Home / МАҚОЛАЛАР / БИЗ ЎЗБЕКИСТОНДА РУС ТИЛИГА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИ БЕРИЛИШИГА МУТЛАҚО ҚАРШИМИЗ!

БИЗ ЎЗБЕКИСТОНДА РУС ТИЛИГА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИ БЕРИЛИШИГА МУТЛАҚО ҚАРШИМИЗ!

Давлат тили бўлган ўзбек тили тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимизга самимий ҳурматимизни изҳор этамиз. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодировнинг, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомуҳамедовнинг, журналист Шерзодхон Қудратхўжаевнинг ўзбек тили тақдирига куюнчаклик билан билдирган  фикрларини тўлиқ қўллаб қувватлаймиз, айрим зиёлийларимизнинг енгилтаклик билан “Ўзбекистонда рус тилига ҳам расмий тил мақоми берилсин” деган, ўз юрти тақдирига, миллий шаънимизга хақорат руҳидаги хато таклифини қатъий қоралаймиз.

Бу – ўзбек тили истиқболини кўра олмайдиган, миллий ғурури ва орияти йўқ кимсаларнинг мамлакатимиз фуқароларини атайлаб гиж-гижлаб миллий нафсониятини қўзғашни мақсад қилиб олган, юртимиздаги миллатлараро барқарор муносабатларни издан чиқаришни кўзловчи кучларнинг ноғорасига ўйнаётган кишиларнинг иғвосидир. Бундай иғволарнинг олдини олишимиз, давлат тили – ўзбек тилининг том маънода давлат тилига айланишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз ва бу борада қатъий фуқаролик фикримизни айтишимиз лозим.

Бу жуда долзарб масала ҳақиқатан тил бу миллатнинг кўзгуси, миллат тили билан дунёга танилади. Бир элни билиш учун уни тилидан танийди. Аслида ўз миллати, тили, ватанини ғамини еган зиёлилар рус тилига давлат тили мақоми берилишига эмас, ўзбек тилига дунё тили мақомини беришга ҳаракат қилиш керак. Дунёда 50 миллион аҳоли соф ўзбек тилида сўзлашади. Турк, Қозоқ, Қирғиз, Тожик, Озарбайжон, Уйғур ва бошқа кўплаб миллат вакиллари ўзбек ва туркий тилдаги фикрларни 80-90% таржимонсиз тушуна олади ва ўз фикрини ўзбекча тушунтириб бера олади. Биз бир миллатни, ёки уни тилини камситишдан узоқдамиз, фикримиз ҳам бундай эмас. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган экан бу мақомнинг обрўсини кўтариш учун Ўзбекистон фуқаролари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишлари лозим. Келинглар, юртимиз равнақи учун ўзбек тилининг мақомини том маънода юксакка кўтарайлик. Иқтисодимиз, сиёсатимиз, фан ва маданиятимиз давлат тилида ривожлансин.

Таниқли журналист Шерзодхон Қудратхўжаев ёзади: “Мен тил масаласида айрим одамлар кўтарган масаладан жуда ҳам таажжубдаман. Нима учун баъзи катта авлод вакиллари Ўзбекистон Республикасининг мустақил ва суверен давлат эканлигини англашни исташмаяпти?

Нима учун Мустақиллигимизнинг ўтган 27 йили ичида уларда ўз миллий тиллари ва мамлакатини севиш ҳис-туйғулари шаклланмади?

Нега улар Ватан битта ва танҳо эканлигини англай олишмаяпти?

Нега улар миллий тилимизга янги шерик топишга ҳаракат қилмоқда?

Улар орасидаги ижод аҳли, олимлар нега шунча йиллар давомида тилимизни ривожлантирмади?

Нега бу масала миллатлараро низо ва тортишувларга олиб келишини англамаяптилар?

Бу масалани кўтараётган бир гуруҳ катта авлод вакиллари ёшларга намуна бўлиш ўрнига, яна ўша эски замонни, «социалистик» ўтмишни қўмсаётганини тушуниш жуда ҳам қийин, албатта. Ҳурматли кекса авлод вакиллари, аввало шуни билинглар: ўша машъум совет даври энди қайтиб келмайди, орқага қайтадиган кўприклар ёниб кетган. Орқага қайтувчи йўллар ҳам қолмади. Миллат ҳам ўзгарди, Ўзлигини қайтараётган миллат бу.

Лекин, ҳар қандай ҳодисанинг бир неча ҳикмати бўлади. Тил масаласида кўтарилган бу шов-шув гапларни барча зиёлилар, айниқса ижодкорлар ҳам ўйлаб кўришлари лозим. Она тилимизни янада ривожлантиришга, унинг ажиб ва ноёб оҳангларини бойитишга, бу тил замирида қанчадан-қанча бойликлар ётганини очиб беришга ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз лозим. Зеро, истиқболда фарзандларимиз, дўстларимиз, миллатдошларимиз ҳам бир-бирлари билан ўзбек тилида гаплашсинлар…

Сизларга оддий мисол келтирмоқчиман: гар хорижга, масалан, дейлик Туркияга борсангиз, у ерда турклар сиз қандай миллатга мансуб бўлишингиздан қатъи назар турк тилида сўзлашади. Улар бизларга ўхшаб, 10 -15 киши ўз она тилида гаплашиб турганида битта ажнабий қўшилса ликиллаб уни тилида «твая-мая» қилмайдилар.

Ёки, агар Хитойга борсангиз, Хитой аҳолиси сиз билан фақат чин тилида сўзлашади. Улар сизни ўз миллий тилида сўзлашишга, ўз ери, ўз миллати ва албатта, ўз тилини ҳурмат қилишга мажбур этади. Шундай экан, нега биз фақат ўз тилимизда сўзлашмаймиз, нега она тилимизни ҳурмат қилишга бошқалар тугул, ҳатто ўзимизни мажбур этолмаймиз?! Мен бу каби ҳолатларни ҳеч тушунолмайман. Аммо баъзилар она тили аҳамиятини сеза олмагани, уларнинг хоҳишлари миллат тақдиридан-да юқори қўйгани мени ҳайратга солмоқда.

Яна шуни айтмоқчиманки, агар ҳозир кекса авлод вакиллари кўтарган бу масалани ҳозир тўғри ҳал этмасак, кунлар ўтиб унинг оқибатлари бизга жуда ҳам қимматга тушади. Энг ачинарлиси, бу масалага ташқаридагилардан бирортасини айбдор этолмаймиз. Чунки, бу оқибатларга фақат ўзимиз – биз ўзбеклар айбдор бўламиз.

Зеро, Абдулла Авлоний айтганларидаёқ, «Миллий тилни йўқотмоқ – миллатнинг руҳини йўқотмоқ»дир.

Хўш, нималар қилмоқ даркор десак, ИМҲОларим шундай:

– Интернетда ўзбекча контентни кескин кўпайтириш (Википедия, Google), ўзбек тилидаги веб-сайтлар, e-кутубхоналар сонини кўпайтириш, сифатини ошириш;

– Миллий кино ва театр, маданий соҳада инқилоб қилиш, бугунги даража асло қониқарли эмас;

– Ўзбек тилидаги романлар, адабий асарлар, мусиқа маҳсулотларини кескин кўпайтириш керак;

– Кўчаларимиздаги пештахталардаги ёзувларни танқидий кўриб чиқиш керак, бу кетишда яқинда мўғулча ҳам ёзиб, осиб қўйишади.

Хуллас, Шум бола таъбири билан айтганда: «Энди билдим, нима қилиш кераклиги»ни – севиш керак она тилини, сўзлашиш керак, ардоқлаш керак уни!!!

Бугун биз барча соҳада ўта фаол бўлишимиз даркор, биз бағрикенгмиз, аммо бундай масалада асло йўқ, энди ўтмайди! Андишани номи қўрқоқ бўлса, бизга Пушкин бир жаҳону, Байрон бир жаҳон бўлгай!

P.S. Бугун дунёда тахминан 50 миллион киши ўзбек тилида гаплашаркан, бу асло кам эмас!”

Бу фикирлар чин юракдан чиқариб айтилган ҳақ сўзлардир. Биз бу фикрларни қўллаб-қувватлаган ҳолда эндиги навбат “ўзбек тилини халқаро алоқалар тилига, жаҳон тилига айлантириш учун кураш олиб боришимиз лозим” деб ҳисоблаймиз. Агар ер юзидаги ўзбек тилида гаплашувчи аҳоли бир ёқадан бош чиқариб фан, маданият, иқтисодиёт ва сиёсатни шу тилда олиб борсалар, шу тилда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов сингари жаҳоншумул асарлар ёзишса, бу мақсадга албатта эришамиз.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Проф. Б. Тўраев., тарих фанлари номзоди,
 катта илмий ходим Ш. Зиёдов,
тарих фанлар номзоди Ш. Умаров

Check Also

Тарғибот тадбирлари – Каттақўрғонда

Самарқанд вилояти бўйлаб “Жаҳолатга қарши– маърифат” шиори остида маҳаллаларда ўтказилаётган навбатдаги тарғибот тадбирлари Каттақўрғон туман …