Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Маърифатга йўғрилган илҳомбахш сафар

Маърифатга йўғрилган илҳомбахш сафар

Марказ амалиётчиси, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори – Малайзия Халқаро ислом университети доценти др. Хайрил Ҳусайний бин Жамил илмий амалиёти якунларига доир тақдимот ўтказди.

“Ҳадис илми ривожидаги ёрқин истиқболлар: Ўзбекистонга илмий сафар таассуротлари” мавзусида ўтган тадбир асосан юртимизда диний маърифат йўналишида фаолият олиб бораётган муассасалар, таълим масканлари ва шаклланган барқарор илмий муҳит негизида ислом тарихий манбаларини тадқиқ этиш, уларнинг фалсафий ва ижтимоий аҳамиятини қайта баҳолашга қаратилди.

Тақдимотда ислом маънавий таълимотининг асослари ва тушунчалари борасида қадимий манбалардаги илмий услублар, замонавий шарҳ ва тафсир мезонларига оид қарашлар муҳокама қилинди. Амалиётчи манбаларни ўрганиш мақсадлари, уларнинг ишончлилиги ва ҳимоя усулларига тўхталиб, бу ўринда танқидлар ва шубҳаларга қарши илмий ечимлар, мантиқий усулларнинг аҳамияти ҳақида сўзлади.

– Ислом маънавий таълимоти – бу фақат ўтмишга оид эмас, балки ҳозирги кун кишисининг маънавий ва ахлоқий сийратини белгилаб берадиган жонли илмий анъана, – деди тадқиқотчи.

Ҳусайний бин Жамил Бухоро, Самарқанд ва Тошкент каби тарихий илм марказларига сафари давомида мавжуд ислом маънавий меросини замонавий шароитда қайта жонлантиришга оид тўплаган амалий тажрибаси билан бўлишиб, таълим муассасалари, анжуманлар ва мадрасаларда олиб борган фаолияти натижасида тўхталган хулосаси билан ҳам ўртоқлашди: “Ўзбекистондаги илмий муҳит илмга ташналик, ахлоқий қадриятларга ҳурмат ва тарихий меросга садоқат руҳи билан суғорилгандир!”

Тадқиқотчининг таҳлиллари ислом маънавий таълимотининг фалсафий, ахлоқий ва маданий қирраларини янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатади. Шу асосда фаолият юритаётган илмий марказлар нафақат диний, балки умуминсоний қадриятларни тарғиб қилишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Шу билан др. Хайрил Ҳусайний бин Жамилнинг илмий амалиёти якунига етди. Унинг тадқиқотлари, фаол мулоҳазалари ва юртимиздаги илмий муҳит ҳақидаги илиқ таассуротлари иштирокчилар томонидан олқишланди. Маросим якунида малайзиялик тадқиқотчига расмий сертификат топширилди.

Тадбир сўнгида тадқиқотчи Ўзбекистонда ўзига кўрсатилган самимий меҳмондўстлик, ажойиб илмий муҳит ва маънавий қадриятларга эҳтиром учун чуқур миннатдорлик изҳор этиб, бу ердаги ҳар бир учрашув ва мулоқот унинг илмий фаолиятида унутилмас из қолдирганини алоҳида таъкидлади.

– Ўзбекистон – илм ва маърифат равнақига садоқат билан хизмат қилаётган инсонлар замини. Бу юртдаги илиқ муҳит, илмга муҳаббат ва бой маънавий мерос ҳар қандай кишини илҳомлантирди, – деди Ҳусайний бин Жамил.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ёшлар тарбиясига сидқидилдан ёндашиш – ҳам қарз, ҳам фарз

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази ҳамкорлигида …