Home / МАҚОЛАЛАР / Тобиъийнлар даврида қироат илми

Тобиъийнлар даврида қироат илми

Абу Бакр Осим ибн Абун-Нажуд ибн Баҳдала ал-Асадий ал-Куфий (ваф. 127/745) Кўфадан чиққан ўз замонасининг машҳур қориларидан бўлиб, тобиъийнлар жумласидан саналарди. Унинг отасининг исмини Абдуллоҳ ҳам дейдилар. Имом Осим гўзал овозга эга бўлгани, тажвид қоидаларини яхши билиши унинг кенг шуҳрат топиб кетишига сабаб бўлган.

Имом Осим Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг саҳобаларини кўриб, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлган улуғ тобиъийнлардан ҳисобланади. У ёшлигиданоқ Қуръон ўрганишга киришган. У: “Биз Абу Абдураҳмоннинг олдига борардик. Ўшанда ўспирин бола эдик”, дер эди.

Имом Осим қироат илмини машҳур тобиъийнларнинг улуғларидан бири Абу Абдурраҳмон ас-Суламийдан олган ҳамда устози вафотидан сўнг унинг маснадига ўтириб, қироатдан сабоқ бера бошлаган. Имом Осим машҳур қори бўлиш билан бир қаторда луғатда, фасоҳат, наҳв ва фиқҳ, илмида ҳам олим бўлган. Қуръон ўқишда овози энг чиройли кишилардан бири эди. Абу Абдураҳмон ас-Суламийдан сўнг у Куфада қироат соҳасидаги энг пешқадам кишилардан саналган. Қироат илмидан дарс олиш учун унинг ҳузурига турли ўлкалардан кўплаб толиби илмлар келишарди.

Имом Осим Қуръон таълимига бел боғлаган, ҳаётини шу буюк хизматга бағишлаган, шогирдларга қироатни ўргатишга иштиёқи баланд киши эди. “Ғояту ан­ниҳая”да Муфаззал аз-Зоббийдан нақл қилинади: “Мен Осимнинг олдига унга Қуръон ўқиб бериш учун борардим. Агар бора олмай қолсам, у менинг уйимга келарди”.

Абу Бакр ибн Иёш айтади: “Мен Абу Исҳоқ Субайъийнинг: “Осим ибн Абу-н-Нажуддан ҳам кўра Қуръонни яхшироқ ўқувчи бирон кишини кўрмадим. У суннат – ҳадис соҳасининг тил, наҳв (грамматика) ва луғат бўйича билимдони эди”, деб айтганини кўп бора эшитганман”. Машҳур муҳаддис ва мазҳаб соҳиби Аҳмад ибн Ҳанбал Имом Осимга «ишончли» деб гувоҳлик берган. Имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳам қироатни Имом Осимдан ўрганганлиги нақл қилинган.

Имом Осим қироатининг санади Абу Абдураҳмон ас-Суламий орқали улуғ саҳобалар Али ибн Абу Толиб (р.а.) билан Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)га бориб тақалади. Шунингдек, Имом Осим Зарр ибн Ҳубайш ал-Асадийдан ҳам қироат илмини ўрганган. Зарр эса Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан қироат илмини таълим олган. Имоми Осим Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг ривоятини Ҳафсга, Зарр ибн Хубайшнинг ривоятини Шуъбага таълим берар эди. Шу санад орқали Осим қироати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга мутавотир ҳолатда боғланади.

Имом Осимнинг яхши хислат ва фазилатлари кўп бўлган. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Мен отамдан Осим ҳақида сўрадим. Отам: “У жуда солиҳ, кишиларга кўп яхшилик қилувчи ва ишончли одам эди”, деди. Сўнгра мен ундан: “Сиз учун қайси қироат афзал?”, деб сўрадим. “Мадина аҳлининг қироати”, деб жавоб берди отам. Мен: “Мадина аҳлидан сўнг қайси қироат энг севимли?”, деб сўраганимда, у: “Осимнинг қироати”, деб жавоб қилди.

Абу Бакр Шуъба ибн Иёш бундай дейди: “Мен Осимнинг ҳузурига кирсам, ўлими яқинлашиб қолган экан, у бўлса, яъни, “Сўнгра ҳақиқий хўжалари — Аллоҳга қайтарилурлар” мазмунидаги оятни худди намоздагидек маромига келтириб қироат қилаётган экан. Ҳа, унинг тили Қуръонни доимо тажвид билан ўқишга одатланиб кетган эди!”.

Имоми Осимдан Қуръони каримни сон-саноқсиз кишилар ривоят қилишган. Унинг икки шогирди Ибн Иёш Шўъба ва Ҳафс устозларининг қироатини кейинги авлодларга етказиб берганлар.

Мисол учун, Осим қироатида “Йаа айюҳаннибиюю” деб ўқилса, Осим қироатида “Ваззуҳаа” деб ўқилса Нофеъ қироатида “Ваззуҳее” деб ўқилади. Холбуки, бу сўзлар мусҳафи шарифда бир хил ёзилади. Қорилар ҳар бир қироатнинг имоми ўз устозидан эшитганини шогирдларига айнан ўзини нақл қилган. Бирор ҳарфнинг талаффузида бошқача бўлишига йўл қўйилмаган. Шунақа тарзда қориларнинг қироат силсиласи давом этиб келаверган. Қайси бир талаба қироатни тўғри қиладиган бўлиб етишса, устози унган “ижозат” яъни (дарс беришга рухсат) деб аталувчи ҳужжат берган.

Ушбу ҳужжатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб борадиган ўз устозлари санади ҳам аниқ келтирилган.

Ҳафс айтади: Мен Осимга: “Абу Бакр ибн Шуъба қироатда мендан бошқача ўқияпти”, дедим. Шунда у: “Мен сенга Абу Абдурраҳмонга ўқиб берганимни ўқитмоқдаман, у Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан олган. Абу Бакр ибн Айёшга эса Зирр ибн Ҳубайшга ўқиб берганимни ўқитяпман, у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан олган”, деди.

Ҳозирга келиб қироат ҳамда тажвидга оид кўплаб асарлар яратилган бўлиб, ҳалигача тадқиқотчилар томонидан ушбу илмлар ўрганилиб борилмоқда. Умуман, Марказий Осиёлик олимларнинг ҳам қироат ва тажвид илмларига бошқа исломий илмлар қатори эътибор бериб келиняпти.

А.Рахимов
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Қуръоншунослик шуъбаси илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …