошлади:

وَ قَوْل الله تَعَالى: ﴿يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ ﴾[4]

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур (бу дунёда ярлақаб, мартабасини улуғ, охиратда эса жаннатга кирмоқликни насиб қилғайдир). Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Мазкур оятда имон сўзи илмдан муқаддам келтирилди, чунки илм олишдан мақсад жамиятнинг тараққиёти ва охират саодати ҳисобланади, имонсиз илм эса инсониятга зарардан бошқа нарса келтирмайди.

Исломнинг илк даврларида Пайғамбар алайҳиссалом мажлисларида бўлган кишилар аввал иймон келтириб, сўнг илм олар эди. Шунинг учун ҳам барча катта қизиқиш билан, иложи борича, у зотга яқинроқ ўтиришни хоҳларди. Ушбу оят нозил бўлгач, илм олиш мажлисини ҳаммага кенг тарғиб қилиш зарурлиги эслатилиб, мажлис аҳлининг барчасига жой беришни йўлга қўйишга даъват қилинди.

Шу ўринда “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”нинг “Илм китоби”да келтирилган ҳадислардан эътиборингизга ҳавола қилсак. Жумладан, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”нинг 11-бобидаги 69-ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَسِّرُوا وَلاَ تُعَسِّرُوا وَبَشِّرُوا وَلاَ تُنَفِّرُوا».[5]

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Хушхабар айтингиз, қизиқтирингиз, нафратлантирмангиз (ўзингиздан бездирмангиз)!” – дедилар”.

Уламолар мазкур ҳадиснинг аҳамияти ва чуқур маънолари ҳақида кўп гапиришган. Бинобарин, ушбу саҳиҳ ривоят ўрганиш ва ёд олишга жуда муносибдир. Жамиятда яшаётган ҳар бир инсон ҳаётини қамраб олувчи метин-мустаҳкам бўлган бу динни тарғиб қилувчиларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу динни бошқаларга енгил қилиб тушунтирмоқлик кераклигини, уни қийин қилиб кўрсатасликни амр этдилар. Қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло томонидан икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилса доимо енгилини танлаганлар. Шу боис бир киши масала сўраса унга оғир ва қийин томонини эмас, балки, енгил томонини тушунтириш керак.

Энди ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларга қисқача тўхталиб ўтсак:

Биринчи – Динни бошқаларга имкон қадар енгил қилиб тушунтириш.

Иккинчи – Дин арконларини оғир қилиб кўрсатмаслик.

Учунчи – Ихтиёрий масалаларда енгил томонини танлаш.

Тўртинчи – Шариатда диндорларга бериладиган хушхабарларни айтиб қизиқтириш.

Бешинчи – Диндан нафратланишга олиб келадиган, кишининг имонига зарба берадиган ҳар қандай иш ва хабарларни жамият ичида тарқалишини олдини олиш.

Ислом шариатида ҳасад гуноҳ ҳисобланади, лекин икки нарсада ҳасад қилиш жоиз экан. Бу борада “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”нинг 15-бобидаги 73-ҳадисда шундай дейилган:

عَبْدَ اللَّهِ بْنَ مَسْعُودٍ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لاَ حَسَدَ إِلاَّ فِي اثْنَتَيْنِ: رَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ مَالاً فَسُلِّطَ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الْحَقِّ, وَرَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ الْحِكْمَةَ فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا».[6]

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки нарсадан ўзгасига ҳасад қилмоқ жоиз эрмас, бири – кишига Аллоҳ таоло ҳалол мол-дунё берса-ю, уни Ҳақ йўлида сарфлаётган бўлса, иккинчиси – кишига Аллоҳ таоло илму ҳикмат ато этса-ю, у шу туфайли олий мақомга эришиб, ҳукм сураётган, одамларга билганини ўргатаётган бўлса”, – деганлар”.

 “Ҳасад” калимаси араб тилида икки хил маънода ишлатилади.

Биринчиси: бошқа бир кишига берилган неъматнинг завол топишини орзу қилиш маъносида келади. Ислом шариатида бу гуноҳ ҳисобланади. Чунки ҳасадчи бировга ёмонликни бўлишини хоҳлайди. Ваҳоланки, аввало зарарни ҳасад қилгувчининг ўзи кўради.

Иккинчиси: ҳавас қилиш маъносида ҳам келади. Ҳавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳавас қилгувчи киши бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади. Бунга араб тилида “ғибта”, дейилади. Ушбу ҳадисдаги “ҳасад” сўзи ғибта – ҳавас қилиш маъносида келган.

Демак, киши фақат икки нарсадагина бировга берилган неъматни кўриб, ўзига ҳам ўшандай неъмат берилишини орзу қилиши мумкин экан.

  1. “Аллоҳ бир одамга кўп молу дунё берса, у ўшани тўғри йўлда сарф қилаётганини кўриб, “Аллоҳ шу одамга бергандай менга ҳам кўп молу дунё ато қилганида эди, мен ҳам шу одамга ўхшаб уни яхшилик йўлида сарф қилган бўлар эдим”, – деб ҳавас қилса бўлади.
  2. “Аллоҳ бир одамга илм берган бўлса, у ўша илми ила ҳукм чиқараётгнини ва таълим бераётганини кўриб, ўша одамга ҳам бошқа мусулмонлар “Аллоҳ шу одамга бергандай менга ҳам илм ато қилганида эди, мен ҳам шу одамга ўхшаб ҳукм чиқарган ва таълим берган бўлар эдим”, – деб ҳавас қилса бўлади.

Илм билан ҳукм чиқариш – илм тақозо этган нарсага ўзи амал қилиш ва одамларни ҳам шунга чақиришдир.

Шу ўринда ҳадисдан олинадиган фойдаларга қисқача тўхталиб ўтсак:

Биринчи – Икки нарсадан бошқасига ҳасад қилиш жоиз эмаслиги.

Иккинчи – Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берган, уни Ҳақ йўлида сарфлаётган бўлса, унга ҳавас қилиб, агар Аллоҳ таоло менга ҳам молу дунё берса, яхшилик йўлида сарфлар эдим деб орзу қилшини жоизлиги.

Учинчи – Молу дунёни тўғри (фойдали) йўлда сарфлашга тарғиб қилиш.

Тўртинчи – Аллоҳ таоло бир кишига илм ато этган бўлса, у шу илми орқали одамларга тўғри йўл кўрсатиб, билганини бошқаларга ўргатаётган бўлса, унга ҳавас қилиб, агар Аллоҳ таоло менга ҳам илм берса одамларга тўғри йўл кўрсатиб, билганимни бошқаларга ўргатар эдим деб орзу қилш мумкинлиги.

Бешинчи – Илмга амал қилиб, уни одамларга ўргатиш кераклиги.

Олтинчи – Қандай кишиларга ҳавас қилиш мумкинлиги.

  Имом Бухорий Пайғамбарримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илмга оид муборак ҳадисларини ушбу китобда мураттаб этдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг илм олиш ҳар бир эркагу аёл мўъмин-мусулмонга фарз эканлиги, илмни ўрганиш ва ўргатиш фазилатли амаллардан эканлиги, илмни авлоддан-авлодга ўтиб боришида аждодлар масъуллиги ҳамда ким хоссатан дин, шариат илмидан хабардор – фақиҳ бўлса, бу Аллоҳ таолонинг яхшилиги эканлигини ҳам ушбу ҳадис тўпламида маълум қилади.

Илм бизга Аллоҳ таоло томонидан берилган, энг улуғ неъмат бўлиб, у ўз соҳибини дунёда азизликка, охиратда эса шарафга эриштирадиган воситадир. Илм инсон ҳаётида энг олий неъматлардан бири бўлиб, жамият тараққиётининг муҳим омилларидан саналади. Аллоҳ таоло олимларни бошқаларга нисбатан афзал қилиб, илм ва ҳикматни ўргатди. Аллоҳ таоло илмли бандаларини даражасини баланд қилиб, олимларнинг фазилати ҳақида:

﴿ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لاَ يَعْلَمُونَ ؟ [7]

“….Айтинг: “биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”…”, – дейди. Илмнинг инсон ҳаётида нечоғлик катта ўрин тутиши мазкур оятдан ҳам маълум бўлади, чунки ҳар бир миллатнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг олимлари билан белгиланади. Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўплами ҳам илм борасидаги кўплаб муборак ҳадисларни ўзида жам қилган ва ўз ўқувчилари учун ҳаётий дастуруламаллардан бири бўлиб, икки дунё саодатига эриштирувчи воситалардан бири бўлиб қолаверади.

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи,
Йўлдошхон ИСАЕВ
[1] Ал-Кутуб-с-ситта. Риёз. Дору-с-салом. 2000. – Б.670.
[2] Изоҳ сифатида келтирилган санадсиз ҳадислар.
[3] Шамсиддинхон ибн Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон. Сиҳоҳу-с-ситта. – Б.36.
[4] Қуръони карим. “Мужодала” сураси, 11-оят.
[5] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳу-л-Бухорий. Ж. 1. Қоҳира. Муассаса ал-Мухтор, 2004. 69-ҳадис. – Б. 30.
[6] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳу-л-Бухорий. Ж. 1. Қоҳира. Муассаса ал-Мухтор, 2004. 73-ҳадис. – Б. 30.
[7] “Зумар” сураси, 9-оят.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …