Мўмин киши учун ҳар бир амал – имтиҳон, ҳар бир ибодат – Аллоҳга яқинлашиш воситаси саналади. Ибодатларнинг улуғларидан бири қурбонликдир. Бу билан банда Парвардигорга итоат ва садоқатини амалда намоён этади. Яъни, қурбонлик шунчаки қон чиқариш эмас, балки холис ният, мутлақ ихлос ва юксак тавозе белгиси бўлади.
Қурбонлик Қуръони каримда амр қилинган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб этган ва Иброҳим алайҳиссаломдан мерос қолган муқаддас суннатлардандир. Бу амал нафақат инсон тақвосини, балки жамиятдаги бирдамлик, меҳр-оқибат ва ёрдам кўрсатиш каби эзгу қадриятларни мустаҳкамловчи восита ҳамдир.
Улуғ айём арафасида бу улуғ ибодатнинг диний асослари, тарихий илдизлари, уни адо этишнинг шарт ва одоблари сўзлашга қарор қилдик. Бу маълумот билган одамларга эслатма, ислом асосларини энди ўргана бошлаётганларга мўъжаз қўлланма тариқасида тақдим этилмоқда.
Муқаддас динимизда қурбонлик Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш (яқинлашиш), Унинг ризосини топиш йўлида адо этиладиган буюк ибодат амалларидан биридир. Ҳар йили ҳижрий тақвим бўйича зулҳижжа ойининг 10-12 кунлари бутун мусулмон дунёсида бу амал гўзал тақво билан адо этилади. У нафақат диний аркон, балки инсоннинг ихлос, эътиқод ва меҳр-оқибатлилигини намоён қилувчи улуғ ибодатдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Бас, Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг» (Кавсар сураси, 2-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили Қурбон ҳайити куни ўз қўллари билан қурбонлик қилганлар ва умматни ҳам бу амалга ундаганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Ким имкониятга эга бўла туриб қурбонлик қилмаса, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин”, дейилади (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган).
Қурбонлик ҳижрий 2 йилда вожиб қилинган бўлса-да, унинг асоси анча илгариги даврга, Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Қурбонлик қилинглар, албатта, у отамиз Иброҳимнинг суннатларидандир” (Абу Довуд ривояти).
Бу амалнинг асл моҳияти – Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш, тақво ва итоатни намоён қилишдир. Қуръони каримда айтилади: «Уларнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳга етиб бормас. Лекин сизларнинг тақвоингиз У Зотга етади…» (Ҳаж сураси, 37-оят).
Қурбонлик шукр, итоат ва ихлос рамзидир. Бева-бечораларни тўйдириш, саховат кўрсатиш, ва энг муҳими, Аллоҳнинг ризолигини исташ бу амалнинг асл руҳи саналади.
Қурбонлик кимлар учун вожиб бўлади? Аввало, киши мусулмон, ҳур (озод), нисоб эгаси (яъни, зарур миқдордаги мол-давлат эга бўлиши), муқим бўлиши (сафарда бўлмаслиги) керак.
Қандай ҳайвонлар қурбонлик қилинади? Булар қўй ё эчки (6 ойликдан катта), қорамол (камида 2 ёш) ва туядир(камида 5 ёш).
Қўй ё эчкини фақат бир киши, қорамол ва туяни эса етти кишигача иштирок этиб қурбонлик қилиш мумкин.
Бундай чорва ҳайвони соғлом ва айбсиз, яхши боқилган бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Тўрт хил ҳайвон қурбонликка ярамайди: кўзи кўр, касали аён, чўлоқ ва жуда озғин” (Термизий ривояти).
Қурбонлик қачон қилинади? Ҳайит намози ўқилгандан сўнг байрамнинг учинчи куни қуёш ботгунга қадар қурбонлик қилиш мумкин.
Жонлиқ қонини чиқариш бу ибодатнинг ажралмас қисмидир. Шунчаки маблағ бериш ё гўшт тарқатиш қурбонлик ўрнини босмайди. Бунинг шаръий асосини Алоуддин Косоний қуйидагича баён қилган: “Қурбонлик кунларида ҳайвон ё унинг баҳосини садақа қилиш қурбонлик ўрнига ўтмайди. Чунки бу амал қон чиқаришга боғлиқ” (Бадоеъус саноеъ).
Қурбонликнинг одоблари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бунда аввало ниятни ихлос билан қилиш зарур – қурбонлик фақат Аллоҳ учун қилинади. Яна бири шуки, қурбонлик қилмоқчи бўлган одам зулҳижжа ойи кирганидан сўнг соч-соқол ва тирноғини олмай туради. Юқорида айтилганидек, бенуқсон чорва танланади. Эплаганлар ўз қўли билан қурбонлик қилади, билмаганлар – ишончли кишига топширади. Бунда жониворга азоб бермаслик, бошини қиблага қаратиш, пичоқни ўткирлаш, бошқа ҳайвонлар олдида қон чиқармасликка эътибор берилади. Албатта, вақтга ҳам қатъий риоя қилиш керак.
Қурбонлик юксак ижтимоий аҳамиятга эга амал бўлиб, мискинлар, етим-есирлар, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш учун яна бир гўзал сабаб-тақозодир. Шу орқали улар ўзи маҳрум қолган неъматлардан татийди, байрам шукуҳидан баҳраманд бўлади. Демак, қурби етган ҳар бир мўмин ушбу амални фақат савоб учун эмас, балки жамиятдаги меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш учун ҳам адо этиши лозим.
Бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида очлик ва муҳтожликда яшаётган инсонлар кўп. Киши қурбонлик ибодатини адо этар экан, уларни ёдга олиш, ҳаққига дуо қилиш ва имкон қадар ёрдам бериш ҳақида мулоҳаза қилади. Бу ибодатнинг ҳақиқий руҳиятига фақат шундай тафаккур мос келади.
Аллоҳ таоло барчанинг қурбонлигини Ўз даргоҳида қабул қилсин! Ҳаммага холис ният, покиза амал ва самимий шукроналик ҳиссини насиб айласин!