Юртимизда маърифат, маданият ва маънавиятни кенг тарғиб этишга қаратилган “Маърифат карвони” тадбирлари Самарқанд вилоятида давом этмоқда.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги тарғибот тадбирлари доирасида навбатдаги маърифий учрашув ташкил этилди. Унда талабалар, Ислом цивилизацияси маркази олимлари, соҳа масъуллари ва вилоятдан жалб этилган лойиҳа раҳбарлари, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети тарихчилари ва археологлари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази каби йирик лойиҳаларнинг аҳамияти ва мазмун-моҳияти кенг ёритилди. Қатнашчиларга миллий маънавий меросимизни асраб-авайлаш, унинг илмий жиҳатдан тадқиқ этилиши ва ёшлар онгига сингдирилиши бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Ш.Умаров исломда илм-фанга муносабат, аждодларимиз қолдирган бой илмий мерос ва унинг бугунги авлод тарбиясидаги аҳамияти хусусида сўзлади. Маърифатни кенг тарғиб этишда илм аҳли ва ёшлар зиммасига тушаётган масъулият ҳақида ҳам фикр юритиб, бу йўналишда олиб борилаётган амалий ишларга тўхталди.
Семинар давомида талабалар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди ва бу каби тадбирларнинг ёшлар дунёқараши, фуқаролик онги ва маънавиятини юксалтиришдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати