Марказ амалиётчиси, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори, Туркиянинг Мармара университети докторанти Данияр Иссабеков “Ислом ҳуқуқи меросидаги “Ҳидоя” асари ва унга қилинган тафсирларнинг қиёсий таҳлили” мавзусида илмий тақдимот ўтказди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари қатнашган тадбирда тадқиқотчи асар тафсирида Марказий Осиё ва араб шарқи уламолари томонидан қўлланган услубларни қиёсий таҳлил қилиб берди.
Икки ойлик илмий амалиёт якуни сифатида ташкил этилган тақдимотда асарнинг тарихий аҳамияти, унга турли минтақа олимлари томонидан берилган изоҳлардаги услубий фарқлар, бу тафовутларнинг илмий ва маданий сабаблари муҳокама марказида бўлди.
Данияр Иссабеков тадқиқот жараёнида Ҳусомиддин Сиғноқий, Жалолиддин Гурланий, Акмалиддин Бобартий, Бадриддин Айний, Камолиддин ибн Ҳумом, Шамсиддин Саружий каби уламолар шарҳига эътибор қаратиб, улардаги услуб, тузилиш, терминология ва ҳуқуқий мантиқдаги фарқлар, ҳадислардан фойдаланишдаги ёндашувлар, мазҳаблараро таҳлил ва изоҳлар қиёсини келтирганини таъкидлади.
– Марказий Осиё уламоларида фиқҳий масалаларга мантиқий ва тизимли ёндашув кучли бўлса, араб шарқидаги олимлар кўпроқ ҳадисларга суянган ҳолда, полемик (баҳс асосида) ва таҳлилий услубда шарҳ берган, – деди тадқиқотчи.
Тақдимотдан сўнг иштирокчилар ўртасида савол-жавоб ва фикр алмашув бўлиб ўтди. Унда, айниқса, ёш тадқиқотчиларни классик меросни ўрганишга жалб этиш, фиқҳ соҳасида замонавий академик тадқиқотларни ривожлантириш зарурати таъкидланди.
Бурҳонуддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари тафсирларидаги услубий фарқларни очиб бериш билан бирга, Марказий Осиё ва араб олами илмий мактабларининг бой ютуқларини тўкис намоён этган тадқиқот тақдимоти сўнгида Данияр Иссабеков яратилган қулай шароит ва кенг имкониятлар учун Марказ раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
– Ушбу тадқиқот билан ислом ҳуқуқий меросини тадқиқ этиш ва оммалаштиришга оз бўлса-да ҳисса қўшган бўлсам, ўзимни ғоят бахтиёр ҳисоблардим, – деди у. – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тақдим этган илмий муҳит учун барчангизга ташаккур. Тадқиқотчиларга бундай муносабат ёшларни илмий изланишга илҳомлантиради.
Тадқиқотчига Марказнинг тегишли сертификат топширилди. Илмий ходимлар ёш мутахассисга келгусидаги илмий фаолиятида янги-янги ютуқ ва муваффақиятлар тилади.